Мен рўзадорман (ҳикоялар)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

— Ойижон, мени ҳам саҳарликка уйғотинг, мен ҳам сизлар билан рўза тутаман, – деди Фазлиддин онасига. — Ҳали кичкинасан, қийналиб қоласан, – деди онаси. – Энди биринчи синфга боряпсан-ку? — Қийналмайман, ойижон, – деди Фазлиддин, – ана, Мулла тоғамнинг ўғли Акмалхон ҳам мен билан бирга ўқийди-ку? У «Эртага рўза бошланади, тутасанми, мен тутаман, ўтган йили ҳам тутгандим», деди. — Майли, уйғотамиз, – деди, она-боланинг суҳбатига аралашган Собир ака. – Ойиси, Фазлиддин ўзи хоҳлаяптими, индаманг. Кеча, жума намозида мулла Абдураҳмон айтдики, ҳали балоғатга етмаган болалар рўза тутсалар савоби ота-онасига ёзилар экан. — Майли, уйғотамиз, – деб ўғлини тинчлантириб ўрнига ётқизди Маърифат опа. – Биз билан бирга саҳарлик қилсин. Бир ухлаб туриб яна овқат еб кетаверади. Аммо Фазлиддин саҳарликдан сўнг ухламади. У рўзанинг нималигини билмаса ҳам, унинг шартлари, амаллари нималигини билмаса ҳам рўза тутганидан, ота-онаси билан бирга камтарона бўлса-да серфайз дастурхон атрофида ўтириб саҳарлик қилганидан шод ва масрур, кўнгли ифтихорга тўлган эди. Фазлиддин шу кўтаринки кайфиятда эртароқ мактабига йўл олди. — Ухлаб қолмадингми?, – савол билан кутиб олди Акмалхон. – Тутдингми? — Ойим уйғотдилар, тутдим. — Саҳарликка нима единглар? — Ширчой ичдик. Асал, майиз, туршаклар ҳам бор эди, – деди Фазлиддин,– ўзларинг-чи? — Ойим ҳар йили Рамазонда саҳарликка атала пиширадилар. Қуйруқ солинган аталадан ярим коса ичсанг, кечгача очиқмайсан. — Мен ҳам ойимга айтаман, атала пишириб берадилар.

