“Ёшлик – бебошлик”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёшлик инсон ҳаётининг энг мураккаб ва зиддиятли даври бўлса керак. Бир тарафдан, инсон ўз ҳаётининг бу фаслида куч-қувватга тўла, соғлом бўлади. Унга бутун дунё эшиклари очиқдек, истаган нарсасини қила оладигандек туюлади. Истаса, саёҳат қилади, оила қуришга тайёргарлик кўради, илм олишга ҳам, кўнгилхушликка ҳам, дўстлар орттиришга ҳам кучи етади.

Бошқа тарафдан, бу пайтда инсоннинг ҳаётий тажрибаси ва у билан боғлиқ бўлган эҳтиёткорлик, вазминлик, донолик сифатлари бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўйламай иш қилиб қўйиши, ёмон улфатлар орасига тушиб қолиши, ножўя дўстларидан таъсирланиши осон бўлади. Чунки унда ҳали яхшиликни ёмонликдан, яхши инсонни ёмон инсондан фарқлаш малакаси шаклланмаган.

Бекорга “Ёшлик – бебошлик”, дейишмайди. Киши ёшлик пайтида кучи ва турфа хил истаклари шу қадар кўп бўладики, баъзан ақлсиз одам қиладиган ишларни қилиб қўяди.

Афсуски, баъзан бу аҳмоқона ишлар кишининг кейинги ҳаётини барбод қилиши ҳам мумкин. Шундай экан, инсон ёшлик пайтим, деб ақлини йўқотмаслиги лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: ўлимдан аввал ҳаётни; касал бўлишдан аввал соғликни; банд бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни; кексалик етмасидан аввал ёшликни; камбағал бўлмасдан аввал бойликни”, деб айтганлар.

Яна бир ҳадисда эса Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилгани» (Баззор ва Табароний ривоят қилган).

Хўш, ёшлик пайтида инсон ниманинг ташвишини қилиши, нималарга эътиборли бўлиши лозим? Унунтманг, ёшлик ҳам Аллоҳнинг бир неъмати бўлиб, инсон ундан тўғри фойдалана билмоғи лозим.

  1. Энг муҳими, барча ҳаракатларимизнинг оқибати борлигини унутманг.

Бирор нарса қилмоқчи бўлганингизда келажакда бундан нима чиқишини, бу иш яхши оқибатга олиб келадими ёки ёмон оқибатгами, ўйлаб кўринг. Афсуски, аксарият ёмон ишлар кишиларнинг оқибатни ўйламай, ҳавойи нафсга берилганларидан келиб чиққан. Биз ёшликда қилган барча амалларимиз, орттирган одатларимиз кейинчалик ҳаётимизга таъсирини кўрсатмай қолмайди.

  • Фақат жисмингиз эмас, руҳингиз ҳақида ҳам қайғуринг.

Ибодатингизга беписанд бўлманг. Намоз ўқиш, рўза тутиш ёки масжидга боришни кейинга сурманг. Кўпчилик ёшлар енгилтаклик билан “Ёшликда ўйнамасак, қачон ўйнаймиз? Намозни кейин ҳам ўқийверамиз”, деган гаплар билан ўзларини оқлашади. Лекин ўша “кейин”гача яшашингизга ким кафолат беради? Яшаган тақдирингизда ҳам ёшликдан ўргатмаган жисмингизнинг кучи кексайганда ибодатга ярармикин?

Киши ёш, кучли ва соғлом бўлиб турган пайтда қарилик ҳақида, ўлим ҳақида ўйлашни истамайди. Бироқ ўлим – бу ҳақиқат, қанчалаб инсонлар ёш туриб касаллик ёки бахтсиз ҳодисалардан вафот этадилар. Шундай экан, хаёлингизга бу ишни эртага, бир ҳафтадан кейин, бир йилдан сўнг, кексайганда қиламан, деган фикр келса, мазкур вақт сиз учун келмаслиги ҳам мумкинлигини ўйлаб кўринг.

  • Қарама-қарши жинс вакиллари билан муомалада эҳтиёт бўлинг.

