Таскин
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ТАСКИН

10 март – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари (раҳматуллоҳи алайҳ) вафот қилган кунлари кечаси қўнғироқ бўлди. Эртароқ ётганим учун безовта қилишмасин, деб телефонни овозсиз тартибга ўтказиб ухлаган эдим. Қўнғироқ бўлаётган вақт тўсатдан уйғониб кетдим. Водийлик дўстим қўнғироқ қилаётган экан. Салом-аликдан сўнг дўстим ийманибгина: «Ҳазрат ҳақларида бир хунук гап эшитдим, хабарингиз борми?» деган маънода сўз қотди. «Йўқ! Нима гап?» дедим. Дўстим зўрға ҳазратнинг вафот қилганларини айтди. Мен бу гапга ишонмадим ва  мутлақо бепарво бўлдим. Чунки соғ-саломат кишининг тўсатдан вафот этишига ўрганмаганимиз учун буни қабул қилолмадим.

Ҳатто ҳазратнинг саволларга жавоб беришлари бир-икки кун кечикиб қолса, фарзандлари, шогирдларидан ҳолларини сўраб турадиган пайтларимиз бўлиб турарди. Шунинг учун мен тамомий хотиржамлик билан «Эрталаб сўраб кўрамиз», деб дўстим билан хайрлашмоқчи бўлдим. (Менинг хаёлимга бундан бир неча йил олдин бўлган баъзи воқеалар келди. Ўшанда ҳазрат чет элга кетганларида ҳам саволларга жавоб бўлиб турганларидан баъзи кишилар ажабланиб: «Ҳазрат фалон давлатдалар, бу ерда эса саволларга жавоб берилмоқда. Демак, кимдир ҳазратнинг номларидан жавоб бермоқда», деб иғво тарқатмоқчи бўлишди. Шунда ҳазрат бир оз вақт ўтгач, иғвогарларга чет элда ҳам саволларга ўзлари жавоб бериб турганликларини айтиб видео чиқарган эдилар. Мен ўзимча эртанинг ўзидаёқ ҳазрат ўзлари видео чиқариб, бу гап бўҳтонлигини айтадилар, деб ўйладим.)

Дўстим эса безовта эди, интернетга кириб кўришимни сўради. Мен бунга ҳам унамай, гўшакни қўйдим. Ўрнимга ётдим, лекин уйқу келмади. Дўстимнинг гапи рост бўлса-чи?! Қачон эрталаб бўлади?..

Туриб компьютерни ёқиб, интернетга кирдим. Кирсам, таъзия хабарлари тўлиб кетибди, марсиялар ҳам чиқиб улгурган. «Йўқ! Бундай бўлмаган! Ҳаммаси ёлғон! Ҳазрат тириклар…»

Мен карахт ҳолатга тушиб қолдим. Ҳаммасини кўриб турсам ҳам, ишонгим келмасди. Шундан бўлса керак, йиғламадим ҳам. Лекин бу хабарлар борган сари кўпаяверди. Ҳатто жаноза соати ҳам маълум қилинди. Энди ортга йўл йўқ, бу ─ ҳақиқат…

Энди нима қилиш мумкин? Нима ҳам қила олардим? Бундай вақтларда Аллоҳдан ўзга билан суҳбатлашиб, дил таскин топмайди. Қўлимга Қуръонни олдим-да, ўтириб ўқий бошладим. Қироат қилар эканман, шу сураларни ёдлашдан олдин ҳазратдан дуо олганим ёдимга тушди. Энди эса савобини у кишига бағишлайман, деб бу сураларни қироат қиляпман…

Чидаб туролмадим. Буюк ҳақиқат олдида ожиз қолган қалб тан олишдан бошқа илож топмаган эди. Қироат қилолмай қолдим, ҳар қанча тиришмай, ёш келавериб, овозим чиқмай қолди.

Сўнг уйдагилар таскин берган бўлди. Лекин шу вақт бировнинг гапи ўтармиди?! Ҳазратнинг ўзлари бўлсайканлар, «Шундай қилиш керак», десалар, қилиб кетаверсак…

Кейин ўйладим, бундай йиғлаб ўтирганим билан бир фойда топмайман, ундан кўра тиловат қилиб, савобини ҳазратга бағишласам, шундан фойда, дедим ўзимга ўзим. Сўнг секин ёшлар тинди…

Шу билан бирга ўша кунларда Жумъа сурасининг қуйидаги оятларини ўқиганимда ҳазратнинг вафотлари туфайли ичимда ёнаётган олов бироз сусайгандек бўлди:

قُلْ إِنَّ ٱلْمَوْتَ ٱلَّذِى تَفِرُّونَ مِنْهُ فَإِنَّهُ مُلاَقِيكُمْ ثُمَّ تُرَدُّونَ إِلَىٰ عَالِمِ ٱلْغَيْبِ وَٱلشَّهَادَةِ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿٨

«Сен: «Албатта, сиз ундан қочаётган ўлим, таъкид шулки, сизга барибир йўлиқувчидир. Сўнгра махфий ва ошкор нарсаларни Билувчининг ҳузурига қайтарилурсизлар. Бас, У сизга нима қилиб юрганингизнинг хабарини берадир»(деб айт) » (Жумъа сураси, 8-оят).

Ғиёсиддин

Мавзуга оид мақолалар
      Биз шу даражада ўзимизга эрк бериб, ўзимиздан кетганмизки, Аллоҳдан сўраяпман, лекин бўлмаяпти деймиз. давоми...

11:04 / 21.04.2017 4471
embedhttpswww.youtube.comwatchvr1clZlpM7rIembed

12:11 / 29.04.2017 5080
Эр ва хотин ўттиз йил бирга ҳаёт кечирдилар. Ўттиз йиллик ҳаёти давомида аёл ҳар куни эрталаб ширмон нон ёпар давоми...

22:31 / 23-yanvar 8085
Оламларга раҳмат Пайғамбар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, суннатлари ва давоми...

19:14 / 21.03.2017 4378