Ҳар танаффусда икки дўст бир-биридан ўз сирлари бўлиб қолган рўзалари ҳақида «бузиб қўймадингми?», деб сўрашарди. Фазлиддин бир кун ҳам рўзани бузмади. Қайтанга Акмал бир куни бузиб қўйишига сал қолди. Синфдошлари Жасурбек ҳовучига солган пистадан бир донасини Акмал энди оғзига солган эдики, Фазлиддин унинг қулоғига шивирлади: — Биз рўзадормиз-ку! — Ҳа-я, менинг тишим оғриб турувди, – деб Акмалжон писталарни Жўрабекка қайтариб берди. Икки дўст бузмасдан рўзаларини тўлиқ тутишди. Кейинги йил ҳам. Кейинги йиллар ҳам. — Ойи, дада, мен ҳам бугун кечқурун таровиҳ намозига, Абдураҳмон домланинг масжидига чиқаман, — деди мактабдан қайтган Фазлиддин. — Ҳали ёшсан-ку, – деди отаси. – Ҳеч бўлмаса намоз ўқишни биласанми? — Ёшим ўн иккига тўлди. Ўғил бола ўн бир ёшидан ўқиши керак экан. Бир йил кечикибман, – деди Фазлиддин. – Намозни Абдураҳмон домла ўргатар экан. Акмалхон ҳам боряпти. Ифторликдан сўнг Фазлиддин шоша-пиша дафтар- қалам кўтариб масжидга кетди. — Ёмон кўздан асрасин, – кўзи ёшланди Собир аканинг. – Шу ўғлингдан умидим катта. Фазлиддин намоз ўқишни тез ўрганди, укаси Аслиддинга, синглиси Ойшабонуга ҳам ўргатди. Собир аканинг хонадонида рўза тутмайдиган, намоз ўқимайдиган одам қолмади. Шаҳарга тушиб жума намозини ўқиган Собир ака солиҳ ва солиҳа фарзандлар, уларнинг ота-онага охиратда асқотадиган савобли амаллари хусусида маъруза қилган қори домланинг сўзларидан қалби ҳалим бўлиб, ўзининг ҳам шундай фарзандлари борлигидан фахрланиб, шаҳар бозорига ўтди. Автобус чиптасига яраша пул олиб қолиб, қолган бор пулига хурмо, ҳолва, турли ширинликлар ва болаларига кийим-кечаклар харид қилди. Кечқурун тўкин дастурхон атрофида, бутун оила аъзолари билан бирга рўзасини очар экан, кўзда ёш билан дуо қилди: — Парвардигорим, «Рўзасини очаётган бандамнинг дуосини тўхтовсиз қабул қиламан», дегансан. Ваъдасига энг вафодор ҳам ўзингсан. Менинг ҳам фарзандларим ҳаққига қилаётган дуоларимни қабул эт. Фарзандларимнинг умрини узун, ризқини бутун қилгин! Иймон-эътиқодларини мустаҳкам қил-у, ўзинг уларни тўғри йўлдан адаштирма! Ҳаммамизга икки дунё саодатини бер! Роббана отина фид дуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қина азабан нар. Бираҳматика ё арҳамар роҳимин! Ўша йили таровиҳ намозининг бошидан охиригача Фазлиддин билан Акмалжон жўровоз бўлишиб, таровиҳ тасбиҳини айтишди. Рамазон сўнггида мулла Абдураҳмон бутун жамоадан шу икки ўсмир ҳаққига дуо олиб берди. — Элнинг, юртнинг корига ярайдиган, динимизга хизмат қиладиган йигитлар бўлиб камол топишсин!

