РАМАЗОНДАГИ ИБОДАТЛАРНИНГ АФЗАЛИ ҚАЙСИ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойи

Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилди. Рамазон Роҳманга яқинлашиш ҳамда дўзахдан озод бўлиш ойидир. Унда Қуръони карим раҳмат набийси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир» (Бақара сураси, 184-оят).

Рамазон кунлари бир зумда ўтиб кетадиган азиз меҳмондир. Бу ой уни гўзал ҳолда қарши олган киши учун муваффақиятдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига қувонч улашиб, унинг келгани билан қутлар эдилар. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади ҳамда шайтонлар кишанланади. Аллоҳ таоло унинг кечалари орасига муборак кеча бўлмиш қард кечасини бириктиришни ҳукм қилган. Бу кеча мутлоқ барча кечалардан яхшидир. Зеро, унда дўзахдан озод бўлиш бор.

Инсонлар мана шу фазилатли ойга ҳозирлик кўришда турличадирлар. Улардан баъзилари бу ой кириб келадими ёки йўқми, қизиқмайдилар ҳамда Рамазон ойини оддий кунлар каби ўтказадилар. Шунингдек, намоз ва тавба учун қайғурмайдилар. Улар исрофгар ва ютқазувчилардан ҳисобланадилар. Нуқсонлари ортидан надоматдан бошқасига эга бўлмайдилар. Яна шундай инсонлар борки, улар бу ой келиши билан шодланадилар ва катта шавқ билан тоатларга киришадилар. Улар ҳасад ва нафрат аралашмаган соғлом қалб ҳамда тўғри ният билан бу ойнинг барокати ҳамда тортиқларига эришиш учун нафсларига қарши турадилар. Аҳамиятлиси шуки, бу ой бандалари шукр қилишлари учун муносиб бўлган Аллоҳ таолонинг тортиғидир. Аллоҳ таоло бандаларидан беҳожат ғоний Зотдир. Бандалар эса Аллоҳ таолога муҳтож бўлиб, Унинг раҳматига етишиш учун эшиклари олдида машғул бўладилар.

Рамазондаги ибодатларнинг афзали

Рамазон ойида қалблар ҳузур олади. Унинг илк кечасидан бошлаб ҳар ерни сакинат эгаллайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилувчи: «Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалар бўлур. Ҳар кеча шундай бўлур”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Мана шу нидода тавба қилувчилар ва Аллоҳ таолонинг розилигини истовчилар учун бир фурсат бор. Унинг муножоти роҳатбахшдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳума қачон рўза ойи кирса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кирар ва тонг отгунича намозини қоим қилишда бардавом бўлар эди. Шунингдек, етим ва мискинлардан бошқаси билан ифтор қилмасди. Салафи солиҳлар бу ойда Қуръони каримга катта эътибор қаратар эдилар. Тиловат, тадаббур, ҳифз ила унга киришардилар. Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу илм мажлисларига кўп борадиган киши эди. Қачон Рамазон ойи кирса, илм мажлисидан Аллоҳнинг китобига қочарди.

Қуйидагилар Рамазон ойида мусулмонлар янада эътиборли бўлишлари керак бўлган солиҳ амаллардир:

