ЮКСАК НОМГА МУНОСИБ БЎЛАЙЛИК
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Сўнгги йилларда юртимизда динимизни ўрганиш, кишиларда тўғри эътиқодни шакллантириб, Қуръонга муҳаббатни кучайтириш, Қуръонга, ҳадисга амал қилиб яшашни йўлга қўйиш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимиз бўйлаб ўтказилган Қуръон, ҳадис мусобақалари сўзимизнинг ёрқин далилидир. Лекин халқимизнинг асосий қисми ҳали-ҳануз эскича қарашларидан, эскича урф-одатларидан, бидъат-хурофотларидан айрила олмаётир.  Ёшларнинг ҳам, катталарнинг ҳам бу борада тўғри йўлни кўрсатадиган, Ҳақни танишида кўмак бўладиган, шариат қоидалари жамланган китобларни ўқишга на вақтлари бор, на ҳафсалалари. Одамларга динимизнинг бирор кўрсатмаси ҳақида гапирсангиз, «Нега, Фалончи отинойи бошқача айтган-ку?», «Бир отинойидан эшитгандим, сиз айтган нарсаларни бошқача тушунтирганди» деб, гапингизга эътироз билдиришади. Демак, одамлар отинойиларни энг илмли, энг ибратли, энг ҳурматли инсонлар деб билишади. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Динимизда аҳли илмларнинг, уламоларнинг даражаси юқори экани алоҳида таъкидланган. Бу ҳақда Қуръони Каримда, ҳадиси шарифларда, уламоларнинг ҳикматли сўзларида етарлича маълумот топилади. Лекин мен ҳозир бу ҳақда гапирмоқчимасман. Мен айнан халқ «отинойи», деб иззат-ҳурмат қиладиган, маросимларда уйнинг тўрига ўтирғизиб қўйиб, сара таомлар билан сийлайдиган, маросим тугагач, бир дунё ҳадялар, пуллар билан уйига кузатиб қўядиган, аммо бундай номга, бундай эътиборга номуносиб баъзи отинойилар ҳақида анчадан буён мени ўйлантириб келаётган бир-икки оғиз аччиқ ҳақиқатларни, дард-аламларимни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Бундан чамаси бир ярим йиллар олдин устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ бир мажлисда шундай дедилар: «Юртимиз бўйлаб отинойиларнинг илмини, диний жиҳатдан савиясини текшириш учун тадбирлар ўтказилди. Маълум бўлдики, бу борада аҳвол ниҳоятда ачинарли экан. Шунинг учун Диний идора ва бошқа тегишли муассасалар ҳамкорлигида отинойилар учун бир нечта қўлланмалар тайёрламоқчимиз. Имом-домлалар, отинойилар халққа тўғри йўлни кўрсатадиган, динимиз арконларини, шариатимиз кўрсатмаларини ўргатадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган кишилардир. Шундай бўлгач, авваламбор уларнинг ўзлари илмли бўлиши керак. Аммо вазият ўрганиб чиқилганда уларнинг диний саводхонлигини зудлик билан ошириш кераклиги аён бўлди. Бу борада юртимиздаги аҳли илмларнинг зиммасида жуда катта масъулият бор…»

Сўнг устозамиз чоп этилиши керак бўлган ана шу қўлланмаларни бирма-бир санаб бердилар. Уларнинг бири «Маросимлар» китоби бўлиб, биринчи сони жаноза маросимларига бағишланишини таъкидлаганларида, мен: «Жаноза ҳақидаги қўлланмага шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларида келтирилган диний кўрсатмаларни бериб, ортидан халқ орасида тарқалган бидъат-хурофотларни киритиш керак», дея ўз таклифимни билдирдим. Худди ҳозиргидек эсимда, шунда Одинахон: «Таклиф киритган одам ўша ишга ўзи масъул. Маросимлар ҳақидаги китобнинг «Жаноза» бобини сизга топширдик», дедилар.

Ўша кундан бошлаб бўш қолдим дегунча, халқ орасида тарқалган жаноза билан боғлиқ бидъатлар, ношаръий маросимлар, зарарли урф-одатлар ҳақида маълумот йиға бошладим. Ўзим билганларимнинг ўзи ҳам бир дунё бўлди. Кейин юртимизнинг турли вилоятларида истиқомат қилувчи опа-сингиллар билан мулоқотда бўлдим. Биз кўрган, эшитган, билган бидъат, ирим-сиримлардан бошқалари ҳам бордир, деган мулоҳаза билан уларга мурожаат қилганимда таажжубдан ёқа ушладим. Астағфируллоҳ! Улар айтиб берган, ёзиб жўнатган хабарларда инсон ақлига сиғмайдиган ишлар, ирим-сиримлар, бидъат-хурофотлар, ношаръий, ҳатто ҳаром ишлар шу қадар кўп эдики, уларни жамлаб, китобга жойлаганимизда шаръий кўрсатмалар баён этилган саҳифалардан кўра ношаръий ишлар, бидъатлар ёзилган саҳифалар кўпроқни ташкил этгани мени ҳайратга солди (ҳали бу фақат менинг билган-эшитганларим. Яна билмаганларим қанча экан?)

