Бебош ўғлимга мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нима учун сен ҳақингда биров гап очгудек бўлса, дунё кўзимга қоронғу кўриниб, юрагим ҳапқириб кетаркин-а?! Нима учун сени ўйласам, соғинч ҳиссини сезмас эканман?! Қайси вақтда сени фарзандим сифатида йўқотдим экан-а?! Болажоним, ёнимдасан-у, лекин орамизда катта, осмонўпар тоғлар ҳамда чуқур, қоронғу жарликлар бор. Ўйлай-ўйлай, туғилажак вақтингдан тортиб, ҳозирги 18 ёшинггача бўлган даврда кечирганларимизни эслайман.

Сен бир неча туғилолмай нобуд бўлган фарзандларимдан кейин дунёга келдинг. Ўша дамларда мени фақат қўрқув қамраб олганди. “Бу фарзандим ҳам нобуд бўлса-я, менга яна тан жароҳати-ю қалб оғриқлари етказилса-чи!?” деган фикр кетмай қолганди. Наҳотки ўша вақтдаги қўрқув сенга беришим керак бўлган она меҳримнинг бир қисмини олиб кетган бўлса?!

Ҳаётимиздаги етишмовчиликлар, отанг билан ўртамиздаги гина-кудурат ва адоватларнинг кўплиги сабабли мен ўта заиф бўлиб қолганимданми, билмайман, сен ҳам бироз нимжон бўлиб туғилдинг. Тез-тез оч қолаверганимдан иккинчи жаҳон уруши вақтларидаги очлик даврларида кун кўрган инсонларни жуда яхши тушунаман. Шу туфайлими, биров оч қолмасин, дея атрофимдагиларнинг қорни тўқлиги мени хотиржам қилади. Кимдир тамадди қилишга улгурмаган бўлса, гўё ҳеч қачон таом емаган кишидек унга ачиниб, бирон нимани тортиқ қилгим келаверади.

Аёл киши учун оч қолиш – бу нафақат нафсини тийиш ва сабр-матонатни ўргатувчи омил, балки кучсизланиши, тушкунликка тушиши, унинг ақл-фаросатига зиён етиши, мия иш фаолиятининг заифлашиши, тез қариб кетиши, соғлигига путур етиши, энг қўрқинчлиси ушбу ҳаётдан кўз юмишга хоҳиш пайдо бўлишига ҳам сабабдир. Эҳтимол, ўша дамда сенга бўлган меҳримнинг яна бир қисмини қўлдан бой бердиммикан?

Очлик мен учун энг қўрқинчли нарса эди. Шу сабабли ҳам сен кичиклигингга қарамай, барвақт ишга тушиб кетдим. Менинг фарзандим очлик нима эканини билмасин, дея ҳамма нарсани муҳайё қилдим. Аксинча, ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга баҳам кўриб, тирикчиликка эмас, вақтимнинг энг кўп қисмини сенинг тарбиянгга, сенга меҳр улашишга сарфлашим керак экан. Ахир эркак киши қийинчиликларни кўрибгина чин ўғлон, ҳақиқий эркак, оила, ватан ҳимоячиси бўлишини мен қаёқдан ҳам билар эдим...

Ўша дамлардаги очликни сенга раво кўрмаганим, она меҳр-муҳаббати кўзимни кўр қилиб, қулоғимни кар қилиб қўйибдимикан, билмадим, хуллас, ҳар нарсани сен учун муҳайё қилиб, тарбиянгга ҳам путур етказдим. Бир китобда донишмандларнинг панд-насиҳатини ўқиганимда ёш болаларга гоҳ-гоҳида қуруқ ноннинг ўзини ҳам едириб туриш керак, шунда бебош бўлмайди, сабрли бўлади, пул қаёқдан келиб, қаёққа кетади, шу ҳақда ўйлайдиган масъулиятли инсон бўлади, деб ёзилган эди.

Афсус… Отанг билан бирга бўлган ҳаётимиз узоққа бормади. Кўпгина жанжалларнинг гувоҳи бўлдинг. Қачон қараса, доим кайфияти йўқ, ранги сарғайиб кетган, юзида табассуми умуман кўринмайдиган, бола тарбияси билан шуғулланиш, болани ўйнатиш, ҳаётнинг гўзалликлари, мўъжизаларини таништиришга ожиз онанинг фарзанди эдинг. Минг афсуски, вақтни, тарбиянгни қўлдан бой бердим.

