«Ҳазратим...»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳазратим...»

‒ Ака, туринг!

Овози титраганича ҳовлиқиб мени уйғотаётган укамни кўриб, бироз асабийлашдим. “Ҳали тонг отмади-ку! Нега ваҳима қилар экан-а?” дейман жаҳл билан.

‒ Нима дейсан? Хуфтонни ўқиб бўлганман.

‒ Туринг, Ҳазрат ўтиб қолибдилар...

Укам шундай деди-ю, қайтиб чиқиб кетди. Уйқусираганим учун укам нима деганини ҳадеганда тушуна олмадим. Бироздан кейин уйқум қочиб, шифтга қараб ётганимда укамнинг гапларини эсладим. “Ҳазрат ўтиб қолибдилар, дедими? Бу тушиммиди? Қанақасига ўтиб қоладилар? Муҳаммадризо, уйғон, ҳалиям ухлаяпсан...”

Сапчиб ўрнимдан туриб, нариги хонага чиқдим. Акаларим, укам, опам, синглим ‒ ҳаммаси ҳиқ-ҳиқ йиғлашаётган эди. Нималар бўлаётганини ҳали ҳам тушуниб етмагандим, баҳорнинг илк кунларида бундай нохуш хабар эшитиш мени гўё карахт қилиб қўйган эди.

Мен бу кўриб, эшитиб турганларим туш эмас, аччиқ ҳақиқат эканини англадим: ўша куни Ҳазрат ҳақиқатан ҳам бу оламни тарк этган эканлар…

Тунгача ҳаммамиз дадамни кутдик. Дадам доим Ҳазратнинг ёнларида юрардилар. Хоҳ тун бўлсин, хоҳ саҳар чоғи бўлсин, Ҳазрат чақириб қолсалар, ўша заҳотиёқ ёнларига ошиқардилар. Дадам бир кунгина олдин бизга Ҳазратнинг охирги чоп этилган китоблари тақдимотидан олган таассуротларини ҳикоя қилиб берган эдилар. Ўшанда дадам Ҳазрат ҳақларида шундай завқ-шавқ, меҳр-муҳаббат билан гапирган эдиларки, ҳаммамизнинг бундай муҳаббатга ҳавасимиз келган эди. Дадам Ҳазратни шу қадар ардоқлар, у кишига ҳурмат-эҳтиром кўрсатардиларки... Ҳазратнинг вафотларидан дадам қандай аҳволга тушганларини кўз олдимга келтира олмадим.

Тунги соат бирлар. Эшик тақиллади. Шоша-пиша эшикни очдим. Қаршимда кўзлари қизариб, ишиб кетган, беҳол, худди болалардек пиқиллаганча дадам турардилар. Ич-ичимдан эзилиб кетдим. Дадамни қаттиқ бағримга босдим. Бир-биримизга ҳеч нима дея олмай, унсиз йиғлардик...

Ҳаммамиз Ҳазратнинг ўлимлари ҳақида дадамдан сўрагимиз келар, лекин ҳеч ким бунга ботинолмасди. Лом-мим деёлмай, дадамнинг оғзига тикилардик. Гўё ҳамма бу мусибатни эшитиб, гапира олмай қолгандек эди. Сукунатни дадамнинг гаплари бузди: “Гўё шаҳар ухламаганга ўхшайди. Ҳамма Ҳазратнинг уйларида, ҳеч қаёққа кетгиси келмайди. Худди ҳозир бир одам чиқади-ю, «Ҳазрат ўлмаган экан», дейди. Худди ҳозир Ҳазратнинг ичкаридан чиқиб, «Бўлди энди, боринглар уйингларга», дейишларини кутаётгандек... Шундай ўйлаётганлар орасида мен ҳам бор эдим... Тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада катта йўқотиш бўлди...”

