Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҲАДИСНИНГ АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча оғиз сўз билан Исломдаги улкан қоидани асослаб бердилар: «Шубҳали нарсалардан йироқ юринг. Фақат ҳалол-пок неъматлар билан бўлинг!» Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадис шарҳининг сўнгида ёзадилар: «Ушбу ҳадис Ислом динининг улуғ қоидаларидан бири саналади. Ҳақ нурни тўсиб қўювчи шубҳа-гумонлар зулм-зулматларини ёриб ташлашда ҳам юқоридаги ҳадис асл асос ҳисобланади».

ҲАДИСДАН ОЛИНАДИГАН САБОҚЛАР

1. Шубҳали нарсаларни тарк этиш.

Ибодатда, муомалада ва умуман, ҳар бир вазиятда, барча ўринларда ўзини шубҳали нарсалардан узоқ тутиб, фақат ҳалол-пок тарзда иш юритиш мусулмон кишини тақводор зотлар сафига қўшади. Шайтон васвасаларини даф этишда жуда фойдали бўлган мазкур хусусият инсон учун дунё ва охиратда кўплаб хайрли оқибатларни юзага келтиради, иншааллоҳ! Зеро, шубҳали нарсалардан йироқ юрган киши ўз динини ва шаънини покиза сақлаб қолган бўлади. Аниқ ва ҳалол нарса банданинг қалбида заррача шубҳа туғдирмайди. Ҳалол йўл билан ҳаёт кечириш кўнгилга ором бағишлайди. Унга эришган диллар ажиб саодатни туяди. Инсон шубҳали нарсалардан зоҳиран рози бўлса-да, унинг қалби ғашлик ва гумонлардан изтиробга тушади. Аслида маънавий йўқотиш сифатида унга мана шу аламли оғриқ ҳам етарли жазо бўлади. Бироқ энг катта йўқотиш ва бахтсизлик кейинроқ – инсон шубҳали нарсаларга кўникиб, аста-секин ҳаромга қўл ура бошлагач, бор бўйи билан кўринади. Чунки тақиқланган жой атрофида ўралашган кимса бир куни у ерга кириб қолиши ҳеч гап эмас.

2. Шубҳали нарсаларни тарк этиб, фақат ҳалол-пок амалларга берилиш хусусида салафларнинг сўзлари ва ишларига амал қилиш.

 Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир».

Абу Абдурраҳмон Амрий: «Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол-покиза нарсаларга алмаштиради», деган.

Фузайл дейди: «Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут».

Ҳассон ибн Абу Синон: «Тақводорликдан осон нарса йўқ: қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк эт», дейди.

Язид ибн Зариъ ўзига теккан беш юз минг (тилла) меросни тарк этди. Унинг отаси султонлар хизматини қилар эди. Улкан меросни тарк этган Язид бир умр сават тўқиб, шунинг орқасидан кун кечирди.

«Мисвар ибн Махрама тижорат учун жуда кўп дон сотиб олди. Куз пайтида кўкка булут чиққанини кўриб, кайфияти бузилди. Сўнг ўзининг бу қилиғидан норози бўлиб деди: «Во ажаб! Ҳали мен мусулмонларга фойдали бўлган ёмғирни ёмон кўрдимми?!» Шундан кейин ўша сотиб олган молидан мутлақо фойда қилмасликка қасам ичди. Унинг қароридан хабар топган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ сени хайрли мукофотлар билан тақдирласин!» дедилар.

Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар: «Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз?» «Челагим бўлганда, ичардим», деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар.

 Юқорида келтирилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бир ҳақиқат ҳеч қачон ёдимиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини пок сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтождир.

3. Аниқ билан шак-шубҳа қарама-қарши келиб қолса, қай бири олинади?

Мазкур вазиятда аниқ ҳолат олиниб, шубҳа-гумондан юз ўгирилади. «Шаръий аҳкомлар мажалласи» тасдиқлаган фиқҳий қоидаларнинг иккинчиси айнан мана шу мавзу хусусида: «Аниқ ишонч гумон туфайли бекор бўлмайди». Қоидани яхшироқ тушуниб олишимиз учун мисол келтирамиз: Бир киши таҳорат қилди. Сўнг «Таҳоратим бузилди шекилли», деб шубҳаланиб қолди. Яъни у таҳорат қилганини аниқ билади-ю, лекин бузилган-бузилмаганини эслай олмаяпти. Бундай ҳолатда аниқ нарса эътиборли саналиб, ҳалиги киши таҳоратли дейилади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бирортангиз қорнида бирор нарсани топса, унга ундан бир нарса чиқдими-йўқми, аниқ бўлмай қолса, токи овозни эшитмагунича ёки елни (ҳидини) топмагунича масжиддан чиқмасин». (Муслим ривоят қилган)

4. Шариат аҳкомларига тўлиқ бўйсунган киши шубҳали нарсалардан ўзини сақласин.

 Биз Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқадиган, Исломга тўлиқ амал қиладиган тақводор мўминларни шубҳалардан йироқ юришга даъват этяпмиз. Бироқ ҳаром-ҳаришга ботиб юрадиган кимсанинг дақиқ шубҳалар қаршисида тақводор бўлиб қолиши «товуқ тақво» дейилади. Биз уни бундай тақводан қайтарамиз. Чунки у аввал ўзини очиқ ҳаром ишлардан тийсин. Ундан биринчи навбатда мана шу талаб қилинади. Ироқ аҳлидан бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳудан чивиннинг қони ҳақида сўради. Ибн Умар дедилар: «Ҳусайнни ўлдирган кимсалар мендан чивиннинг қони ҳақида сўрайдилар-а?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан ва Ҳусайн хусусида: «Улар менинг дунёдаги гул-райҳонларимдир!» деганларини эшитганман».

 «Бишр ибн Ҳорисдан сўрашди: «Она ўғлидан хотинини талоқ қилишини сўраяпти. Ўғил онасининг талабига жавоб берадими?» Бишр жавоб бердилар: «Агар ўғил барча нарсада онасига яхши муомалада бўлиб, бўйсуниб келган ва фақат хотинини талоқ қилиш масаласи қолган бўлса, волидасининг амрига юрсин. Бироқ онага бўйсуниб, хотинини талоқ қилгач, онасини савалайдиган бўлса, талоқ қилмасин».

5. «Ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир».

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги мазмунда ворид бўлган ҳадислари имом Термизийнинг ривоятида келтирилган. Киши бирор нарсанинг жавобини билишни истаса, фақат рост ва аниқ-тиниқ сўзни изласин. Ростгўйлик омонати шуки, қалб ундан хотиржамлик туяди. Ёлғонни эшитганда эса қалб хижил бўлиб, шубҳа-гумонга тўлади.

6. Мўминлар ҳаётларини фақат аниқ ишончли асослар устига қурмоқлари лозим.

7. Ҳалоллик, ростгўйлик ва ҳақиқат ҳамиша хотиржамлик ва розилик олиб келади. Ҳаром-ҳариш, ботил ва ёлғон фақат шубҳа, гумон ҳамда изтироб олиб келади.

Доктор Аҳмад ал-Ҳажжий ал-Курдий.

«Омина» журналининг, 1433 йил, Ражаб, 1-сонидан

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Абул Ажалон алМуҳорибий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Мен Ибн Зубайрнинг лашкарида эдим. давоми...

12:02 / 12.10.2016 3658
БМТ бош Ассамблеяси Иордания шаҳзодаси Зайд алҲусайнни инсон ҳуқуқлари бўйича бош олий комиссар қилиб давоми...

13:22 / 25.01.2017 3859
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон давоми...

11:58 / 09.11.2017 5318