Айнан шу даврда инсоннинг жисмоний хоҳиш-истаклари, қарама-қарши жинс вакилларига нисбатан қизиқиши кучайган бўлгани учун бу энг қаттиқ синов бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳолатда ҳам, юқорида айтганимиздек, оқибатини ўйлаб иш тутиш керак.

Инсонларнинг ҳиссиётга берилиши, бир-бирларига нисбатан оний интилиш (улар кейинчалик бутунлай бегона инсонлар бўлиб чиқишди) сабаб қанчалаб никоҳлар муваффақиятсиз бўлди. Қанча қизлар алданиб қолдилар, қанча йигитлар шайтоннинг васвасасига учиб, шаҳватга берилдилар ва улкан гуноҳларга йўл қўйдилар...

Мана шундай бахтсизликларнинг олдини олиш мақсадида ҳам динимиз бизни енгилтак муносабатлардан қайтарган. Қарама-қарши жинс вакиллари ёлғиз қолмайдилар, сабабсиз узоқ вақт мулоқот қилиб юрмайдилар, ноз-карашма қилмайдилар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда бемақсад ёзишмайдилар.

Номусингизни сақланг, ўзингизни бўлажак турмуш ўртоғингиз учун эҳтиёт қилинг. Агар кимгадир нисбатан муносабатингиз ўта кучли деб ҳисобласангиз, у ҳолда никоҳ ҳақида ўйлаб кўринг.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса, уйлансин. Албатта, уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта, рўза тутиш у учун бичилишдир” (Имом Бухорий ривояти).  

  • Дўст танлашда ҳушёр бўлинг.

Афсуски, кўпчилик ёшларнинг аҳмоқона ва ҳатто ахлоқсиз ишларига шунчаки дўстларига йўқ дея олмагани сабаб бўлади. Ўғрилик, урушиш, наркотик моддалар тарқатиш сабабли қамоқда ўтирган ёшлардан нима учун бундай қилганини сўрасангиз, кўпчилигидан қайсидир дўсти шунга ундаганини эшитасиз.

Ҳали муҳим масалаларда ўз шахсий фикри тўла шаклланмаган ёш шахсият учун атрофидагиларнинг мақтови, ижобий муносабат билдириши муҳим саналади. Шунинг учун ҳам бу даврда ким билан мулоқот қилишни тўғри танлай олиш, ёмон даврадан вақтида чиқиб кетиш муҳим фазилатдир.

Агар ўртоқларингиз нотўғри ишлар билан шуғулланаётганини кўрсангиз-у, уларнинг чақириқлари ва мазахларига қарши туриш сизга қийин бўлса; мабодо ўртоқларингиз сизга чекиб кўришни, спиртли ичимликлардан тотиб кўришни, қизлар билан танишиб кўришни таклиф қилаётган бўлса, улар билан баҳслашиб ўтирмай, уларни тарк қилинг. Ўзингизга яхши, солиҳ дўстлар изланг.

  • Илм олинг.

Хотирангиз яхши, кучингиз ва соғлигингиз жойида бўлиб турган пайтда илм олинг. Бу ҳам диний, ҳам дунёвий илмларга тааллуқли. Ислом инсонга манфаати етадиган ҳар қандай илмни ўрганишга рағбатлантиради. Аллоҳнинг фазли билан бугунги кунимизда илм эгаллаш учун бир неча чақиримлаб йўл босиб юришга ҳожат йўқ – мактаблар, ўқув юртлари, мадрасалар ва турли курслар сероб. Фақат дангасалик қилмай, бор кучи билан ҳаракат қилиш керак.

  • Саломатлингизни асранг, ёмон одатлардан йироқ бўлинг.

Ҳозир куч-қувватингиз кўп, кун тартибингиз бетартиб бўлса ҳам, истаган нарсангизни еб-ичсангиз ҳам, соатлаб телевизор қаршисида ўтирсангиз ҳам, ҳатто чекиб ёки спиртли ичимликлардан ичиб кўрсангиз ҳам, ҳеч нарса қилмайдигандай туюлади. “Қўрқинчли жойи йўқ, истасам, ташлайман”, деб ўйлашингиз мумкин. Бироқ соғлигингизга нисбатан бундай муносабатингиз салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Катта қариндошларингиздан сўраб кўринг. Балки уларнинг орасида ҳам ёшлигида дўстларидан ортда қолмаслик учун чекишни бошлаб, ҳозир афсус қиладиганлари бордир. Бироқ инсон ўз хатосини англаб етганда ўрганган одатидан воз кечиши қийин бўлиши мумкин.

