Ҳар дарднинг шифоси бор
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Юрак хасталиклари давоси. Буйрак хасталиклари давоси. Бош оғриғини даволаш. Жигар хасталикларини даволаш. Кўз хасталиклари давоси. Меъда касалликларини даволаш. Нафас қисишини даволаш. Ич кетишини даволаш. Йўтални даволаш. Қандли диабетни даволаш. Асабни даволаш. Ичак хасталикларини даволаш. Истисқо (сариқ сув касаллигини) даволаш. Сариқ касаллигини даволаш. Бўғим оғриқларини даволаш. Гриппни даволаш. Тумовни даволаш. Бурундан қон кетишини даволаш. Томоқ оғриғи даволари. Қулоқ оғриғи даволари. Тиш оғриғи даволари. Турли яралар давоси. Сийдик (пешоб) хасталиклари давоси. Юз парвариши. Илон-чаён чақиши. Қутурган ит тишлаши давоси. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва тиббиёт

Юрак хасталиклари давоси

Тухумни чала пишириб, сариғи еб юрилса, юракни қувватлантиради.

 Юраги сиқилиб, хафақон дардига учраган киши ўзига ёқадиган хушбўй нарсалар (атиргул, райҳон, атир кабилар)ни ўзи билан бирга олиб юриши керак.

Иссиқ мизожли одам кашнични майдалаб еб юрса, юракка қувват беради, уни хафаликдан қутқаради.

Ҳайвон (мол-қўй) юрагини ҳил-ҳил қилиб пишириб ёки ёғ билан қовуриб, сирка қўшиб ейилса, юракка қувват беради, хафақон иллатини қувади.

Ҳар куни наҳорга ўрик шарбатидан бир пиёла ичиш ёки кунига 4-5 та ўрик туршаги еб юриш ҳар қандай юрак хасталигини даволашда қўл келади ва юракни бақувват қилади.

Говчашм (сигиркўз) шираси, говзабон шираси, гулоб юракка қувват бағишлайди.

Овқатланишда крахмал, сут маҳсулотлари, қанд-шакардан тийилиш ҳам бу касалликда фойда беради.

Анбар (кашалот балиғидан олинадиган хушбўй модда) кексаларнинг юрагига қувват беради.

Бинафша ёғи, ширин олма шарбати, ширин анор шарбати юракни қувватлантиради.

Капалакгулнинг гулларидан чой дамлаб ичиш ҳам юрак хасталигига даво.

8 г пиллани сувда қайнатиб, оқ қанд билан қиёмга келтириб ейилса, юракни қувватли қилади.

Тол барги ва новдаларини ёйиб, устига ётилса, юрак ҳароратини даф қилади.

Сариқ чой (далачой)нинг қуруқ ўтини сувда қайнатиб тиндиргач, бир ош қошиқда кунига 2-4 марта овқатдан кейин ичиш ҳам фойда беради.

Қуритилган кашнич, беҳи истеъмол қилиш, оқ атиргул ҳидлаш билан юракни қувватлантириш мумкин.

Беш гр. кунгабоқар илдизининг сувини ичилса, совуқликдан заифлашган юракка шифодир.

Кунига бир коса янги соғилган сигир сутини иссиғида ичилса, юракка куч бағишлайди.

Нок, хандон писта, анжир юрак заифлиги ва хасталикларини даволашда яхши шифодир.

Дашт ялпизи, сув ялпизини янчиб сув билан ютилса, юракнинг беҳузур бўлишига шифодир.

Ҳар куни икки грамм қалампирмунчоқни янчиб, сув билан ютилса, юрак беҳузурлигини даф қилади.

Олвали (майда олча) ва барча турдаги беҳи юрак беҳузурлигини даволашда энг яхши воситадир.

Лимонни шакар чой билан ичиш ҳам юрак беҳузурлигини кетказади.

Совуқ мизожли одамлар 8 грамм, иссиқ мизожли одамлар эса 2 граммдан седана еб юришса, юрак беҳузурлигидан фориғ бўлишади.

Буйрак хасталиклари давоси

Саримсоқни сувда ёки ўтда пишириб, турп уруғига қўшиб еган кишида буйрак тошидан асар ҳам қолмайди. Хом саримсоқ эса хаста буйракка зарар етказади.

Сийдиги томчилаб юрадиган киши чигирткани қовуриб еса, бу дарддан омонда бўлади.

Сийдик юриши сустлашса, чилонжийда есангиз, сийдик йўлларини тозалаб, равонлаштиради.

Сия олмасдан қийналаётган одам саримсоқ поясини сувда қайнатиб, белигача шу сувга тушиб ўтирса, албатта, фойда беради, иншаааллоҳ.

Уйқусида сийиб қўядиган одам шакар, исириқни ёққа аралаштириб еса, бу дарддан фориғ бўлади.

Зулукни қуритиб, асал билан аралаштириб яланса, буйракдаги тошларни майдалайди.

Петрушка уруғи, нўхат ва асалдан истеъмол қилиб юрган кишининг қовуғи мустаҳкам бўлади.

Ўн бештача катта зулукни ювиб, қуритиб, йигирма мисқол туйилган чувалчанг билан бирга тоза кунжут ёғида қайнатиб, сув оқиб кириши натижасида шишиб кетган моякка бир неча кун иситиб суркалса, бу иллатни батамом йўқотади.

Буйракда агар тош бўлса, игна санчилгани каби қийнаса, темиртикан сувини ток кули билан аралаштириб, наҳорда ичилса, албатта, шифо бўлади.

Буйрак бодидан азият чеккан одам туз ёки кепак қиздириб босса, хасталикдан қутилади.

Ошқовоқдан олинган шарбат буйрак хасталикларига даводир.

Нўхат суви, турп япроғининг суви, турпнинг ингичка ва сўлимагани буйракдаги тош ва чиқитларни ҳайдаб туширишда энг яхши восита ҳисобланади.

Чумчуқ гўшти ва чаённинг кули буйрак ва қовуқдаги тошни туширади.

Маймунжон ва беда илдизлари, гулхайри уруғи, олча меваси, дўлана елими буйракдаги тошни майдалаб чиқаради.

Хирсқулоқ япроғининг 10 гр.ни сувда 15 дақиқа қайнатиб, тиндириб ичсангиз, буйрак касалликларига шифо бўлади

Хина илдизи, тоғ петрушкаси, ялпиз, эрман, дашт бодрингининг уруғи ва илдизи, ширин ажриқ илдизи ҳам буйрак ва қовуқдаги тошларни майдалаб ҳайдайди.

Ҳар куни 3 г қалампирмунчоқни чой ёки доғ сув билан ичилса, буйракдаги совуқликни кеткизади.

Сариқ чой (далачой) ўтини сувда қайнатиб, тиндириб ичсангиз, буйрак хасталикларидан халос бўласиз.

Саримсоқни сирка билан қўшиб ейилса, буйракдаги шишни даф қилади.

Ёнғоқ мағзи билан асалдан мураббо тайёрлаб еб юрилса, буйракни семиртиради.

Оқ тут буйрак ёғини мустаҳкамлашда энг яхши даводир.