Отанг уйланиб, бошқа юртларга кўчиб кетгач, бағримга шамол тегди, золимдан қутулдим, энди ҳаётимиз тинч ва осуда бўлади, дея хурсанд бўлган эдим. Ишга тушиб кетиб, вақтимнинг асосийси пул топишга кетди. Ана ўшанда сенга беришим керак бўлган меҳрим, сенга ажратишим керак бўлган вақтим тирикчиликка сарфланди. Ишдан чарчаб келганимда кўзимга фақат ёстиғим кўринадиган дамларда сен ёнимга келиб: “Онажон, бугун ундай бўлди, бугун бундай бўлди”, дея бирин-кетин кун бўйи сени таъсирлантирган воқеаларни гапириб кетар экансан, менинг фикримдан ўтган фақатгина “Бир зум тинч турса, менга ёпишавермаса!” деган хаёл билан гапларингга “қулоқсиз” қулоқ тутар эдим. Ана ўша дамларни қайтаришнинг иложиси бўлса эди... Сенинг гапларингга қулоқ тутар, сен билан туну кунни ўтказар, биргалашиб ўйинчоқ ўйнаб, шўхликларни қилиб, қувлашмачоқлар ўйнаб, дарсларингни бирга қилиб, ҳар қадамингда сени қўллаб-қувватлаб, бажарган ишларинг учун, олган “беш”ларинг учун сени мақтаб, бағримга босиб, дардлашиб ўтириб, сенга чин оналик меҳримни берган бўлар эдим. Қани энди сенга мен сенинг ҳақиқий суянчиғинг, сен эса менинг суянчиғим эканингни такрор-такрор айтиб, сени маҳкам бағримга босиб турганимда эди, ҳақиқий, чин ўғлон, меҳрибон фарзандим, масъулиятли шахс бўлиб етишиб чиқардинг. Қанча вақтни, имкониятларни қўлдан бой бердим… Эндиликда бутунлай бегона инсон кабисан. Шунча елиб-югуриб, тирикчилик ортидан қувиб, сени “ёвузларнинг” қўлига берганимни ҳам билмай қолдим. Сени булар ҳақиқий банги қилиб қўйишди. Ҳар ким сенинг устингдан арз қилиб келганида ер ёрилса-ю, кириб кетсам. Бу кунларнинг охири бормикин?

Қанча йиллар ўтди орада. Бу гапларни қайта-қайта ўқиб, менга шундай фикр келди: “Хатоларимни ёзиб, ўқиб чиқяпман-ку, бу ёзганларим менга тайёр очиқ йўл бўлиб кўриняпти”. Дарров қилган хатоларимни тўғрилашга киришдим. Сени борлиғим билан севишга интилдим, менинг ҳаётимда бўлганингга шукр қилиб, хатоларим учун тавба қила бошладим. Сен билан гаплашиб ўтириб, сен учун ширин таомлар тайёрлаб, вақтимнинг кўп қисмини сенга бағишлаб, дилим вайрон бўлса ҳам, табассум улашиб, бағримга тез-тез боса бошладим. Дардларингга қулоқ тутиб, ичинг тўла ҳасрат эканини билиб олдим. Ўзимга таъкидладим: “Ҳаммаси яхши бўлади!” Асосийси – хатоимни тушунгандим.

Бир куни менга гап очиб қолдинг: “Онажон, қийналиб кетдим, сизни ҳам қийнаб ташладим. Мени касалхонага олиб боринг”. Севинчим ичимга сиғмас эди. Менинг фарзандим бу “балодан” қутулмоқчи, ўзи истаяпти. Меҳрибон Яратувчига такрор-такрор ҳамд айтаман…

P.S.: Бугун уйимизда тўй! Мен ўғил уйлантиряпман. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Фарзандим мен орзу қилган тўғри йўлда ва энди унинг ўзига мос жуфти ҳалоли бор. Демак, мен яхши онаман! Жигаргўшамни, кўзимнинг нурини ўша “ёвузларнинг” чангалидан қутқариб қолиш қўлимдан келди. Наҳот, ҳаммаси ортда қолди!? Наҳот, қутулдик!? Яна шукроналар келтираман, ҳамд айтаман…

Джураева Мадина

Мавзуга оид мақолалар
Aмман Иордания университети профессори, Булғор Ислом академияси ўқитувчиси, Шайх Абдураззоқ Саъдий давоми...

22:50 / 10.08.2020 30643
Бу дунёда шундай нарсалар борки, вақтида англаб етмаймиз. Бу англолмаслик натижасида биз ўзимиз учун жуда давоми...

14:54 / 23.06.2019 20737
Aмман Иордания университети профессори, Булғор Ислом академияси ўқитувчиси, Шайх Абдураззоқ Саъдий давоми...

22:50 / 10.08.2020 29120
Мусулмон инсоннинг ҳаёти нималардан иборат Охири йўқ ғамташвиш, синовлар, азоб ва қўрқувданми Ёки барча давоми...

16:29 / 12.06.2019 6054