Намозда хушуъ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.

Аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, хушуъ қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир.

Намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири хушуъдир. Айнан хушуъ орқали намоз ички покланиш омилига айланади. Хушуъли намозгина қалбни поклаш ва ахлоқни сайқаллашга хизмат қилади.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ердан энг аввал кўтариладиган илм хушуъдир», дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Хушуъ илм бўлиши билан бирга, нажот топувчиларнинг аломати ҳамдир.

Аллоҳ таоло «Муъминун» сурасида:

«Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир», деган (1-2-оятлар).

Маълумки, хушуъ қалбга оид амалдир. Хушуъли қалб тузук, хушуъсиз қалб бузуқдир. Қалбнинг бузуқлиги ва тузуклигига қараб инсоннинг ўзининг бузуқ ёки тузуклиги белгиланади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн ас-Сунобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни ўз вақтида, рукуъни ва хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа, мағфират қилади, хоҳласа, азоблайди», деганларини эшитганман», деди».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам энг аъло намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

У кишининг умматлари ичида ҳам хушуъ-хузуъни жойига қўядиганлари кўп бўлган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқиса, хушуъдан, қотган таёққа ўхшаб қолар эди. Сажда қилганида чумчуқлар уни девор ҳисоблаб, устига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида, тош тушиб, кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаган.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтади: «Муслим ибн Ясорни намозда у ёқ-бу ёққа қараганини ҳеч кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб, бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган».

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёғига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташланмаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар», деди.

Табиблар: «Бунинг учун сизга банж беришимиз керак», дейишди. У киши: «Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», деди.

Табиблар: «Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», деди.

Кейин у киши намозга турди. Бадани титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесишди. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб, ҳушидан кетди.

Мавзуга оид мақолалар
Баъзида ўзимиз сезмаган ҳолатда вақтимизни беҳуда сарфлаймиз. Бир ишни бошлаб қўйиб, иккинчисига сакраб давоми...

13:35 / 20.11.2014 5608
САВОЛ. Ассалому алайкум, устоз. Менга маслаҳат беринг, икки ўт орасида қолдим. Катта гуноҳ қилдим, ҳар куни давоми...

20:08 / 20.11.2016 4157
Аҳмад Саъд Даманҳурий Туркия Ислом илмлари академияси раҳбари Мотуридий Афлотундан кейинги иккинчи давоми...

23:12 / 04.03.2020 2449