Ҳар куни 2-3 г дан зиғир уруғини янчиб еб юрсангиз, буйрак яраси ва жароҳатларидан фориғ бўласиз.

Узумнинг янги шарбати буйракдаги тошларни йўқотишда фойда беради.

Сигир сути, гуруч ва ёнғоқ мағзидан пиширилган ширгуруч буйрак ва баданни семиртиради.

Уруғи олинган майиз, балиқ кабоб, мош буйрак хасталикларига даводир.

Аччиқ бодом меваси ва илдизи, ширин бодомнинг шакар солиб тайёрланган мураббоси, ширин пишган қовун буйракни турли хасталиклардан халос қилади.

Пишган узумни пўсти ва уруғидан тозалаб еб юрилса, буйрак ёғини кўпайтиради.

Зиғир уруғининг қайнатмасини кунига беш-олти мартадан икки ҳафта мобайнида ичиш буйрак тошларига даводир.

Кунига 7-8 грамм ялпизни эзиб, шакар ва асал аралаштириб ичилса, заифлашган буйракка шифо бўлади.

Бош оғриғини даволаш

Бош оғриғини йўқотиш учун осойишталикдан, узоқ фикрлашга барҳам беришдан кўра яхши даво йўқ.

Бош оғриганда асло уқаламаслик керак, оғриқ босилса-да, кейинчалик зарар қилади. Бош оғриғида оёқ кафтини уқалаб, яхшилаб муштлаш фойда беради.

Бош оғриғининг турлари кўп: мизож ўзгариши, шақиқа, шамоллаш, ўта диққат бўлиш, қаттиқ чарчаш, заҳарланиш, табиий таъсирлар ва бошқалардан бош оғриши мумкин. Уни даволашда ана шу омилларни ҳисобга олиш даркор.

Боши оғриган киши қизил атиргулнинг япроғини қайнатиб ёки офтобда сақлаб олинган мойидан суркаб юрса, дарддан фориғ бўлади.

Агар иссиқдан бош оғриса, салқинга ўтиб, кўкнор, гулхайри ва оқ атиргулни янчиб бошга суркаш фойда беради.

Ёнғоқнинг тоза яшил пўстлоғини янчиб, хина билан аралаштириб бошга суртилса, оғриқни қолдиришда ёрдам беради.

Мойчечак (ромашка) гулини сувда қайнатиб, чой каби ичиб юрилса ҳам, бош оғриғида фойдаси тегади.

Агар бош лўқиллаб ёки зирқираб оғриса, бинафша гулини ёки хантал (горчитса)ни асал билан аралаштириб, манглайга боғлаб ётсангиз, дардингиз енгиллашади.

Агар бош айланса, сунбул ўтини қайнатиб суви ичилса, у тўхтайди.

Мабодо бош оғриғи камқонликдан бўлса, олма, беҳи, узум ва бодомни қанд-шакар билан аралаштириб ейиш ва новвотли чой ичиш дардни енгиллаштиради.

Қашқар бедани сувда қайнатиб, суви истеъмол қилинса, бош оғриғига шифодир.

Бош оғриғидан халос бўлиш учун бир сиқимдан гулхайри ва бинафша гулидан, уч сиқим буғдой кепагини қайнатиб, сувига оёқ солиб ўтириш керак.

Сафродан бўлган бош оғриғида арпа суви ва мошни қайнатиб ичиш фойда беради.

Савдо туфайли бошланган бош оғриғига чалинганлар девпечак шарбатини ичишса, бодом ва мойчечак (ромашка) мойини аралаштириб суркашса, нўхат солинган угра ош истеъмол қилиб юришса, иншаа аллоҳ, шифо топишади.

Иссиқда кўп юриш туфайли бош оғрий бошласа, исмалоқ шираси ва гулхайри сувини аралаштириб суркалса, даво бўлади.

Шақиқа (бошнинг ярми оғриши)да заъфарон ва кўкнор уруғини туйиб, гулоб (гул суви)да хамир қилиб суркалса, фойда беради.

Исмалоқ шарбатидан бир-икки ош қошиқ ичиб туриш миянинг лорсиллаб оғришидан халос қилади.

Жигар хасталикларини даволаш

Қизил бодрезак мевасининг шарбатини асал билан аралаштириб ичсангиз, жигар хасталигига даво бўлади.

Иссиқликдан бўлган жигар хасталикларига қоқигул, боғ ва чўл саратқиси жуда фойдалидир.

Жигар кучсизлигини даволашда заъфарон, анор дони ва майизни уруғи билан чайнаб ейиш қўл келади.

Ғозпанжа ўтини сувда қайнатиб, овқатдан олдин кунига 3-4 мартадан ичсангиз, жигарингизга даво бўлади.

Ҳар куни 3-5 гр. зира истеъмол қилиб юрилса, жигарни мустаҳкамлайди.

Жигарни тозалаш учун ҳар куни 5 граммдан кунгабоқар илдизининг сувидан ичиб юриш керак.

Тол барги ва новдаларини ёйиб устида ётилса, жигар иссиғини даф қилади.

Ширин анор сувини мунтазам истеъмол қилиб юрилса, жигар тозаланади ва қуввати ортади.

Мунтазам шакар истеъмол қилиш билан жигарни кучлантириш мумкин.

Қончўп ўтининг гулини ёки илдизини сувда қайнатиб, озгинадан ичиб юрсангиз, жигарингиз мусаффо бўлади.

Балиқни оловда кабоб қилиб ейилса, заифлашган жигарга жуда фойдали.

Кунига уч донадан аччиқ бодомни асалга қўшиб еб юрилса, жигар хасталикларига даводир.

Ҳар куни 7 г дашт сабзиси гиёҳини қуритиб, янчигач чой ва асалга аралаштириб ичилса, совуқ жигарга иссиқлик бахш этади.

Ўн беш грамм қовун уруғини янчиб ейилса, жигардаги тиқинларни очади.

Қурутни сувда эзиб ичилса (қуртоб) жигар ҳароратини пасайтиради.

Лимон сувини шакарли чойга аралаштириб ичилса, жигарга қувват бағишлайди.

Кунига 80-100 грамм шавел еб юрилса, жигарни мустаҳкамлайди.

20 грамм семизўт уруғини янчиб, элакдан ўтказиб, шакарли сув билан ичилса, жигар ҳароратини пасайтиради.

Ширин олма шарбати ва анжир жигарни қувватли қилади.

Хом хондон писта мағзи жигар совуқлигига даво.

Бодринг ва олвали жигар тиқинларини очади.

Ошқовоқ сувда қайнатиб ейилса, жигар ҳароратини пасайтиради.

Бир ярим-икки грамм қалампирмунчоқни янчиб, янги соғилган сигир сути билан наҳорга ичилса, жигарга қувват беради.

Сабзини сувда қайнатиб, сўнг у асалга қўшиб ейилса, қонни тозалайди ва жигарга ёрдам беради.

Сирка ва асал қўшиб еб турилса, жигар хасталикларига шифо бўлади.

Жигари хасталанган беморлар товуқ гўшти, анор, майиз, нўхат истеъмол қилишлари, қатиқ ичиб туришлари керак.

