СОҒЛИҒИМИЗНИНГ ҚИЙМАТИ ВА БАҲОСИ ЙЎҚ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ўз саломатлигимизни асраб-авайлашимиз – бу худбинлик эмас, балки бутун жамият барқарорлигини таъминлашга қаратилган хайрли ишдир.
Бугунги шароит шуни кўрсатдики, давлатлар алоҳида-алоҳида бўлгани билан инсониятнинг умумий манфаатлари – саломатлик, осойишталик ва хавфсизлик масаласи барча учун ягона ва улуғ қадрият экан. Коронавирус миллат ҳам, мамлакат ҳам танлаб ўтиргани йўқ. Вирус тарқалиши кенгайиб борар экан, инсоният шу пайтгача мавжуд яшаш тарзини ўзгартиришга, ўзини ва оламни қайта идроклашга мажбур бўлаяпти.

Вирусга чалинганлар бугунги кунда юртимизда 88 нафарга етди, айрим беморларнинг аҳволи анчайин оғирлашибди, 13 нафарида ўпка яллиғланиши яъни, пневмония аломатлари кузатилаётган экан. Албатта, бу хабарлардан ички хавотиримиз ошади, шу билан бирга, масъулиятимиз ҳам, бурчдорлик туйғуси ҳам кучайиши шарт. Давлат мулозими жон куйдириб, ниқоб тақинг деяптими, албатта тақайлик. Тўй-маросимларни чекланг, дейишдими, чеклайлик.

Хориждан минг-минглаб юртдошларимизнинг олиб келиш учун қанча учувчилар ва стюардессаларимиз, элчихоналаримиз ходимлари ўз ҳаётини хавф остига қўйяпти. Офат тарқаб кетмаслиги учун 20 минг юртдошларимиз жойлаштирилган санаторий, профилактика ва даволаш масканларида минглаб, саломатлик посбонлари кечаю кундуз ухламасдан, ҳаловатини йўқотиб, толмай меҳнат қилишаяпти. Уларнинг ҳам уйида жондан ширин фарзанди бор, улар ҳам дам олиши, куч тўплаши, яшаши керак. Биз эса ўз оиламиз бағридамиз. Болаларимиз атрофидамизда, хотиржам бир шароитда ўтирибмиз. Наҳотки озгина сабр-тоқат ва шукрона билан ўз уйимизда болаларимиз билан ўтира олмаймиз?!

“Биз сиз учун ишда қолдик, сиз биз учун уйда қолинг” каби хонадонда қолишни тарғиб этувчи таъсирли челленжларга турли калаканомуз ва масхаралаш қабилида “жавоб бераётган” ва юртимиздаги вазиятга жиддий қарамай, тартиб-қоидаларни бузаётган кимсалар саломатлигимизни, тинчлигимизни, хотиржамлигимизни асрашга уринаётган фидойи касб эгаларининг меҳнатларини қадрлашни ўрганишсин!

Айни дамда турли бўлмағур гаплар билан калака қилаётганлар, Худо кўрсатмасин, бир куни шу оқ халатли шифокорлар қўлига бориб тушмаслигига кафолат борми? Унда улар юзига қандай қарайди? Хавфли дардга чалинганлар устидан кулиб, айб ағдариб, ижтимоий тармоқларда улар ҳақида турли миш-миш ва бўҳтонларни тарқатаётганлар-чи?! Бундай уят ишларни қилишдан ҳам тийилайлик. Ахир кўзга кўринмас қотил қайси томондан ва қандай келиб қолишини ҳеч биримиз билмаймизку!

Аслида ҳозир курраи заминимизда кўзга кўринмас уруш кетаяпти. Бу урушда атом қуроллари, қанотли ракеталар, адоқсиз снарядлар, кўп тоннали танклару, тиш-тирноғига қадар бомбалар билан қуролланган самолётлар йўқ.
Бу жангда фақат ўзининг ички душманини енга олганларгина, маънавий комилликка эришганлар, ҳаётини қайтадан тартибга сола олган, поклик ва озодаликни кундалик тарзига айлантирган, замонавий ахборот коммуникацияларини пухта ўзлаштирган инсонларгина ғалаба қозонишга қодир. Бу шунчаки синов ҳам эмас, бу ҳаракатчан, тоқатли ва баркамол инсоннинг курашидир. Илтимос, азизларим, уйдан чиқманг, чиқмоқчи бўлганларга эса бугунги кунда айтиш керак бўлган гапларни айтинг.

Манижа БАҲРИЕВА,

журналист

Мавзуга оид мақолалар
Бу бахтли оила эди. Она мамнун, ота хотиржам, болакай отаонаси билан ўйнайди, конструктордан бир нималар давоми...

06:37 / 26.10.2018 2949
Тақводор христиан Мэри АҚШнинг қоқ марказида ўсиб катта бўлган.  Маълум вақтгача Ислом дини ҳақида ҳеч давоми...

08:31 / 06.02.2017 10106
У Зотдан сени бир ҳолатдан ундан бошқада ишлатиши учун чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени давоми...

06:43 / 28.11.2017 3237