Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан «дийдорлаштирган» Рамазон...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан «дийдорлаштирган» Рамазон...

Энг аввало, бизга Рамазонни фарз қилган Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин! Рамазон рўзасини қандай тутиш кераклигини таълим берган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотларимизни йўллаймиз!

Камина бир неча йиллардан буён Рамазон рўзасини Ўзи қодир қилганича тутиб келмоқдаман. Бироқ ҳозир бундан анча йиллар олдингиси билан боғлиқ бўлган Рамазон ойи ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Унинг қадри ва аҳамияти мен учун шунчалар муҳимки, ҳар гал эслаганда қалбимни ҳаяжон эгаллайди, оҳиста энтикиб қўяман...

Ўшанда 8-синф ўқувчиси, Ислом дини, унинг шартлари, намоз, рўза сингарилар билан энди таниша бошлаган ёш қиз эдим. Шу йили Рамазон рўзасини тўлиқ ҳолда тутиш насиб этди. Ҳар кунги саҳарликлар, дастурхон атрофида бобомнинг узундан-узоқ дуолари, ифтор онидаги интиқлик, ҳайрат – бу ҳаммаси қандайдир ажойиб эди. Рамазоннинг 27-кечаси, минг ойдан яхшироқ дея мақталган кун Лайлат-ул қадр туни эса менга олам-олам завқ, қувонч ёшлари бахш этди. Чунки айнан шу куни мен Ҳабибимиз, суюкли Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. Бу туш худди кечагидек ёдимда, ҳар бир воқеаси, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир сўзи.. У қуйидагича бўлган эди:

  ...Кўзимни очсам, ухлайдиган ўрнимни тўрт томонида оппоқ кийимли одам деса одамга ўхшамайдиган нурчеҳрали кишилар кўтариб олибдилар, осмонда учиб кетяпмиз. «Мени қаёққа олиб кетяпсизлар?», десам, «Муҳаммад алайҳиссаломнинг қошларига» деб жавоб қилишибди. Бир муддатли парвоздан сўнг мени зинанинг олдида қолдиришди. Пастдан тепага қараб юксалиб борган пиллапоялардан секин-аста қадам ташлаб чиқар эканман, энг баланд жойда нур чиқиб турибди, бир узун яктак кийган киши – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  орқаларини қилиб турган эканлар. Охирги зинага чиқиб «Ассалому алайкум» дебман, шунда ул Зот менга ўгирилдилар, юзларидан нур таралиб турар, майин қора соқоллари эса ўзларига жуда ярашган эди. «Умринг узоқ бўлсин, қизим, сен яқинда Ҳажга борасан», дебдилар, мен эса уларнинг ўнг қўлларини ўпибман...

            Уйқудан уйғонгач, кўрган тушим учун ҳамду санолар айтиб, анчагача ўзимга келолмадим, ҳар эслаганимда кўзимга ёш келиб йиғлаб олар эдим. Мана ҳозир ҳам ёзяпман-у, кўзимда ёш. Шу воқеадан кейин ҳаётимда жуда кўп ишлар бўлиб ўтди. Уларнинг ҳаммасини хайрга деб, тақдирдан деб билдим. Аллоҳга шукр, дини Ислом борасида кўпдан кўп китоблар ўқидим, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳаббатим янада ортиб бораверди. Ундан кейин ўтган йилларда, айниқса, диний, маърифий соҳада арзимас ишларим катта хизмат дея шахсан Шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонларидан эътироф этилиб, уларнинг дуоларини олишга мушарраф бўлдим, дийдорлашиш ҳам насиб этди. Ҳар йилги Рамазонда масжидларда қиладиган маърузаларини сақлаб олиб тинглар, уларнинг борликлари қандайдир хотиржамлик, куч бағишлаб турарди менга. Мана, бу йилги Рамазонни азиз Шайхимизсиз кутиб олдик ва бу қайсидир маънода кўнгилларни ўртамоқда. Бу йилги Рамазоннинг ҳаётимга таъсирини эса қуйидаги дил сатрларга жойлашга ҳаракат қилдим:

   

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни соғиниб...

Бу йил Рамазоннинг шукуҳи пастроқ,

Бу йил масжидларда камдек нимадир.

Одамлар кўпчилик бўлса ҳам, бироқ

Кўзлари гўёки излар кимнидир.

Бу йил ҳам маъруза, хатмларга бой,

Соим кунларини ўтказяпмиз.

Лек юрак тўрида кемтикдир бир жой,

Унга малҳам топмай зорланяпмиз.

Юзи нур инсонлар аро тентираб,

Тўлишган оймиди излаганимиз?!

Қани ул виқорли қадамлар, ё Раб –

Қаерда энди ул Сизлаганимиз?!

Ҳар хил саволларга закий жавоблар,

Сабр- матонатга ошно салобат.

Олган нафаслари бўлсин савоблар,

Дуоларин Аллоҳ қилсин ижобат.

Аҳли мусулмоннинг улкан олими,

Ўтган ҳар бир куни китоб бўлгулик.

Эй Аллоҳ, тинглагин бугун зоримни,

Соғинчим неча дунёларга тўлгулик.

Соғиндим, самимий ним табассумни,

Фасоҳатга тўла сўзни соғиндим.

Дуоларга инган юзи маъсумни,

Энди кўролмайман, дея оғриндим.

Шукр, ул маҳбубни эслатгувчи кўп,

Минг- минглаб сатрлар суҳуфга тушмиш.

Садақа жория қолдирдилар хўп,

Китоблар бебаҳо хазина бўлмиш.

Шукр, хуш хотира тарк этмас бизни,

Ул сўзлар, ул кўзлар ёдлардан чиқмас.

Шайхим, ҳеч бир мухлис унутмас Сизни,

Дуолар Сизнингсиз мукаммал бўлмас.

Аллоҳнинг раҳмати бўлсин Устозим,

Ҳавзи Кавсаридан сероб айласин.

Сизнинг ёдингизга қиламиз таъзим,

Бизга ҳам Сизнингдек фарзандлар берсин!

 

28.06.2016

Гўзал Нажмиддинова

 
Мавзуга оид мақолалар
Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон бўлгандирсиза Муслимаат.уз сайти ходималари Андижон вилоятидаги Қуръон қироати давоми...

10:10 / 06.02.2018 2102
Кўплаб ғарб аёллари ўзларининг инсоний қадриятларини поймол этаётган ва қўпол тарзда эксплуатация давоми...

10:05 / 12.02.2017 4167
Хатми Қуръон деб  Қуръонни бошидан охиригача ўқиб туширишга айтилади. Хатми Қуръонни Қуръонни ўқишни яхши давоми...

15:56 / 07.03.2017 6091
Кимлигингиз энди билдик биз Эллар аро маърифат чироғин ёққан, Қора кўнгиллардан зулматни давоми...

19:24 / 17.03.2017 4433