Агар жигарингиз камқувват бўлса, равоч илдизини майда кесиб, қуритиб, ҳовончада янчиб шиша идишга солиб қўйинг-да, ундан эрталаб еб туринг.

Кўз хасталиклари давоси

Агар оқ пиёзнинг сувини чиқариб кўзга суртилса, шилпиқлик, шабкўрлик (қоронғу тушганда кўролмаслик)да фойда беради.

Агар кўзда бирор дард пайдо бўлса, кийик ўтини туйиб суркаш фойда беради.

Кўзидан сув оқиб қийналаётган одам эрталаб ва кечқурун кўзига сурма қўйса, бу дарддан халос бўлади.

Кўзга оқ тушганда қуён ўти қуритиб туйилади ва кўзга суртилади, иншаааллоҳ, албатта, даво бўлади.

Қалдирғоч гўштини тановул қилсангиз, кўзингиз равшан бўлади.

Ловияни ҳовончада янчиб сурма каби кўзга суртсангиз, киприкнинг ичига ўсишини йўқотади.

Ловияни асал билан аралаштириб кўзга боғланса, кўз милкларининг қизаришини ва шишини йўқотади.

Сунбулни қайнатиб, суви билан кўз ювилса, қизиллигини йўқотади.

Мойчечак (ромашка) гулидан сув олиб кўзга томизсангиз, кўз оғриғи қолади.

Лола сувидан кўзга томизилса, кўз оғриғини ва ярасини тузатади.

Чаённи куйдириб, кули кўзга суртилса, кўз заифлигини йўқотади.

Оқ эчкининг буйрагини кабоб қилиб, кабобдан оққан қатра сели кўзга томизилса, кўз иллатини қувади, кўзни мусаффо ва нурли қилади, кўз қоронғулигини ва шабкўрликни кетказади.

Кўз шиллиқ пардасининг яллиғланишида қизил маймунжон баргини покизаланган ҳолда қўйилиши дардни енгиллаштиради.

Юмшоқ, хом зира сувидан бир неча маротаба кўзга суртилса, кўз оқи тузалади.

Ҳар ким саҳарда беш дона шолғом пишириб еса, кўзи равшан бўлади.

Лола суви билан асални аралаштириб суртсангиз, кўздаги оқ тузалади.

Оқ пиёзни эзиб, эмизикли аёл сути билан қўшиб, уч маротаба кўзга томизилса, кўз оқи кетади.

Туя жигарига мурч, қалампир сепиб кабоб қилиб пишираётганда кабобдан оқаётган сувдан кўзга суртилса, шабкўрликни йўқотади.

Пати энди чиқаётган кабутар боласи қонини кўзга суртсангиз, шабкўрликдан қутуласиз.

Хантал (горчитса)нинг ҳўл уруғини ҳовончада янчиб, сувини сиқиб олиб қуритилса, сўнг сурма каби кўзга суртилса, кўзнинг барча дардларига шифо бўлади.

Анжир кўкариб турган пайтда шохи синдирилса ё барги юлинса, шира чиқади. Ўша ширадан кўзга суртилса ё томизилса, кўзни қорайтириб турган пардани йўқотади.

Алоэдан истеъмол қилиб юрилса, кўз нурини кўпайтиради.

Кўз яллиғланганда ёстиқни баланд қилиш, кескин ҳаракатлар қилмаслик, бошни пастга энгаштирмаслик, оқлик ва нурга қарамаслик, меъдани овқат билан тўлдирмаслик фойда беради.

Кўз мижжаси шишганда семизўт баргини тухум оқига қўшиб кўзга чапланса, дарддан фориғ бўлинади.

Кўз бурчаги шишса (яъни «ғарб» чиқса), мош янчиб қўйилса, даво бўлади.

Меъда касалликларини даволаш

Қуруқ ялпиз, қалампирмунчоқни қайнатиб ичиш билан меъдадаги совуқ хилтни йўқотиш мумкин.

Меъда ва жигар оралиғида қаттиқлик ва озғинлик бўлса, арпа суви фойдали, унинг миқдорини кун сайин кўпайтириб 300 граммгача етказиш мумкин.

Етти-саккиз гр. аччиқ шувоқ (эрман) сувда қайнатиб ичилса, меъдага қувват бағишлайди.

Кунига 7 г сариқ бедани сувда қайнатиб ичилса, кўпгина меъда хасталикларига даводир.

Қуритилган ўрикни сувда қайнатиб, бир кундан сўнг ичилса, меъда ҳароратининг ортишига даво бўлади.

Ҳар куни 3-4 г саримсоқ истеъмол қилиб юрилса, меъдани тозалаб, кучга киргизади.

Ит узум поясини янчиб ташидан меъдага қўйиб боғланса, меъда шишини қайтаради.

Ҳар куни 15-18 г райҳонни янчиб ёки қиймалаб есангиз, меъда заифлигидан қутуласиз.

Лимон, шакар (оққанд) чойга солиб ичилса, қизиган меъдага қувват бағишлайди.

Меъдангизни қувватли қилмоқчи бўлсангиз, ширин бодомни ҳиди чиққунча қиздириб, мағзини енг.

Мунтазам беҳи еб юрилса, меъда қизиши ва бошқа хасталикларига даводир.

Буғдой кепагидан нон ёпиб ейилса, меъда намлилигини бартараф қилади, буғдой нони эса меъдага қувват.

Кунига 3-4 г дашт ялпизи (ҳулва)ни янчиб, сув ёки чой билан ичилса, меъдадан турли чиқиндиларни ҳайдайди.

Ҳар куни 5-7 г  занжабилни янчиб еб олинса, меъдадаги намлик ва ғализ бодларни йўқотади.

Кунига 7 г ошкўк уруғини (кашнич) янчиб, совуқ сув билан истеъмол қилинса, ҳароратли меъда меъёрига тушади.

Хандон пистанинг хом мағзи, сабзи, ширин олма шарбати меъдага қувват беради.

Ошқовоқнинг қуритилган пўстини янчиб есангиз, меъдадан қон оқишини тўхтатади.

Семизўтдан 60-120 граммни майдалаб, сутга аралаштириб ичилса, меъда қуртларини ўлдиради.

Мойчечак (ромашка) гулини чой каби дамлаб ичиб юрилса ҳам, меъда ярасига шифо бўлади.

10 граммча арча мевасини қуритиб, янчиб еб юрилса, меъдадаги қуртларни батамом ўлдиради.

Меъда дардларига товуқ шўрваси, гуруч ювилган сув истеъмол қилиш ҳам фойда беради.

Нафас қисишини даволаш

10 г сариқ бедани сувда қайнатиб, суви асал билан истеъмол қилинса, нафас танглигига даводир.

Арча мевасидан 30 г янчиб ва элакдан ўтказиб, 15 г мол ёғи қўшиб эзилади ва кўпиги олинган асал билан хамир қилиб бир ҳафта ялаб юрилса, балғамдан ҳосил бўлган нафас қисишига даво бўлади.

2 г ҳантал уруғини эзиб, асал билан истеъмол қилинса, нафас танглигидан халос бўласиз.

