Абдулла Орипов: «Шайх Муҳаммад Содиқ жаноблари юз-икки юз йилда бир келадиган инсонлардан эдилар»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдулла Орипов: «Шайх Муҳаммад Содиқ жаноблари юз-икки юз йилда бир келадиган инсонлардан эдилар».

Жорий йилнинг 30 июль шанба куни «Ҳилол нашр» матбаасига Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ халқ шоири Абдулла Орипов жаноблари ташриф буюрди. У киши суҳбат асносида Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни хотирлаш, у киши асос солган нашриёт ва унинг ходимлари билан яқиндан танишиш ҳамда Ҳазрат қолдирган бой илмий мероснинг халқимиз қўлига қай кўламда етиб бораётгани ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида ташриф буюрганини таъкидлаб ўтди. Меҳмоннинг қудуми муносабати билан нашриёт ходимлари иштирокида давра суҳбати уюштирилди. Суҳбатда устоз Абдулла Орипов Шайх Ҳазратлари билан кечган хотираларини шавқу завқ билан ёдга олди. Жумладан, Ҳазратнинг тарғиботлари билан ҳадислар маънолари асосида шеърий рисола яратганини ва шу сабаб бўлиб у киши билан бирга ҳаж ибодатини адо этишга мушарраф бўлганини эслаб ўтди. У киши Шайх ҳазратлари ҳақида, жумладан, шундай деди: «Шайх Муҳаммад Содиқ жаноблари юз-икки юз йилда бир келадиган инсонлардан эдилар. У кишидан биз жуда кўп нарса ўрганганмиз. Дунёқарашлари ўта кенг, ҳақиқий аллома эдилар. Халқимизни дунёга танитган чин ўзбек ўғлонларидан, даҳолардан эдилар. Мен доим у кишининг парвозлари Абу Райҳон Беруний, имом Ғазолийларнинг парвозларига монанд эди, дейман».

Уcтоз Абдулла Орипов Шайх ҳазратларининг фарзанди аржумандлари Исмоил Муҳаммад Юсуф жаноблари билан самимий суҳбат қилиб, олиб бораётган фаолиятларига юқори баҳо берди ва бу илм-маърифат йўлида янада бардам бўлишларини айтиб, эзгу тилаклар билдирди. Айниқса, нашриётнинг ютуқлари, у ерда чоп қилинаётган китобларнинг сифат даражаси ниҳоятда юқорилигидан қувонганини яширмади. Ўз навбатида Исмоилжон домла ҳам ўзи ва бутун нашриёт ходимлари номидан азиз меҳмонга ташаккурлар изҳор қилиб, гўзал тилаклар айтди. Суҳбат сўнгида тиловати Қуръон қилиниб, марҳумлар ҳаққига дуолар қилинди.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Сўнги таҳрир санаси Сешанба, 02 Август 2016 13:24

 
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу Сизларга шуни  эълон қиламизки,  юртимизда жорий йилнинг 20 давоми...

14:10 / 04.03.2017 4338
Ҳа, бизнинг муқаддас динимиз Исломда илм ўрганиш, айниқса, Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Каримни давоми...

16:59 / 26.03.2019 6076
Аллоҳ таолога муҳаббат мақоматларнинг энг улуғи , даражот чўққиларининг энг юксагидир. Муҳаббатга давоми...

00:02 / 12.12.2016 5734
   Алишер Навоий ҳижрий 844йили Ҳирот шаҳрининг Неъматобод мавзесида илммаърифатли, билимсевар оилада давоми...

11:12 / 10.02.2017 5442