Эртаси куни акам, укам Ҳазратнинг жанозаларига кетишди. Мен эса коллежга, дарсга йўл олдим. Ўқишда ҳам ҳамманинг тилида Ҳазратнинг ўлими, жанозага бориш ё бормаслик масаласи эди. Баъзилар ўқишдан чиқиб, жанозага борган, баъзилар интернетга кириб, жанозадан олинган расмларни кўришган. Хуллас, ҳаммада ўзгача ҳолат ҳукм сурарди. Мен эса... Ўша пайтлар бу мусибат дадам айтганидек, “тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада катта йўқотиш” эканини ҳали англамасдим...

Бир куни нима туртки бўлди, эслолмайман, китоб ўқигим келди. Баҳорнинг таъсирими ёки қандайдир ўзгача ҳис-туйғуми, билмадим, китоб жавонини тўлдириб турган китобларга кўз югуртириб, Ўткир Ҳошимовнинг «Нур борки, соя бор» китобини қўлимга олдим. Бир неча соат китоб ўқидим. Бундай бадиий китобни илк бор ўқишим эди. Китоб менга жуда ёқиб қолди. Бўш қолдим дегунча, китобни қўлимга олардим. Тўхтаган жойини очиб, завқ билан ўқишга тушиб кетар эдим. Дарсдан кейин ҳам уйга шошардим, уйда бошқа юмушлар бўлмаса, китобни ўқишга тушардим. Бир куни уйга келгач, китобни қўйган жойимдан тополмадим. Асабийлашиб, уйдагилардан бир-бир сўраб чиқдим. Улар китобни топа олмганимга жаҳлим чиқаётганига ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қараб қўйишарди. Менга ҳам бу ҳол бир томондан ёқимли туюларди. Ахир бошқа бекорчи нарсаларга эмас, китоб ўқиёлмаётганимга жаҳлим чиқаётган эди. Шу пайт беихтиёр деярли битта жавонни тўлдириб турган китобларни кўздан кечира бошладим. Худди бу китобларни олдин кўрмагандек, бир муддат қараб қолдим. Жавондаги ҳамма китоблар Ҳазратнинг қаламларига мансуб китоблар бўлиб, бирма-бир уларнинг номларини ўқий бошладим: «Олтин силсила»нинг бир нечта жузлари, «Ақийдатут Таҳовия», «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг учта жузи, «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», ундан кейин эса ўттизтага яқин бир хил муқова билан жавонни яна ҳам гўзал қилиб турган «Ҳадис ва ҳаёт» китоблари... “Ҳадис ва ҳаёт” туркумининг 22-жузини аста қўлимга олдим. Бу жузда Ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳум ҳақида ҳикоя қилинарди. Гиламга ётганча китобни ўқий бошладим. Китобнинг илк саҳифаларидан бирида «Усмондан ҳатто фаришталар ҳам ҳаё қилади, мен ҳаё қилмайманми?!» деган ҳадисни ўқиб, унга қизиқишим яна ҳам ошиб кетди. “Усмон ибн Аффон ким ўзи? Нега бундай мақтовга сазовор бўлган? Нима учун фаришталар у кишидан ҳаё қилади? Фаришталарнинг ҳаёси қандай бўлади”… Хаёлимга қуйилиб келаётган шу каби саволларимга жавоб топиш учун ҳам уни ўқишга киришдим.