Ҳар куни 8-10 донадан чилонжийда меваси еб юрилса, нафас қисиши даф бўлади.

Кунига 8-9 г райҳон сувини асал билан қўшиб ичган одам нафас танглигидан халос бўлади.

Буғдой кепаги қайнатилган сувга шакар, асал, ширин бодом ёғи қўшиб истеъмол қилинса, нафас танглигига даводир.

Мурч ва анжир ҳам нафас танглигига шифо.

Бир граммдан мўмиё, асал ва алоэдан тайёрланган аралашма ҳар куни наҳорга истеъмол қилинса, нафас қисишига даво бўлади.

Арпа суви ҳам бу хасталикни даволашда қўл келади.

Нафас қисишидан халос бўлишни истасангиз, юз граммдан исириқ ва зиғирни ярим кило асалга аралаштириб, ундан бир чой қошиқда кунига уч маҳалдан истеъмол қилиб туринг.

Ҳафтасига бир марта ҳаммом қилиб, бинафша ёғидан етти граммдан ичилса, нафас қисишини йўқотади.

Ич кетишини даволаш

Қорағат мевасини сувда ярим соат қайнатиб кунига 3 маҳал ичилса, ич кетишини тўхтатади.

Гуручдан қилинган нон ва балут нон ич кетишини даволайди.

10-12 г кашнич (ошкўк уруғи)ни янчиб, совуқ сув билан ичилса, ич кетишини тўхтатади.

Ширин анор сувидан 300 г ни 100 г шакар билан аралаштириб ейилса, сафродан бўлган ич кетишига шифо бўлади.

Қовурилган зиранинг янчилгани, зирк уруғининг майин туйилгани ҳам ич кетишидан халос қилади.

Сариқ чой ўтини сувда қайнатиб ярим стакандан кунига 3 маҳал ичилса, фойда беради.

7 г сабир (алоэ)ни иссиқ сув билан ичилса, ич кетишига даво бўлади.

Шоҳтут майизини асал билан ейилса, ич кетишига даво бўлади.

Ич кетиб қийналаётган бўлсангиз, райҳон уруғи ёки писта мағзини ивитиб, сувини истеъмол қилсангиз, шифо топасиз.

Сурункали ич кетаверса, гуруч ювилган сувни ичиш ҳам фойда беради.

Анор пўсти ёки гулини қайнатиб ичиш ич ўтиб кетишини даф қилишда қўл келади.

Йўтални даволаш

Анжирни сутда қайнатиб ичган киши йўтал тутишидан тезда халос бўлади.

Овози бўғилиб қолган одам турп сувини ичиб, томоғини ғарғара қилса, дарҳол овози очилади.

Кийик ўтини сувда қайнатиб ичиб юрилса, йўталдан фориғ бўлинади.

Сурункали йўтал қийнаётган киши отнинг янги сутини (ёки қимиз) ичиб юрса, бу дарддан халос бўлади.

Кўксида балғам кўпайган бемор тез-тез анжир еб турса, ундан қутулади.

Йўталнинг келиб чиқишига турли омиллар сабаб бўлади. Шунинг учун уни даволашга киришганда қайси касалликнинг нишонаси эканини аниқлаб олиш лозим.

Бир чой қошиқдаги укроп уруғини бир чойнак сувга дамлаб ичиш балғамнинг енгил кўчишига фойда қилади, сурункали йўтални қолдиради.

Орасига сариёғ ёки думба қўйиб, буғда ё димлаб пиширилган беҳи ёки шолғом қуруқ йўтални даволашда энг яхши шифодир.

Йўталдан кўп азият чеккан киши мол ёғи истеъмол қилса, дарддан фориғ бўлади.

Ёғи олинмаган сутни сариёғ билан қайнатиб иссиқ ҳолда ичиш томоқни юмшатади, қирилиши ва йўталдан қутулишда ёрдам беради.

Ёввойи (аччиқ) бодомни чақиб, чойдек дамлаб ичиш ҳам йўталга фойда қилади.

Бир стакан қайноқ сувга бир ошқошиқда қуритиб майдаланган баргизуб (зубтурум) баргини дамлаб ичиш ҳам йўталнинг давосидир.

Оқбош карам шарбатига шакар ёки асал аралаштириб ичиш ҳам томоқни юмшатиб, йўтални қолдиради.

Олма ва анжир меваси ёки қоқисидан тайёрланган дамлама ҳам томоқни юмшатади, балғам кўчириб, йўталга даво бўлади.

Янтоқни қайнатиб сувини ичиш ҳам йўталга даводир.

Эски йўталларни даволашда турпни сувда қайнатиб ичиш ҳам фойда беради.

Арпабодиён меваси (уруғи)дан тайёрланган дамлама қуруқ йўтални қолдиради, нафас йўллари шамоллашига шифо бўлади.

Нонушта пайтида ейилган долчин эски йўталларни даф қилади.

Қандли диабетни даволаш

Қотган нонни майин эзиб, тоза шакар билан аралаштириб, ҳар куни наҳорга икки кафтдан истеъмол қилиш қандли диабетга фойдали.

Бир кило чигит яхшилаб туйилади, уч литр сувда бир кеча-кундуз ивитиб қўйилади, кейин аралаштириб докадан ўтказилади. Олинган сувга новвотни янчиб қўшилади. Кейин уни тоза қозонга солиб, секин бироз қайнатилади. Ҳар куни саҳарда наҳорга 150 г дан ичиб, уч соат юрилади. Дори тугагач, бир ҳафта дам олиб янгитдан тайёрланади ва ичилади.

Мунтазам хом карам еб юриш ҳам қандли диабетда фойдали.

Сирен гулининг баҳордаги ғуддасини қайнатиб, кунига овқатдан олдин бир ошқошиқда уч мартадан ичиш ҳам қандли диабетга даводир.

Сув ёқасидаги тол баргидан юз донасини сувда қайнатиб, совугач ичилади, бу муолажа 10 кун давом этади.

Асабни даволаш

Асалари мумидан варақ ясаб қотган асабларга қўйиб боғланса, уларни юмшатади.

20-25 г ширинмия илдизи пўстини шилиб ташлаб, бир кеча-кундуз сувда ивитиб ичилса, асаб касалликларига даводир.

Мурч, шакар, мош еб юрилса, асаб хасталикларини даволайди.

Ҳар куни 3-4 г дарахт пўкини элакдан ўтказиб, алоэ билан ейилса, асаб касалликларига шифо бўлади.

5 г хина гулини янчиб чой ёки сув билан ичилса, асаб хасталикларидан фориғ бўласиз. Уни янчиб, бош ва пешонага боғлаш ҳам мумкин.

Чувалчангни янчиб, узилган асабларга боғланса, уларни пайванд қилади (уч кун боғлиқ ҳолда туриши шарт).

Кунжутни туйиб йўғонлашган асабларга боғланса, асабларни даволайди.

Кунгабоқар гули сувидан 7-8 г ичилса, асаб иллатларига шифодир.

Бодом мағзини янчиб, шакар ёки асалга аралаштириб мунтазам истеъмол қилиб юриш асабнинг давоси, мияни қувватлантирувчи, ақлни зиёдалаштириб, фикрни тиниқлаштирувчи воситадир.

