Отинойи-мураббиялардир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Тарихдан отинойи атамаси Ўзбекистон ҳудудларида турли жойларда турлича номланиб келинган. Хусусан, Андижонда,  отинойи, отинча, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззахда биби мулла, биби отин, отин-биби,  Самарқанд ва унинг атрофларида бибихалфа каби турли номлар билан юритилган. Фарғона водийси аҳолиси орасида отинойи деганда асосан аёллар орасида диний маросим ўтказувчи ва уларга таълим‑тарбия ҳамда тўғри ҳаётий маслаҳат берувчи аёл тушунилган. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович табири билан айтганда, отинойилар асрлар оша сақланиб келган устоз‑шогирд анъанасига кўра фаолият юргизиб келганлар. Отинойилар фаолиятининг бугунгача ўз аҳамиятини йўқотмаганлигининг сабаби унинг тарбия мактаби сифатида маҳаллий аёллар томонидан тан олинишида бўлиб келгани билан белгиланади.

Ислом динига оид энциклопедик луғатда “Отин, отинойи —Ўрта Осиёдаги диний мактаб қизлар ўқитувчиси. Отинлар аёллар ўртасидаги диний маросимларни ўтказишда бошчилик қилиб, уларга диний таълим бериш билан ҳам шуғулланган”  деб  қайд этилади[1].

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ОТИН —1) мактабхонада қизлар ўқитувчиси; дин ва шариат билимдони. Кўпинча аёллар ўртасида диний маросимлар( мавлуд)га бошчилик қилади; 2) аёлларни ҳурматлаб, улар исмига қўшиб айтиладиган сўз[2] маъноларини ифодаланиши ёзилган.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида отин, отин биби, отинча сўзлари қўйидагича шарҳланади:

Отин. Эски мактабларда қизлар ўқитувчиси; дин ва шариат билимдони. Ҳар куни қўшнимиз отин бибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача, кўпинча кечалари ҳам, аямнинг ёнига кириб, тикиш тикдим. Ойбек, Танланган асарлар.

Отин қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилиқ қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Шунингдек, “отин” сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб айтилган.

Илгари аждодларимиз хотин-қизлар қалбига аёл кишининг суҳбати чуқурроқ сингиб боришини яхши англаганлари учун отинойилар фаолиятидан унумли фойдаланишган. Маҳалла ёки қишлоқлардаги таълим-тарбия ишларига жалб этишган. Айниқса, диний маърифатни ёйиш, қизларга Қуръон ва шариатни ўргатиш, одоб‑ахлоқ, назокат ва нафосатдан таълим бериш, уларни турмушга тайёрлаш ва уларнинг руҳиятини бекаликка мослашда отинойиларнинг вазифаси катта бўлган. Улар ўз уйларида қизларга  таълим берганлар. Отинойилар фақат билим тарқатувчигина эмас, балки ёшлар тарбияси учун масъул, одоб-ахлоқда эса ҳаммага ўрнак бўлишган. Шунингдек, Қуръони карим қироати, унинг тафсири, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган[3].

ХХ аср давомида отинойиларнинг фаолиятида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди. Мазкур ўзгаришларнинг сабаби Собиқ шўролар даврида диннинг қонундан ташқарида ҳисобланганидандир. Бироқ, отинойилик фаолияти тўхтаб қолмади, аксинча жамоат жойларидан шахсий хонадонларга кўчирилди. Энди, отинойилар гуруҳ бўлиб эмас, балки якка ҳолда фаолият юрита бошлаган. Натижада, кўпгина оилалар ўзларининг “хонадон” ўқитувчиларига эга бўлишган. Собиқ иттифоқ  даврида  олиб борилган атеистик сиёсат отинойилар фаолияти кўламининг қисқаришига сабаб бўлди.

Тадқиқотчи Марианна Камннинг ёзишича, отинойининг фаолияти ўта муҳим бўлиб, мусулмон аёллари диний мартабалари тизимида энг юқори поғонани эгаллаб келган. Шунингдек, отинойи бу мусулмон диний иерархиясида аёллар учун рухсат этилган ягона диний билим олиш манбаси ва “мансаби” ҳамда диний маросим ўтказувчиси ҳисобланган.

Шунга эътиборни қаратмоқ лозимки, отин аёллар фақат исломий билим тарқатувчи эмас, ўз шогирдлари аҳлоқи учун жавобгар ҳам бўлган, покдомонлик ва камолотда эса ҳамма учун ўрнак бўлишган. Улар Қуръони карим қироати, тажвиди, қоидалари билангина ўқиб қолмасдан, уни тафсири билан ўрганишган ва унга амал қилишга ҳам ўргатишган. Улар пайғамбарлар қиссаларини халқ оғзаки ижодини яхши билган ҳассос воиз ва нотиқ ҳам бўлганлар. Тарихимизда Жаҳон Отин Увайсий, Анбар отин каби машҳур фозила аёллар яшаб, ўз даврининг маърифат зиёси таралишига ҳисса қўшганлар.

