Сиз оиланинг шаъни ва ғурурисиз, ўзбегим аёллари!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сиз оиланинг шаъни ва ғурурисиз, ўзбегим аёллари!

 Доно халқимизда “Аёл бир қўли билан бешикни ва бир қўли билан дунёни тебратади”, ”Буюк инсонлар ортида буюк оналар туради” деган пурмаъно гаплар бор. Бу гаплар аёлларнинг шаъни қанчалик улуғлигини кўрсатибгина қолмай, энг катта тарбия мактаби ҳам аёл эканлигини эслатиб туради. Жамятимизнинг нозик хилқатлари бўлмиш ўзбек аёллари ҳаёю ибода, сабр ва қаноатда, вафою садоқатда, итоату матонатда доимо ўрнак қилиб кўрсатилган. Аммо ҳозир ғарбга тақлид натижасими ёки ота-оналарнинг тарбиядаги нуқсонлариданми – баъзи гувоҳ бўлаётган ҳолатларимиз бу гўзал тимсолларга доғ тушириб қўймоқда.

Яқинда ойнаи жаҳонда бир кўрсатувга гувоҳ бўлиб қолдик. Гувоҳ бўлдиг-у, ҳайратдан лол қолдик: келин қайнотаси билан содир бўлган нохуш ҳолат ҳақида барчага гапириб бераётган эди. Яъни қайнотаси ўзига нисбатан ҳаё доирасидан чиққанини аниқ мисоллар билан барчага очиқ-ойдин айтиб берди (биз у аёл айтган гапларни ёзишдан истиҳола қилдик). Келин айтаётган айбловларни эшитишнинг ўзи жуда ноқулай эди. Тўғри, қайнота “ота” ўрнида бўлиб, келинига ёмон назар билан қарамаслиги ва ўз қизидек муомала қилиши керак. Агар эрининг отаси беҳаё бўлса, бундай ҳолатда яшаш келин учун жуда оғир – буни тушунамиз. Бироқ... бироқ бизга таъсир қилган, қалбимизни эзган нуқта аёлнинг ўз уйидаги гапларни кўчага олиб чиққанидир.

Орамизда бу келин ўз муоммосига ечим излаяпти-ку, деяётганлар бўлса, илтимос, хулосага шошилманг. Биз оиласининг сирини фош қилишдек ҳолатни ҳеч қандай сабаб билан оқлай олмаймиз. Чунки аёлни ардоқловчи ўзбек халқининг тарбияси ҳам, Ислом таълимоти ҳам бундай ҳолатни қоралайди. Аллоҳ (т.а.) ўз каломида шундай марҳамат қилади: “…Улар (хотинлар) сизга либосдир, сиз уларга либосдирсизлар” (Бақара, 187). Узун оятнинг ичида келган ушбу қисқагина жумла билан жуда кенг маънолар баён қилинган. Аллоҳ (т.а.) аёл эри учун, эр аёли учун либосдир дея таъкидламоқда. Аслида, либос инсон авратини, айб-нуқсонларини тўсувчи бир воситадир. Демак, бу ояти каримадан эр-хотин бир-бирларининг сирларини, айбларини барчага фош қилмай, либос каби бекитишлари лозимлигини билиб оламиз. Оқила, рисоладаги хотин эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам обрўсини, шарафини муҳофаза қилиши керак. Оиладаги сирларни бошқаларга фош этмаслик, обрўсини туширмаслик эр ва хотиннинг ўз жуфти ҳалоли олдидаги ҳаққи ҳамда бир-бирларига нисбатан мажбуриятларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир инсоннинг айбини ҳаммага фош қилмаслик борасида бизга таълим бериб шундай деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бирор банда бошқа бир банданинг айбини дунёда бекитадиган бўлса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг айбини бекитади. ”(Имом Муслим ривояти ) Қандай ҳам гўзал одоб… Бир инсонни шарманда қилмай, айбини бекитамиз, бунинг эвазига Аллоҳ (т.а.) энг қийин вақтимизда бизларнинг айбларимизни бекитади. Ваҳоланки, бу дунёда айни дамда ҳам Аллоҳ (т.а.) бизнинг қанчалаб айбу нуқсонларимизни фош қилмай бекитиб, бизларни афв қилмоқда. Бу биз учун катта дарс бўлмоғи лозим.

Ислом таълимоти бизларни бир инсоннинг айбини яширишга қанчалик тарғиб қилган-а!? Бу айб ўз жуфти-ҳалолининг оиласиники бўлса, таъкид бир неча баробар ортади. Бу тарғибдан мақсад фақат айбни бекитиш эмас, кимсани омма олдида шарманда қилмасликдир. Аввал бу айб эгасининг ўзига айтилиб, унинг ечимлари маслаҳат берилади. Оиладаги муоммони ўзаро ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, тажрибали, дину диёнатли, омонатдор бўлган катталар билан маслаҳат қилинади ва улардан бу хусусда ёрдам сўралади. Нима бўлганда ҳам, бутун оламга оиладаги можоролар ҳақида жар солиш на соф динимизга, на миллий ўзбекона табиатимизга тўғри келади. Ойнаи жаҳонда, интернет сайтларида оиладаги турли можароларни ёйишга, аёллар ўз эрлари ва унинг оила аъзолари айбларини ҳаё қилмай гапиришларига барҳам бериш керак. Бундай келинларга ота-оналари қандай тарбия бермоқдалар? Қани эди, оиласи ҳақида баралла ножоиз гапларни айтаётган келинларнинг оналари: “Қизим, сен бизнинг шаънимиз ва виждонимизсан, сенинг ҳар бир ҳаракатинг ва гапларингда оиламиз обрўси бор” – дея таъкидласалар…