Семизўт, сунбул, қоқигул дамламаси асаб хасталикларини, уйқусизлик ва ғам-ташвишни кетказади.

Ёнғоқ баргини қайнатиб, унинг сувидан бир пиёласини баданига суртган бемор асаб касалликларидан қутулади.

Чирмовуқнинг меваси ва ҳар томонга отадиган «ип»ларини озроқ қайнатиб, мурч билан истеъмол қилинса, мия ва асаб касалликларига шифо бўлади, иншаааллоҳ.

Ичак хасталикларини даволаш

Кунига 3 г дан зиғир уруғини янчиб ейилса, ичак оғриқларини даф қилади.

Ўрдак гўшти ичак оғриғи ва ачишишига шифодир.

Ҳар куни 10-12 г дан қовун уруғини янчиб ейилса, ичакни бегона моддалардан тозалайди.

Кунига 7-8 г ялпиз уруғини қайнатиб, асал билан ичган одам ичакдаги бегона моддалардан халос бўлади.

Ёнғоқ мағзини асал билан қўшиб мураббо қилиб ейилса, кўричак мустаҳкамланади.

Ширин бодом мағзини мунтазам еб юрилса, ичакдаги яраларни тузатади.

Ҳар куни 15 г гулхайри илдизи пўстини қайнатиб, сувини ичилса, ичакдаги шишлар йўқолади.

Шоҳтут, ошқовоқ уруғи ва янчилган зира ичаклардаги касалликларга шифодир.

Агар ич қотиши қийнаётган бўлса, бўри ўтини хина суви билан аралаштириб қоринга суркаш фойда беради.

Занжабил одамнинг ичини юмшатиб, ичаклар фаолиятини яхшилайди.

Ичак яраларини даволашда Ўзбекистоннинг кўпгина тоғлик жойларида ўсадиган анжабор ўсимлиги шарбати яхши фойда беради.

Кўкнорни қайнатиб, тозалаб докадан ўтказиб, мирт ёки олма шарбати билан қўшиб ичган одам, албатта, ичак хасталикларидан шифо топади.

Истисқо (сариқ сув касаллигини) даволаш

Истисқо (сариқ сув касаллиги)га йўлиққан кишига туя сути энг яхши шифо ҳисобланади.

Истисқода равоч ҳамда ёш ёввойи каптарнинг гўштини истеъмол қилиш фойда беради.

Саримсоқни пишириб, асал билан қўшиб еса, бир неча ҳафта ичида бу дарддан батамом халос бўлади.

Сигирнинг сийдигига хардал (горчитса) қўшиб истеъмол қилиш ҳам истисқога даводир.

Анор дарахти пўстлоғи, меваси, гулини қайнатиб, сувидан мунтазам ичиб турилса, бу дарддан қутулиш мумкин.

Истисқога чалинганлар итқовун томиридан сув олиб, кунига бир граммдан ичиб юришса, шифо топишади.

Чигирткани қуритиб, сўнгра ҳовончада туйиб истеъмол қилиш истисқонинг давосидир.

Сариқ касаллигини даволаш

Ярақон (сариқ) касаллигида сурги қилиш, қайт қилиш ва кўп терлаш энг яхши самара беради.

Бу касалликни товуқ гўшти, нўхат ва қатиқ истеъмол қилиш, тинмай анор суви ичиш билан даф қилиш мумкин.

Етти дона седанани аёл сутида бирор соат ивитиб, ундан бурунга томизилса, сариқ касаллиги ва кўзнинг сарғайиб кетишига қарши фойда қилади.

Ялпизнинг қайнатмаси ҳам ярақон касалида шифо воситаларидан саналади.

Гул суви (гулоб), сирка истеъмол қилиш кўздаги сариқликни кетказади.

Нордон (аччиқ) анор суви наҳорда кўзга томизилса, ундаги сариқни даф қилади.

Сачратқи сувини истеъмол қилиш сариқ касаллигида энг яхши даволардан биридир.

Зарчаванинг сувини олиб кўзга суриш билан ундаги сариқликни йўқотиш мумкин.

Эрман ўсимлигининг шираси сариқ хасталигида катта фойда беради.

Мойчечак (ромашка) гулининг дамламаси сийдик ҳайдашда энг яхши восита бўлиб, сариқ касаллигига яхши шифодир.

Равочнинг шарбатини истеъмол қилиш сариқ касаллигини тезда даф қилишда фойда беради.

Бўғин оғриқларини даволаш

Ёнғоқнинг баргини ёки пўстлоғини эзиб, оғриган жойга суртилса, оғриқни қолдиради.

Қари хўроз гўштидан тайёрланган шўрва ичилса, бўғим оғриқларидан тезда халос бўлинади.

Туйилган қалампирмунчоқ сут билан аралаштириб фойдаланилса, бўғим оғриқларида фойдаси тегади.

Шотут баргини сувда қайнатиб ичсангиз, бел оғриғидан қутуласиз.

Кунига 7-8 граммдан ялпиз баргини янчиб сув билан ичилса, бел оғриғидан асар ҳам қолмайди.

Гриппни даволаш

Бунинг учун ярим литр хом сутни аста-секин иситиб, товуқ тухуми билан аралаштирасиз ва унга бир чой қошиғида асал ва шунча сариёғ соласиз. Ҳаммасини яхшилаб аралаштириб, ётиш олдидан ичасиз. Саҳарга бориб гриппдан асар ҳам қолмайди.

Тумовни даволаш

Зиғирни куйдириб, тутунига бурун тутилса, тумовни даф қилади.

Седанани куйдириб, тутуни бурунга киритилса ҳам, тумовда фойда беради.

Оқ пиёзнинг сувини бурунга оқизиш ёки ҳидлаш ҳам тумовга даво бўлади.

Оғизга қалампирмунчоқ ва қоқула солиб шимиш тумовдан халос бўлишда ёрдам беради.

Қаҳвани қайнатиб буғини ҳидлаш ҳам тумовнинг даволаридан биридир.

Бурундан қон кетишини даволаш

Тўқсон грамм баргизуб сувини истеъмол қилиш билан бурундан оқаётган қонни тўхтатиш мумкин.

Мўмиёни сувда ивитиб бурунга томизилса, қон тўхтайди.

Қоғозни куйдириб найча орқали кулини бурунга юборилса, қон кетиши тўхтайди.

Сурмани пешона ва бошнинг ярмига қўйиб боғланса, бурун қонини тўхтатади.

Тухум пўчоғини майин майдалаб бурунга қўйилса, ундан келаётган қонни тўхтатади.

Бурундан ёки бошқа жойдан тўхтамай қон оқаверса, лола сувидан суркасангиз, қон тўхтайди.

Агар бурун қонашдан тўхтамаса, кабутар боласининг қони бурунга томизилса, у батамом тўхтайди.

Агар бурунга яра чиқиб, ундан қон ва йиринг оқса, ҳалила, заъфаронни товуқ ёғига қўшиб суркаш ёрдам беради.

Қулоқ оғриғи даволари

Қулоқ оғриганда сигир пешобидан уч томчи қулоққа томизилса, оғриқни қолдиради.