Шуни таъкидлаш лозимки, ўзбек аёлларининг шеърият, шариат ва ахлоқини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этган отин ойилардан, токи собиқ тузумнинг куракда турмас қоидалари жорий бўлмагунига қадар бирор ҳужжат талаб қилинмаган, бу эзгу ишлари учун ҳеч қачон жазоланишмаган. Уларнинг чуқур билими, намунали хулқи ва турмуш тарзининг ўзи қизларга устозлик қилишга етарли асос бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, отинойиларнинг фаолияти ниҳоятда халқчил, шаффоф ва пок‑ҳалоллиги билан ҳам аҳамиятли бўлиб келган.

Совет ҳокимияти бошқарувни қўлга олганидан кейин, барча диндор шахслар қатори, отин ойиларни ҳам қаттиқ сиқув ва таъқиб остига ола бошлади. Бутун бошли мамлакат раҳарлари ўзбекнинг ўзбегойимлари, асл қизлари бўлган мунис аёллар билан курашишдан уялмай, уларни исканжага олишди. Отинойиларнинг қўшнилари ёки шогирдлари орасига “қулоқ”лар киритилиб, уларнинг фаолиятидан хабардор бўлиб туришди. Жойи келса, муштипар, халқ  ғамида, халқ фарзандларининг саводхон бўлиши, одоб-ахлоқи чиройли бўлиши учун ўз тинчи, ҳузур-ҳаловатидан кечган, кечани кеча, кундузни кундуз демай фидокорлик кўрсатаётган бу бағрикенг аёлларни маҳкамаларга судраб, қийин-қистовли терговларга маҳкум қилишдек пасткашликкача боришди.

Шуниси ажабланарлики, ўз миллати қизлари келажагига бефарқ бўлмаган, Ватанини севган бу аёллар шунчалик тангликка қарамай, яна ўз ишларини давом эттиришар, мавриди бўлди дегунча, маҳалла қизларининг саводини чиқаришар эди. Етмиш йиллик мустабид динсиз тузум даврида ўзбекнинг ўзлигини сақлаб қолишида отин ойиларнинг фидокорона ва холис хизматлари катта ўрин тутганини эътироф этиш бурчимиздир. Ҳа, уларнинг беминнат таълим‑тарбиялари сабабли халқ ўзини унутмади, совет тузуми ҳукм сурган айрим ўлкаларда бўлганидек, аҳоли томомийла руслашиб, ўзлигини унитиб юбормади. Юртимиз мустақиллигининг таг заминида ҳам ана ўша отин ойиларимиз ва уларга елкадош бўлган домла буваларимизнинг хизматлари беқиёс. Улар миллий‑диний қадрятларимизни, бир сўз билан айтганда, ўзлигимизни ҳар қандай қийинчилик, душманликлар қуршовида ҳам қўлдан бермай, жону моллари эвазига асраб‑авайлаб кейинги авлодга етказдилар ва ўша тушунчаларни халқнинг қалбига, хусусан, зиёлиларимиз онгига сингдира билдилар. Қизил империядан мансаб‑орден тамаъ қилмай, халқ дардини куйлаган шоиру ёзувчиларимизнинг ҳаёти бунга ёрқин мисолдир. Тақдирнинг ишини қарангки, бугун халқ ўша зилол булоқларимиздан сув ичган, иймонига садоқат қилган ёзувчи ва шоирларнинг асарларини севиб ўқийди, аммо уларга қарши бўлган, душманга лаганбардорлик қилган кимсаларни биров эсламайди ҳам. Ҳа, ҳар ким қилмишига яраша жазо олади ва бу одатда кутмаган тарафидан келади.

Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун бунга ҳаётий мисол кетираман.

Қишлоғимизнинг бугунги кунда шеърият, эски туркий алифбо ва Қуръони каримдан саводи бўлган барча аёллари дуо ва яхшиликлар билан эслайдиган Нисо муллобиби исмли отин ойиси бўлган. У киши маърифатли, камтар-камсуқум ва ўз даврининг саводхон аёлларидан бўлиб, ўқиш билан бирга ёш қизларга кашта тикиш, уй-рўзғор тутиш, муомала маданиятини ҳам ўргатувчи бўлганлар. Меҳнатлари эвазига ҳеч нарса тамаъ қилмайдиган, ота-оналар кўнгилларидан чиқариб берган иккита нонми, бирор сават мева ёки шу каби нарсаларни ҳам сидқидилдан қабул қилиб, қизларга таълим берганлар. Қишлоқ аҳли у кишини гўё бошида кўтарар, уйларининг тўрини бўшатиб берар эди.