Китобни ўқишни бошлашим билан ичимга таърифлаб бўлмайдиган бир сокинлик кириб борди. Буюк саҳобанинг ҳаётларида бўлган воқеалар: Исломни қабул қилган пайтларидаги қийинчиликлар, Ҳабашистонга биринчи ҳижрат қилган вақтлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига уйланишлари, Мадинага ҳижрат, жанглардаги матонат, Ризвон байъати, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўлларини бошқа қўлларига қўйиб, «Бу Усмон учун», деб байъат беришлари, Руқайя розияллоҳу анҳонинг вафотлари, сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи қизлари – Умму Кулсумга уйланишлари, “Зиннурайн” лақабини олишлари, икки халифа даврларидаги ҳаётлари, сўнгра ўзларининг халифа бўлишлари, фитнанинг авж олиши, сўнгида эса улкан фожиа... Бу сатлар шу даражада гўзал тилда, ҳар бир сўз, жумла чертиб-чертиб, чин бадиий маҳоарт билан ёзилган эдики, ўқиганларим қалбимга, шууримга муҳрланиб қоларди. Бир хурсанд бўлсам, бир маҳзун бўлар эдим. Айниқса Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлимларидан олдинги фитналар акс этган ҳодисаларни ўқиб, қаттиқ изтиробга тушдим, қалбим, дилим дард-аламга тўлди. Мен ҳаётимда биринчи марта китоб ўқиб, бунчалик таъсирланаётган эдим. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлимлари ҳақида ўқиётиб , кўзимга шашқатор ёш келди. Йиғлаб юбордим… Илк марта китоб ўқиб, йиғладим. Ўксиб-ўксиб йиғладим. Ҳечам бу фожиани қабул қила олмадим. “Қандай қилиб шундай зотни ўлдириш мумкин? Қандай қилиб бирор инсонга ёмон гапирмаган, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юрган зотга бундай ачинарли муносабатда бўлиш мумкин? Бундай жирканч ишга қандай қилиб қўл бориши мумкин?” Саволларимга жавоб топа олмай, бошимни ерга қўйганча анча йиғлаб ётдим.

Шу пайт хонага онам кириб келдилар. Йиғлаётганимни улардан беркитмоқчи бўлдим. Лекин бошқалардан беркитишим мумкин, онамдан беркита олармидим? «Нима бўлди, болам? Бирор жойинг оғрияптими?» дедилар онам хавотирланиб. “Ҳа, қалбим оғрияпти, онажон”, демоқчи бўлдим, лекин айта олмадим. «Мана бу китобни ўқиб, озгина таъсирландим», деб қўя қолдим. Онам китобдан таъсирланиб йиғлаганимдан хурсанд бўлдилар. Бир-икки оғиз гап билан овутгандек бўлдилар-да, жилмайиб қўйдилар. Қалбимга ҳақиқий Исломнинг илк нурлари кириб бораётганидан қувонганларини уларнинг меҳрга тўла кўзларидан билиш қийин эмас эди. Ўша тун алламаҳалгача ухлай олмадим. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг умрининг охирги кезларидаги ҳолатлари кўз олдимда гавдаланаверарди. Энди ухлай деганимда Усмон розияллоҳу анҳуни фитначилар уйларига қамаб қўйиб, ҳатто сув ҳам бермай қўйишганида, у зот уйларининг томига чиқиб: «Эй одамлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мана бу қудуқни сотиб олиб, мусулмонларга берса, унга жаннат!» деганларида мен фалон пулга сотиб олиб, кейин уни мусулмонларга берганимни биласизлар. Энди ўзимни ўша сувдан ичишимни тақиқлаб қўйяпсизлар», деган гаплари қулоқларим остида жаранглар эди-да, яна уйқум қочиб кетарди. Шу кўйи ётиб, ярим тунда уқуга кетдим..

Шу куни ҳаётимда янги саҳифа очилгандек бўлди. Энди на онам, на дадам менга дакки берарди, ҳеч ким айтмаса ҳам, намозларимни ўз вақтида хушуъ ва хузуъ билан ўқишга ҳаракат қиладиган бўлдим. Доим таҳорат билан юришга, бўлар-бўлмас гапларни гапирмасликка интиладиган бўлиб қолдим. Дарсим тушлик вақтида бошлангани учун пешинни уйда ўқиб кетадиган бўлдим. Ўқишимда ҳам олдинги шўхликларидан воз кечган эдим. Намозларимни ўқиб бўлгач, бир мунча вақт зикр қилиб ўтиришни одат қилдим. Қалбимда Ислом динига, намозга меҳр-муҳаббат мана шу тарзда уйғонди...