Бир синглимизнинг куюниб гапиришича, айнан мана шу нотўғри ишларга астойдил ружу қўйган, уларни қилишимиз шарт деб, атрофдагилар билан тортишадиганларнинг ўзи ҳеч бўлмаса Ихлос сурасини тўғри ўқишни, вафот этган одамнинг ҳаққига чиройли дуо қилишни билмайди, «Ота-боболаримизнинг руҳи қўлласин», «Довуд пирим қўлласин»дан нарига ўтмайди. Таҳлил нима, салавот нима, умуман бехабар.

Мени ўйлантирган нарса шуки, инсонни яратган, унга ақл, кўз, қулоқ, тил каби буюк неъматларни бериб қўйган Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунишга, фарз қилган амалларини бажаришга эътиборсизлик билан қараб, У Зотга ширк бўладиган амалларни эса ўта ихлос билан, жидду жаҳд билан бажариш, бошқаларни ҳам бунга ундашнинг охиратдаги савол-жавоби қандай бўлар экан?!

Бу биргина жанозага оид изланиш эди. Бошқа соҳаларни гапирмай қўяверинг.

Қўлланмани ёзиб, топширганимдан кейин ҳам буларнинг бари илмсизликнинг оқибати эканлиги ҳақида  анчагача ўйланиб юрдим. Ўзимга ўзим саволлар бераман: «Бу нарсаларнинг чеки бормикин? Қандай қилиб халқимизнинг бу аянчли ҳолатини ислоҳ қилиш мумкин? Қўлланмалар тезроқ нашр қилиниб, тезроқ отинойиларнинг қўлига етиб борса эди… Лекин улар узоқ йиллик қотиб қолган тушунчаларидан воз кечиб, қўлланмаларда ёзилган шаръий кўрсатмаларга амал қилишармикин?..

Ҳа, халқимиз, айниқса аёл-қизларимиз илмли одамларнинг панд-насиҳатига, таълим-тарбиясига ниҳоятда муҳтож экан. Бу борада эса ота-она, ўқитувчи-тарбиячилар билан бир қаторда диний-шаръий жиҳатдан чуқур илмга эга бўлган отинойиларнинг ўрни беқиёсдир. Шуларни мулоҳаза қилган устозларимиз жуда долзарб, хайрли ишга қўл уриб, бу аянчли ҳолатни ислоҳ қилиш мақсадида отинойилар учун қўлланмалар тайёрлашга киришган эдилар. Аллоҳ таоло бу ишларини манфаатли қилсин.

Кунлар, кунлар кетидан ойлар ўтди. Бундан бир ойлар олдин вилоятлардан бирида яшовчи бир танишимиз қизининг никоҳ тўйига пойтахтдан илмли отинойилардан бирини таклиф қилиш истаги борлигини айтиб, таниш-билишлари орқали бир таниқли отинойи билан боғланибди. Тўйнинг вақтини айтгандан сўнг табиийки, хизмат ҳаққи қанча бўлишини сўрабди. Сўрабди-ю… тилини тишлабди.

У кишининг айтишича, масаланинг бу томонини отинойининг ўзлари гаплашмас эканлар. Шогирдлари  орқали бошқа вилоятларга борганда одамлар қанча пул берганини айттирибдилар. Танишимиз бу нархлар қимматлик қилишини айтган экан, «Унда ҳар биримизга фалон сўмдан берасизлар, бориш-келишимизга машина гаплашиб берасизлар», деган жавобни эшитибди.

Ўша танишимиз куюниб, шундай дейди: «Биз томонлардаги отинойилардан кўнглимиз тўлмагани учун шаҳардан илмли отинойиларни таклиф қилмоқчийдик. Лекин улар айтган нарх бизга тўғри келмади. Бу биз учун жуда катта пул. Шунинг учун ҳам биз томонларда ҳамма илмсиз экан-да! Биздаги отинойиларнинг аҳволи ҳалигидай бўлса. Илмлиларини олиб келайлик, халқ оз бўлса-да фойда топсин десак, чўнтак кўтармаса…»