* * * 

— Муаллим, Фазлиддин рўза тутибди, – деди Сарвигул синфга кириб келган синф раҳбарига. — Рўза тутибди? Саккизинчи синф ўқувчиси-я? – деди раҳбар Қўчқоров. – Қосимов, доскага чиқ! Фазлиддин индамай доска ёнига келиб турди. — Шу гап ростми?, – сўради раҳбар. – Ростдан рўза тутдингми? — Ҳа, мен рўзадорман, муаллим, – деди Фазлиддин. — Нима учун? Ким ўргатди? Балки феодал отанг мажбурлагандир? — Мени ҳеч ким мажбур қилгани йўқ, – деди Фазлиддин раҳбарнинг кўзига тик қараб. — Балки уйларингда егани овқат йўқлигидан рўза тутаётгандирсан? — Уйда ҳамма нарса бор, – энди четга юз бурди Фазлиддин. — Унда нега рўза тутдинг, – тутоқиб кетди раҳбар ва Фазлиддиннинг юзига тарсаки тортди. — Мени нега урасиз, муаллим, – деди юзини ушлаб Фазлиддин. – Мен сизга нима қилдим? — Ярамас! Ахир бутун мактабимизга доғ туширибсан-ку? Директор эшитса нима қиламан? РайОНО мудири, райондагилар эшитса нима бўлади? Уларга нима дейман? — Худонинг олдига борганда нима дейсиз, – кутилмаганда хотиржам сўзлади Фазлиддин. – Ахир Аллоҳ Таоло ўғил болаларга ўн бир ёшдан, қиз болаларга тўққиз ёшдан рўза тутишликни фарз қилган-ку? Фазлиддин шу сўзларни айтиб Сарвигулга қараб қўйди. Сарвигул Фазлиддиннинг сирини очиб, катта иш қилган одамдай мағрур ўтирарди. — Кимнинг сумкасида нон бор, – сўради раҳбар. Энди катта бўлиб қолган ўқувчилар сумкасига нон солиб келишни бас қилишганми, ё синфдошлари ҳурматигами, бирор киши «Менда нон бор», демади. — Сарвигул, бориб сув олиб кел, ўқитувчилар хонасида графин бор, шуни тўлдириб кел, – деди раҳбар, – стакан ҳам олиб кел! Сарвигул «қаҳрамонлиги»ни охиригача шараф билан адо қилди. Дарҳол бир графин сув ва стакан олиб келди. — Ич, муллавачча, – ўшқирди раҳбар бир стакан сувни узатиб. — Ичмайман, муаллим, – деди Фазлиддин. — Ичасан! – раҳбар Фазлиддиннинг юзига яна тарсаки туширди. – Ичасан! Ичираман! Раҳбар Фазлиддиннинг оғзини очиб, сувни унинг оғзига қуймоқчи бўлди. Фазлиддин ҳаргиз оғзини очмади. Раҳбар сувни унинг юзига сепиб юборди. Фазлиддин юзидаги сувни қўли билан сидириб четга ўгирилиб тупурди. Бу раҳбарни қутуртириб юборди. Яна стаканни сувга тўлдирди. Чап қўли билан Фазлиддиннинг бўйнидан қисиб, ўнг қўли билан унинг бурнини қисиб оғзини очди ва синфга қараб ўшқирди: — Чиқ, биттанг оғзига сувни қуй! Ҳеч ким ўрнидан қўзғалмади. Раҳбар бир неча боланинг исмини айтиб чақирди. Улар ўз исмини эшитиши билан ўринларидан «дик» этиб туришди, аммо келиб стаканни олиб ундаги сувни Фазлиддиннинг оғзига қуйишга қўллари бормади. Раҳбарнинг кунига яна Сарвигул яради. Сарвигул келиб сувни Фазлиддиннинг оғзига қуйди. — Яна қуй! Яна бир стакан қуй! Фазлиддин юлқиниб раҳбарнинг қўлидан чиқди. Унинг икки кўзи ёшга тўлган эди. — Қўрқмас экансан-а, – деди унинг кўзидаги ёшни кўрган раҳбар, – қўрқасан. Ичираман дедимми-ичираман. Ҳали қараб тур, сени мактабдан ҳам ҳайдаттираман. Коммунизм қураётган шонли Совет давлатининг коммунистик мактабида сенга ўхшаган диний сарқитларга ўрин йўқ! — Ҳайдамасангиз ҳам, кетаман, – деди йиғлаб Фазлиддин. – Аммо сизга Худодан қайтмаса у дунёю бу дунё рози эмасман! Фазлиддин синфдан чиқиб кетди. Шу билан мактабга қайтиб бормади. Бошқа мактабда ўқиб, ўрта маълумот олди.

