Тошкент Ислом институтида ажойиб мавлид
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Репортаж

Тошкент Ислом институтида ажойиб мавлид

     2017 йилнинг 16 декабр куни Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойлари Рабиъул аввал муносабати билан ажойиб мавлид маросими бўлиб ўтди.

Фото: Тошкент Ислом институти

 

  Маросимга нуфузли диний идоралардан азиз меҳмонлар, институт талаба қизлари ва оналари, шунингдек, ҳурматли устозлар ташриф буюришди. Жумладан, бош муфтий Усмонхон Алимовнинг аёллари Адолатхон Алимова, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус билим юртининг мудираси Нозима Ибрагимова, “Муслимаат.уз” сайтининг раҳбари олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ва бошқа юртимиз равнақида муҳим рол ўйнайдиган муҳтарама опа-сингилларимизни кўриш мумкин.

Даврани гўзал Қуръон тиловати очиб берди.

Сўнг техника фанлари доктори, профессор Ҳабибахон Икромова нутқ сўзлаб, келганларни мавлиди шариф билан қутлади.

Фото: Икромова Ҳабиба Зуфаровна, техника фанлари доктори, профессор

     Ҳабиба Зуфаровна ўз сўзи давомида Исломнинг юртимизда ривожланиш тарихи ҳақида батафсил гапириб берар экан, бугунги кунда динимизга берилаётган юксак эътибор тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом Академияси ташкил этилиши ҳақидаги ҳабар билан ўртоқлашди. Ҳабиба опа ўз навбатида бош муфтий Усмонхон Алимовни “Иккинчи Имом Бухорий”, дея юртдошимиз машҳур ҳадисшунос олимга қиёслади.

   Чиройли ишларни амалга ошираётган раҳбарларимиз дуолари остида институт талаба қизлари ҳам ўзига хос бўлган мавлиди шарифни юқори савияда ўтказишди, десак, муболаға бўлмайди. “Нимаси ўзига хос экан?” деган савол туғилиши табиий. “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлар” деб аталувчи мавлид маросими сийрат мусобақаси кўринишида намоён этилди.

Фото: Иштирокчилар мусобақа жараёнида

“Нурул ъайн” (“Кўз нури”) ва “Сабиқот” (“Пешқадамлар”) номлари остида институтнинг биринчи босқич талаба қизлари ўзаро беш шарт асосида беллашишди: 1-шарт. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари борасидаги саволларга жавоб бериш; 2-шарт. Набий алайҳиссаломнинг мўъжизалари ва шамойиллари тўғрисида айтишув; 3-шарт. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёти шарифаларига бағишланган саҳна кўриниши; 4-шарт. Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтиш бўйича беллашув; 5-шарт. Бунда эркин мавзу танланган бўлиб, иккала гуруҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини изҳор қилди. Ҳар бир гуруҳда олтитадан иштирокчи қизлар қатнашишди ва мазкур шартлар асосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари билан йиғилганларни гўзал тарзда таништиришди.

Фото: Мусобақа иштирокчиларининг саҳна кўринишлари

 Мусобақа тарзида ташкил этилган ушбу мавлид маросимига гўзал салавоту нашидлар янада файз қўшди.

Айтганча, ҳеч қаерда учратмаганим бир ҳол ҳақида ҳам хабар берсам. Ташкилотчилар томонидан икки бор меҳмонларга бежирим саватчаларда конфетлар улашилди. Йўқ, йўқ! “Шунга нима қилибди?!” дейишга шошилманг. Ҳар бир конфетга юмалоқланган қоғоз бўлакчалари бириктирилган экан! Уларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари таржимаси ёзилган, яна бирида эса савол ва унга гўзал тарзда жавоб берилган экан – ахир, бу меҳмонларнинг “қуруқ” кетмасликлари учун жуда чиройли усул эмасми?! Ҳам ширинлик, ҳам илм олиб кетилмоқда.

Шу ўринда “Ҳаммага берилган “ширин” қоғозчалар ичидаги ёзувлар бир хилми?” деган савол туғилиши мумкин. Йўқ! Толиба қизлар эринмай ҳар бир меҳмонга алоҳида-алоҳида илмларни ёзиб чиқишган. Масалан, келинг, менга тушган қоғоздаги ёзувлар билан танишайлик.

1-қоғозча: “Нима учун Аллоҳ таоло Қуръонни “шифо” деб айтди, лекин “даво” демади? Чунки “даво” гоҳида шифо бўлиб, гоҳида бўлмайди. Аммо Қуръон ҳар бир дардга шифодир”. 2-қоғозча: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Паҳлавон – курашда йиқитган (киши) эмас, ҳақиқий паҳлавон ғазаб пайтида ўзини ўнглаб олгандир”, дедилар”. Ажойиб ғоя, шундай эмасми?!

