Ташна кўнгилларга мурожаат...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй аёл, эй нозик хилқат..

Ушбу муборак кечаларни йиғлаб ўтказяпсан. Ҳар гал тонггача ёстиғинг ҳўл бўлади. Сабаби – сен бевасан! Эринг вафот этиб кетган. Ундан сенга нима қолди? Пешонангга «бева» деб босилган тамға, етимлар ва бир дунё дарду алам!

Сен-чи, кўнгли ярим? Не умидларда турмуш қурган эдинг? Энди нима бўлди? Тўлғоняпсан, яна тонг саҳар? Кечаю кундуз сени бебахт қилган инсонга хаёлларингда аччиқ-аччиқ гапирсанг ҳам, хуморингдан чиқмайсан. Қайтиб келиб, ўз уйингга сиғмаяпсан. Лекин сендан ҳам ҳоли хароброқлар бор, ҳув ана, кўзларига уйқу келмаётган дугонангга қара, иккинчи турмуши ҳам бўлмади. Ҳа, дугонажон?! Бир ўзингни айблайсан, бир уни, бир ундан аввалгисини. Сени ҳозир кўпроқ одамларнинг гап-сўзи ҳижолат қиляпти. Икки эрдан ҳам чиққан бўлиб қолдим, дейсан. Аввалги турмушим устимдан кулади, дейсан. Дунё кўзингга қоронғу кўриняпти. Қора кигиз, оқ кигиз –ҳаммаси – бир гўр. Ўзингни қўйгани жой топа олмайсан. Сен-чи? Шу кундош балоси сени ҳеч ўз ҳолингга қўймади-да?! Бир эринг билан, бир кундошинг билан уришасан. Саволлар кетма-кет қуйилиб келаверади. Нега, нега...хаёлинг шундан холи эмас, камига тушларингда кўрасан. Унга айтасан дардингни, бунга айтасан, лекин дард ўлгур тугамайди, ниҳояси кўринмайди. Эртаю кеч ўша офатдан қандай қутулишни ўйлайсан. Ҳа, гулим, сенинг мусибатинг, балки, бошқаларникига қараганда енгилроқдир? Ҳа, ҳали турмуш қурмадинг. Бошқа уйқусизларга қараганда сенинг қайғунг кичикроқ. Лекин бу ўзингга билинмайди. Назарингда энг бебахт аёл сенсан. Ойнага узоқ термулиб, ўзингдан шубҳа қиласан. Ўзингга ўзинг хунук кўринасан. Бахтинг очилмаганининг сабабини шундан кўрасан. Тасаввур қилинг, шундай бедор аёллар кечаларини чироқни ёқиб ўтказишса, кечанинг ёруғи кундузникидан зиёда бўлар эди. Дугонажонлар, мен сизлар билан бирга яшайман. Дардларингизни тинглайман. Ҳолингиздан хабарим бор. Сизлар ҳақингизда ўйлайман. Кечалари Роббимнинг раҳматидан умидвор бўлиб, кўкка боққанимда, ёнган чироқларингизни кўраман. Кечаларининг тенги йўқ, кундузларининг мисли йўқ бу муборак ойда, келинг, сизларга бир насиҳат қилай, ташна бўлган кўнгилларингизга тасалли берай. Аввалам бор, азизаларим, бахт деганда нимани тушунасиз? Ҳа, аёл киши учун эрли бўлиш, фарзандли бўлиш бахтдир. Лекин асосий ва ягона бахт шуми? Ҳақиқий бахт Аллоҳни таниш ва давомли итоату ибодатда бўлиб, солиҳ банда бўлиш эмасми? Тақдирга иймон келтирмаймизми? Аллоҳнинг бизга берган неъматларига шукр қилмаймизми? Сенга бахтни эркак эмас, балки уни яратган Зот беради. Сен бахтни ундан эмас, Холиқингдан кутгин. Оила деганда фақат эрни тушуниладими? Ота-онанг-чи, ака-укаларинг ва опа-сингилларинг-чи? Фарзандаларин-гчи? Билгинки, эркакнинг аёлга, аёлнинг эркакка талпиниши, аслида зурриёт қолдиришга бўлган турткидан ўзга нарса эмас. Бу Буюк Зотнинг ҳикматидир. Ҳа, сен бевасан, тинмай нолийсан. Лекин беванинг Аллоҳ ҳузуридаги даражотини биласанми? Унга яхшилик қилиш етимга яхшилик қилиш билан баробар эканлигини биласанми? Сабр қилсанг, қанча ажрга эришишинг мумкинлигини тушунасанми? Бевалик аслида сен учун бир олий мақом эканлигидан хабаринг борми? Қайғуришдан не фойда? Фарзандингни тарбияси билан шуғуллан. Биласанми, қанчадан-қанча уламолар, улуғ инсонлар етим бўлишган, отасиз ўсишган, уларга оналари ҳам она, ҳам ота бўлганлар. Фарзандларини улуғ инсонлар қилиб етиштирганлар. Аммо сен-чи? Ажрашдингми, майли, ундан аввал ҳам усиз яшагансан, ундан кейин ҳам яшайсан. Шояд, ундан ажрашишингда хайр ва ҳикмат бўлса? Балки, ҳали бирга яшаётган бўлсанг, ҳаётинг жаҳаннамга айланиши мумкин эди. Бу нарса яхши аёлларнинг