* * *

— Яқин орада Самарқандга бордингми?– сўради Акмалжон Фазлиддиндан. — Йўқ, фирмамиз ишлари билан бўлиб, бу йил Самарқандга ўтолмадим, – деди Фазлиддин. – Аввал Аслиддин бошқараётган корхонани янги бинога кўчирдик, кейин Ойшабону билан куёвимиз германияликлар билан бирга очган кичик фабрикани ишга тушириш билан банд бўлдик. Аммо бу йил бир ниятим бор, фирма ишларига ўзинг бош-қош бўлиб турасан, бир ойга қишлоққа кетмоқчиман. — Баракалла, сўраганимнинг сабаби қишлоқдагилар, «Фазлиддин ҳожи қурдирган масжидда маза қилиб, эмин-эркин намозларни ўқияпмиз, отасига раҳмат, аммо ҳожининг ўзи келмай қўйди, уни соғиндик, дейишди. «Ҳожи ота билан Ҳожи онани ҳам соғиндик», дейишди. — Унда ота-онамни олиб бориб, бир ой Рамазонда қишлоқда туриб келаман, – деди қатъий қилиб Фазлиддин. Рамазон ойи арафасида Фазлиддин ота-онаси ва аҳли аёлини олиб қишлоққа жўнади. Бир ой қадрдон ота уйларида туриб, муборак ойнинг рўзасини тутдилар. Таровиҳ намозларини Фазлиддиннинг ўзи қурдирган жоме масжидида ўқидилар. Рамазон ойи жуда серфайз ўтди. Бир ойнинг бирор куни бўлмадики, меҳмонларсиз, қадрдонларсиз ўтган бўлса. Аввалига ёр-дўстлар буларни йўқлаб келишган бўлса, кейин булар қавму-қариндошлариникида ифтор қилишиб, дийдорлашишди. Рамазоннинг сўнгги куни Фазлиддин каттакон бир ҳўкизни сўйдириб, камдаромад оилаларга тарқатди. Қишлоқдаги ёрдамга муҳтож оилаларга «Фитри рўзамни олсангиз», «Закотимни сизга бермоқчийдим», деб хайру эҳсонлар қилди. Рамазон ҳайити куни саҳарлаб Фазлиддин қишлоқ ошпазларига тайинлаб бир бўрдоқи қўчқорни сўйдириб, дошқозонда ош дамлатди. Ҳайит намозидан сўнг каттаю  кичикка ош сузилиб, ширинликлар улашилди. Ошдан сўнг Фазлиддин қишлоқдошлари дуосини олиб, пойтахта қайтадиган бўлди. Масжиддан чиқар экан, йўл четида тиланиб турган икки кўзи кўр одамга кўзи тушди. Овоз чиққан томонга қўл чўзиб турган одамнинг ҳовучига минг - икки минг сўм пулни ташлаб, машинасига ўтираётиб отасидан сўради: — Ким бу шўрлик, дадажон? Юзи танишдай, аммо танимадим? — Наҳотки, танимаган бўлсанг? Бу бечора Эшмат муаллим бўлади. Бир замонлар сенинг синф раҳбаринг эди. — Йўғ-е! – Фазлиддин машинадан қайта тушиб тиланчига қаради. – Умуман ўхшамайди-ку? — Машинангни юргиз, йўлда айтиб бераман, – деди Собир ака. Машина катта йўлга чиққандан сўнг эшитганларини сўзлаб берди. — Мен ҳам кеча эшитдим, жуда аҳволи ёмон бўлибди. Аёли ўлиб, ичкиликка берилиб қолган экан, мактабдан ҳайдашибди. Устига икки ўғли ҳам ноқобил чиқибди. «Пул топиб бер», деб отасини уришаркан, ярамаслар. Ҳалиги, наша деган балога ўрганишган экан. Муаллимнинг уйларини ҳам бузиб сотиб, чекиб бўлишибди. Катта ўғли чекиб ўлиб қолибди. Кичкинаси ўғирлик қилиб, қамалиб кетибди. Ана энди бу шўрликда на уй, на хотин, на бола-чақа, на даромад. Йиғлайвериб кейинги бир йил ичида кўр бўлиб қолибди. Вақтида бирор қариндошга меҳр-оқибат кўрсатмаган, устига