Рашк – бу неъматми ёки иллат?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Рашк –  бу неъматми ёки иллат?

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки – мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидир», дедилар» (Имом Термизий ва Имом Бухорий ривоят қилишган).

Рашк аслида, шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишини рашк деб аташ одатга айланган («Зикр аҳлидан сўранг», 3-жуз).

Аллоҳ таоло ер юзида не турли мавжудотларни яратган бўлса, уларнинг ҳар бирига турли салбий ва ижобий хислатларни ҳам жамлаган. Ана шундай, ҳам салбий ҳам ижобий деб ҳисоблаш мумкин бўлган хислатлардан бири – ўзиникини қизғаниш ҳисси бўлиб, у инсон қатори бошқа мавжудотларда ҳам кучли ривожланган. Бу ҳисни инсонларга хосланганда уни «рашк» деб номланади. Қарангки, аксар жонзотларда ўз маконини, жуфтини ва болаларини қизғаниш ҳисси жуда кучли ривожланган бўлади. Бу йўлда улар ҳалокатга учрасалар-да, ўзи кабиларни ва бошқа турдаги жонзотларни йўқ қилишга ҳам тайёр бўладилар. Чунки уларда мақсадга эришиш ҳисси кучли бўлиб, ҳайвонийлик ҳиссини жиловлаш учун ақл бўлмайди. Ҳамма гап ҳам ана шунда, яъни инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган бош мезон ҳам ақл ҳисобланади. Модомики, ақл Аллоҳ таоло берган иймон билан суғорилган бўлса, инсондаги рашк туйғусини жиловлаб туради.

Қалб кўзининг заифлигидан ёки умуман ожизлигидан, аслида, ижобий ҳис саналган рашк ҳам ҳозирги кунда салбий иллатга айланиб бормоқда. Унинг меъёри бузилиши оқибатида қанчадан-қанча келишмовчиликлар бўляпти, муносабатлар дарз кетяпти, меҳр-оқибат кўтариляпти ва оқибати оилаларнинг бузилишига олиб келяпти. Келинг, бир фикр юритиб кўрайлик. Нима учун рашкни ижобий хислат деб санаяпмиз? Рашк – бу  инсоннинг бир-бирига қай даражада қадрли эканини, эъзозини ва иккинчи томоннинг ҳаётида тутган ўрнини белгилаб берувчи восита, яъни ёқимли ҳис саналади, аслида. Чунки инсон жуфтини қизғаниши билан унга бўлган эътибори ва меҳрини ифода этади.

Рашк қилиш қандай намоён бўлади? Рашк каби икки жуфтнинг ўртасида кечадиган ҳислар самимий ва аслича бўлиши учун авваламбор, икки жуфтнинг муносабати ишонч, самимийлик пойдеворига барпо этилган бўлиши керак. Тасаввур қилинг: бир-бирига аслида ишонмайдиган ва шубҳа билан қарайдиган икки жуфт ўртасида қандай рашк бўлиши мумкин? Кундалик ҳаётимизда турли оилавий жанжалларга сабабчи бўлаётган низолар, бақир-чақирлар, икки жуфтнинг бир-бирини турли бўлмағур ишларда айблашлари, аёл эрини ҳурмат қилмайдиган, эркак аёлини эъзозламайдиган муносабат – бу рашкми? Асло! Бу аслида оилада ўз ўрнини йўқотган эркак ва аёлнинг рақобатига, бир-бирига ким зўрлигини кўрсатиш борасидаги мусобақага ўхшайди, кўпроқ. Бу жанжаллашаётган икки шахснинг ўртасида бир-бирига рўкач қилаётган фидойилик у ёқда турсин, озгина бўлса-да, илиқлик борлигига шубҳа қиласиз. Улар баъзида бу ролга шу даражада киришиб кетадиларки, оилавий мустаҳкамликни асраш каби ниятдан асар ҳам қолмайди, балки мақсад фақат ғолиб бўлиш бўлади. Оқибатда вазият янада чигаллашади, жуфтлар янада бир-бирларидан узоқлашадилар ва кейинги жангга тадорик кўрилади.

