Асмо бинти Умайс (Фотима онамизнинг тикувчиси)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобиялар ҳаёти

Тарихда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байтларига ўзгача ихлос ва ўзгача яқинлиги билан танилган саҳобалар қаторида баъзи фазилатли саҳобиялар ҳам ўтганлар. Улар аҳли байтга туғишганларидек дилдор кишилар эдилар. 

Ана шундай саодат соҳибаларидан  бири – Асмо бинт Умайс ибн Маъд Хасъам ал-Хусаймийядир. Асмо бинт Умайс Маймуна онамизнинг сингиллари  эдилар. Кунялари Умму Муҳаммадайн, яъни, икки ўғилларининг исми  Муҳаммад бўлгани сабаб, Муҳаммадларнинг онаси эди. Қатъиятли, эпчил, фаросати билан машҳур бу аёл илк Ислом даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Арқам розияллоҳу анҳунинг ҳовлисига кўчиб ўтмасларидан олдин мусулмон бўлган эдилар.

Мушрикларнинг зулми ҳаддан ошиб, мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қила бошлаган пайтлар. Янги келинчак Асмо ҳам эрлари Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан ҳижрат қилдилар. Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги, дин ҳимояси учун юртидан кетишга мажбур бўлган муҳожирлар қатори ёш келин-куёв ҳам мусофир юртларда 15 йил яшадилар. У ерда Аллоҳ таоло уларга Муҳаммад, Абдуллоҳ ва Авф исмли фарзандлар ато этди.

Асмо бинт Умайс ҳам орзуларига мувофиқ равишда Қуръоний оят нозил бўлган саҳобиялардан эдилар. Асмо бинт Умайсдан ривоят қилинади: “Жаъфар ибн Абу Толиб билан Ҳабашистон ҳижратидан қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам ҳузурларига кириб, “Биз тўғримизда, яъни мўмина аёллар ҳақида, Қуръондан бирор нарса нозил бўлдими? Эй Аллоҳнинг Расули, албатта аёллар умидсизлик ва хафаликдалар”, дедим. У зот: “Нега?” дедилар. Мен: “Чунки Қуръонда  фақат эркаклар зикри келмоқда”, дедим. Шунда Аллоҳ таоло: “...мусулмон эркаклар ва мусулмон аёллар ва иймонли эркаклар ва иймонли аёллар, бўйсунувчи эркаклар ва   бўйсунувчи аёллар...” оятини нозил қилди”.

У киши икки ҳижрат – Ҳабашистон ва Мадинаи мунавварага кўчиб, икки ҳисса ажр олганлардан бири эдилар.

У киши Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганидан кейин халифа Абу Бакр Сиддиққа турмушга чиқиб, у кишидан Муҳаммад исмли ўғил кўрганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз никоҳларига олдилар. Муборак никоҳдан Яҳё ва Авн исмли фарзандлар дунёга келди...

Асмо розияллоҳу анҳо Фотима онамиз билан ҳам иноқ дугона бўлиб, у киши учун либослар тикиб берар, то вафот этгунларига қадар хизматларида  бўлдилар. Фотима онамиз у кишидан кўнгиллари ниҳоятда тўлгани сабабли вафотларидан сўнг жисмларини ювишни илтимос қилган эканлар.

Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳо Оиша онамизнинг ҳам хизматларида эдилар. У зотдан ҳадис ривоят қилганлар.

Асмо бинти Умайс ҳижратнинг 38-йили, бир ривоятда 36-йили вафот этганлар.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
УШБУ ЁЗ ОЙЛАРИДА ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ОВЛОВЧИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ Набиййимиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

20:44 / 06.03.2017 5305
  Саратова шаҳри «Булоқ» аёллар нодавлат ташкилоти янги «Муҳтожларга ёрдам бер» хайрия акциясини давоми...

16:50 / 13.09.2018 2597
Умматим, деб йиғлаган Расули акрам Аллоҳнинг инсонга неъмати кўпдир, Бироқ санай десак, саноғи давоми...

19:56 / 20.03.2017 4204
Бугун тонгда юртимиздан муборак Ҳаж сафарига отланган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Саудия давоми...

12:06 / 25.12.2018 5514