Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қилиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога муҳаббат мақоматларнинг энг улуғи , даражот чўққиларининг энг юксагидир. Муҳаббатга етишгандан сўнг ундан юқорироқ мақом йўқким, фақат ул муҳаббатнинг мева, самаралари бордир.

Муҳаббатдан кейин шавқ, шодлик ва ризо келади, ундан олдин эса тавба, сабр, зуҳд каби нарсалар келади. Албатта, севгининг энг улуғи, аълоси, юксаги – бу, қалбларни севмоқ учун яратмиш, махлуқотларни Ўзига ибодат қилсинлар учун яратмиш Яратувчига бўлган севгидир.

Қалблар у Илоҳга севги, улуғлаш, таъзим ила топинадилар, унга хокисорлик билан ибодат қиладилар, У ва фақат Угина ибодатга лойиқ Зотдир. Фақат Унга қилинган ибодат мақбулдир. Ибодат – бу, камоли муҳаббат ила камоли итоат, хокисорлик изҳор этмоқдир.

Аллоҳ таоло зоти ила ҳар жиҳатдан севилмоққа лойиқдир. Ундан ўзга ҳар нарсага бўлган севги Аллоҳга бўлган севгига тобеъдир. Аллоҳни севмоқ вожиблигига туширган барча китоблари, У юборган барча элчиларнинг даъвати, ўз бандаларида яратган севги фитрати далилдир.

Уларга берган ақл неъмати ва бошқа неъматлари далилдир. Зеро, қалблар ўзига яхшилик, инъом-эҳсон қилганларни севадиган қилиб яратилгандир, қандай қилиб барча неъматлар ва эҳсонлар Унинг ҳузуридан бўлган, шериги, тенги йўқ Зотни севмай бўлур?! Қуръони Каримда айтилмиш: «Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир. Сўнгра қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлборурсиз». (Наҳл 53).

Уни севмоқ вожиблигига гўзал исмлари, олий сифатлари, камоли улуғлигининг исботи бўлиши учун яратган маснуъотлари далилдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: «Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!» (Бақара 165)

Ва яна: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиларлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига беради. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи Зотдир». (Моида 54)

Аллоҳ таоло динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита-сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. Ким бу шарафни етарли тақдир этса, чин қалбидан ихлос билан бу динга хизмат қилади.

Бу дин йўлида жонини ҳам, молини ҳам бахш этади. Аммо ким бу улкан бахтнинг қадрига етмаса, турли баҳоналар билан Исломдан қайтса, муртад бўлса, ёмонлиги ўзигадир. Исломга ҳеч қандай зарар етмайди. Қайтага, унга ўхшаган номаъқул шахслардан холи бўлади. Аллоҳ ундайларга муҳтож эмас.

Бизни яратган Роббимиз севмоқликка ва ибодат қилмоқликка энг лойиқ Зот эмасми?! Ҳадиси Қудсийда шундай дейилади: «Мен сени суяман, менинг севгим сабаб ҳам мени суйгин, эй Бани Одам!» Аллоҳ таоло бандасига берган ҳар бир нарса банда у нарсани ёқтириш ёқтирмаслигидан қатъий назар Аллоҳни севмоққа даъват қилади.

Ато қилгани ё ман этгани, офият, хотиржамлик ёки синов, бало бергани, олиб қўйгани ёки бисёр бергани, адолати ё фазлу карами, ўлдириши ё тирилтириши, меҳрибонлиги, раҳмати, эҳсони, айбини беркитиши, ҳилм – юмшоқлиги, афв этиши, бандасига сабрли бўлиши, дуоларини ижобат қилиши, машаққатини кашф этиб енгиллатиши, қийинчиликларини енгишда ёрдам бериши, мушкулини осон қилиши ва буларнинг бари юракларни уни севмоққа, унга талпинмоққа ундайди.

Агар бирор махлуқ бошқа бир махлуққа булардан озгинасини қилса, бунинг қалби, албатта, унисини севиб қолади. Банданинг ўз нафси ёмонлик қилавергани ҳолда, ўша бандага узлуксиз давомий равишда яхшилик қилаверадиган Зотни банда қандай қилиб севмасин?!

Бандаси устига яхшиликларни ёғдириб, ёмонликни устидан кўтариб, бандадан беҳожат бўлатуриб, саноқсиз неъматлари ила банданинг кўнглини олишга, унда севги уйғотишга интилади. Банда эса Яратганга муҳтож, фақир бўлгани ҳолда, Роббисига ёқмайдиган гуноҳ, маъсиятларни қилаверади.

Яратганнинг шунча инъом-эҳсонлари бандани гуноҳ, маъсиятларни қилишдан тўхтатмайди. Банданинг шунча гуноҳлари Эгасининг унга эҳсон, яхшилик қилишдан тўхтата олмайди.

Ва яна сени бирорта махлуқ севса, ўзи учун севади. Аллоҳ таоло эса сени сен учун севади. Агар бирор махлуқ сен билан муомала қилса, албатта, бирор фойда қозонмоқни истайди, агар фойда, манфаат кўрмаса, сен билан муомала қилмайди.

Аллоҳ таоло эса сен билан муомала қилиб, сенинг фойдангни кўзлайди. Улкан ютуқларга эришмоғингни истайди. Бир озгина яхшилигинг ўндан то етти юз мартагача кўпайтирилади. Ўн ёмонлигинг бир зарра ҳисобланиб, у ҳам тез ўчирилади. Яратган сени Ўзи учун яратади ва дунё ва охиратдаги барча нарсаларни сен учун яратади. Бас, тўла қалбинг ила севмоққа ва рози қилмоқ учун бор кучингни сарфламоққа Ким энг лойиқдир?!