Қулоқ оғриғини қолдириш учун эчки ўтини янчиб, қулоқ ичига оҳиста суртиш керак.

Агар қулоқ сафродан оғриётган бўлса, унга аёл сутидан ўн томчи томизилса, иншаааллоҳ, шифо бўлади.

Қулоқда қурт пайдо бўлганида ялпиз билан шафтоли баргини сиқиб, ётиш олдидан сувини қулоққа томизиш керак.

Алоэни мол ёғига қўшиб ийлаб, қиздиргач, қулоққа қуйилса, оғриғини қолдиради.

Борди-ю қулоқ оғриғи қаттиқ безовта қилаверса, бир парча гўштни ўт устига кабобдай қўйиб, сели шу заҳоти қулоққа томизилса, оғриғи қолади.

Агар қулоққа сув кириб кетса, ғоз ёғини томизсангиз, сув қайтиб чиқади.

Қулоқдаги сувни бошқа усул билан ҳам йўқотса бўлади. Бунинг учун қамиш чўпини олиб, бир учи қулоққа тиқилади, бошқа учи олов ичига тиқилади, шунда дарддан халос бўласиз.

Хардал (горчитса) суви ёки ёғидан қулоққа томизганда оғриқлардан халос бўлинади.

Ёнғоқ баргининг сувини олиб иссиқ ҳолида қулоққа томизилса, оғриқни қолдириб, ичидаги кирларни чиқаради.

Шафтоли мағзининг ёғини илиқ ҳолида қулоққа юборилса, қулоқ оғриғига даво бўлади.

Аччиқ данакли ўрик баргининг сувини чиқариб қулоққа томизсангиз, унга кирган ҳашаротни чиқаради ва оғриқни қолдиради.

Канакунжут (камфора) мойидан бир-икки томчи қулоққа томизилса, оғриқни йўқотиб, қулоққа кирган ҳашаротларни ўлдиради.

Эчки ўтини эзиб қулоқ ичига оҳиста сурилса ҳам, оғриқни қолдиради.

Томоқ оғриғи даволари

Томоқ оғриғи асосан бод, балғам, қон, муртакнинг шамоллаши каби омиллар пайдо бўлади. Уни даволашда аввал ана шу омилларни аниқлаб, сўнг муолажага киришиш керак.

Томоқ балғамдан оғриганда оғриқ унча билинмай, оғиз тўлиб сув келади. Шунда анжирни қайнатиб, ҳар чанқаганда сувини ичиш фойда беради.

Хуноқ (ангина)да тезда қон олдириш керак. Иложи бўлмаса, нилуфар шарбатини олхўри сувига аралаштириб, ҳам ичиш, ҳам томоқни ғарғара қилиш керак.

Томоққа яра чиқса, анзират билан гул уруғини туйиб, уни мум ёғига (оқ мум ва гул ёғидан тайёрланади) қўшиб, оз-оздан истеъмол қилиш керак.

Икки дирам лавлаги сувига бир дирам дарахт пўкагини аралаштириб ичса, томоқ оғриғи даф бўлади.

Кепакни бодом ва қанд билан қайнатиб томоқни ғарғара қилса, оғриқни йўқотади.

Томоқ ва ўпка йўли қуруқшаганда исмалоқ ёғ билан истеъмол қилинса, шифо бўлади.

Ерқалампир илдизини майдалаб, ундан тайёрланган дамламада оғиз-томоқни чайқаб ғарғара қилинса, дард чекинади.

Бир чой қошиқдаги ичимлик содасини ва шунча тузни бир пиёла қайноқ сувда эритиб, илиқ ҳолида томоқ чайилса, оғриқни даф қилади.

Хардал (горчитса) суви билан томоқ ғарғара қилиниб чайилса ҳам, оғриқни қолдиради.

Муртак безлари яллиғланаётганида тоза керосинга пахта пилигини намлаб, ҳар ярим соатда томоқ тозалаб турилса, томоқ оғриғидан асар ҳам қолмайди.

Турпни сувда қайнатиб, сувини сирка солинган асал билан қўшиб ичилса, энг оғир томоқ касалини ҳам даволайди.

Бир бош саримсоқпиёзни бир кеча-кундуз мобайнида сиркада ушлаб, ўша сирка билан томоқни ғарғара қилсангиз, энг оғир томоқ оғриғи ҳам кўрмагандай бўлиб кетади.

Анжир мевасини қайнатиб, сувидан ичган бемор муртак безлари яллиғланишидан халос бўлади.

Тиш оғриғининг даволари

Тиш зирқираб оғриётган томонга баргизубни эзиб, сувидан бир неча томчи томизилса, тезда тиш оғриғи барҳам топади.

Тиш лўқиллаб ёки симиллаб оғрий бошласа, мармарак, қирқбўғин, ғозпанжа ёки бўймадорон ўтларининг бирортасини қайнатиб, илиқ ҳолида оғиз чайқалади ёки оғриётган тиш атрофида ушлаб турилади.

Семизўтнинг баргини чайнасангиз, тиш милкларидан қон кетишини тўхтатади.

Ёнғоқ устидаги пўстнинг бир бўлагини оғриётган тишга қўйсангиз, оғриқ тўхтайди, милклар мустаҳкамланади.

Тиш милклари бўшашиб кетса, ҳар кеча қизилгул ва анор гулларини эзиб, милкларга оз-оз қўйиб туринг.

Ошқовоқнинг ҳам «гўшт»идан олинган сувга лимон сувидан аралаштириб, ғарғара қилинса, тиш оғриғи тузалади.

Ёнғоқ пўсти, асал ёки узум ширасидан тайёрланган шарбат билан оғиз бўшлиғи ғарғара қилинса, тишнинг қимирлаб қолиш ҳолатини тузатади.

Тишингизнинг ўнг томони оғриса, чап қўлингизнинг томирига, аксинча бўлса, ўнг қўлингизнинг томирига қирғичдан ўтказилган саримсоқни боғланг, шунда изтиробли дарддан қутуласиз.

Шолғом илдизмеваси қирғичдан ўтказилиб, бир пиёла сув билан 15 дақиқа давомида қайнатилади. Сузиб олингач, шарбати билан оғиз бўшлиғи чайиладиган бўлса, зирқираб оғриётган тишга малҳам бўлади.

Анжир меваси асосида қайнатма тайёрланиб, илиқлигида оғиз бўшлиғида тутиб туриладиган бўлса, милкларнинг пилла боғлашига барҳам беради.

Лўқиллаб оғриётган тишга яримта нўхатча келадиган канакунжут (камфора) қўйилиб, уни чайнаб, юмшатилган қоғоз билан мустаҳкамлаб қўйилса, азиятдан холи бўлинади.

Турли яралар давоси

Анор гули ҳар қандай яра-чақаларни даф этади, айниқса, ичак ярасига ундан катта наф етади.

Гулхайрининг томирини қайнатиб истеъмол қилинса, ичак яраларини даволайди.

Танадаги куйган жойларга ёки яраларга сиркадан суркаб боғланса, тезда давосини топади.

Укропни куйдириб, кулидан жароҳатга суркалса, фойда беради.

