АЁЛЛАРНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳтарама синглим! Кўряпманки, ҳаётда аксар кишилар тирикчилик ғами билан юрибди. Пул топиш ғамида ўз оиласига, фарзандларига вақт ажрата олмаётганлар бир кун боласига қараб: «Катта бўлиб қолибди-я!» дейдиганлар озми орамизда?! Буларни кўрганда сенинг ҳам мурғаккина қалбингга ташвиш тушдими? Бир кун бу ғам сенинг ҳам нозиккина елкангга оғир юк бўлади, деб ўйладингми?..

Ташвиш қилма! Агар Исломга амал қилсанг ва шундай оилада яшаб ўтсанг, бу ғам сендан холи бўлади, иншааллоҳ. Чунки Исломда аёлларнинг нафақаси бир неча кишиларнинг зиммасига юкланган. Хусусан, қизнинг нафақаси отанинг, ака-уканинг зиммасидадир. Динимизда улар бунга буюрилган ва рағбатлантириш учун уларга улуғ мукофотлар ҳам ваъда қилинган. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг сенга бўлган раҳмати, марҳаматидир.

Вақти келиб, қизлар турмушга чиқади. Бунда ҳам Аллоҳ таоло аёлга бир қанча моддий имкониятлар эшигини очган.

Аввало, маҳр масаласи. Икки жинс вакили никоҳ ила бир-бирига жуфт бўлар экан, куёвнинг келинга маҳр бермоғи фарздир. Бунда келин ўзи истаган нарсасини ёки истаганча (маҳрнинг кўпи чекланмаган) пул-мол сўраши мумкин. Маҳр келиннинг келажак ҳаётида асқотадиган муҳим воситадир. Хусусан:

– маҳр бериб, харж қилиб уйланган киши жуфтининг қадрини билади, енгилтаклик қилиб, сал нарсага жавобини беришга шошилмайди;

  • маҳр аёлнинг келажаги учун ёлғиз ўзига тегишли бўлган моддий таъминот ҳамдир. Турмуш бузилган тақдирда ҳам берилган маҳрни ундан қайтариб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Турмушга чиқиш билан аёлга бериладиган иккинчи моддий имконият унинг нафақаси эрнинг зиммасига ўтишидир. Энди эр то тирик экан, аёл никоҳида экан, аёлнинг барча харжлари эрнинг зиммасидадир. Аёлни тўлиқ жиҳозланган, яшаш учун керакли ҳамма нарса бўлган турар жой билан таъминлаш, олти ойда бир бош-оёқ уст-бош қилиб бериш ҳам шулар жумласидан саналади.

Турмуш ила аёлга бериладиган учинчи молиявий имконият меросдан улушдир. Меросдан фақат меросхўрнинг жонига қасд қилган киши маҳрум қилинади. Аёл бундай қабиҳликка қўл урмаса, токи эрнинг никоҳида экан, меросдан насибадор бўлади. Унинг улуши саккиздан бир қисмдир.

Тўртинчи имконият аёлнинг нафақаси эридан сўнг фарзандларнинг зиммасида бўлишидир.

Аллоҳ кўрсатмасин, турмуш бузиладиган бўлса ҳам, аёлнинг нафақаси ўзига ташлаб қўйилмайди. Унинг нафақаси қодир бўлган тўрт маҳрамининг зиммасида бўлади: ота, ака-ука, ўғил. Динимизда қайтиб келган қизнинг таъминотини қилган оталарга улуғ мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳам аёллар учун Аллоҳнинг раҳматидир. Аввал айтилганидек, сингилларнинг таъминотини қилган акаларга ҳам мукофотлар бор.

Булар Исломда аёлнинг моддий таъминотини қилиш бўйича айтилган машҳур гаплардир, яна бошқа имтиёзлар ҳам топилади. Аммо шунинг ўзида ҳам аёл бир умр нафақа ҳақида ўйламай яшаши мумкинлигини кўряпмиз. Бу Аллоҳ таолонинг аёлларга чексиз марҳаматидан, Ислом динининг бизга нақадар улуғ неъмат эканидан далолатдир. Шундай экан, аёллар ҳам бунинг қадрига етган ҳолда унга амал қилишлари лозим.

Муҳтарама синглим, сен ҳаргиз «Аёл киши бир умр бировнинг қўлига қараб ўтадими?» деб ўйлама. Бу бировнинг қўлига қараш эмас, бу – шариат сенга белгилаб берган ҳақ. Сенинг яқинларинг олдида бурчларинг бўлгани каби бу уларнинг сенинг олдингдаги бурчларидир. Аммо бу гаплардан аёллар ишлаб пул топмасин, деган маъно келиб чиқмайди, албатта. Исломда уларнинг моддий эҳтиёжлари таъминлаб қўйилган. Шу билан бирга, аёл ишлайман, жамиятимга фойда келтираман, деса, қаршилик қилинмайди. Балки фақат аёллар ишлаши керак бўлган касбларда улар фаолият юритишлари лозим. Хусусан, доялик, аёллар сартароши, аёллар мураббияси (муаллима, ўқитувчи), аёллар шифокори каби бир қанча касбларда аёллар ишлаши керак. Яна шуни эслатиб ўтиш керакки, аёл ишлаганда қилаётган касби уни ибодатдан, динга амал қилишдан, оиласи ва фарзандларининг ҳаққини адо қилишдан тўсмасин.

Ғиёсиддин Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум. Ёшим йигирма бешда. Икки ёшли ўғлим бор. Суткалик нормал уйқу қониқтирмайди. Режалаштирган давоми...

07:14 / 07.01.2023 8281
Мункачини Апельсин ва пиёз паррак қилиб кесилади, зайтун мевалари билан аралаштирилиб, туз, мурч ва ёғ давоми...

11:59 / 29.11.2016 3511
     Муҳтарам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафотлари ҳақидаги хабарни қабул қилишим давоми...

20:11 / 05.02.2017 6606