Ухдуд эгалари қиссаси (6)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва таъкидки, Биз сизларни синаймиз

Йигит йўлдаги ҳайвонни мағлуб қилиб, бунинг хабари одамларнинг оғзига тушгач, у бу ҳақда роҳибга айтди. Шунда роҳиб: «Эй болам, сен мендан афзал бўлдинг, энди келажакда фитналарга гирифтор бўласан...», деди.

Аввалги мақоламизда йигит олган илмини ҳаётда татбиқ қилгани учун роҳиб: «Эй болам, сен мендан афзал бўлдинг», – дегани ҳақида сўзлаган эдик. Бугун эса нима сабабдан роҳиб йигитга энди келажакда фитналарга гирифтор бўлиши ҳақида айтмоқда, шунинг сабабини ўрганамиз, иншааллоҳ!

«Ва таъкидки, Биз сизларни синаймиз...». (Муҳаммад, 31)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганида у Зот Варақа ибн Навфалнинг қошига йўл олдилар. Варақа жоҳилият даврида насроний динига кирган, иброний ёзувини пухта эгаллаб, бу ёзувда Инжилга жуда кўп шарҳлар ёзган, ёши ўтиб, кўзи ўтмаслашиб қолган мўътабар олим эди. Муҳаммад алайҳиссалом у кишига кўрган-кечирганларини бир бошдан гапириб бердилар. Сўнг, Варақа: «Қанийди, (сиз пайғамбарлик қиладиган вақтда, қавмингиз сизни (Маккадан) чиқариб юборадиган кезларда ҳаёт бўлсам-у, сизга бирор сезиларли ёрдам қилсам!» – деди.

Расулуллоҳ бу гапдан ҳайратга тушдилар, чунки у Зот ҳусни хулқ, ростгўй бўлганлари учун қабиладошлари яхши кўриб, Муҳаммад амин, яъни ишончли Муҳаммад, дейишарди. Қандай қилиб ўзлари ишонган кишини ёлғончига чиқариб, шаҳардан қувиб чиқарадилар?

Варақа: «Пайғамбарлик шарафига эришган одамнинг душмани бўлади», – деб, Аллоҳ таоло элчиларининг бошига тушган ишлардан огоҳ этди.

Худди шу каби насиҳатни ҳазрати Луқмон ҳам ўз ўғилларига ваъз қилдилар: «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир».

«Ухдуд эгалари» қиссасининг қаҳрамони бўлган йигит ўз устозидан таълим олди, бу билан чекланиб қолмай, олган билимини ҳаётга татбиқ қилди ва шу боис унинг мартабаси юксалди, қилган хайрли амали билан одамлар назарига тушди. Роҳиб унга келажакда фитналарга гирифтор бўлиши ҳақида хабар берди.

Бас шундай экан, сиз ҳам ўз устозингиздан илм олиб, сўнгра ўрганган билимингизни ўз ҳаётингизга татбиқ қилсангиз, сўнгра бошқаларни ҳам яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарсангиз, сизнинг ҳам бошингизга тушадиган турли синовларга тайёр туринг.

Ҳар бир инсон ўз иймонига яраша синалади, Аллоҳ таоло ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ таоло бизни иймонда ва сироти мустақимда собитқадам қилсин.

Мақола «Ilmfruits.com» сайтидан таржима қилинди. Таржимон: Саид Комил

Мавзуга оид мақолалар
Халқимизда «Данагидан мағзи ширин» деган мақол бор. Мазкур нақлни мева ва сабзавотларнинг уруғига нисбатан давоми...

07:41 / 29.12.2016 3844
   Ҳар гал Ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақларида нимадир ёзмоқчи бўламану, икки давоми...

10:20 / 08.04.2019 3591
Аллоҳ, Байтинг насиб этгайсан Рухсоринг деб ҳарчанд уриндим, Сени тавоф қилай бир бора, Каъбатуллоҳ, сени давоми...

09:21 / 25.02.2018 4808