КЕЛАЖАГИМИЗ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ҚЎЛИДА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Автобусда кетаётиб, кўпинча шундай воқеаларнинг гувоҳи бўлиб қоламан: мактаб ёшидаги болалар автобусга чиқишади. Чиптачи йўл ҳақи учун пул йиғиб келаётиб, гал мактаб ўқувчиларига етганда жанжал бошланади. Бола пулини ишлатиб қўйган бўлади ёки шунчаки бергиси келмайди. Чиптачи бақира бошлайди, хунук гаплар билан ҳақорат қилади. Шу орада кимдир уни инсофга чақиради. Бу вазиятда ёки катта жанжал бошланади, ёки йўловчилардан бири бола учун йўл ҳақини тўлаб юборади.

Шундай кунларнинг бирида чиптачининг гапларига чидай олмаган болакай чўнтагидан минг сўм чиқариб, берди. Бошқа пули йўқлигини айтди-да, автобусдан тушиб кетди. Баъзан чиптачилардан жаҳлим чиқарди, боланинг ёнини олиб, мен ҳам гап талашгим келарди. Аммо туппа-тузук кийинган бу болакайларнинг ота-онаси борлиги, муҳтож оиладан эмаслигини билиб, ўзимни тиярдим. Ўйлаб қоламан: бу бечора чиптачи ҳам планини бажариши керак, ёш болалардан ҳам мўмайгина пул тушса керак... Ундан хафа бўлиш ноўриндир балки?... Бундай ҳолатларда нима қилинса, жамият учун муаммо туғилмайди? Ҳар куни шундай жанжалларга гувоҳ бўлмасак, аксинча, атрофда ҳамма инсонлар тартиб-қоидаларга амал қилса, ривожланган мамлакатлардаги каби ҳамма инсонлар ўз вазифасини, ҳақ-ҳуқуқини билса, одамлар ўзаро бир-бирларини ҳурмат қилса, ҳамма кўзи қувониб яшаса… Менимча, бунинг йўли бор. Биз, катталар ўзимизни ўзимиз тарбияласак,  ўз амалларимиз орқали фарзандларимизга ибрат бўлсак, «Йўл ҳақини тўлаш шарт, бу бировнинг ҳақи», дея ўргатсак, «бировнинг ҳақи» деган иборани болаларга чуқур сингдириб борсак, жуда кўп муаммоларнинг олдини олган бўлардик, иншааллоҳ.

     Ҳозирги вақтда бемалол чет элларга бориш имкони бор. У ерларда бир неча кун яшаган киши тартиб-интизомни кўриб, ҳайратланмай иложи йўқ. Бизнинг жамиятимизда таълим-тарбия, ахлоқ-одоб борасида кўплаб ишлар олиб борилаётганига қарамасдан, ҳали ҳам бу соҳада камчиликлар, дилни хира қиладиган ҳолатлар учраб турибди.  Эрталабдан кўчага чиқар экансиз, дуч келган жойга ташланган ахлатларга кўзингиз тушиб, кайфиятингиз бузилади.  Синф парталарига, ошхоналардаги стол ва ҳатто олийгоҳлардаги парталарнинг тагига, автобус ўриндиқларига ёпиштирилган сақичларни кўриб, ғашингиз келади. Бу ишлар онгли, маданиятли, ўзини ҳурмат қиладиган одамнинг иши эмас. Ҳар биримиз олдин ўзимизни тартибга чақириб, сўнг фарзандларимизга тарбия берсак, шунда бирор натижага эришишимиз мумкин.

Тунов куни автобусда бир чиройли кийинган, бир қарашда озода-орасталиги кўриниб турган қизга кўзим тушди. Ўрнидан турди-да, эшик томон юра бошлади. Кўйлагининг орқасига ёпишиб қолган сақични кўриб, бечора қизга ачиниб кетдим.  Хаёлимдан «Шу кўйлагини фалон пулга сотиб олгандир», деган ўй ўтди. Ўша сақични ўриндиққа қўйиб кетган инсонга ундан-да кўпроқ ачиндим. Чунки «қайтар дунё», деганлар... Қиёматда у одам қанча инсонларнинг гуноҳини ўзига йиғиб оларкин?

Бугун олийгоҳда дарс пайти устозимиз Японияга бориб келгани ҳақида гапириб, у ердаги ўзига қаттиқ таъсир қилган воқеалардан гапириб берди. Япон халқининг одоби, қонун-қоидаларга қанчалик оғишмай амал қилиши, каттасидан кичигигача, ҳаммасининг тарбияси кишини лол қолдирадиган даражада экан. Чорраҳага яқинлашган кичик ёшдаги болача у ерда турган саватчадан бир байроқни қўлига оларкан-да, сўнг чорраҳадан ўтар экан. Ҳамма машиналар тўхтар, бола йўлдан ўтиб бўлгаганидан кейингина юрар экан. Байроқда эса шундай ёзув бўларкан: «Тўхта, йўлдан сенинг келажагинг ўтяпти!»

Джураева Мадина

Муслимаат.уз сайти психологи

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Бизларни Ўзига иймон келтиришга мушарраф қилган ва Ислом динида бўлишликни давоми...

14:17 / 06.12.2016 4132
Муҳтарама синглим Кўряпманки, ҳаётда аксар кишилар тирикчилик ғами билан юрибди. Пул топиш ғамида ўз давоми...

12:58 / 03.04.2019 3414
 Кунларнинг бирида аёл уйидан чиқаётиб, ҳовлида учта нуроний оқсоқолга кўзи тушди. Уларни у шу кунгача ҳеч давоми...

19:06 / 01.12.2016 16878
 Ҳозирги кунга келиб одамлар, қаерда бўлишидан қатъи назар, таом тановвул қиладилар ўринда, оммавий давоми...

21:37 / 19.01.2017 2963