бошидан ҳам ўтган, улуғ аёлларнинг бошидан ҳам ўтган, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари ҳам бундан саломат қолмаган. Дугонажон, иккита турмушинг ҳам барбод бўлдими? Майли, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма. Борига шукр қил. Ҳаёт тугади, дегани эмас бу. Балки, иккинчи бор турмуш қурганингда яхши ният қилмагандирсан. Балки,эринг тўғри ният қилмагандир. Сен: «Кўнглимга қарайди, болаларимнинг бошини силайди», дегандирсан. У эса: «Оғирлигини менга солмайди», дегандир. Аллоҳ учун дейилмагандир. Аллоҳнинг розилиги учун дейилмагандир. Адолат истаётган аёл! Кундошингни ҳам, эрингни ҳам ўз ҳолларига қўй. Қиёмат куни улар учун сен жавоб бермайсан. Ҳақсизлик қилишаётган бўлса, ўзлари жавоб беришади. Сен ўзинг нима деб жавоб беришингни ўйла. Ҳали унга, ҳали бунга шикоят қилишни бас қилиб, ҳамма иш Ўз қўлида бўлган Роббингга шикоят қилгин, қадарига рози бўлгин, неъматига шукр қилгин. Менга тенг қилди-я, деб куяверма. Фақатгина Аллоҳга тенгдош қилиб бўлмаслигини эсингда тутгин. Ҳа, гулим?! Аллоҳ бандаларининг суратию жамолига эмас, қалблари ва амалларига назар солишидан бехабармисан? Ўзингни тузаб, бирортасига ёқармикинман, дейсан-у, Роббингни рози қилишга уриниб кўрасанми ҳеч? Балки сенинг шу ҳолатинг, сен ҳавас қилган кўпгина дугоналарингнинг ҳолатидан кўра афзалдир? Улар турмуш қуриб, ибодатга кўп ҳам бўшай олмаётгандирлар, тақволар сусайгандир. Сенда уларга қараганда, ибодатга фурсат анча кенг! Келинг, азизаларим, Рамазонни ғанимат билайлик. Кўнгиллар ташналигини Аллоҳ бандасининг муҳаббати билан эмас, Аллоҳнинг муҳаббати ила сероб қилайлик. Вужудимиздаги бўшлиқни Аллоҳнинг ишқи ва Расулининг ишқи ила тўлдирайлик. Кечалари бахтсизлигингизни ўйлаб йиғламанг, Аллоҳдан қўрқиб йиғланг. Кераксиз ўй-фикр, хаёлларни деб бедор бўлманг, ибодат учун бедор бўлинг. Кундузи рўзадор бўлиб, ғийбатчилик, ношукрчилик қилманг, зикр қилувчи, шукр қилувчи бўлинг. Рамазоннинг ҳар дақиқасидан фойдаланинг. Минг кечадан хайрли кечани қўлдан қочирманг. Кундузлари рўзадор бўлар экансиз, тиловат қилар экансиз, кечалари қоим бўлиб, ибодат қилар экансиз, сизни улуғлаган Аллоҳни улуғланг. Ўзидан умид қилинг, Ўзигагина ёлборинг, Ўзидангина сўранг. Аёлларни эркалаган, умматларининг эркакларига уларга яхшилик қилишни васият қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтишдан эринманг. Бирор аёлнинг эри вафот этса ёки ажрашса, иддаси тугаши билан эшиги олдида нафслари учун эмас, савоб умидида совчиликда навбат бўлиб турадиган саҳобаи киромларга ҳам салавоту саломлар юборинг. Уйида эркаги бўлмаган аёлларнинг кўчага чиқариб қўйган челакларига сув тўлдириб келиб берган мард эркакларнинг ҳаққига дуо қилинг ва фарзандингизни худди шундай тарбия қилинг. Сиз мўминлар оналаридан, саҳобиялардан ўрнак олиб, улар тутган йўлни тутингки, сизларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ила хулқланган, саҳобаларга ўхшаш эркаклар насиб қилсин. Агар сиз шу айтилган нарсаларга амал қилсангиз, сизнинг ғаму андуҳларингизга шоҳид бўладиган чироқларга ҳожат қолмайди. Балки уларнинг ўрнига улардан афзал бўлган, яна ҳам ёрқин бўлган Раҳмоний нур пайдо бўлади ва сизлар томон назар солган инсу жинлар: «Бечора бахтсизлар», деб эмас, «Энг бахтли мўминалар», дея ҳавас ила қарайди, иншааллоҳ.

 

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvRPDfUvtnKSEembed

16:27 / 24.05.2017 3658
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Муқаддима Бандалари ичидан баъзиларини фақиҳ қилиб қўйган давоми...

11:51 / 10.12.2018 4010
   Бидъатхурофот амаллар халқ ичида тeз тарқалади, чунки ҳақ нафсга оғир келади, ботил эса нафсга енгилдир. давоми...

15:06 / 02.06.2018 3130