Ҳайвонлардан ортган сувнинг ҳукми
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир.

Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.

Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич қушлар ва уйлардан маскан оладиган сичқон, калтакесак каби ҳайвонларники макруҳдир.

Эшак ва хачирники шаклидир. Агар бошқаси бўлмаса, ундан таҳорат қилиниб, кейин таяммум ҳам қилинади.

Тер ҳам қолган сувга ўхшайди.

Бу жумлаларда, бир тоифа жонзотлар теккан сувдан покланиш учун ишлатса бўладими, йўқми – шу ҳақида сўз кетмоқда. Уларнинг ичида поки ҳам, нажаси ҳам, макруҳи ҳам, шаклиси ҳам бор.

 1. Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир.

Бу ерда «одамдан» дейилиши номики одам бўлса, ундан қолган сув пок бўлишини англатади. Одам мўминми, кофирми, хотинми, эркакми, каттами, кичикми, жунубми, ҳайз кўрганми – фарқи йўқ. Фақат ароқ ичган бўлмаса, бўлди. Агар ароқ ичган бўлса, оғзи нажас бўлгани учун, унинг оғзидаги ва оғзи теккан нарсалар ҳам нажас бўлади. У оғзидаги нажосатни кетказиш учун уни ювмоғи, сув ичмоғи ёки тупугини уч марта ютмоғи даркор.

Одамнинг поклиги ҳақидаги далиллар:

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан бирида йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, беркиниб олдим».

Бошқа ривоятда:

Билдирмай четландим. Бориб, ғусл қилиб келдим. Ул Зот:

«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» – дедилар. Мен:

«Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», – дедим. Ул Зот:

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас»,–дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен ҳайзли ҳолимда бирор нарсани ичиб, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдим. У киши менинг оғзим теккан жойга оғизларини қўйиб ичар эдилар. Мен ҳайзли ҳолимда суякни ғажиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдим. У киши менинг оғзим теккан жойга оғизларини қўяр эдилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен ҳайзли бўлган ҳолимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга суяниб олиб, Қуръон ўқир эдилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен ҳайзли бўлган ҳолимда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устимдаги мирт(жун чойшаб)нинг бир томонини устларига қилиб олиб намоз ўқир эдилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

Бу ерда отнинг алоҳида зикр қилиниши шубҳани кўтариш учундир. Чунки уламоларимиз орасида отнинг гўштини ейиш ҳалол деганлари ҳам, ҳаром деганлари ҳам бор. «Отнинг гўшти ҳаром» деганларнинг гапига биноан, ундан қолган сув ҳам пок бўлмаслиги керак, деган фикр келиши мумкин. Бунга мутлақо ўрин йўқ. Чунки «Отнинг гўштини ейиш ҳаром» деганлар унинг нажаслиги учун эмас, жиҳодга керак бўлиши учун шундай деганлар. Аслида, отнинг гўшти поклигига ҳеч ким ихтилоф қилмаган.

Гўшти ҳалол қуш ва ҳайвонларнинг сўлаги ҳам пок. Чунки сўлак гўштдан ҳосил бўлади. Бинобарин, улардан қолган сув ҳам пок бўлади.

 2. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.

Шер, қоплон, йўлбарс, бўри, тулки, чиябўри, ит, чўчқа, фил, маймун каби ҳайвонлардан ортиб қолган сув ва бошқа нарсалар ғализ нажосат ҳисобланади. Уларни мутлақо ишлатиб бўлмайди. Худди ўлимтикнинг ҳукмига ўхшайди. Фақат зарурат юзасидан, ноилож қолганда ишлатса бўлади, холос.

Далиллар: Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида:

«Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар, ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир», деган (145-оят).

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у(идиш)ни етти марта ювсин», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда: у(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин, дейилган.

Яна бошқа ривоятда: еттинчиси тупроқ билан бўлсин, дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Йиртқич ҳайвонларнинг гўшти ҳаром бўлгани учун ўша гўштдан пайдо бўлган сўлаги ва у теккан ҳар бир нарса ҳам нажас ҳисобланади.

  3. Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич қушлар ва уйлардан маскан оладиган сичқон, калтакесак каби ҳайвонларники макруҳдир.

Қўйиб юборилган товуқ нажосатли нарсаларни ейди. Бунга ёввойилашиб кетиб, нажосатларни ейишга одатланган сигир ва туялар ҳам қўшилади. Мазкур нарсалар, йиртқич қушлар ва мушук, сичқон, илон каби уйларда учраб турадиган ҳайвонларнинг сарқити макруҳдир. Бошқа сув бўлмаса, буларни ишлатса, бўлади.

Далил:

  Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши айтадилар:

«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Мен унинг таҳоратига сув қуйиб бердим. Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди. Бас, у ўзига назар солаётганимни кўрди ва:

«Эй биродаримнинг қизи, ажабланаяпсанми?» – деди. Мен:

«Ҳа», – дедим. У:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир, деганлар», – деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шу билан бирга, ушбу ва бошқа ҳадисларда мушук теккан сув ҳақидаги ривоятлар маълум ҳолатларга асослангани ҳамда мушук сичқон ва унга ўхшаш нарсаларни ейиши эътиборидан уламоларимиз «мушук теккан сув макруҳ», деганлар. Яъни мушук теккан сувдан бошқа сув бўлса, ўша бошқа сувда таҳорат қилиш яхшироқ, деганлар.

Бу ҳукмга кирган барча ҳайвон ва қушлар мушукка қиёс қилинган.

  4. Эшак ва хачирники шаклидир. Агар бошқаси бўлмаса, ундан таҳорат қилиниб, кейин таяммум ҳам қилинади.

Эшак ва хачир ҳаром бўлса ҳам, уй ҳайвонидир. Улар сувга тегиб қўйиши эҳтимоли кўп бўлганидан, кишиларга осонлик туғдириш учун, уларнинг бу борадаги ҳукми бир оз енгиллаштирилган. Шу билан бирга, уларнинг ҳукми сичқон, мушук каби уйларда бўладиган кичик ҳажмли, ҳамма ерга кириш имкони бор ҳаром ҳайвонларнинг ҳукмидан бир оз оғирлаштирилган.

  5. Тер ҳам қолган сувга ўхшайди.

Қайси нарсадан қолган сув пок бўлса, унинг тери ҳам пок бўлади. Қайси нарсадан қолган сув нажас бўлса, унинг тери ҳам нажас бўлади. Қай нарсадан қолган сув макруҳ бўлса, унинг тери ҳам макруҳ бўлади. Қай нарсадан қолган сув шакли бўлса, унинг тери ҳам шакли бўлади.

 
Мавзуга оид мақолалар
Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталик меҳрларидан доимо баҳраманд бўлар давоми...

21:00 / 18.11.2016 3789
embedhttpswww.youtube.comwatchvg9BGHDqsH8embed

17:25 / 22.10.2018 2747
Манба «fithacker.ru» сайтидан Азиза таржимаси WiFi унсиз қотил    Ҳозирги кунда интернетга симсиз уланиш давоми...

20:00 / 20.03.2017 23160
    Бизда зиёрат деб савоб бўладиган ишларга айтилади. Масалан, бемор кўриш, олим ва улуғ инсонларни зиёрат давоми...

12:31 / 01.02.2017 6224