Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аввал хабар қилганимиздек, шу йилнинг 15 февраль куни «Hilol nashr» мажлислар залида muslimaat.uz сайти ходималари томонидан ташкил этилган «Билимсизликнинг шифоси – савол» номли тадбир бўлиб ўтди.
Қалблари зиёга, илмга муштоқ кўплаб опа-сингилларимиз, онахонларимиз, севимли мухлисларимиз тадбирни ўтказиб юбормаслик илинжида узоқ-яқиндан ошиқиб, белгиланган вақтидан ҳам олдин ҳозир бўлганлари сайтимиз жамоасини янада шижоатлатирди.
Аллоҳ таолонинг «Билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранг» деган илмга чорловчи чақириғига, тарбиячиларнинг пешқадами бўлган Расулимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Билимсизликнинг шифоси – саволдир», деган марҳаматларига «лаббай» деб жавоб берган муҳтарама опа-сингилларимиз, онахонларимиз ва севимли мухлисларимизнинг ташрифи бизни ғоят қувонтирди. Илм, зиё улашиш мақсадида ташкил этилган бу тадбир Қуръони Карим тиловати ва устозларнинг хайрли дуолари билан бошланди.
Маълумки, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган, Ислом.уз портали қошида ташкил этилган muslimaat.uz сайти бир неча йиллардан буён халқимизга, хусусан, муслималарга илм-маърифат улашиш йўлида тинимсиз фаолият юритиб келмоқда.
Сўнгги пайтларда фойдаланувчиларга маълумотларни янада қулай ва замонавий қиёфада тақдим этиш мақсадида сайтимизнинг кўриниши тўлиқ қайта ишлаб чиқилди. Muslimaat.uz ва savollar.muslimaat.uz саҳифалари янгиланиб, кўплаб қулайликларга, қулай ва замонавий кўринишга эга бўлди.
Тадбирда мухлисларимиз сайтнинг янги кўринишларини намоён этувчи видеолавҳалар орқали сайтимиздаги ўзгаришлар билан, savollar.uz саҳифасига аъзо бўлиш ва савол йўллаш хизматидан фойдаланиш борасидаги қулайликлар билан танишди.
Тадбирга йиғилган меҳмонлар savollar.muslimaat.uz сайтида мухлислар томонидан бериладиган саволларга бир неча йиллардан буён баҳолиқудрат жавоб бериб келаётган малакали мутахассисларимиз Арофат Тожибоева, Моҳира Қосимова, Феруза Обидова, Мадина Джураева, Нилуфар Раҳимоваларнинг қизиқарли суҳбатларидан баҳраманд бўлдилар.
Тадбир давомида Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти етакчи мударрисаси, «Қуръон ўқитиш ва ёдлаш усуллари» ҳамда отинойилар учун мўлжалланган «Қуръон сабоқлари» китобларининг муаллифи Гулобод Қудратуллоҳ қизининг қаламига мансуб «Анъанавий ва ноанъанавий таълим» номли янги китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Шунингдек, халқимизга зиё ва илм улашиш мақсадида ўз фаолиятини бошлаган янги онлайн телеканал ‒ «Ҳилол ТВ» фаолияти ҳақида ҳикоя қилувли, гўзаллик салонларидан олинган киприк улаш ҳақидаги роликлар ҳам йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Дарҳақиқат, савол – илм олишнинг энг яхши воситаси. Инсон савол орқали олган билимларини янада мустаҳкамлаб олади, кўнгилда пайдо бўладиган ўринсиз шубҳа-гумонлардан холи бўлади. Ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли воқеа-ҳодисаларга, муаммоларга дуч келиши табиий. Мусулмон одам бундай пайтда шариатимиз кўрсатмаларига, Қуръон ва суннатда келган қайтариқ ва буйруқларга оғишмай амал қилиши лозимдир.
Халқимизнинг ардоқли фарзанди, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ана шундай эл хизматига астойдил бел боғлаган, илм беришнинг барча турларини ўз ўрнида қўллай билган уламолардан бири эдилар.
Устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳам падари бузрукворларининг изидан бориб, бу улкан илмий меросни халққа етказиш мақсадида ўзлари ҳам китоблар таълиф қилдилар. Ана шу китобнинг дастлабки нишона сонлари –«Билимсизликнинг шифоси – савол» номли туркумнинг 1 ва 2-жузлари чоп этилиб, элимизга туҳфа этилди. Бу китобнинг тақдимоти ҳам илм ва зиё излаб келган опа-сингилларимизга завқ ва шавқ бағишлади. Бир неча йиллардан буён muslimaat.uz сайтининг саволлар бўлимига аёл-қизлардан келиб тушаётган саволларни бир нечта китобларга жамлаш жараёнидаги қилинган ишлар хусусида китобларни нашрга тайёрлаган муҳаррир Барно Саидраҳмон сўзлаб берди.
Тадбир сўнгида динимизнинг арконларини, аҳкомларини етказишда падари бузрукворлари, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдириб кетган улкан илмий меросни ўрганиш ва ўргатишда халқимизга ҳормай-толмай хизмат қилаётган устозимиз, muslimaat.uz сайти раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ хайрли дуолар қилдилар.
Muslimaat.uz таҳририяти