  • Рўза. Рўза шундай амалки, Аллоҳ таоло уни Ўзига изофа қилган. Унинг ажри ҳақида бандаларидан бирортасига билдирмаган. Шунингдек, рўзадор учун икки хурсандчилик бор. Бири рўзадорнинг ифтор вақтидаги фурсати, яна бири Аллоҳ таоло билан учрашувдаги фурсатидир. Рўза инсонларда ғолиб келган ҳолатдагидек ичимлик ва таомдан ўзини тийиш билангина ҳосил бўлмайди. Балки рўза ҳаром қилинган нарсалардан жамики аъзоларнинг рўза тутишини ўз ичига олади. Шунинг учун кўзни, қулоқни, тилни ва бошқа аъзоларни Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ҳамма нарсадан муҳофаза қилиш лозим.
  • Тунги намоз. Рамазондаги тунги намозга ҳозирлик кўриш мўминларда гўзал ҳолатдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у зотдан кейин саҳобалар ҳам бу ишга ўта ҳарис бўлганлар.
  • Садақа. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сахийликлари ва карамлиликлари билан танилгандилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эсувчи шамол каби эдилар. Рамазонда эса янада сахий бўлардилар. Садақанинг бир қанча кўринишлари бор. Масалан, таомлантириш ҳамда рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, хоссатан, фақирлар ва солиҳ биродарларга. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик қилса, унга унинг ажридек ажр бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса нуқсонга учрамаган ҳолда (берилади)», деганлар.
  • Қуръони карим қироати. Рамазон ойида Қуръон қироатини кўпайтириш мустаҳаб амаллардандир. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Рамазон ойида Қуръони каримни ҳар куни бир марта хатм қилар эди. Салафлардан баъзилар эса ҳар уч кечада хатм қилишарди. Албатта, уларнинг қироатлари тадаббурдан холи бўлмаган. Балки иймон ва Аллоҳ таолодан қўрқиш уларда янада зиёда бўлган.
  • Қуёш кўтарилгунигача масжидда қолиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бомдод намозини ўқисалар, қуёш кўтарилгунига қадар масжидни тарк этмасдилар. Шунинг учун мусулмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишлари ва Аллоҳнинг ажрига сазовор бўлишлари янада аҳамиятлидир.
  • Эътикоф. Эътикоф бир қанча тоатларни ўз ичига олади. Улар қуйидагилардир: Қуръони карим тиловати, Аллоҳ таолога муножот, масжидни лозим тутиб, унда қоим бўлган ҳолда эътикоф қилиш, Аллоҳ таолонинг розилигига етишиш учун ибодат қилиш. Эътикоф Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлиб қолган амалдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўнг кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Назр қилинган эътикофда эса ҳукм вожибга айланади.
  • Силаи раҳм. Аллоҳ таоло умрнинг узунлигини ва ризқнинг кенг бўлишини силаи раҳмга боғлаган. Шунингдек, силаи раҳм буюк хулқлардан бўлиб, Ислом бунга ундаган ҳамда уни адо этмасликдан огоҳлантирган.
  • Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтириш. Зикр Аллоҳ таолонинг розилигига элтадиган ибодатларнинг энг осонидир. Шу билан бирга туннинг охирги учдан биридаги вақтда ва ифторлик пайтида дуоларга ҳарис бўлиш керак.

Рўзанинг фойдалари

Рўзанинг бир қанча фойдалари бор бўлиб, руҳий, ижтимоий ва саломатликка алоқадор жиҳатлари мавжуд. Руҳий жиҳатдан рўза сабрда ёрдам беради. Рамазоннинг кундузларида таом ва шаробдан четланишда инсоннинг иродасини кўтаради. Чунки шаҳватларни ҳамда ғафлатга олиб борадиган нарсаларни кўпайтириш банда билан Аллоҳнинг зикри ўртасида тўсиқ бўлади.

Ижтимоий манфаатлар эса мусулмонлар орасида раҳмдиллик руҳи тарқалишида намоён бўлади. Шундай қилиб, бой киши Аллоҳнинг неъматларини ҳис қилиб, фақирликлари ва иложлари озлиги учун таому шаробдан ман қилинган кимсаларни ёдга олади. Аллоҳ таолога ўзидаги неъматлар учун шукр айтиб, камбағал ва муҳтожларга ёрдам беришга шошилади.

Илм шуни исбот қилдики, рўза ичакларни тозалаб, жисмни ошиқча нарсалардан поклаб, танани ёғлардан халос қилади.

Дилноза Файзуллоҳ қизи

Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Содиқни ҳеч ўлган деманг, У ёзган китоблар ҳеч ўчган деманг, Элим деб, юртим деб машаққат давоми...

18:56 / 05.02.2017 6722
«Аллоҳ» сўзидаги ҳар бир ҳарф руҳий касалликларни даволашда муҳим ўрин тутади. Нидерландиялик руҳшунос, давоми...

18:49 / 01.12.2016 3421
Келганмиз дунёга машаққат учун, Айшу ишрат эмас, бил, тоат учун, Бир он тирикдирмиз, беғамлик нечун, Етар давоми...

13:26 / 25.01.2017 5027
Аввал хабар берганимиздек, бугун 25 апрель куни Тошкент шаҳрида Қуръон мусобақаси Республика босқичининг давоми...

11:14 / 25.04.2018 2764