“Рамазонда кўзгуга боқиб...” танлови (1-мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Аввало «Бу танловнинг номини нега «Рамазонда кўзгуга боқиб…» деб аташган экан?» дея ўйландим.

Нега айнан Рамазон ойида кўзгуга боқишга ишора қилинган экан?

Балки бу ойда шайтонлар кишанланиб, инсон ўз нафсининг ҳолатини, ундан келадиган ёмонликларни аниқ билиб олиши мумкинлиги учундир. Қаранг-чи, нафсингиз сизни нималарга ундамоқда? Нафсини билган ўз ҳолини билган билан баробар эмасми? Рамазон буни ўзимизга кўрсатиб қўядиган кўзгу эмасми?

Балки бунинг бошқа сабаби бордир. Яъни, инсон ўзига бино қўйган, кибрли, аксари ўз кучига ҳаддан зиёд ишонган. Рўза тутгандаги аҳволини кўринг-чи! Бир кун овқат емаса, танаси қанчалик заифлашганини кўрасиз. Инсон асли ожиз, заифлигини англаб олиши, ўз кучига, имкониятларига кўп ҳам ишониб қолмаслиги кераклигини ўзига кўрсатувчи кўзгудир Рамазон…

«Рамазонда кенг тарқалган нотўғри амаллар» деганда ушбу мисралар ёдимга тушди:

Ғафлат ойи эмас бу, овқат ойи эмас бу,

Раҳмат ойи, демак, бу, Рамазоним келмоқда!

Рамазон ойида энг кенг тарқалган нотўғри амаллардан биринчи ўринда ифторликдаги исрофгарчилик бўлса керак.

"Овқат ойи эмас бу", дейилганидек, хилма-хил таомларни еб, нафсини баттар тўйдириш ойи эмас бу. Таомни ҳар ким ўз кундалик вазифаларига, эҳтиёжига кўра, меъёрида истеъмол қилса, рўзадан кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Қорнини ўта даражада тўйдириб, таровеҳга борган кишига ўз-ўзидан имомнинг намозни чўзиши малол келади. "Намунча чўзилиб кетмаса? Қачон тамом бўлар экан?" каби хаёллар билан намознинг савобидан ҳам камайтиради.

Ифторликлардаги яна бир исрофгарчилик гап-сўздаги исрофдир. Ғийбатдан тортиб, кимнинг дастурхони қанчалик ҳашаматли бўлгани, кимнинг таоми неча хил бўлгани ҳақида муҳокама қилинади. Худди кимўзарга эҳсон дастурхони қилингани каби бўлиб қолади.

Кенг оммалашган "дард" ифторлик дастурхони расмини интернет тармоқларига жойлаш, десак, муболаға бўлмаса керак. Орамизда ночор, муҳтож инсонлар бор. Бу турли ноз-неъматлар, тўкин дастурхонни кўриб, уларнинг кўнглидан нималар кечар экан-а? Билиб-билмай кимнингдир Аллоҳ таоло тақсимлаб қўйган ризқига ношукрлик қилишига сабабчи бўлиб қолмаймизми?

Ўзим кўп гувоҳи бўладиганим Рамазон ойидаги яна бир нотўғри тушунча – бу рўза тутиб, озиб олиш масаласи.

Рамазон ойида рўза тутиш кўпчилик қиз-аёлларимиз орасида озиш учун зарур, деб тушунилади. Ўз ҳамкасбларим орасида кўп бор қулоғимга чалинган суҳбатларга эътибор беринг:

– Рўза тутдингизми?

– Ҳа, тутдим. Ўзи семириб кетган эдим, баҳонада сал озаман.

Роббимиз "...рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман", деб турганида қилинган ниятни қаранг!

Шу ўринда "Ушбу ойда рўзани нима учун тутамиз?" деган саволга ҳаминқадар жавоб топишга ҳаракат қилайлик:

– Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўза тутишга буюргани, рўзадорларни яхши кўргани учун;

– рўза орқали Роббимизга иймонимиз, ихлосимиз, Ўзига ҳар лаҳзада суянишимизни кучайтириш, саломатлигимизга ҳам кўплаб фойдалар борлиги учун;

– барча одамзотга дастур, қўлланма бўлган Қуръонни айнан шу ойда биз умматларга нозил қилингани учун ва уни ўқийдиган, англайдиган қилиб қўйгани учун миннатдорчилик ўлароқ;

– ёмонликларга бошлаб турувчи нафсни яхшироқ бошқариш учун;

– Аллоҳ ҳалол қилган нарсалардан тийилиш орқали, ўзимизни ҳаром озуқалар ва ҳалол бўлмаган мол-мулкдан тийилишга ўрганиш учун;

– оч, чанқаган ҳолимизда камбағал, ночор инсонларнинг ҳолини яхшироқ англашимиз учун;

– Рамазонда ўзимизнинг, оила-аъзоларимизнинг руҳий тарбияларини яхшилаш учун.

Ўзингизга савол беринг: "Мен аввалги Рамазондан нимани бой бердим?" Бу саволни ҳар бир киши ўзига берсин. Бу мақсадларнинг ҳосил бўлиши учун ҳар бир оила аъзоси биргаликда ҳаракат қилсин. Болаларга иложи борича Роббимизга итоатни, сабрни, гўзал хулқни ўргатмоқ, аёлларни эса ошхонада кун бўйи ўралашиб юришга мажбурламасдан, ибодатларига иложи борича кўпроқ вақт ажратишларига шароит яратиб бермоқ, эркакларнинг масжидда Рамазон шукуҳини ҳис қилган ҳолда, иймонлари зиёдалашиб, таровеҳ намозларига ҳозир бўлишга иштиёқларини кучайтириш каби ишларни йўлга қўймоқ зарур.

Азизларим, раҳмат, мағфират ҳамда ғанимат бу ойда барчаларимиз белни маҳкам боғлаб, кунни тўғри ташкиллаштириб олайлик ва шунга кўра ҳаракатимизни қилиб қолайлик. Аллоҳ таолодан барчамиз учун ибодатларимизни Ўзи рози бўладиган ҳолда мукаммал қила олишликка иштиёқимизни, ҳимматимизни кучайтиришини ҳамда муваффақ этишини сўраб қоламан.

Умида Холиқулова

Мавзуга оид мақолалар
Булғорда «Мусулмон тафаккури миллий, ҳудудий ва тамаддун ўлчовлари» номли халқаро илмийамалий конференция давоми...

18:51 / 17.02.2017 2884
gallery linkfile sizemedium ids11213,11214,11216,11217,11220,11219 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Очиқ хат»  китоби давоми...

17:14 / 20.02.2017 3896
Ҳасаднинг офати Дунёни ажиб мезон узра яратиб, унда иллатли инсонлар жазосини ҳам, солиҳ амал эгаларининг давоми...

17:48 / 23.09.2017 4813
Олий ҳулқ эгаси Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ва албатта, сен улкан хулқдасан Қалам сураси, 4оят. Азиз давоми...

15:37 / 11.12.2017 3095