Фото: “Ширин” қоғозчалар тарқатилмоқда.

Беллашув ниҳоялангач, ҳайъат аъзолари...

Айтганча, ҳайъат аъзолари билан таништирмабман-ку! Беллашаётган қизларни баҳолаш учун номдор устозлар ҳайъат аъзолигига сайлаб олиндилар. Жумладан, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ўқув юртининг собиқ мударрисаси Маликахон Нурмуҳаммедова, “Муслимаат.уз” сайтининг раҳбари олима Одинахон Муҳаммад Содиқ, техника фанлари доктори, профессор Ҳабиба Икромова ва унинг шогирди Қарши Давлат Университети катта ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди Нодира Бегматовалар икки гуруҳнинг тайёргарликларини юқори баҳолаб, “Нурул ъайн”га ҳам, “Саъбиқотун”га ҳам 20 баллдан беришди ҳамда иштирокчилар махсус совғалар билан тақдирланишди.

Фото: Ҳайъат аъзолари

  Мусобақа якунлангач, зийрак қизлар меҳмонлар иштирокида совринли викторина ўйинини ўтказишди. Ким саволларга тўғри жавоб берса (саволлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ҳақида бўлди), эсдалик доскасига ўз исмини ёзиб, кичик совғани қўлга киритди. Мен ҳам икки бор тўғри жавоб бердим...

Фото: Викторина саволлари яширилган ва билағонлар исмлари ёзиладиган доска

Сўнг талаба қизларнинг оналари ва устозлар сўзга чиқишиб, ўз фикр-мулоҳалари билан ўртоқлашдилар. Шу ўринда Каримова Оминахон она ана шундай тадбирлар ва учрашувлар мактабу маҳаллаларда ҳам ўтказилиши борасида таклиф билдирди.

Маросим ташкилотчилари томонидан ясатилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган “бурчак” ҳақида айтмасликнинг иложи йўқ. Стол устидаги Набий алайҳиссаломга бағишлаб чоп этилган китоблар ва талаба қизлар ўз қўллари билан яратган санъат асарлари кўзни жуда қувонтиради.

Фото: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган санъат асарлари

     Шу ўринда саҳна дизайнига ҳам эътибор қаратсак. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлари ифодаланган улкан сурат ва у зотнинг шажаралари ҳамда оли байтлари ажойиб тарзда кўрсатилган жадвал доскаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида ўзига хос маълумот беради.

Фото: Саодат асри даври ифодаланган сурат ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом оли байтлари «тасвирланган» доска

    Тадбирни бошдан-оёқ тасвирга олган Муҳайёхон Набиеванинг ҳам маросимдаги хизмати ўзгача бўлди. Бу опа ана шундай савобли тадбирда иштирок этаётгани учун мамнунлигини изҳор этди.

Фото: Тасвирчи Муҳайёхон Набиева

    Мазкур ажойиб тадбир тепасида турган ва астойдил жонбозлик кўрсатган Тошкент Ислом институти талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчиси Зилола Суярованинг хизматлари беқиёс. Опа мусобақа иштирокчиларини тайёрлашдан то меҳмонларнинг кўнглига қараб кузатишгача жой-жойига қўйди. “Албатта, ҳар бир ишнинг ўз машаққати бор. Аммо жамоа ўзаро аҳил бўлса, бунинг қийинчилиги билинмайди. Мен ушбу тадбиримизнинг чиройли ўтишида бош-қош бўлган раҳбариятимизга ва жон-дили билан иштирок этган жамики талаба қизларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман”, дейди биз билан суҳбатда Зилола опа.

    Ажойиб шоҳона зиёфат келганларни янада хурсанд қилди.     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган тадбир барчада катта таассурот қолдирди, устозлар ўз дуолари ила талаба қизларга улкан муваффақиятлар тиладилар.

 

Фото: Тадбирдан лавҳа

 

Зуҳрахон ҲАМДАМОВА,

“muslimaat.uz” журналисти

Мавзуга оид мақолалар
Экстремист лотинча сўз  бўлиб, ўта яъни ижтимоийсиёсий характердаги муаммоларни ҳал этишда, ўта кескин давоми...

14:41 / 07.02.2018 2325
Исломнинг ҳукми Аллоҳнинг очиқойдин ҳукмларига қарамай, нафсимнинг орзу ва истаклари билан ҳаракат давоми...

07:33 / 22.01.2017 3934
Ҳайз пайтида тарк қилинадиган рўза оз, намоз эса кўп бўлади. Рўза йилда бир марта келади. Намоз ҳар куни беш давоми...

10:42 / 07.03.2017 5880
  Доктор Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома   У ЗОТ ТАОЛОНИНГ «АЛЛОҲ ВА УНИНГ ФАРИШТАЛАРИ НАБИЙГА давоми...

08:37 / 27.02.2017 6604