Маҳси воқеаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МАҲСИ ВОҚЕАСИ

Масжидимиз имоми намозга келолмай қолган вақтларида, у кишининг шогирдлари ҳам бўлмаса, каминани имомликка ўтказиб қолардилар. Хусусан, олдинлари бу ҳол бўлиб турар эди. Шундай кунларнинг бирида Аср намозига ўтиб беришимни сўрашди. Имомликка ўтдим, ортимда биринчи сафда илмдан бироз хабари бор бир киши турди. Намозни ўқиб бўлиб, зикр ва дуоларни қилганимиздан сўнг, жамоат тарқала бошлади. Мен ҳам бироз ўтиб ўрнимдан турмоқчи бўлганимда ортимдаги ҳалиги киши тўхтаб туришимга ишора қилди. Мен биринчи сафга ўтиб, у кишининг ёнига ўтириб турдим. Жамоат тарқалиб бўлаёзганда у киши менга:

— Тақсир, маҳсига масҳ тортасизми? – деди.

Дарҳол хаёлимга маҳсига масҳ тортиб бўлмайди деган гап чиқибдимикан, деган ўй келди. Сўнг:

— Ҳа – дея жавоб қилдим.

У киши маҳсимнинг таги йиртиқ эканини айтди. Бундан мени мутлақо хабарим йўқ эди. Юрагим шув этиб кетди, бутун жамоатнинг намози елкамда!..

Дарҳол маҳсимни ўгириб қарадим, дарҳақиқат йиртиқ бор эди. Энди хавотирим янада ортди. Маҳсини ечиб бармоғимни суқиб кўрдим – ҳайрият!

- Учта бармоқ кирмаяпти-ку – дедим. У кишининг ўзлари буни синаб кўрмоқчи бўлдилар, қўлимдан маҳсини олиб, бармоқ суқа бошладилар.

Асли у киши билан орамизда бир неча маротаба кўнгилхираликлар бўлган эди. Шунинг учун бўлса керак, холисликдан бироз бурилиб, иккита бармоқларининг устига учинчисини қўйиб, маҳсига бармоқларини суқдилар. Мен эса:

— Сиз мажбурлаб тиқяпсиз – деб қизишдим.

У киши кўнмади, орада бироз баҳс бўлди. Шу пайт бизни кузатиб турган бир биродаримиз келиб, «тортишманглар» дея бизни тинчлантирмоқчи бўлди. «Йўқ, бу ерда шаръий масала ҳақида гап кетяпти», деб биз қайсарлик қилдик. Сўнг у биродар бир масжиднинг имомига қўнғироқ қилиб, масалани ҳал қилишни таклиф қилди. Шундай қилдик, камина домла билан гаплашдим. Бўлиб ўтган воқеани тушунарли қилиб айтдим, у киши намоз бузилмаганини, учта бармоқ ёнма-ён турган ҳолатда кирмаса, маҳсига масҳ тортиб бўлишини айтди.

Жавобни уларга айтдим, лекин баҳслашаётган киши буни қабул қилгиси келмади, мен эса Аллоҳга ҳамд айтган ҳолда ортиқ баҳслашмаслик учун масжиддан чиқиб кетдим.

Ўша куни оёғимни ювмоқчи бўлган эдим, лекин ювмай қўя қолган эдим. Бундан қаттиқ афсусландим. Дарҳол бориб маҳсини тиктирдим ва шундан сўнг доим маҳсига эътиборли бўладиган бўлдим. Шу билан бирга бу масалани Шайх ҳазратларидан сўрашни ҳам ўйлаб қўйдим.

Орадан бир қанча вақт ўтиб, ҳамшаҳарларимиз билан икки машина бўлиб ҳазратнинг ёнларига бориш учун сафар қилдик. Йўлда ҳазратга бериладиган саволларни ўйлаб олишимиз кераклиги ҳақида баъзимиз баъзимизга эслатдик. Лекин ҳаммамиз бир жойда жам бўлиб, бемалол суҳбатлаша олмаганимиз сабабли бўлса керак, токи ҳазратнинг қабулларига бориб, навбатда турмагунимизча бу масалани кўриб чиқолмадик. Навбатда турганимизда кимда нима савол бўлса, орамиздаги катталарга айтдик ва биздан уч киши ҳазратга саволларни беришга, қолганлар одоб билан тинглаб туришига келишдик. Мен ҳам маҳси ҳақидаги саволни айтдим, йўлда ҳам бу ҳақида айтган бўлсам ҳам, афсуски, қабулга киргач, ҳазратнинг салобатлари сабабидан бўлса керак, бу савол савол берувчининг ёдидан чиқиб қолди.

Суҳбатнинг сўнгида – ҳазрат саволларга жавоб бериб бўлиб, дуо ҳам қилганларидан сўнг ҳамма энди ўрнидан қўзғалмоқчи бўлиб турганда саволни ўзим сўрашга қарор қилдим ва «Ҳазрат!» дедим. Ҳамма тўхтади, ҳазрат каминага юзландилар. Сўнг ҳазратдан битта савол сўрашга ижозат сўраган эдим,  ижозат бердилар.

— Маълумки, учта бармоқ сиғадиган йиртиқ бўлса, маҳсига масҳ тортиб бўлмайди. Шу учта бармоқни бундай тиқишми ёки иккитаси тагида бўлиб, биттаси устидан бўлсаям, шундайми? – деб савол берган ҳолда бармоқларим билан кўрсатдим.

Ҳазрат учта бармоқ ёнма-ён ҳолда маҳсининг йиртиғига кирса, масҳ тортиб бўлмаслигини айтдилар.

Ҳазратга ташаккур айтдим ва барчамиз ўрнимиздан туриб, ҳазратнинг қабулхоналаридан чиқдик.

Хавотирларим бутунлай тарқади. Юзимга қувонч барқ урди. Бутун жамоатнинг намози зиммамда бўлганидан ташвишда эдим, алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ Ўзи нусрат берди. Шу билан бирга, ҳазратнинг шахсан ўзларидан савол сўраш бахти насиб қилганидан бахтиёр эдим.

Ғиёсиддин

Мавзуга оид мақолалар
 Агар қайт рўзадордан ғолиб келса ёки эсидан чиқиб оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, назар солиб туриб давоми...

14:42 / 18.11.2016 4203
Аллоҳ таолога бандаларнинг дуо қилишлари маҳбубдир. Дунёда қайтақайта бир шахсдан кичиккичик нарсалар давоми...

06:11 / 29.12.2016 2733
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон туғилганлар            Жавоб Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

14:24 / 24.11.2017 2402
Ким жинсий яқинлик қилса ёки унинг икки йўлидан бирига яқинлик қилинса, рўзаси бузилади. Қасдан ғизо ёки давоми...

06:05 / 18.11.2016 5509