Сурма қўйилса, ярадаги ортиқча этни кетказади.

Баллут (дуб ёнғоғи) ичакдаги яраларни бартараф этади.

Алоэ (сабир) шираси кўз, оғиз, бурундаги яраларни, шишларни ва қўтирни даволашда энг яхши воситалардан саналади.

Ичак яраларини даволашда анжабор (Ўзбекистоннинг тоғли ерларида ўсади) шарбатини истеъмол қилиш катта фойда беради.

Агар туя юнгини куйдириб, кули жароҳатга сепилса, тузатади.

Аёллар кўкрагидаги яранинг давоси – унга гулхайри баргларини боғлашдир.

Райҳон уруғини еган бемор ичак ярасидан қутулади.

Қуённинг қони бирон нарса чиққан жойга боғланса, оғриқни қолдиради.

Жайра қонидан суркалса ёки боғланса, йирингли яраларни йўқотади.

Типратиканнинг куйдирилган териси юқумли яра, танадаги ўсиб чиққан ортиқча гўштларни қуритиб юборади.

Қуритилган ошқовоқ пўсти яра ва кесиб олинган жойларга сепилса, қон оқишини тўхтатади.

Қуриган сунбул яра устига сепилса, тузатади.

Тирноқгулнинг барги арпа уни билан аралаштириб қўйилса, йирингли яраларга даво бўлади.

Ялпизнинг ҳўл баргини бир неча соат қайнаган сувга солиб қўйиб, тери ярасига боғланг – даво бўлади.

Ҳўл шивитни (укроп) эзиб, шишган жойларга боғласангиз, уларни пиширади, агар зайтун ёғи билан аралаштириб боғласангиз, фойдаси янада кучлироқ бўлади.

Сийдик (пешоб) хасталиклари давоси

Агар сийдик тутилиб қолса, ханзал (Абу Жаҳл тарвузи) уруғидан бир нечаси едириб юборилса, дард чекинади.

Қийналиб сиядиган беморнинг сийдик йўлига «арман содаси»дан қуйилса, сийдик йўли очилиб кетади.

Ўринга сийиб қўядиган бемор кам овқат еб, парҳез қилиши керак.

Аччиқ анор шарбатининг сийдик ҳайдаш хусусияти бор. Ловия ҳам энг яхши сийдик ҳайдовчилардан саналади.

Седана еб юриш сийдик юришини равон қилади.

Сийиш қийинлашганда сувда эритилган «яҳуд тоши» яхши фойда беради.

Агар одам ухлаганида сийиб қўйса, шакар, исириқни ёғга аралаштириб ейиш керак. Агар бу ҳодиса ёзда рўй берса, бир дирам кашнич, тўрт дирам шакарни майда қилиб янчиб еб туриш керак (бир дирам 2,995 граммга тенг).

Агар сийдигингиз томчилаб турса, чигирткани пишириб енг.

5-10 грамм бинафша гулини 200 грамм сувда қайнатиб ичилса, сийдикни ҳайдайди.

Чилонжийда есангиз, сийдик йўлларини тозалайди.

Тузланган типратикан гўштини еган одам уйқусида сийиб қўймайди.

Беҳи сувидан олатнинг тешигига томизсангиз, сийдикнинг куйдириб чиқишини ва сийдик йўлидаги заҳмларни йўқотади.

Саримсоқнинг барги ва танасини сувда қайнатинг. Сўнг белгача ўша сувда ўтирсангиз, сиёлмасдан қийналган бўлсангиз, дарддан қутуласиз. Ғамгинликдан қутулиш даволари. Ҳар куни 9-10 гр. тоғ ялпизини сувда қайнатиб ичилса, ғамгинликдан халос бўласиз.

Кунига 9-10 гр. қуруқ чоқула барги ёки илдизини сувда қайнатиб ичилса, меъдага боғлиқ ғамгинлик йўқолади.

Ошқовоқни сувда пишириб ейиш эса сафродан пайдо бўладиган ғамгинликни йўқотади.

Мускат ёнғоғидан еб юриш иштаҳани очади, кўнгилни ёзиб, кишини шод-хандон қилади.

Бир дирам ипакни қайчида майдалаб, уч ҳисса асалга ийлаб истеъмол қилса, ғамгинликдан халос қилади, шод-хуррам этади, қувватини кучайтиради.

Етти дирам маккаи санони қайнатиб, сўнг истеъмол қилинса, ғамни қувиб, кишини хурсанд қилади.

Юз парвариши

Равоч илдизини янчиб, сиркага қўшиб юзга суртилса, ундаги доғ ва сепкилни йўқотади, юзни кўркам қилади.

Қовунни мунтазам истеъмол қилиб юришнинг сепкил, қотган қон ва доғларни йўқотишда фойдаси бор.

Денгиз пиёзини туз билан аралаштириб истеъмол қилинса, сўгал чиққан жойни текислаб қўяди.

Аччиқ бодом мағзига сирка аралаштириб, доғ ва сепкил бор жойга суртилса, уларни тезда кетказади.

Долчин юздаги доғ ва сепкилларни кетказувчи энг яхши воситалардан саналади.

Тухумнинг сариғини асалга қўшиб юзга суртилса, юздаги доғларни кетказади, оқи суркалса, қуёш нури у юзга таъсир қилмайди.

Арпа эзиб боғланса, юздаги доғ ва қўтирга барҳам беради.

Седанани янчиб, илон қонида ийлаб суркалса, теридаги доғларни даф этади.

Оқ ва қора мурч лаб тортишганда ва юз қийшайганда шифодир.

Наргис гули ҳам юздаги доғларни кетказади.

Пиширилган от сутини истеъмол қилиш юз рангини қизартиради.

Бақлажон суви юзга суртилса, ундаги доғларни камайтиради.

Юзида доғи бор одам қуён сути ичиши ёки турп уруғи ейиши керак.

Юзингизда доғ бўлса, турп уруғини майдалаб, сирка билан аралаштириб суртинг.

Юз фалажи бор одам қўшжийда гулини ҳидласин ва саримсоқ еб турсин.

Ясмиғни пишириб, қовун уруғини майдалаб, унга аралаштириб юзга суртсангиз, рангу рухсорингизни очади, юз сариқлигини бартараф этади.

Мирт мевасини ловия уни билан хамир қилиб юзга суртилса, юз доғини йўқотади.

Ёнғоқнинг пўстлоғини майдалаб, уни сирка билан хамир қилиб юзга суртсангиз, юзингизни қизартиради.

Дарахт танасидаги қўзиқориндан 0,8 грамм есангиз, юзингиз гўзал бўлади.

Илон-чаён чақиши, қутурган ит тишлаши давоси

Оқ ва қора мурч илон заҳрини, ҳашаротлар чаққан жойдаги оғриқни кесади.

Илон чаққан жойга сигир тезаги иссиқ-иссиқ ҳолида боғланса, заҳари таъсирини йўқотади.

Кунжутни янчиб илон чаққан жойга боғланса, фойда беради.

Зирани янчиб, сиркага аралаштириб ичилса, илон заҳрини йўқотади.

