ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом умматига Ўз ҳузуридаги энг улуғ кунларни байрам қилиб берган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ушбу қутлуғ кунларни қандай ўтказишнинг таълимини берган Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз ёғилсин!
Ассалому алайкум, азиз дин қардошлар, муҳтарама муслималар! Аввало, барчаларингизни Қурбон ҳайити билан муборакбод этишга ижозат бергайсиз. Роббул оламин бу қутлуғ кунларни бутун Ислом олами, хусусан, жонажон юртимиз учун баракотини мўл этиб, мусулмонлар учун офият ва зафар боиси айласин.
Устозимиз, ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳар ҳайит мўмин‑мусулмонларни, азиз халқимизни, жумладан, опа‑сингилларимизни байрам билан қутлашни ҳеч канда қилмас эдилар. Бугун у киши жорий қилган ушбу одатни давом эттириш, сиз азизлар билан ҳамсуҳбат бўлиш бахтига мушарраф бўлиб турганимдан бағоят мамнунман.
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги ва мукаммал дини Ислом билан мўмин бандаларини сийлаб, мукаррам этар экан, улар учун Ўз ҳузурида энг улуғ бўлган кунларни байрам қилиб берди.
Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг (мадиналикларнинг) ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу икки кун қандоқ кун?» деб сўрадилар. Улар: «Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ – Азҳо ва Фитр кунларини берди», дедилар.
Демак, бу икки ҳайит кунларини сиз билан биз мўмин-мусулмонларга бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган экан. Уларни одамлар ўзлари ўйлаб топган ёки олимлар жорий қилган эмас, балки илоҳий ирода шуни ихтиёр этган.
Қурбон ҳайити байрами Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади ва ундан кейинги икки кун ҳам ҳайит ҳисобланади. Бу байрамнинг улуғлиги шундаки, ушбу кунларда мусулмонлар бутун дунёдан ер юзининг энг муборак жойига, курраи заминда илк бино қилинган уй ‒ Аллоҳнинг байти жойлашган муқаддас заминга Ислом арконларидан бири бўлмиш ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида тўпланадилар. Мино, Арафот, Муздалифа, Масжидул Ҳаром каби ибодат жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиб, улуғ мақомлар касб этадилар.
Ҳайит байрами шунинг учун ҳам улуғки, бу кунларда Ислом шиорлари дунё бўйлаб намойиш этилади. Минглаган, ўн минглаган мусулмонлар тўпланиб, Ийд намози ўқийдилар, Аллоҳ учун жонларини фидо этиш рамзи сифатида қурбонликлар қиладилар, йўқсилларни йўқлайдилар. Такбиру таҳлиллар садоси самоларга туташади. Ҳожиларнинг Аллоҳнинг чақириғига айтган «Лаббайка…»лари оламни тутади.
Ҳайит кунларини юқори савияда нишонлашда муслима аёлларимизнинг ҳам ўрни катта. Бу борада уларнинг зиммаларида ўзига яраша вазифалари бор. Улар бу кунларда зикру ибодат, такбиру таҳлилда фаол бўлиш баробарида ўзларига яна ҳам кўпроқ оро бериб, уй‑ҳовлиларини ҳайит учун алоҳида безаб, хонадон аҳлларига бу кунларнинг шукуҳини ортиқ сездиришлари лозим. Хусусан, жуфти ҳалоллари ва фарзандларини ҳайит намозига муносиб уст‑бошда, юқори кайфиятда кузатиб, бу куннинг шодлигини кўпроқ улашишлари даркор.
Ҳайит кунлари силаи раҳм, мурувват учун энг муносиб дамлар ҳисобланади. Бу кунларда ота‑она, қайнота‑қайнона, ака‑ука, опа‑сингил, амма‑холаларни зиёрат этиш, уларнинг дуоларини олишга ҳаракат қилиш лозим. Қўни‑қўшни, яқинлар орасидаги муҳтожлар ҳолидан хабар олишни ҳам унутмаслик керак.
Хулоса қилиб айтганда, ҳайит кунларини муносиб нишонлашда аёл‑қизларимиз ҳам ўз вазифаларини бажариш ва шариатни улуғловчи ишларни амалга ошириш билан ажру савобларга эга бўлиб олишлари матлубдир.
Сизларни ҳамда сиз орқали оила аъзоларингиз ва яқинларингизни ўзиму оиламиз номидан Қурбон ҳайити билан яна бир бор муборакбод этаман! Сизларга оилавий бахту саодат, дину дунё ишларингизда муваффақиятлар тилайман! Келаси шу ой, шу кунларга соғ-саломат, илму тақвода зиёдалик билан етиб боришимизни Аллоҳ таолодан сўраб қоламан! Ҳамиша омад ва тавфиқу ҳидоят Сизга ёр бўлсин!

Фотимахон ҳожи она Исмоил Махдум қизи

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Хотиннинг эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишлидир. Хотиннинг эри зиммасидаги маҳр, давоми...

22:37 / 13.02.2023 3285
 Оддий сақич «жевачка» таркибида 7 хил қўшимча моддалар мавжуд 1. Сақич хамиртуруши сақичнинг асосий давоми...

15:01 / 15.12.2016 4261
Мурид беодоблик қилганда бунинг иқоби кечикса, «Агар бу беодоблик бўлганда У Зот мададни кесар ва мени давоми...

11:09 / 26.06.2019 3379
ХХ аср охирида турли мамлакат олимлари узоқ яшаш рецептларини астойдил излай бошладилар. Узоқ муддат давоми...

18:53 / 11.03.2019 3736