Аёллар учун online « маънавий кўмак»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бандаларини хайрли амалларда ўзаро ҳамкорлик қилишга ва яхшилик ишларида мусобақалашишга ундаган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога саною ҳамдларимиз бўлсин! «Одамларнинг энг яхшиси одамларга фойдаси кўп текканларидир», дея умматларини хайрли ишларга рағбатлантирган Расулимизга салавоту дурудларимиз бўлсин! Шонли тарихимиздан маълумки, 9,11-асрларда Ислом ҳазораси беқиёс равнақ топган. Аббосийлар халифалиги, Андалус ва Моваруннаҳрдаги мусулмон давлатлардаги моддий ва маънавий тараққиёт ҳақидаги ҳақиқатлар баъзиларга афсонадек туюлиши мумкин. Бу даврларда Мадинаи Мунаввара, Дамашқ, Басра, Куфа, Бағдод, Қоҳира, Қайравон, Қуртуба каби қатор шаҳарлар ҳар томонлама гуллаб- яшнади. Давлат бошқаруви, вазирлик, амирлик, қозичилик, миршаблик, муҳтасиблик, девон, байтулмол, почта, тиб, меъморчилик, экин-тикин ишлари, қонунчилик, саноат, тижорат ва бошқа кўплаб соҳаларнинг асоси ва андозаси мазкур ўлкаларда юзага келди. Ғарб ҳозирги тараққиёти ва етакчилигининг асосини Ислом ўлкаларидан олгани тарихий ҳақиқатдир. Ислом давлатлари тарихида ўшандай тараққиётнинг маёғи бўлган омиллардан бири вақфлардир. «Вақф» сўзи луғатда «тутиб туриш, тўхташ» маъноларини англатади. Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлаш «вақф» дейилади. Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун абадийлаштирилади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса бардавом бўлади. Шавқий Абу Халилнинг «Ал ҳазора ал арабийя ал исламийя» китобида вақф ҳақидаги ёзганларидан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин: Вақф хайрия ишларидан бўлиб, мадраса, етимхоналарни барпо қилиш, кўприк ва йўлларни таъмирлаш, мусофирлар учун меҳмонхоналар қуриш, ҳаттоки деҳқонларга дон – уруғ бериб туриш каби ишларда  ўз аксини топган. Ислом тарихидаги энг ажойиб вақфлардан бири «забодий» вақфи бўлиб, бой кишилар турли идишларни мазкур вақф ерига қўйиб кетар, хожасининг идишини синдириб қўйиб боши қотган ғуломлар эса бу ерга келиб, синган идишни қўйиб, бутунини олиб кетар эди. Бу билан хизматкорлар хожаларининг иқобидан қутилиб қолишарди. Шу билан бирга, ҳайвонларга қараш вақфи, Маккага итларни киритмасликга ажратилган вақф, камбағал қизларни турмушга узатиш, тўйларда тақиб тургани тақинчоқ, зебу зийнатларни бериб туриш учун вақфлар бўлган. Вақф ҳаммомлари ҳам, ҳатто ўғил болаларни хатна қилишга ажратилган, байрамларда ширинлик тарқатиш, очларга балиқ овлаб келтиришга аталган вақфлар ҳам бўлган. Яна ҳам ажойиб вақфлардан бири Марокашда «Дору аддиққа» номли вақф бўлиб, аёллар учун хос бир даргоҳ эди. У ерга аҳли билан аразлашиб қолган аёллар келиб, еб-ичиб, дам олиб, бир-бирлари билан ҳасратлашиб, дардларини тўкиб-сочишарди. Хафачилик, гиналар кетиб, ўзларига келишганидан сўнг уйларига, аҳлларининг ёнига яхши кайфиятда қайтишарди. Мен бу маълумотларга Либияда ўқиб юрган кезларимиз эга бўлгандим. Ўшандан бери аёллар учун шундай марказлар очиш керак, деган ўйим бор эди. Ҳозирга келиб аёллар орасида оилавий муаммолар тобора ошиб бораётгани ҳаммага маълум. Бизга аёлларимиз тарафидан шикоят ёки маслаҳат сўраш маъносида, турли муаммоларга ечим излаб битилган номалар, деярли, ҳар куни келади. Аммо ҳозирги шароитда уларнинг моддий ёрдамдан кўра маънавий ёрдамга эҳтиёжлари кўп. Ана шу эътибордан мазкур ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда бир хайрли ишга қўл урдик. Аллоҳ таолонинг изни ила «muslimaat.uz» сайти қошидаги «forum.muslimaat.uz»да «кўмак» номли рукн очдик. Ушбу рукнда азизалар учун муаллима, руҳшунос, мураббия ва шифокорларимиз хизмат кўрсатадилар. Мақсадимиз турли муаммолари бор аёлларга диний асосда тўғри йўл кўрсатиб, имкон қадар ёрдам бериш. Уларни турли хатоларга йўл қўйишдан асраш. Шунингдек, аёлларга шариатни ўргатиш, уларни шарқона одоб-ахлоққа қайтариш, қадриятларни эъзозлашга ундаш, турли бидъат хурофотлардан, динимизга, элимизга ёт бўлган одатлардан қайтаришдир.

Бу рукнда аёлларимиз турли маънавий муаммолар, ўзлари ёки яқинларидаги руҳий ҳолатлар, оила аъзолари ва атрофларидаги шахслар билан боғлик муносабатлар, фарзанд тарбияси хусусида ва шу каби мавзуларда мутахассисларга мурожаат қилишлари, шунингдек, бир-бирлари билан дардлашишлари, ўзаро тажриба алмашишлари ҳам мумкин. Бу бошланган ишнинг хайрли ва баракотли бўлишини Аллоҳ азза ва жалладан сўраган ҳолда сизни «кўмак» даргоҳига таклиф этамиз ҳамда мавзуга оид таклиф ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. Дуоларингиздан умидвормиз!

Эслатма: Янги лойиҳамизда иштрок этишни истаганлар  forum.muslimaat.uz  га аъзо бўлишни унутманг!

muslimaat.uz

forum.muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
 Ҳасад, айтиш жоиз бўлса, маънавий жиноятдир. Бу жиноятнинг асосий қурбони ҳасадгўйнинг ўзи. Ҳасадгўйларни давоми...

06:01 / 24.11.2016 4324
gallery sizelarge linkfile columns5 ids30028,30029,30030,30031,30032    Бугун, 2017 йил 29 сентябрда Қирғизистон пойтахти Бишкек давоми...

10:09 / 30.09.2017 11065
     Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. давоми...

09:45 / 27.10.2016 14467