Заҳириддин Муҳаммад Бобур
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бобур (тахаллуси; тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) (1483.14.2, Андижон1530.26.12, Агра) — ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир; тарихчи, географ; давлат арбоби, истеъдодли саркарда; бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода. 

 Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним мўғул хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган.

Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқх илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.

Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур сўфий – Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Кейинчалик «Бобурнома» асарида Бобур Хожа Аҳрор руҳи бир неча бор уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизлиқдан халос этганини, энг оғир шароитларда раҳнамолик қилганлигини таъкидлайди. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июнь).

Бобур 18-19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг «Топмадим» радифли ғазали ва «Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши» мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ.

Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дил-дилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.

Бобур ижодида ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзуи ҳам салмоқли ўрин тутади. Унинг ғазал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида маъшуқанинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусну латофати, шарқона одобу ахлоқи, нозу карашмаси енгил ва ўйноқи, мусиқий ва равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади.

Бобурнинг ўз шеърий асарларини тўплаб, девон ҳолига келтирган санани кўрсатувчи аниқ тарихий маълумотлар маълум эмас. Аммо «Бобурнома»нинг 1518-19 йиллар воқеалари баёнига бағишланган фаслида Бобур девонини Қобулдан Самарқандга юборганлиги тўғрисида сўз боради. Демак, шу йилларда унинг девонига тартиб берилган ва мазкур девон Мовароуннаҳрда ҳам тарқалган.

Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.

1526 йил 21 декабрда Бобурга қарши суиқасд уюштирилади. Маҳв этилган Иброҳим Лўдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт таъсирими, ҳар ҳолда кейинги йилларда Бобур тез-тез касалга чалиниб туради. 1527 йил октябрда Бобур яна хасталикка учрагач, умрининг охирлаб қолганини ҳис этади. Шунда Бобур ўзи эътиқод қўйган Хожа Аҳрор Валий руҳидан нажот тилаб, ихлос билан унинг насрда битилган «Волидия» асарини шеърий таржима қилади. Бобурнинг моҳир таржимон сифатидаги қобилияти намоён бўлган 243 байтли бу асар катта ижодий илҳом билан жуда қисқа муддатда якунланган. Бобурнинг ўзи эътироф этишича, таржима тугаши ҳамоноқ батамом соғайиб кетган. Бу йилларда у «Бобурнома» фасллари устида ишлашни давом эттирди, янги-янги ғазал-рубоийлар яратди, ўз ибораси билан айтганда, «Ҳиндистонға келгали айтқон ашъорни» тартибга солиб, шунингдек, «Волидия» таржимасини, «Хатти Бобурий» билан битилган намуна ва қитъаларни Мовароуннаҳр ва Афғонистонга, Хумоюн, Хожа Калон, Ҳиндол ва бошқаларга юборди. Ҳумоюн Мирзога аталган ижтимоий-ахлоқий масалаларни таҳлил этувчи машҳур мактуби ҳам Бобур ижодий фаолиятининг ёрқин қирраларидан бири бўлди.

Мавзуга оид мақолалар
 Ислом элининг шарафшони, ҳаёт дастурхонининг азиз меҳмони, Бухорийи соний Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад давоми...

13:14 / 06.02.2017 6733
... Устига шаффоф топик билан на миниюбка, на «максипояс» деб бўлмайдиган нарсани илиб олган Қизгина, қаёққа давоми...

15:33 / 22.11.2016 4162
         Қуръон ва суннатдан ўқишни енгиллаштирувчи тўрт дуо Ўқув машғулотларидаги муваффақиятимиз давоми...

12:01 / 11.09.2018 4781
Энг гўзал хулқ эгаси Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм  Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида Ва албатта, сен улкан давоми...

10:55 / 14.12.2017 2825