Энг муҳим иқтибос
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси лафз жиҳатидан ҳам, маъно жиҳатидан ҳам, аҳкому ахбор жиҳатидан ҳам кишиларни ожиз қолдирувчидир. Инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида одамларни, агар қодир бўлсалар, Қуръони Каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар ва чиқа олмайдилар ҳам.

«Улумул Қуръон» илми соҳиблари таърифлаганларидек, «Қуръон – Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбига фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида ваҳий қилган, тавотур ила нақл қилинган, тиловати ила ибодат қилинадиган, ожиз қолдирувчи каломи»дир.

Кимки Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керак нарсани олади. Ва яна янги нарса олгиси келаверади...

“Қуръони Карим оятларининг нечоғли аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлаш учун бизнинг замонамиздаги энг нуфузли университетлардан бири – Гарвард университети, ҳуқуқшунослик факультетининг кириш қисмига Қуръони Карим оятини жойлаштириш қарори туғилган. Бу университетда Қуръони Карим ояти адолатнинг энг яхши ифодаси сифатида тан олинган”, деб ёзади «ислам.ру» мухбири Данат Зарипов куни кеча чоп этилган мақоласида. ‒ Гарвард университетининг расмий веб сайтида эълон қилинган шарҳда айтилишича, ушбу оятдаги адолат ҳақидаги тушунча энг яхши ифода бўлиб, бу оят инсонларнинг адолатга бўлган ташналигини ифодалайди”.

Мақолада яна шундай ёзилади: “Кириш қисмига мазкур оят ёзиб қўйилган бадиий иншоот университетнинг юридик факультети томонидан жой олган. Талабалар ва университет профессор-ўқитувчилари томонидан таклиф қилинган 150 та иқтибосдан йигирмага яқини танлаб олинган. Ҳар бир иқтибоснинг ҳақиқийлиги Гарвард кутубхонаси ходимлари томонидан текширилган. Танлов натижаларига кўра учта энг муҳим иқтибос белгиланган, улар орасида Қуръони Каримнинг ушбу ояти ҳам бўлган”.

АҚШнинг жаҳонга машҳур Гарвард университети ҳуқуқшунослик факультетининг кириш қисмига Қуръони Каримдаги Нисо сурасининг 135-ояти ёзилган лавҳ ўрнатилди. Қуйида адолат тушунчасига аъло даражада таъриф берилган мазкур оятни ва унинг тафсирини эътиборингизга ҳавола этишни лозим деб топдик.

***

  “Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят).

Ушбу оятдаги амрлар ғоятда муҳим бўлиб, мусулмонлар бу масалаларга жиддий қарашлари лозим. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига:

«Эй иймон келтирганлар!» дея мурожаат қилмоқда. Бу билан диққатни жалб этмоқда. Бу нидодан кейин келаётган амрлардан бири адолат ила туришдир. Яъни ҳамма ишда, ҳамма жойда, ҳамма масалада адолат билан туришдир. Адолат билан туришни тақозо этадиган ишлардан бири гувоҳлик беришдир.

Гувоҳлик жуда ҳам нозик ва масъулиятли ишдир. Чунки гувоҳлик бериш йўли билан далил-ҳужжат етишмай турган ишлар ҳал бўлади. Бир оғиз гувоҳлик сўзи билан бировга нисбатан ўлим ҳукми чиқиши ёки бекор қилиниши мумкин, кимдир қамалиб кетиши ёки қутулиб қолиши мумкин. Шунингдек, биров катта мол-мулкка эга бўлиши ёки ўзининг мол-мулкидан ажраб қолиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, гувоҳлик кўпгина ҳассос масалаларга даҳлдордир. Шунинг учун ҳам Исломда гувоҳлик адолат ила бўлишига катта эътибор берилади. Биз ўрганаётган ушбу ояти каримада ҳам худди шу масала муолажа қилинмоқда:

«Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг».

Демак, гувоҳлик Аллоҳ учун бўлиши керак. Бошқа нарса учун эмас. Бирор шахс учун эмас, қабила учун эмас, ҳизб ёки халқ учун эмас. Фақат Аллоҳ учун бўлиши керак. Ана шундагина адолатли гувоҳлик бўлади. Албатта, инсоннинг ўзига қарши гувоҳлик бериши, ота-онаси ёки қариндош-уруғига қарши гувоҳлик бериши осон эмас. Бу иш гапиришга осон, холос. Лекин илоҳий таълимот шуни ирода қилади. Ана шундагина ҳақиқий адолат юзага чиқиши мумкин. Гувоҳлик беришда насаб омилини ҳисобга олиш мумкин бўлмаганидек, гувоҳлик берилаётган шахснинг, яъни айбланувчининг ижтимоий ҳолати ҳам эътиборга олинмайди:

«Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир».

Яъни «Унга сиздан кўра Аллоҳ яқинроқдир. У нима қилишни Ўзи яхши билади. Сиз унинг бойлиги ёки камбағаллигига қараб гувоҳлик бериб, исломий таълимотларни бузманг. Бу бечора камбағал экан, деб раҳм қилиб, унинг фойдасига гувоҳлик берманг. Ёки ялангоёқ, камбағалнинг қўлидан нима келар эди, деб, гувоҳликни унинг зарарига ҳам бурманг. Гувоҳлик беришингиз Аллоҳ учун тўғри бўлсин.

Шунингдек, бу бой экан, кейин менга нисбатан ҳар нарса қилиш унинг қўлидан келади, деб қўрқиб, ёки бой экан, бунга бало ҳам урмайди, деб нотўғри гувоҳлик берманг. Тўғри гувоҳлик беринг». Гувоҳлик беришда:

«Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг».

Ҳавойи нафс ўзини севишга, ота-она ва қариндошларга ён босишга ундаши мумкин. Нафс бойга хушомад қилишга ёки камбағалга меҳр кўрсатишга ва шунга ўхшаш нотўғри ишларга бошлаши мумкин. Ҳавойи нафсга берилиб:

«Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир».

У Зот Ўзи билиб, адолат-ла жазоингизни беради. Тилингизни буриб, нотўғри гувоҳлик беришингиз мумкин эмас. Шунингдек, масъулиятдан қочиб, гувоҳлик беришдан юз ўгиришингиз ҳам мумкин эмас.

Исломда гувоҳликни беркитиш ёки уни адо этишдан қочиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда гувоҳликни беркитган одам гуноҳкор одам эканини таъкидлаган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида:

«Гувоҳларнинг энг яхшиси сўралмасдан туриб гувоҳлик берадиганларидир», деганлар.

“Тафсири Ҳилол”дан олинди.

Райҳона тайёрлади

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Энди Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверингларrdquoМузаммил сураси, давоми...

06:00 / 12.06.2020 3964
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Зулҳижжанинг аввалидаги давоми...

21:04 / 12.08.2018 2811
Исломий либослар IV халқаро конференцияси жорий йилнинг 1316 сентябрь кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида давоми...

08:02 / 28.11.2016 5296
Баъзилар келажакда машғулотлардан фориғ бўлиб,халал берадиган ҳар хил нарсалардан қутуламан,ўша пайтда давоми...

21:22 / 24.05.2023 1469