Шундан кейин орадан ўн кунча ўтиб, айнан ўша вилоятга бир қариндошимизникига мавлид маросимига бордик. Ҳаммамизга маълумки, халқимизда мавлид ойи бўлмаса ҳам, турли муносабатлар билан ўтказиладиган тадбирларда мавлид ўқитиш урф-одатга айланган. Майли-да, шу баҳона одамлар Қуръондан, суннатдан, сийратдан, шариатдан бирор маълумотга эга бўлиб қолади, деган ният бор. Биз ҳам шу ниятда бориб, отинойининг маърузасини кута бошладик. Маросимга таклиф этилган отинойи бироз тамадди қилиб олгач, бирдан мавлид ўқишни бошлаб юбордилар. (Астағфируллоҳ! У киши ўқиётган нарсаларни «мавлид» деб атаган одам гуноҳкор бўлиб қолмасмикин?! Ўзинг асра!) Отинойи қаердандир топиб (ёки тўқиб) айтган маълумотларнинг тўқсон фоизи биз ўқиган диний китобларда, масалан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларидан бирортасида йўқ. Отинойи айтган гапларнинг ҳаммаси тўқима ҳадислар, исроилиётлар эди... Отинойининг хотираси шу қадар кучли эканки, жуда кўп шеърларни, байтларни ёддан ўқиб беряптилар. Афсус… бу хотира, бу нотиқлик санъати, бу вақт, бу фурсатларни ҳақиқий илм йўлида сарфлаганларида, кўпчиликка ҳақиқий илм-ирфон тарқатиб, қанчалар бахт-саодатга эришган бўлар эдилар. Даврада ўтирган ўша ерлик опа-сингиллар отинойининг маърузаларини жон қулоқлари билан эшитишарди. Мен эса бир отинойининг аҳволига ачинсам, бир халққа ачинардим. Энг ёмони шуки, бундай маросимларнинг сўнгида ўша ерда йиғилганларнинг ҳаммаси отинойининг олдига пул ташлашади, у эса пул ташлаганларни дуо қилади. Аммо бир оғиз: «Буни нима учун, қандай ниятда  беряпсизлар? Пулингиз керакмас, дуони пулга сотмайман», демайди.

Хуллас, ўша куни неча йиллардан буён мени қийнаб келаётган оғриқли дард бир неча бор кучайиб кетди. Охири ҳам, жўяли жавоби ҳам йўқ саволлар бутун ўй-хаёлларимни банд қилиб олган:

Аллоҳнинг каломини, шариатимиз кўрсатмаларини бунчалик кўп пулга сотишга мазкура шаҳарлик отинойининг нима ҳаққи бор? Унга бу ҳуқуқни ким берган? Давлатимиз унга лицензияни пул ишлаш учун берганми? Майли, бирор маросимга бориб, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш учун ўша отинойининг тўрт-беш соат (майли, узоқроқ вилоятга борса, бир-икки кун) вақти кетар, бундан ташқари қуввати, соғлиғи кетди дейлик. Аммо шунга ярашасини сўрасин. Аслида сўрамаса ҳам, таклиф қилувчилар кўнглидан чиқариб, атаганларини беришади. Ваҳоланки, у оғзига сиққанини сўрайдиган даражада мушкул иш учун бормаяпти, балки анвойи таомларни тановул қилиб, дам олиб, давраларнинг тўрида ўтириб, Аллоҳнинг каломидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан, сийратлардан сўзлаш учун таклиф қилиняпти. Одамларга илм-маърифат тарқатиш учун, динимиздан, шариатимиздан сўзланадиган, Қуръон тиловат қилиниб, сакинат ёғиладиган манзилларга таклиф қилиняпти. Бу билан эса соғлиғидан, қувватидан айрилмаслиги шубҳасиз. Бир неча соатлик ташриф учун бунчалик кўп пул сўрашга қандай журъат қилиш мумкин? Бу билан ўша куни эга бўлажак ажр-савобларини йўққа чиқариб юбормайдими? Майли, кимлардир ўша отинойини ҳурмат-иззат қилиб,  мўмайгина пул билан сийлагандир. Бу ўша одамларнинг номидан ҳадя, эҳсон сифатида берилгандир. Лекин «Бунча пул беришга имкониятим йўқ», дея аҳволини билдириб турган одамларга отинойи: «Майли, кўнглингиздан чиқариб берарсиз», деса, ўша хонадон соҳибига эҳсон қилган, бу билан кўплаб ажр-савобларга эришган бўларди-ку!..