оғзиям шалақроқ бўлган экан, қариндошлариям безор эмиш. Ҳалиям маҳалла-куйнинг борига шукр, кўплашиб бузилиб, ёғоч-тахталари сотилиб кетган уйнинг бир хонасини ёпиб, таъмирлаб беришибди. Шу хонада ётиб турармиш. Ўзларининг қишлоғида тиланиб юраркан. Бугун катта масжидга кўпчилик ҳайит намозига йиғилишини эшитган, шекилли, бизнинг қишлоққа келипти. Отасининг гапларини тинглаб бораркан Фазлиддиннинг ёдига болалиги, қишлоқдаги мактаби бошланғич бўлганлиги учун Дўнгтепанинг мактабига бориб ўқигани, рўза тутгани учун Эшмат муаллим уни ургани, оғзини куч билан очиб сув ичиргани, мулла Абдураҳмон раҳматлик «Хафа бўлманг, мулла ўғлим, рўзангиз бузилгани йўқ, рўзангиз қасд қилиб ўзингиз сув ичсангиз бузилади, сизга худосиз Эшмат ичирибди, рўзани бузмай давом эттираверинг, Эшматни қўяверинг, ҳаммага «Худо йўқ, бўлса кўрсатинглар, мен бир кўрай, менга бир ўзини кўрсатсин», деб юрган нодон-да у. Бир куни Худо унга кўрсатади ўзини», деганлари, шу муаллим сабаб олти чақирим узоқдаги қўшни тумандаги ўрта мактабга уч йил қатнаганлари келди. Уни азиз муаллимга чақиб берган синфдоши ёдига тушди. Ортига ўгирилиб онасидан сўради. — Ойи, Сарвигул деган синфдошимиз бўларди, яхши яшаяптимикин? — Бу муаллимни кўргач, ўша синфдошингни ҳам сўрасанг керак, деб турувдим, – деди онаси. – Уям феълидан топибди, болам. Бир-иккимас, уч марта турмуш қурибди, аммо тинчимабди. Ҳозир бозор эшигида писта, сигарет, нос сотиб ўтирар эмиш. Қўй, уларни ўйлаб сиқилма, ўғлим. Аллоҳ ҳар кимнинг феълига, ниятига яраша беради. Машина Тошкент йўлига чиққач, Фазлиддин йўл бўйидаги шинамгина бир чойхонада тўхтади. Ўғли ҳам иккинчи машинани шу ёққа бурди. — Шу ерда бир-икки соат дам оламиз, – деди Фазлиддин отасига. – Дилимга бир нима келди. Фазлиддин чойхоначига чой-пой олиб келишини, бирор соатдан сўнг тайёр бўладиган қилиб димлама тайёрлаб беришини илтимос қилди. Ўзи «дарров келаман», деб Самарқандга йўл олди. Фазлиддин кетар чоғи ўғлини чақириб масжидга қайтиб боришини, Эшмат муаллимни топиб, ҳеч кимга билдирмай машинага миндириб келишини тайинлади. Ўзи шаҳарга тушиб Эшмат муаллим учун костюм, кўйлак, туфли, дўппи, жойнамоз ва тасбиҳ сотиб олди. Фазлиддин энди қайтиб келган эди ҳамки, ўғли ҳам Эшмат муаллимни машинасига миндириб етиб келди. — Ҳеч ким кўрмадими, – сўради Фазлиддин. — Бизнинг қишлоқдан чиқиб Дўнгсой томонга кетяптилар экан. Ҳеч ким кўрмади. Аммо келгунча минг марта кимлигимни, қаерга олиб кетаётганимни сўрадилар. «Уйингизга олиб бораман», деб олиб келавердим. — Тўғри қилибсан, – деди Фазлиддин. – Уйига олиб борамиз. Олдин бир муаллимни муаллимдай кийинтириб қўяйлик. Фазлиддин чойхоначидан сўраб-суриштириб, чойхона ортида чойхоначининг уйи бор эканини, уйда ҳаммоми борлигини билди ва Эшмат муаллимни олиб бориб чўмилтириб, янги кийимларни кийдириб келди. Энди ҳеч ким уни гадой ё тиланчи демасди. — Кимсизлар, менга