Илон чақса, ўша ерга сувдаги бақанинг қорнини ёриб босиш керак.

Сигир сути ва мол ёғи илон чаққанида заҳарини даф қилади.

Илон чақса, чақилган жойга наштар уриб, қортиқ билан қони сўриб ташланса, оғриқдан халос бўлинади.

Беш дирам қалампирни яхшилаб туйиб, ёққа аралаштириб илон чаққан бемор оғзига қуйилса, шифо бўлади.

Чаён чаққанида саримсоқ пиёзни эзиб, туз аралаштириб босилса, даво бўлади.

Сирка чаён чаққан жойга суркалгани ҳамон фойда беради.

Қисқичбақа гўшти чаён чаққан жойга босилса, заҳрини кесиб, оғриғини даф қилади.

Қўнғизни янчиб чаён чаққан жойга қўйсангиз, заҳрини олади.

Писта истеъмол қилиш ҳар қандай заҳарли ҳашарот заҳрини кесади.

Ҳашарот чаққан жойга ёввойи занжабил қўйиш ҳам шифодир.

Мухаллис (япроқли норичник) ҳар қандай заҳарни кесувчи восита ҳисобланади.

Ари чаққанида сиканжабун, испағул, сирка қўйиш фойда беради.

Қутурган ит тишлаганида саримсоқни эзиб, ток кули ва сиркага аралаштириб, тишланган жойга қўйилса, дарддан фориғ бўлинади.

Ширин бодом мағзи анжирга қўшиб истеъмол қилинса ёки икковини ийлаб боғланса, қутурган ит қопганда шифо бўлади.

Қутурган ит қопганда пиёз сувидан бир пиёладан уч кун мобайнида ичиб турилса, заҳри танадан кетади.

Қутурган ит тишлаган жойга ялпиз боғланса ҳам, фойдаси бор.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ВА ТИББИЁТ

Замонавий тиб илми қанча ривож топиб, сўнгги кашфиётлар туфайли тиббиётга қанча янгилик киритилмасин, Сарвари коинот Муҳаммаднинг алайҳиссалом бундан салкам ўн беш аср муқаддам умматларига қолдирган тавсиялари олдида бош эгаверади, ҳайратда қолаверади.

Ҳижратдан аввал Ясриб (Мадина) ва унинг атрофларида безгак касаллиги кўп учрар, минглаб одам шу туфайли ўлиб кетар ёки қаттиқ изтироб чекар эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида атрофдаги ботқоқликларни кўриб, безгакнинг серсув ва ифлос жойларда тарқалишини айтганлар ва одамларга бош бўлиб, ўттиз минг туп хурмо эктирганлар.

Абул Баракотнинг ёзишича: «Бир касаллик чиққан жойда бўлсангиз, бошқа бирор ёққа кетманг, бошқа ерда касаллик тарқалса, у ерга саёҳат қилманг», деб буюриб, илк бор «карантин» усулини Пайғамбаримиз алайҳиссалом тавсия этганлар.

Барча касалликларда қатъий парҳезни буюриб: «Ҳамма даволарнинг боши будир», деган ҳам ҳазрати Расулуллоҳ эдилар.

Абу Ҳайёмнинг «Ал-Холис» китобида Расули акрамнинг кўз касалликлари ва томоқ оғриғига доир шундай тавсиялари ёзилган: «Замбуруғларни олинг, нам ва қоронғу ерда уч кун сақланг, улар моғорлаб қолади. Сихга олиб қиздиринг. Совугач, шу моғорни уч марта худди кўзга сурма сургандай суртинг ва томоққа боғлаб олинг».

Кўзи оғриганларга Пайғамбаримиз доимо асал, хурмо ейишни тавсия этардилар. Бундан ташқари, замбуруғ сувини ишлатишни айтганларки, кейинчалик бунинг пенциллин экани аниқланди. Расулуллоҳ иситмали касалликларда баданни совуқ сув билан намлатишни буюрардилар. Бу усулни ҳозир ҳам қўллаш мумкин. Заҳарланиш ҳолатларида дарров ошқозонни бўшатиб, қайт қилардилар ва елкаларининг уч жойидан қон олдирардилар. Сарвари оламнинг (алайҳиссалом): «Агар инсонлар оз сув ичсалар, вужудларидаги сиҳат ва иштаҳани бир маромда ушлаган бўлар эдилар», деган ҳадиси шарифларида ҳикмат катта.

Сил, йўталга чалинганларни ва балғам ташлаётганларни қир-адирга, чўпонлар ёнига жўнатиб, кўп сут ичишини тавсия этардилар. Ҳали микроб ва лаборатория кашф этилмаган жоҳилият даврида Расулуллоҳнинг бу касалликка аниқ ташхис қўйиб даволашлари диққатга сазовордир. Чунки бу ҳозирги кунда силни даволаш учун кенг қўлланилаётган «Senatorum» усули билан айнан ўхшашдир.

Аллоҳ берган умрни роҳат ва саломатликда яшаш учун Пайғамбаримиз қуйидагиларга, албатта, амал қилишимизни буюрганлар: 1. Доимо ҳалол-покиза овқатларни истеъмол этиш. 2. Таомни жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам емаслик. 3. Узоқ чайнаб, шошилмай ейиш. 4. Овқатдан олдин ва кейин қўлларни ювиш. 5. Дастурхонга иштаҳали ҳолатдагина келиш, кўп таом емаслик. 6. Овқатланиш давомида кўп суюқлик ичмаслик. 7. Қишда кўпроқ ёғли, ёзда эса енгилроқ овқатлар ва кўкатларни тановул қилиш. 8. Хурмони кўп истеъмол этиш. 9. Узум, хурмо ва зайтун Аллоҳга шукр этишимизда сиҳат ва қувват беради. 10. Чарчаган пайтлар ширинлик ейиш. 11. Синиқ идишдан фойдаланмаслик. 12. Дастурхон устида яхши кайфиятда бўлиш, ёлғиз овқатланмаслик. 13. Таомдан сўнг дуо ўқиб Аллоҳга шукр қилиш. 14. Ҳар ойда бир кун рўза тутиш, токи ички аъзолар дам олсин. 15. Асал еб туриш, у минг дардга даводир. 16. Сут ичиб, устидан балиқ емаслик, чунки бу қонни бузади. Қуръони каримнинг ҳеч бир ҳукми замонавий илмга зид келмаганидек, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бу тавсиялари ҳам тиббиётнинг ўзгармас қонунлари каби яшаб, исбот топиб келаётгани сир эмас.

(«Ҳидоят» журналидан)

Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нечта амакилари бўлган            Жавоб  Расулуллоҳ давоми...

12:49 / 21.11.2017 2520
Ислом дини бешта рукн устига барпо қилинган. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу давоми...

20:16 / 06.12.2019 2914
Cут Барчамизга болаликдаги қадрдон ичимлик. Унинг таркибида мураккаб углеводлар, турли оқсиллар, бир оз ёғ давоми...

20:08 / 24.11.2016 3574
Бир дўстим бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Ана шу ҳикоя бугунги кунимизга ва бугунги мавзуимизга анча мос давоми...

09:51 / 29.11.2016 5497