Энди рашк билан боғлиқ ҳолатни бошқа томондан олиб қарайлик. Аслида, у қандай намоён бўлиши керак эди. Аллоҳ таоло ҳеч бир ҳисни бандасига ҳидоятдан узоқлашиши учун бермаган. Ҳар бирини англаш ва тўғри талқин этиш учун биз юқорида зикр этган қалб кўзи – иймон йўл бошлайди. Тасаввур қилайлик: оилада икки жуфт, авваламбор, Аллоҳга таваккул қилади, унга иймон келтирган ҳолда, ўз жуфтига ишонади ва эъзозлайди. Мухлисларимизга бу гаплар ҳавойи гаплардек туюлмасин. Келинг, нима сабабдан рашк иллатга айланиб бораётганини ва бунинг учун нималар қилиш жоизлигини бир таҳлил қилиб кўрайлик.

Назаримизда, рашкнинг нотўғри йўналиш олишига асосий сабаблардан бири – оиладаги тарқоқлик ҳисобланади. Яъни аксар оилаларда эр ва хотиндан тортиб фарзандлар бир оила бўла туриб ўз қобиғида яшайди, уларнинг ҳар бири ўз ишига ва машғулотига шўнғиб кетган. Ягона боғловчи воситалар – эркакларнинг рўзғор ва камчиликни тўлдириб туришлари, аёлларнинг эса кир-чир, қозон-товоқ билан овора бўлиши бўлиб қоляпти. Ҳар бир оила аъзосининг тасаввурида ҳамма худди оиласи учун югуриб-елиб юргандек. Аслини олганда, четдан қаралганда уларнинг ҳаракати «Чўртанбалиқ, оққуш ва қисқичбақа» масалидаги ҳолатга ўхшайди. Ҳамма аравани ўзича тортади. Ўртада уйғунлик, бир-бирига суяниш ва оқибат йўқолгани сари, аёллар оилада аёллик ўрнини йўқотиб бораётгани (пул топадиган аёлларнинг кўп масъулиятни ўз бўйниларига олиб юбораётганликлари ва аксинча, уй бекаларининг ўзи куни билан уйда ўтираверганидан, ҳар куни кўчага чиқиб келадиган эрга нисбатан шубҳада бўлишлари) ва эркакларнинг оила бошиликни нисбатан аёлларга бериб қўяётганликлари ўзаро мутаносибликнинг йўқолиб боришига олиб келяпти.

