Менинг дугонам
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Шошганимча таниш рақамларни тераман. Узоқ гудок товушларидан сўнг ўша илиқ ва қадрдон товушни эшитаман: «Ассалому алайкум!» Саломга алик олиб, ўзимнинг «турмуш – мушт» ҳақидаги одатий ҳикоямни бошлайман, кундалик муаммолар, тугамайдиган ташвишлар, нима учундир юрагим сабабсиз сиқилаётгани ҳақида сўзлайман... Гапиришда давом этарканман, енгиллаётганимни ҳис қиламан, бир неча чақиримлар нарида мени тушунадиган, менга ҳамиша ҳамдард бўладиган, мени эшита оладиган инсон борлигини англайман.

Бу инсон – менинг энг яқин дугонам, жонажон қадрдоним. Биз у билан барча нарса ҳақида гаплаша оламиз – «тишлар қандай чиқиши» ёки «нима учун қорин оғриши» каби оналик ташвишларидан тортиб, мамлакатимизнинг сиёсий майдонидаги вазиятларгача.

Биз муҳокама қиладиган муаммо ва масалалар кўлами жуда кенг. Лекин бир нарсани аниқ айта оламан – бизнинг суҳбатларимизда фисқу фасод ва ғийбатлар бўлмайди, чунки менинг дугонам бундай мавзуларга ўтишимизга йўл қўймайди. У баъзан қаттиққўл бўлиши мумкин, шикоятларим рухсат этилган чегарадан ўта бошласа, у мени ўзимга келтира олади, мени тўхтатиб, ҳар қандай вазиятга тўғри ёндашишимга ёрдам беради.

У ҳамиша холис ва самимий, унга қараб мен ҳақиқий мусулмон дугона қандай бўлмоғи кераклигини англайман.

Тан олиш керак, ҳар биримизнинг ҳаётимизда чин қалбдан суҳбат қуришга жуда муҳтож бўладиган пайтларимиз бўлади. Бундай ҳолатларда биринчи навбатда онамизга қўнғироқ қилишни ўйлаймиз. Лекин бизнинг барча дарду ҳасратларимиз ўттиз дақиқадан кейиноқ барҳам топиши мумкин, она қалби эса фарзанди учун узоқ вақт оғрийди. Бошқа йўли – қалбимизни турмуш ўртоғимизга очиш. Аммо кўпинча кучли жинс вакиллари биз бошдан кечираётган, жуда тез ўзгариш хусусиятига эга ҳиссиётларни тушунишга ожизлик қилади. Улар бизнинг очиқ қуёшли кунда ёғиб юборган ёмғир каби тўсатдан келган кўз ёшларимизни ҳақиқатдан ҳам тушунишмайди. Бу эса вазиятни фақат чуқурлаштиради. Шундай пайтларда бизда муслима дугоналаримиз билан дилдан суҳбат қуришга эҳтиёж пайдо бўлади. У бизни аёлларча тушунади, бизга ичи ачийди ва ҳақиқий муслима сифатида гуноҳга олиб бориши мумкин бўлган сўзлар ҳамда ишлардан узоқлашишимизга ёрдам беради.

Аёллар дўстлиги ҳақида кўп гапирилади. У фойдалими ёки йўқми? Бунга аниқ жавоб бериб бўлмайди. Чунки уларнинг табиати маълум: аёллар кўп жойда гап кўп, кўз ёши кўп, ҳиссиётлар кўп. Ҳиссиётларга йўғрилиб айтилган иборалар эса ёмон оқибатларга олиб келиши ҳам ҳеч гап эмас.

Бироқ бир нарсани аниқ айтиш мумкин: муслима опа-сингилларнинг дўстлиги – фойдали. Ахир агар биз дугонамизни ҳақиқатан Аллоҳ учун яхши кўрсак, қийин дақиқаларда ҳамиша ёрдамга шай бўламиз, ҳиссиётларимиз тақвомиздан устун келишига йўл қўймаймиз, барча гап-сўзларимизни Ислом элагидан ўткизамиз ва, албатта, дугонамиз нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам бахтли бўлиши учун қўлимиздан келганича кўмаклашамиз.

Айтиб ўтиш керакки, бунда вақтни беҳуда сарфламаслик, лағв – беҳуда гап-сўзга берилмаслик ва бир-биримизга озор бермасликка алоҳида эътибор бериш керак.

Бу дунёдаги барча яхши, эзгу ва мустаҳкам нарсалар сингари ҳақиқий дўстлик ҳам меҳнатдан иборат. Дўстлик дегани фақатгина либослар ва об-ҳаво ҳақидаги суҳбатлар дегани эмас, балки доимий ўзаро ёрдам, ўз устимизда ишлаш дегани. Ҳақиқий дугоналар бир-бирларини доимий қўллаб-қувватлаб турадилар, билимлари билан бўлишадилар, яхши ишларда мусобақалашадилар, гуноҳга олиб борадиган ишлардан сақланишга кўмаклашадилар, холис маслаҳатлар берадилар, вақти келганда қайғусига, вақти келганда хурсандчилигига шерик бўладилар, нафақат сўзда, балки амалда ҳам ёрдам беришга тайёр турадилар ва, албатта, бир-бирлари учун доимо чин дилдан дуода бўладилар. Ишонаманки, турмуш ўртоғимиз ҳам бу каби хайрли мулоқотдан хурсанд бўлади.

Аллоҳ таоло бизга ҳақиқий иймондаги дўстлар бўлишимизни насиб қилсин!

As-salam.ru”дан эркин таржима

 

Мавзуга оид мақолалар
«Интерфакс» ахборот агентлигининг хабар беришича,  шу кунларда Камбоджанинг  Пномпене шаҳрида бўлиб давоми...

18:49 / 24.12.2016 2730
Рус тилидан Азиза Жалолиддинова таржимаси Асабийлашманг Ўзингиздан бошланг. Авваламбор, болалар давоми...

17:59 / 09.08.2018 4813
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим 1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таваллуд топганлар А 521милодий давоми...

15:17 / 09.12.2016 4159
Ҳақиқат шуки, албатта, тарбия фандир. Наинки фан, балки маҳоратдир. Келинг, азизларим, инсониятни қутқаришда давоми...

20:18 / 29.12.2016 3018