Энди ўзим иштирок этган маросимдаги отинойи ва у кишига ўхшаган бошқа кўплаб «илм аҳллари»га бир нечта саволлар билан мурожаат қилмоқчиман:

Сизлар давлатимиз томонидан берилган ишончни оқлаш учун нима ишлар қиляпсиз? Ҳозирги кунда нима кўп, китоб кўп. Ўша китобларни ўқиб, илмингизни оширяпсизми? Қуръонни тажвид билан ўқий оласизми? Араб тилини билишни-ку, айтмай қўя қолайлик, тафсир, ҳадис, ақоид илмлари ҳам майли, ҳеч бўлмаса фиқҳимизни, таҳорат, ғусл ва аёлларга оид поклик масалаларини биласизми? Лоақал Қуръонни тўғри ўқишни ўрганиб олишга сизга нима халақит беряпти? Ахир сиз ўқиётган нарсани Қуръон деб бўлмайди-ку? Қачонгача «мушкулкушод», «биби сешанба», «тугун оши» каби ирим-сиримларга, бидъат-хурофотларга буюриб, халқнинг шўрини қуритасиз? Аслида сиз халқнинг билмаганини ўргатадиган, хато қилса, тузатадиган  одамларсиз-ку! Қачонгача илмли одамлар ҳамманинг олдида хатоларингизни тўғрилашдан истиҳола қилиб, даврани тарк этиб чиқиб кетишга журъат тополмасдан, сизнинг олди-қочди «маъруза»ларингизни эшитишга мажбур бўлиб ўтиришади?  Қачонгача илмсиз одамлар сизни ўтирғизгани жой топа олмасдан, оғзингизга тикилиб, пойингизга патак бўлишади-ю, сиз эса уларга нотўғри, хато, асоссиз, ёлғон маълумотларни етказиб, вақтларини, пулларини зое қиласиз, уларни янада жаҳолат ботқоғига ботирасиз? Давлатимиз томонидан динимиз таълимотларига, халқнинг диний савиясини оширишга алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда нима учун сизлар ҳали ҳам эскилик сарқитларидан воз кеча олмасдан, ёлғон-яшиқ гаплар билан халқни ортингиздан эргаштириб юрибсиз? Ҳеч бўлмаса бунинг охиратдаги савол-жавобидан қўрқмайсизми?..

Гапирсак, гап кўп. Лекин асосий айтмоқчи бўлганларим шу эди. Хулоса ўрнида шундай демоқчиман: бу нохуш ҳолатдан қутулиш у қадар қийин эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг иродаси билан ҳар қандай ҳолатни ўнглашга, ислоҳ қилишга қодир Зот. Фақат биз – бандаларда хоҳиш-истак, ҳафсала, ҳаракат, жидду жаҳд бўлса бас. Хусусан, отинойилар масаласида ҳам шундай. Илмли отинойиларимиз ниятларини тўғри қилиб, нафсларининг хоҳишига учмасалар, савоб талабида халқнинг хизматига шай турсалар, илми етарли бўлмаган отинойиларимиз эса ўзлари фойдаланаётган «эскича» китоблардан воз кечиб, ҳақ йўлга бошловчи китобларни ўқиб-ўрганишса, улар асосида халққа амри маъруф, наҳйи мункар қилсалар, Қуръони Каримни тажвид билан ўқишга ҳаракат қилиб, ўз хатолари устида кўпроқ ишласалар, ҳар иккилари ҳам ўзларига берилган фурсат, мартабадан олий мақсад – халқнинг маърифатини ошириб, ўзларининг охиратдаги даражаларини юксалтириш учун фойдалансалар, нур устига нур бўлар эди.

Имом Ғаззолий айтадилар: «Эй фарзанд! Шариатга эргашилмаса, илм ҳам, амал ҳам залолатдир. Сўзинг ҳам, ишинг ҳам шариатга мувофиқ бўлиши керак. Чунки шариатга эргашилмаса, илм ва амал залолатдир, адашишдир».

Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, гап эгасини топади, деганларидек, юқорида айтилганлар ҳамма отинойиларга ҳам тегишли эмас. Ўзининг илми, салоҳияти, ихлоси билан халқнинг олқишига, эҳтиромига сазовор бўлган отинойиларимиз жуда кўп. Биз тилга олган, бу соҳага тасодифан кириб қолган баъзилар ана шундай олималардан ўрнак олсалар, ўзларига ҳам, халққа ҳам манфаатли бўлар эди.

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин, бизларни ўқиганларига амал қиладиган бандаларидан қилсин, барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин. Омин!

Барно Саидраҳмон

«Ҳилол» нашриёти ҳамда «Муслимаат.уз» сайти муҳаррири

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Шайтоннинг бир талай тузоқлари бор Аллоҳнинг неъматлари билан гердаймоқ, Аллоҳнинг берганлари билан давоми...

19:43 / 11.12.2016 4876
embedhttpswww.youtube.comwatchvxQM4vbr7Vwfeatureyoutu.beembed

13:23 / 01.07.2017 3544
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Мажлиснинг якуни «Ижтимоий масалалар»га бағишланди. давоми...

19:58 / 11.12.2016 4089
Сурат соҳибаси ким эканини биласизми У дунёдаги энг улуғ аёллардан. У олтмиш йил Аллоҳнинг Китоби хизматида давоми...

14:45 / 27.12.2016 2810