Қарс икки қўлдан чиқади. Рашкнинг иллатлигини йўқотиш учун икки томон баробар ҳаракат қилиши лозим. Юқорида айтиб ўтганимиз каби, рашк фақат жуфтга бўлган эътиборнинг ифодаси кўринишида ва уни ҳаромдан сақлаш мақсадида бўлиши керак. Яъни аёллар, бутун кунини уй ишлари билан ўтказиб, тиним билмайдиган уй бекаси бўладиларми ёки умр йўлдоши қаторида баробар меҳнат қиладиган ишли аёл бўладиларми, авваламбор, ўзларининг нафосатли аёл, вафоли ёр, муштипар она эканликларини унутмаган ҳолда, умр йўлдошларидан ва оиланинг бошқа аъзоларидан заррача эътиборларини ва ширин сўзларини дариғ тутмасалар, нақадар яхши! Ахир аёлнинг «қирқта жон»и бор деб бежизга айтмайдилар, муҳтарам аёллар! Шунингдек, иккинчи томондан, эркаклар ҳам «қирқта жон»и бўлса-да, нозик хилқат бўлган аёлларининг «жон»ларининг бирма-бир тугаб боришига олиб бормасдан, улардан эътиборларини ва ғамхўрликларини аямасалар. Меҳр кўзда, дейдилар. Ўртада уйғунлик, ҳамжиҳатлик ва якдиллик бўлса, яъни бир томонда аёли томонидан эътибор ва ғамхўрликка кўмилган эркак, иккинчи томонда ўз жуфтига кераклигини ҳис қилиб, бунинг натижасида гулдек очилиб бораётган аёл бўлган оилада ноўрин рашкка ўрин қолармикан? Авваллари шубҳа ва гумонлар оқибатидаги жанжалларга қаратилган эътибор ва куч энди меҳрга, ғамхўрликка ва самимийликка сарфланади. Чунки ҳаётимизда айрим аёллар турмуш ўртоқларидан ноўрин шубҳаланиб, телефонлари, ёзишмалари, ижтимоий тармоқдаги фаолиятларини «текшириб чиқадилар». Нотаниш рақам, тушунарсиз ибораларни кўриб жанжал чиқарадилар. Йиғи-сиғи, уйга кетаман, ажрашаман, мени кимларга алмашдингиз, каби дағдағалар ила турмуш ўртоқларини йўлга солмоқчи бўладилар. Натижада эркак ўзининг ҳамкасблари, яқинлари, қариндош аёллари, қўйингки, сотувчи хола билан ҳам гаплашишга қўрқиб қолади ва яширин иш қилишга ўтади. Аммо ҳамма эркаклар ҳам тўғри, ҳалол яшамасдан, номаҳрам аёллар билан telegram, what’sapp, imo, facebook, odno каби тармоқларда муносабатга киришадилар, яширин дўст орттирадилар. Натижада яна рашк, йиғи-сиғи, қўйди-чиқди бошланади. Бу ҳам ноўрин рашк бўлиб, турмушдаги низо ҳамда рашк, бақир-чақирлар билан ўнгланиб қолмайди.

Шунингдек, баъзи эркаклар ҳам ноўрин рашк туфайли аёлларига ҳатто жисмоний зарар, тан жароҳати етказишгача борадилар. Аёлнинг хулқи ёмон бўлса, одоб бериш керак, аммо садоқатли, вафодор аёлни «Нега фалончи билан гаплашдинг? Нега пистончи сенга ундай қаради? Дўконга ҳам чиқма!» дея дўппослаб кетиш, исбот-далилсиз жазолаш нотўғри. Ҳар не бўлганда ҳам хоҳ эр, хоҳ хотин рашк қилар экан, меъёрни йўқотмаслиги, зулмга йўл қўймаслиги, муаммони жанжал ила ҳал этмаслиги лозим.  

Хулоса ўрнида айтмоқчи эдикки, Аллоҳ таоло жуфтларга рашкни бир-бирларидан кир ахтариш учун эмас, балки бир-бирларини Ўзи ҳаром қилган нарсалардан ва ишлардан сақлашлари ва огоҳ бўлишлари учун берган. Эр-хотин оилада, хоҳ у шахсий, хоҳ оилага тегишли муаммо бўлсин, ҳамжиҳатликда ҳал қилсалар, икки киши бир-бирига кераклигини ва муҳтожлигини ҳис қилиб яшаса, шунинг пойдеворида ўртада ўзаро ишонч ва мутаносиблик пайдо бўлади. Натижада рашк ҳам ёқимли туйғуга айланади.

Саодат ВАЛИЕВА,

Хадичаи Кубро номли Ислом ўрта-махсус аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси

 

Мавзуга оид мақолалар
Бир фараз қилинг, биз Қуръони Каримга қўл телефонига қизиққанчалик қизиқсак, шунчалик эътибор берсак, давоми...

19:34 / 24.12.2016 2933
Киши дўстлари билан суҳбатлашаётганда, мажлисларда ўтирганида қурбонлигини қанчага олганини айтмасин, давоми...

13:08 / 24.06.2023 1713
Умра қилиш учун келган саудиялик 70 яшар аёл ажойиб воқеани бошидан кечирди. Онахон Сафо ва Марва ўртасида давоми...

15:17 / 05.12.2016 3106
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши давоми...

09:02 / 11.05.2019 2463