Рўза шифодир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саломатлик – туман бойлик. Дини Исломда ҳар бир шаръий амал ибодатдир. Буларнинг барчаси инсоннинг икки дунёдаги саломатлигини таъминлайди. Буюк уламоларимиз, азиз авлиёлар ҳаёти тарзини ўрганганишда бир нуқта эътиборимни тортди. Маълумотларга кўра, улар икки кунда уч маҳал овқатланган, асосан, рўза тутиб, парҳез қилган эканлар. Яъни улар ейиш учун яшамаганлар, балки, яшаш учун еганлар.

Қарангки, улар егуликлардан ортиқча тўйиб эмас, балки меъёрида баҳраманд бўлганлар. Хўш, улар ейишга нарса йўқлигидан шундай яшаганмидилар? Асло... улар тетик юриш ва теран фикрлаш учун, таомларни жамоа билан баҳам кўрган ҳолда биродарлар орасидаги ҳамжиҳатликни ошириш учун шундай йўл тутганлар. Кошки эди, бизлар ҳам улардан ибрат олсак!

Солиҳ аждодларимизнинг рўзага ихлослари баланд бўлган. Улар Аллоҳни рози қилсалар, албатта, Аллоҳ ҳам уларни рози қилишига ишонч ила умид қилганлар. Демак, рўза уларнинг иймон ва маънавиятларини қувватлантирган экан. Улар ҳам руҳан, ҳам жисмонан, ҳам фикран соғлом бўлганлар. Руҳшунос олимлар айтишича, танамиз тирик робот – у биз берган «буйруқ»ларга биноан ҳаракат қилади, яъни танамиз бизнинг соғлом фикрларимиз маҳсули бўлмиш оқил сўзлар асосида ёки унинг аксига биноан ҳаракат қилади. Агар биз рўза шифодир десак ва бунга чин дилдан ишонсак, у, албатта, бизларга шифо бўлади!

 Сиддиқлар касалларни очлик билан муолажа қилганлар. Овқатга хирс қўйишни ҳайвоний сифатлардан деб билганлар. Масалан, Луқмони Ҳаким бу борада: «Эй фарзанд, қорнингни босиб-тиқиб тўйдирсанг, фикр хазиналаринг қурийди, тафаккур қилолмайдиган аҳволга тушасан, сендан ҳикмат деган неъмат кетади, аъзоларинг ибодат қилишдан қолади» – деганлар.

Оз еган енгил, таҳоратли юриб, ибодатга югуради, ортиқча тўйиб еган эса қорнида оғирлик билан лоҳас бўлиб, халога югуради. Умримизни, қимматли вақтимизни қаерда, қай ҳолда ва нима учун ўтказиш ўз қўлимизда.

Қуйида тўқликнинг зарарлари ва меъёрдаги очликнинг фойдалари эътиборингизга ҳавола этилади:

Ортиқча тўқликнинг зарари Меъёрдаги очликнинг фойдаси
бесабаб чарчоқ тетиклик
кўнгил хиралиги ва қалб кўзининг кўрлиги қалб кўзининг равшанлиги
ғам сурур, хурсандлик
руҳий заифлик руҳий соғломлик
гуноҳдан қўрқмаслик ва ундан тийилмаслик осийликдан чекиниш, Аллоҳдан қўрқиш
ҳаёсизлик ҳаёлилик
ақлнинг заифлиги ақлнинг теранлиги
ношукурлик шукроналик
ахлоқсизлик ахлоқлилик
нотинчлик ҳаловат,хотиржамлик
шаҳватпарастлик тақволилик
хотиранинг пастлиги хотиранинг кучлилиги
ўлимни эсдан чиқариш ўлимни тез-тез эслаб туриш
дунёни севиш Аллоҳни севиш
бахиллик мардлик
хасислик сахийлик
зулм яхшилик, эзгулик
шайтонга эргашиш Аллоҳга итоат қилиш
сабрсизлик сабрлилик, қаноат
ҳикматдан узоқ бўлиш ҳикмат билан бирга бўлиш
қўрқоқлик жасурлик

Демак, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилган ҳолатда рўза тутилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Рўза тутиб, савоб олиш ўрнига оч қолганлардан бўлиб қолмаслик учун намозимизнинг сифатига эътиборли бўлайлик. Кафтимиз рўза бўлса, бармоқларимиз намоздир. Бармоқларга озор етса, танамиз оғрийди, намозлар тўкис адо этилмаса,  руҳимиз оғрийди – касал бўлади. Ҳар икки ҳолда ҳам жон оғрийди. Тутган рўзаларимизга футур етади.

Ошқозонимиз бизга дўст ёки душман бўлиши мумкин. Лекин аслида у эмас, балки ўз нафсимиз бизларни турли осийликларга бошлаши ҳаётий тажрибадан кўриниб турибди. Аллоҳ барчамизга Ўзининг яхшиликларини улашсин, деймиз.

Нозима

Мавзуга оид мақолалар
Тўй инсон ҳаётининг энг муҳим воқеаларидан биридир. Анна Бегум ва Закарийё Хон ўзлари учун унутилмас бўлган давоми...

16:25 / 12.02.2019 2351
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ўзи эшитган озорга сабр давоми...

05:58 / 20.11.2016 4728
«Muslimaat.uz» сайти, «Islom.uz» портали жамоаси портал таҳрир ҳайъати аъзоси Хайруллоҳ ҳожи Ҳабибуллоҳга укаси давоми...

16:18 / 26.12.2016 3626
Тўлин ой нур сочган ярим тун Атрофни сукунат қоплаган. Осмонда милтираб турган бешумор юлдузлар кўзни давоми...

07:36 / 27.02.2017 5345