У сахийларнинг энг сахийи, тантиларнинг энг тантиси, бандаси сўрамасдан олдин у умид қилганидан кўпроғини беради. Озгина амали шукронасига катта ажр-мукофот беради. Кўп хатоларни, гуноҳларни кечириб, ўчириб юборади.

Аллоҳ таолодан ҳар куни еру осмондаги барча жонзотлар ҳожатларини сўрайди, бирорта овоз иккинчисини тўсиб қўймайди, истак-сўровлар кўплиги уни чалғитиб қўймайди. Кўп сўрайверишинг унга малоллик қилмайди, аксинча, унга кўп дуо қилганларни, ундан кўп сўраганларни ёқтиради, сўрамаганларни ёқтирмайди.

Бандаси ундан ҳаё қилмаса ҳам, у бандасидан ҳаё қилади. Банда ўз айбини беркитмаса ҳам, у беркитади. Банда ўз нафсига раҳим қилмаса ҳам, Яратган унга раҳим қилади. Ўзининг неъматлари, эҳсону яхшиликлари ила бандани Эгасининг каромати ва розилигига томон даъват қилади. Банда эса парвосизлик қилади.

Яратган эгасини таниши учун Аллоҳ унга элчилар жўнатади, элчилар билан ўзининг аҳду паймонларини юборади. Сўнгра Аллоҳ таоло бандасига Ўзи рози бўлиб айтади: «Ким сўраса, тилагини бераман, ким мағфират сўраса, уни афв этаман».

Қалблар нечук уни севмасинки, қийинчиликларни даф қилувчи, хатоларни кечирувчи, авратларни беркитувчи, мушкулларни осон қилувчи, муҳтожликда ёрдам берувчи, истак-орзуларга етказгувчи У Зотдир. У нафсларни ажратади, пешонадан ушлайди, осорларни, изларни ёзиб қўяди, амалларни насҳ – бекор қилади.

Қалблар унга етакланади, сирлар Унинг ҳузурида эълон бўлади, ғайб унга маълум, ҳар бир нарса унга интизору муштоқ, юзлар Унинг юзи нурига юзланади, ақллар Унинг зоти моҳиятини англашдан ожиз, фитрат ва далиллар барчаси унинг ўхшашу мисоли йўқлигига далолат қилади.

Юзининг нуридан зулматлар ёришади, еру осмонлар Ундан нурланади, барча махлуқотлар Унга соликдир, ҳеч ухламас ва ухламоқ Унга номуносибдир, улуш – ҳиссаларни туширади ва кўтаради, кундузнинг амаллари Унинг ҳузурига тундан аввалроқ кўтарилиб етади, тун амаллари тонгдан аввалроқ Унга кўтарилиб етади. Унинг ҳисоби нур бўлиб, уни очса, Унга боққан барча махлуқотни эритиб юборади.

Аллоҳнинг севгиси қалб тириклигидир, руҳ озуқасидир, бу севгисиз қалбда на лаззат, на наим, на нажоту на ҳаёт бўла олади. Агар қалб бу севгини йўқотса, унинг алами кўз нурини йўқотгандан аламлироқ, қулоқ эшитмай қолгандан қийинроқ бўлади. Қалб ўзининг яратувчиси, ҳақ Илоҳини севмай фасод бўлиши бадан жондан айрилиб, фасод бўлганидан ёмонроқдир.

Буни фақат тирик қалб тасдиқ эта олар. Бу ҳақдаги осорлар қуйидагилардир: Фатҳ ал-Мосулий деди: «Севгувчи ошиқ дунёдан лаззат топмас, киприк қоққунча ҳам Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлмас». Ва яна айтилмиш: «Севгувчи бахтиёр қалбли, кўп зикрли, қўлидан келган барча василаю воситалар, нафл амаллар ила ғайрату шавқ ила Яратганнинг ризосига интилади».

Нашидда айтилмиш: «Роббингга муҳаббатли бўлу, унга хизмат қил. Дарҳақиқат, севгувчи маҳбубига ходим бўлур».

Ўтмишда аёллардан бири фарзандларига насиҳат қилиб айтган экан: «Аллоҳнинг севгиси ва тоатига ўрганинглар. Муттақин –тақводорлар тоат-ибодатга улфат бўладилар-у, аъзолари ундан бошқа ишга бегона бўлади. Агар шайтони малъун уларга бирор маъсиятни рўбарў қилса, ўша маъсият улардан уялиб, четлаб ўтади, улар эса у маъсиятни инкор қиладилар».

Ибн Муборак деди: «Севаман деб туриб, Яратганга осийлик қиласан. Қасамки, бу жуда хунук бир қиёс. Агар севгинг рост бўлса, итоат қилардинг. Чунки севгувчи севгилисига мутеъ (итоатли) бўлур».

Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Бомдод намозидан давоми...

21:28 / 11.11.2017 22868
Инсоннинг бошига келса мусибат, Бунга сабабчи ўзимиз, албат. Очиқ бу кўзлар ибрат кўрмаса, Ғийбатга чечан давоми...

17:43 / 25.02.2017 4672
embedhttpsyoutu.be7wVTGdrI6EEembed

17:09 / 16.10.2017 3078
embedhttpswww.youtube.comwatchvzJAyRKwIOxoembed

11:48 / 08.09.2016 3187