Кўкрак саратони ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўкрак саратони аёллар орасида энг кўп тарқалган саратон тури бўлиб, аёлларнинг бу касаллик туфайли ўлими борасида иккинчи асосий сабаб ҳисобланади. Бироқ илм-фан ва технология тараққиёти сабабли хавфга қўядиган омиллардан хабардор бўлишимиз, олдини олувчи чораларни кўришимиз ҳамда қандай ҳолатда нимани кутишни билишимиз имконияти туғилди.

Бошқа саратон турлари каби кўкрак саратони ҳам жисмда нормал бўлмаган ҳужайралар гуруҳининг соғлом ҳужайраларга ёриб кириши ва хавфли ўсмани шакллантириши натижасида юзага келади. Саратоннинг бошқа турларидан фарқли равишда кўкрак саратони ҳужайралари атрофдаги тўқималарга ҳам таъсир қилиб, кўкракда тарқалади. Кейинги босқичларида саратон ўпка, жигар, суяклар ёки мия каби яқин аъзоларга ҳам ёйилади. Кўкрак саратонининг сабаблари аниқ маълум бўлмаса-да, биз иккита асосий хавф омиллари – оилада шу касаллик билан касалланиш тарихи ва энг мувофиқ ёш омиллари бизнинг қўлимизда эмаслигини биламиз. Биз назорат қила оладиган бошқа хавф омиллари ҳаёт тарзига боғлиқ бўлган спиртли ичимликлар ва тамаки истеъмоли, шунингдек, носоғлом турмуш тарзи кабилар киради.

Кўкрак саратони ривожланиш хавфини камайтиришнинг яна бир маълум усули эмизишдир. Кўкрак саратони одатда гўдакни сут билан таъминлайдиган сут йўлларининг ички қопламасида бошланганида кўкрак сути билан эмизиш саратон ҳужайраларининг ёриб киришининг олдини олиш имкониятига эга. Breastcancer.org сайти эмизишнинг кўкрак саломатлигини асосан уч хил йўл билан ҳимоя қилишини зикр қилади:

  1. Узлуксиз тарзда сут ишлаб чиқариши кўкрак ҳужайраларининг ўзгариш имкониятини чеклайди.
  2. Кўкрак билан эмизиш давомида кўпчилик аёлларнинг менструация даври камайиши (ҳомиладорлик давридаги 9 ойга қўшимча тарзда) эстроген даражаларининг пасайишига олиб келади.
  3. Кўпчилик аёллар эмизиш даврида овқатланиш одатларига эътиборли бўлиб, кўпроқ озуқавий қийматга эга бўлган ва соғлом таомларни тановул қилишади.

Исломда гўдакни 2 йил эмизишга тарғиб қилинади. Бу тавсия бизга ҳали ҳеч қандай тиббий ёки технологик тараққиётлар бунинг фойдасини кашф қилмай туриб нозил бўлган эди. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар” (Бақара сураси, 233-оят).

Бу оят бизга Ўзининг чексиз марҳамати билан Аллоҳ таоло нафақат ожиз гўдакнинг таъминотини кафолатлаган, балки унинг онаси учун ҳам қалқон қилганини исботлайди. Албатта, бу дегани ҳар бир эмизувчи она бу касаллик хавфидан халос бўлади, дегани эмас. Аммо мазкур касалликнинг олдини олишда яхшигина чорадир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт” (Тавба сураси, 51-оят).

Касалликнинг олдини олиш чораларидан яна бири текширувдан ўтиб туришдир. Аввало, аёллар тиббий саводхонликларини ошириш лозим. Қизларни ёшликдан ўз физиологик хусусиятларини билишга, жумладан, табиий безлар билан ноодатий безларни ажратишга ўргатиб бориш фойдалидир. Шунингдек, касаллик хавфи омиллари кўп бўлган аёллар ўз шифокорлари билан маслаҳатлашган ҳолда даврий равишда диагностик текширувлардан ўтиб туришлари лозим.

Қувонарлиси, бу борада эришилган натижалар статистикаси жуда ижобий. Америка саратонга қарши кураш жамиятининг маълумотларига кўра, касалликнинг 0-1 босқичида аниқланган аёлларнинг кейинги беш йилда яшаш даражаси 100% га яқин. Бу эрта ташхис қўйиш ва даволанишни бошлашнинг аҳамияти юқорилигини кўрсатади. Ҳатто II ва III босқичларда ҳам бу кўрсаткич 93% ва 72% ни ташкил қилади. Шуни ҳам қайд қилиш лозимки, бугунги ривожланиб бораётган технология даражаси бу борада беморларга умид бағишлайди.

Касаллик ташхиси қўйилгач, аёлнинг атрофидагиларнинг кўмаги ва қўллаб-қувватлаши жуда муҳим аҳамият касб этади. Доктор Дэвид Чан ўзининг “Кўкрак саратони: реал саволлар, реал жавоблар” китобида шундай дейди: “Бугунги кунда қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик кўкрак саратони ташхиси билан келадиган қаттиқ тушкунлик ҳолатини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга, дея таъкидланади. Индивидуал даволаш билан бирга гуруҳ бўлиб даволаниш кенг тарқалиб, қабул қилинаётгани ҳам буни изоҳлайди. Бу каби кўмак беморларнинг даволаниш йўлини енгиллаштириб, унинг яқинлари билан ўзаро муносабатларига ижобий таъсир кўрсатади”.

Кўкрак саратони одам танламайди. У ҳар қандай аёлга ҳар қандай ёшда ҳужум қилиши мумкин. Бироқ биз ўзимизнинг қўлимиздан келган барча чорани кўриб, бу касалликнинг чангалига тушиб қолмаслик учун имкон қадар хавф омилларини камайтиришга уринишимиз лозим. Шу билан бирга иймонимизни мустаҳкам қилиб, Аллоҳ таолонинг тоқатимиздан ортиқ нарсани юкламаслигини англаган ҳолда олға боришимиз даркор. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Сенинг кўксингни кенг қилиб қўймадикми? Ва сенинг юкингни енгиллатмадикми? У сенинг елкангни босиб турган эди. Ва сенинг зикрингни юқори кўтардик. Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Фориғ бўлсанг, ибодатига урингин. Ва фақат Роббингга рағбат қил” (Шарҳ сураси, 1–8-оятлар).

Асмо Жарод,

инглиз тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
Бола тарбиясига оила муҳитининг таъсири жуда катта. Фарзандлар биринчи бўлиб отаонасининг гапсўзи, хулқи, давоми...

11:53 / 12.10.2016 4315
«Ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин. Гарчи вақти тайин давоми...

17:57 / 15.12.2017 3500
САВОЛ Аёллар сочларини ҳар хил соч бўёқларида, масалан «ACMACOLOR» деганида бўясалар бўладими Ғусл, таҳорат давоми...

16:48 / 16.10.2016 4699
«Никоҳ» сўзи луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади. Шариатда эса никоҳ бир давоми...

09:42 / 27.10.2016 5103