Оилавий муоммоларга ечим топилмай, иш охири ажримга бориб етса-да, ҳеч ким бир-бирининг обрўсини тўкишга уринмагани ҳолда чиройли, тинч айро бўлиш маъқул эмасми? Қадимги ривоятлардан бирида хотини билан ноилож ажрашишга мажбур бўлган эрдан аёлининг айбини сўрашганда: “Бировнинг айбини сўраб нима қиласизлар? Агар мен у билан ярашиб кетсам, ўз хотинимнинг айбини, ярашмасам, бегона бир аёлнинг айбини фош қилган бўламан. Униси ҳам, буниси ҳам одобдан эмас”, – деган экан (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила. – Тошкент: Ҳилол-Нашр, 2016. 234-б). Демак, ажрашган тақдирда ҳам, бир-бирининг айбини фош қилмаслик, инсоний одоб-ахлоқни унутмаслик лозим.

Ҳар биримиз ислом таълимотини чуқур ўргансак ва унга тўлиқ амал қилсак эди, оилаларимиз машаққат зиндони эмас, балки фароғат қасрига айланган бўларди.

Таҳририятдан:

Мақолани эълон қилиш масаласида анча иккиландик. Шундоқ ҳам кўпчилик гапираётган мавзуни яна олиб чиқиш билан оловга мой сепгандек бўлмаймизми, ундан кўра бандаларига Аллоҳдан инсофу диёнат сўраб, шов-шувнинг тинчишини кутганимиз маъқул эмасми, деган фикрлар ҳам бўлди. Аммо индамаслик келажакда яна шундай ишларнинг такрорланишига йўл очишини, умуман, вазиятнинг ўзидан нотўғри хулосалар келиб чиқишини ўйлаб, мақолани эълон қилишга қарор бердик.

Кўтарилган масала ўринли, дарҳақиқат, оилавий муаммоларни ошкора қилмаслик керак. Бу борада ҳозир кўпчилик якдил. Лекин гап фақат ошкора қилинганида эмас, муаммо янада чуқурроқда. “Майли, ошкора қилмади ҳам дейлик, лекин вазиятни қандай ечиш керак?” деган ўринли савол туғилиши табиий. Бундай нозик масалаларни оилавий муаммоларга ихтисослашган, уларни ҳал қилишда тажрибаси бор инсонлар, маҳалла қўмитаси ва хотин-қизлар кенгаши, масжид имомлари ёки психолог мутахассислар иштирокида фақат оила аъзоларининг ўзи билан муҳокама қилиш ва ечим топиш лозим. Ошкора қилиб элу юртга ёйиш исломий нуқтаи назардан ҳам хатодир. Чунки Исломда, аввало, бандаларнинг айбини сатр қилиш керак. Иккинчидан, ҳали айби исбот қилинмай туриб кенг оммага ошкор қилиш мумкин эмас. Шу ўринда зино билан бўладиган ҳолатни эслаш кифоя: токи тўртта адолатли шоҳид гувоҳлик бермагунича, бундай айбловларни айтиш туҳмат саналиб, туҳматчининг ўзига жазо қўлланади. Қолаверса, исботсиз гапларга омманинг эътиборини қаратиш орқали кейинчалик оилавий жанжалларда аёлларнинг, келинларнинг қўлига дастак бериб қўйиш мумкин. Яъни бошқа аёллар ҳам низони ўз фойдаларига ҳал қилиш учун шундай шармандали чиқишлар билан оила аъзоларини қўрқитиши эҳтимоли бор. Кўриб турганингиздек, бу ҳолатда нафақат бир оиланинг шаъни булғаняпти, балки келажакда кўплаб оилалар ва инсонлар ҳаётига салбий таъсир этувчи иллат уруғи экилмоқда. Шу сабабли журналистларимиз шов-шувли кўрсатувлар тайёрлаётганда, мулоҳаза билан оқибатларни чуқурроқ таҳлил қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Жозиба Жамол қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар мадрасаси мударрисаси

Muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Муслима аёлқизларга мўлжалланган «Омина» журналининг янги сонида «Тафсир», «Суралар фазли ва баракоти давоми...

14:37 / 15.12.2016 10998
Оиламизда Мавлид айёми Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм   Бизларни уммати Муҳаммадия бўлишдек бахтга сазовор давоми...

10:01 / 15.12.2017 3276
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам«Ким Аллоҳ учун Ҳаж давоми...

15:16 / 10.11.2016 4691