Шундай кунларнинг бирида менинг ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборган китоб – «Ҳадис ва ҳаёт» туркумининг 22-жузини ўқиб тугатдим. Али розияллоҳу анҳунинг ҳам ўлдирилишлари билан боғлиқ ҳодисаларни ўқир эканман, яна оғриқли дард аввалги ярамни янгилади. Улкан фитна замонида умматнинг бўлиниб кетишининг олдини олган саҳобани ўлдиришгача боришгани менинг дилимни вайрон қилиб юборди. Китобни тамомлагач, китоб ўқишга бўлган иштиёқимни тушириб юбормаслик учун яна бошқа китобларни ҳам ўқишни истадим. Китобнинг узвий давоми бўлган 23-жуз, «Жаннат башорати берилган саҳобалар ҳаёти» китобини қўлимга олдим. Уни ҳам худди олдингилари каби зўр иштиёқ билан ўқиб тугатдим.

Бу китоблар мени тамомила бошқа инсонга айлантирган эди. Дунёга нега келганимни, шунча пайт вақтимни нималарга сарфлаганимни англай бошладим. Ҳазрат оламдан ўтган кунлари дадамнинг дард ва қайғу билан: “Катта йўқотиш бўлди”, деб айтган гапларининг мағзини энди тушунгандек бўлдим.

 Алҳамдулиллаҳ, мен бир пайтлар тушунмаган ҳақиқатларни тушуниб етдим. Мени мана шундай гўзал саодат сари етаклаган Ҳазратнинг ноёб ва бебаҳо асарлари эди! Менинг қалбимга гўзал динимни жойлаган, Исломни тушунтирган, дунё ва охират манзилларини тўғри чизиб берган мана шу китоблар эди! Албатта, бу китоблар мен ва менга ўхшаган кўплаб ёшларнинг қалбини илм ва маърифат нури ила безаган, бундан кейин ҳам безайверади.

Ҳар бир намозимнинг охирида Ҳазратнинг ҳақларига узундан-узун дуолар қиладиган бўлдим.

Ҳазрат, жаннатда сиз билан учрашишни истайман. Учрашганимда сизни қучоқлаб, тўйиб-тўйиб йиғлайман ва сизга: “Гуноҳлар ботқоғидан тортиб олиб, жаннат сари етаклаганингиз учун раҳмат”, дейман.

Ҳазрат, мана, сиз бу дунёни тарк этганингизга беш йил бўлди. Сиз кетгач, ўлиб қолмадим, лекин яшаётганим ҳам йўқ... Сиз кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оламни тарк этганларида Умар розияллоҳу анҳу қай аҳволга тушган бўлсалар, биз ҳам шу кўйга тушдик. Сизни бошқа миллионлаб шогирдларингиз қатори мен ҳам жуда соғиндим. Жудаям соғиндим… Буни қуруқ гап билан тушунтириб бериш қийин. Гапиролмайман… Гапиролмайман, Ҳазрат... Илоҳим, жаннатларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сиз билан ҳам кўришишни насиб қилсин. Аллоҳ насиб қилсин...

Муҳаммадризо Мунаввар

Мавзуга оид мақолалар
Олимлар олам устунлари ёки Ҳазрат вафотларига тўққиз йил тўлди...Бугун 10 март... Рамазон шабадаси елиб давоми...

21:46 / 10-mart 7007
Инсон ҳаётда бир ғояни кўзлаб яшамас экан, унинг ҳаёти маъносиздир. Аксаримиз ғоя қолиб васила билан машғул давоми...

01:57 / 11.03.2020 4870
Энг улуғ устозим падарим бўлган. Падарим маънавий жиҳатдан ҳам устоз эдилар. Ҳазратимиз катта ҳикмат давоми...

04:46 / 24.12.2022 3284
.Улуғ мураббий, мухлис, фазилатли олим, Шайх Муҳаммад Содиқнинг қадрини билган барча инсонларга, давоми...

19:38 / 15.04.2023 1977