Рўза билан илк танишув
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Рўза билан илк танишув

— Рўза тутмасам бўлмайди! — Ойижон, ахир касалсиз-ку? Рўза тутсангиз, аҳволингиз яна ёмонлашади. — Ундай бўлмайди! Рўза тутаман! Аллоҳ қувват берар! Бу суҳбатни тинглаб ўтирганимда, тахминан, беш ёки олти яшар қизалоқ эдим. Ўз она тилини яхши билмаган, рус тилида гапирадиган қизалоқ. Ўшанда мен рўзани «роза», яъни атиргул деб тушунган эдим. Шунинг учун қандай қилиб гулни тутиб касал бўлиб қолиш мумкинлигини ҳеч тушунолмасдим. Мени саволлар қийнарди. Нима сабаб бувим уларни касал қиладиган гулни тутаман дер эдилар? Яна Аллоҳга илтижо қилиб «роза»ни эсон-омон тутиб олишни сўраб ҳам қўяр эдилар. Нега атрофдагиларнинг ҳаммаси «рўза тутдим», дейишарди-ю, аммо биронтасининг қўлида атиргул бўлмасди. Мен бу ғаройиб, кўзга кўринмас гулни жуда кўргим келди. Уни тутгим келди, ҳидлаб кўргим келди. Ўшанда бувимларга жуда-жуда «роза» тутгим келаётганини айтгандим. Улар эса гап нимадалигини тушунмай, ҳали жуда ёш бўлганим учун рўза тутолмаслигимни, лекин катта бўлсам рўзани, албатта, тутишим кераклигини, шунда Аллоҳ мендан хурсанд бўлишини айтган эдилар. Мен тезроқ катта бўлиб, бу ғаройиб гулни тутиб, Аллоҳни хурсанд қилишни орзу қилгандим. Лекин катта бўлишимни кутишга сабрим чидамай, бутун уйни кезиб, бу ғаройиб гулни қидирганим эсимда. Табиийки, уйдан ҳеч қандай «роза»ни тополмадим. Аммо бу изланишларим бесамар кетмади, ўшанда мен илк бора рўза аслида нима эканлигини катталар ёрдамида тушуниб етдим. Тезроқ катта бўлиб, бувимларга ўхшаб рўза тутишни ният қилдим...

Аллоҳнинг марҳамати Мустақиллик шарофати билан бувим ва бувамга Ҳажга бориш насиб қилди. Энди уларни ҳаммамиз Ҳожи бува ва Ҳожи ойи деб чақирардик. Уларнинг файзли хонадонларига боришни жуда яхши кўрардик. Айниқса, биз, неваралар. Фақат кийган кийимларимизга уларнинг муносабатларидан бир оз кўнглимиз хира бўлиб қолар эди. «Қиз бола енгсиз, калта кўйлак кийса, уят бўлади! Шим кийибсан, устидан узунроқ жемпер киймабсан-да! Рўмол ўрашни хоҳламасанг, ҳеч бўлмаса, бошга чиройли шляпа кийса бўлади-ку!» Хуллас, улар «замонавий» кийимларимизга танбеҳ беришдан чарчамас эдилар. Биз эса уларнинг «эскича» қарашларини ҳазм қилишни хоҳламас эдик. Орадан йиллар ўтди. Худодан қўрқадиган, ҳалол ва пок инсон жуфти ҳалолим бўлди. Аввал тушунмаган нарсаларимни аста-секинлик билан англай бошладим. 2009 йил. Рамазон ойининг жума куни дугонамни ифторликка таклиф қилдим. Ифтордан сўнг турмуш ўртоғим олиб берган янги либосларимни кўрсатдим. Дугонам ҳавас билан назар солди. Мен ҳам, юзинчи бора. Икки кўйлак ва икки рўмол... Биз саҳарликкача Қуръон сураларини тинглаб, ибодатда бўлдик. Тонг отди. Мен учун бу тонг, бу кун муқаддас эди. Аллоҳимнинг менга берган марҳамати эди бу кун! Сатрландим... Рамазон ҳайити келди. Биз янги келинчак бўлмиш синглимнинг уйига ҳайитлик қилиб бордик. У ерда Ҳожи ойим ҳам бор эдилар. Улар билан кўришдим. Аммо улар негадир совуққина кўришиб, бошимдаги рўмолим ҳақида ҳеч нарса демадилар. Кечқурун телефон жиринглади. Катта опам экан. Маълум бўлишича, Ҳожи ойим «замонавий» неварани рўмолда танимаган эканлар. Ҳайитнинг иккинчи куни уларни зиёрат қилгани бордим. Неварасининг бошида ҳеч бўлмаганда чиройли шляпа бўлишини орзу қилган бувим мени рўмолда кўриб, кўзларига ёш олдилар. Ҳаққимга узоқ дуо қилдилар...

Феруза Назар

Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Муҳаммад деб ким исм қўйган            Жавоб Расулуллоҳ давоми...

12:25 / 27.11.2017 2950
Мажлис оиладаги қўполлик ва унинг муолажаси масаласини ва унга бағишланган илмий тадқиқотларни кўриб чиқди давоми...

17:55 / 16.10.2016 3164
Инсон яшаш учун ейиши керак, аксинча, ейиш учун яшамаслиги зарур. Улуғ ҳаким Арастудан «Сен нега сира касал давоми...

11:58 / 25.11.2016 7483
Зулҳижжа ойининг фазилатлари ва унда амалга ошириш мустаҳаб бўлган амаллар Замон ва маконлар эгаси бўлган давоми...

15:16 / 12.03.2017 5040