бунча ғамхўрликни ким қиляпти,–— деб такрор-такрор сўрарди Эшмат муаллим. – Жаббор ўғлим, сен қайтиб келдингми? — Ҳа, мен ҳам ўғлингиз қатори ўғлингизман, домла, – деди Фазлиддин. – Фазлиддинман. Аммо мени эслолмасангиз керак, саккизинчигача ўқитувдингиз. — Қайси Фазлиддинсиз, ўғлим? Кимнинг ўғлисиз? — Аввал тушлик қилиб олайлик, кейин ўзимни таништираман. Фазлиддиннинг ишораси билан таом сузилди. Фазлиддиннинг ўзи Эшмат муаллимни овқатлантириб қўйди. Бир пиёла чой ҳам ичиргач, сўзлади: — Отамни сўрадингиз, отам ёнингизда ўтирибдилар. — Эшмат муаллим, мен Собирман. Қўштепалик уста Собир. Эсладингизми?,– деди Собир ака. Эшмат муаллим бир қалқиб тушди. — Ҳожи ака, сизмисиз? Эсладим, сизни ҳам эсладим Фазлиддин. Сизни бир кўрсам-у, кечирим сўрасам, деб юрар эдим. Мана, учрашдик. Афсус, мен сизни кўролмайман. Аммо эшитдим, улуғ мартабаларга эришибсиз. Завод, фабрикалар очибсиз. Ҳажга ота-онангизни олиб борибсиз. Аллоҳ зиёда қилсин! Аллоҳ, Аллоҳ! Эсингиздами, сизни ноҳақ ранжитувдим. Ёшгина бўла туриб «Сизга Худодан қайтмаса у дунёю бу дунё рози эмасман», деб йиғлаб чиқиб кетувдингиз. Мана, шу дунёнинг ўзида қайтди. «Худо йўқ», деб ўқитишган, биз шунга ишониб алданганмиз-да, ука. Худо борлигини кўрсатди, қудратиниям кўрсатди, ука. — Эшмат муаллим пиққиллаб йиғлашга тушди.– Мени кечиринг, Фазлиддинжон. — Домла, йиғламанг, – деди Фазлиддин. – Бўлар иш бўлди. Мен сизни кечирдим. Энди, хўп десангиз, бир иш қиламиз, бир «Қариялар уйи» бор. Фирмамиз оталиққа олган. Эшитдим, ҳеч кимингиз қолмабди. Тиланиб юришингиз яхшимас. Ахир сиз бизнинг устозимиссиз. Рози бўлсангиз, сизни шу «Қариялар уйи»га жойлаштираман. Ҳамма шароитлари яхши. Ўзим ҳам тез-тез хабар олиб тураман. Нима дедингиз? — Нима дердим, укажон, Худо зиёда қилсин! Мартабаларингиз бундан ҳам улуғ бўлсин! Аммо мени хижолат қилдингиз. Ўз боламдан кўрмаган мурувватни ўзим хорлаган ўқувчимдан кўрсам, э воҳ! — Хижолат бўлманг, домла, ҳали насиб қилса операция қилиб, кўзингизни ҳам очамиз, – деди Фазлиддин ва отасига юзланди: – Дадажон, энди дуо қилинг, домламизни ҳам олиб, йўлга чиқайлик! — Илоҳи омин, – дуога қўл очди Собир ака. – Ҳеч кимни тўғри йўлдан адаштирмасин! Фарзандларимизнинг умри узун, ризқу насибаси бутун бўлсин! Юртимиздан меҳру-оқибат кўтарилмасин! Мурувват қалбларимизни тарк этмасин! Аллоҳу Акбар!

Каримберди ТЎРАМУРОДОВ

Мавзуга оид мақолалар
Йигирма бешинчи кун... Ассалому алайкум. Бугун Рамазоннинг йигирма бешинчи куни. Бу йил ҳам аввалги давоми...

21:37 / 20.06.2017 6052
embedhttpswww.youtube.comwatchvsSkds7kE0hoembed

18:44 / 13.08.2018 5047
Иймонга мос келмаган кийим тўғрисида Давримиз аёлининг диндорлик, ахлоқ, номус ҳақидаги тушунчалари билан давоми...

14:26 / 15.11.2016 6749
 4. Ейиш ва ичишда тартибга, кетмакетликка риоя қилмаслик. Бу қоидага, одатда, риоя қилинмаганлиги сабабли давоми...

07:25 / 26.12.2016 4046