Унинг ўрнига спорт билан шуғулланинг, пиёда юринг, тўғри овқатланинг, компьютер ва телевизор қаршисида кўп ўтирманг, вақтингизни кўпроқ очиқ ҳавода ўтказишга ҳаракат қилинг. Ҳозир соғлигингизни мустаҳкамлаш учун қанча ҳаракат қилсангиз, кейинчалик ўзингизга шунча фойда бўлади.

  • Вақтнинг қадрига етинг – у бизга беҳисоб берилмаган.

Юқорида зикр қилинган ҳадисда инсон вақтини нимага сарфлаши борасида сўралиши айтилган. Ўзингиз учун тўғри кун тартибини жорий этинг ва унга амал қилинг. Унда ҳар бир нарсага – ишга ҳам, илмга ҳам, дам олишга ҳам, рухсат берилган кўнгилхушликка ҳам ўрин бўлсин.

  • Катта ва тажрибали инсонларни ҳурмат қилинг, уларнинг насиҳатларига беписанд бўлманг.

Динимизнинг тавсияси билан бирга соғлом ақл ҳам шуни тақозо қилади: ёшлар эндигина тажриба ҳосил қилишмоқда, кексаларнинг эса тажрибалари кўп. Нима учун улардан фойдаланмаймиз? Афсуски, ёшлар кўпинча ота-оналари ва катта қариндошларининг насиҳатларидан қочишади – “Чексиз панд-насиҳатлар жонга тегди”, “Улар бошқа даврда яшашган”, “Улар бизни тушунишмайди”, “Улар эскича фикрлашади”. Бироқ инсонлар ўртасидаги муносабатлар, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ҳамон ўша-ўша. Яқинларингиз сизга яхши бўлишини истаб, ғамхўрлик қилишади, уларнинг сўзига қулоқ тутинг.

Ушбу мақолани ўқиган ёшларда ҳаётимиз фақат чеклашлардан иборат экан-да, деган фикр туғилиши мумкин. Бироқ яхшилаб ўйлаб қаралса, чеклашлар фақат инсоннинг ўзига зарар етказадиган нарсалардагина бор. Энг қизиқарли ва энг фойдали нарсалар – ўқиш, иш, саёҳат, спорт, турли машғулотлар ва қизиқишлар – буларнинг барига ҳеч қандай чеклов йўқ. Шуни тушуниш лозимки, киши маълум интизом ва керакли меъёрларга риоя қилмаса, ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмайди. Машҳур кишиларнинг ҳаёти ҳақида ўқиб кўрсангиз, номдор бўлиб, муваффақият қозонишдан аввал уларнинг кўп тер тўкканларига, кичик ёшларидан бошлаб вақтларини зое қилмаганларига гувоҳ бўласиз. Шу йўл билангина инсон вақт ўтгач, муносиб муваффақиятдан баҳра олиши мумкин бўлади. Шундай экан, кексалик келмай туриб, ёшлик фурсатингиздан оқилона фойдаланиб қолинг.

Анна Кобулова,

рус тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
ЗАКОТНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА Аллоҳ таоло «Ва намозни қоим қилинглар ва закотни беринглар ва давоми...

14:39 / 08.10.2016 3758
1997 йил октябрь ойида Умра сафарига бордик. Аввал ўзимиз учун, кейин кетмакет отаонамиз учун умра қилдик. Яна давоми...

16:37 / 21.11.2016 4886
Ғуслнинг фарзи учта 1. Оғизни чайқаш мазмаза. Оғизни чайиш сув бутун оғизни эгаллайдиган даражада давоми...

19:00 / 12.07.2019 3178
Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас. Сен ўзингга суяниб талаб қилган нарса осон давоми...

15:06 / 27.12.2017 4544