Ана шу отин ойининг “қилмишлари”, “фаолияти”дан хабардор бўлиб туриш учун қишлоқ муаллимаси – ўз даврининг энг бадавлат ва олифта аёлларидан бўлган аёлни масъул қилиб қўядилар. Сопини ўзидан чиқаришга уста советлар отинойини ўз қўшнисининг қўли ва тили ёрдамида тутишга уринишар эди. Бу аёлнинг “холис хизмат”лари эвазига Мулло биби тез-тез ҳукумат вакилларига ҳисобот беришга, уларнинг идораларида музтар-ҳайрон қолиб кетишга маҳкум эдилар. Муаллима ёши улуғ онахонни чақишдан, масъуллар эса чақириб тергов қилишдан чарчамас эди... Аммо бу ишларнинг бирортаси ҳам онахонни таълим беришдан тўса олмас эди.

Вақти қазо етиб, Отинойи вафот эдилар, қишлоқ аҳли тобутни бошлари узра кўтариб, чуқур эҳтиром билан дафн этишди. Орадан шунча йиллар ўтса-да, эҳтиром, муҳаббат ва дуолар ила йўқлаб юришади.

Хўш, муаллиманинг тақдири нима бўлганига қизиқаяпсизми? Нима ҳам бўлар эди, таълим-тарбия, диний-илмий, маданий тараққиётга қарши бўлган, чақимчилик ва сотқинликдан тап тортмайдиган ҳар қандай киши маҳкум бўлган хорликка мубтало бўлди.  У аёл ҳозир ҳам ҳаёт. Қачонлардир ўзи ҳам, фарзандлари ҳам қишлоқнинг энг олди бўлган бу кишиларнинг оқибати ҳавас қиларли эмас: иккита ўғли ичкиликка муккасидан кетиб, одамгарчиликдан чиқиб қолган, кекса онасини ҳам уйдан ҳайдаб юборган. Қариб эси кирар-чиқар бўлиб қолган муаллима ҳар ой олган нафақасини ҳали у танишига, ҳали бу танишига бериб, галма-галдан уларнинг уйларида яшаб, сарсон-саргардон умр ўтказмоқда...

Бу кампир ҳақида ҳар гал эшитганимда, ўша қилмишларини эслаб афсусланармикан, деб ўйлайман.

Халқнинг маърифатли бўлиши йўлида жонини нисор этган фидокорлар билан курашган, уларни моддий-маънавий, жисмонинй қийноқларга солган совет ҳукумати нозирларининг оқибати ҳам мана шу сотқин муаллиманикидан асло кам бўлмаган.

Аллоҳ таоло кишиларга ўрнак-намуна қилиб қўйган, қилмиш-қидирмишга маҳкум бўлган бу каби кимсалар виждони билан ёлғиз қолганида, ич-ичидан қўрқмасмикин, охиратидан хавотир олмсмикин? Менимча, улар ҳамммадан ҳам кўпроқ қўрқишади, даҳшатларининг зўридан аксарияти эси оғиб қолиши ҳам шундандур балки... Аммо дардини кимга айтсин? Қанчалар катта кетиб қўйганини ўзи ҳам англаб турибди‑ку..

Алҳамдулиллоҳ, у оғир даврлар ўтиб кетди. Мустақилликдан кейин имом-домлалар фаолиятида бўлгани каби, отинойилар фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар юз берди, уларга давлат миқёсида эътибор қаратила бошланди. Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёш авлодга таълим‑тарбия беришлари йўлида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Умид қиламизки, бундай ижобий ўзгаришлар давом этиб, маънавиятимиз посбони бўлган отинойилар ўз мақомларига лойиқ эҳтиромга сазовор бўлиб борадилар ва ўзлигимизни асрашда яна беминнат хизмат кўрсатиб, эл‑юртнинг табаррук дуогўйлари бўлиб юрадилар. Зотан, эрки ўз қўлида бўлган халққа шу ярашади.

Умму Хайр

[1] Ислом. Энциклопедия.—Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2014.—Б.191.

[2] Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 6 том. –Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси ,2003.  –Б. 599.

[3] А.Тулепов. Ислом ва ақидапараст оқимлар –Т:Шарқ, 2014.—Б.482.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида қуйидагиларни айтади 31 Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Расулига давоми...

21:06 / 15.11.2016 5596
Мен мўминман дейди, Амали йўқдир. Мўминликдан ҳатто Хабари йўқдир.  Қуръонни давоми...

06:49 / 15.12.2016 3305
Хитойлик ҳожи Ҳаж ибодатини адо этишлик учун Макка шаҳрига велосипедда етиб борди     Хитойда истиқомат давоми...

20:28 / 11.03.2017 4311