Иститоъат ва унинг турлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу маънони «Шархи «Ақидатут Тоҳовия» китобидан олинган иқтибосдан ўрганамиз:

«Махлуқнинг васф қилиб бўлмайдиган, у билан амал вожиб бўладиган иститоъати, муваффақ қилиниш қабилидан бўлиб, амал билан бўлади.

Аммо сиҳат-саломатлик, кенгчилик, имконият ва асбоб ҳамда воситаларнинг етарли бўлишига боғлиқ иститоъат амалдан олдин бўлади.

Хитоб (шариат буйруқлари) ана ўша иститоъатга қаратилгандир. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ жонни фақат имкони бор нарсага таклиф қилади», деган.

(Иститоъат–куч, қудрат, иқтидор, имконият)

Шарҳ: Билингки, иститоъат, тоқат, қудрат ва имконият бир-бирига маъноси жуда ҳам яқин лафзлардир. Уларнинг ҳар бири иккинчисининг ўрнида истеъмол қилинаверади. Бу лафзларнинг барчаси Қуръони Каримда келган:

1. «Унга (рўзага) тоқат қила олмайдиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир» (Бақара: 184).

2. «Аллоҳ жонни фақат унинг имконида бор нарсага таклиф қилади» (Бақара: 286).

3. «Аллоҳга иститоъатингиз борича тақво қилинг» (Тағобун: 16).

4. «Йўқ! Биз унинг бармоқ учларини тўғрилашга қодирмиз» (Қиёмат: 4).

Иститоъат икки хил бўлади:

Биринчиси: бир ишни қилишдан олдинги иститоъат.

Бу–сиҳат-саломатлик, имконият, кенгчилик ва асбоб ҳамда воситаларнинг етарли бўлишидан иборатдир.

Ушбу иститоъат шаръий ҳукмлар, амр ва наҳийлар ҳамда тарк қилса, жазо беришга боғлангандир.

Яъни ушбу иститоъат бўлса, инсонга шариат ҳукмларини бажариш мажбурий бўлади.

Далил:

1. «Одамлардан йўлга иститоъати бўлганларига Аллоҳ учун Байтини ҳаж қилиш вожибдир» (Оли Имрон: 97).

Аллоҳ таоло ҳажни иститоъати бор кишиларга фарз қилди.

Яъни соғлиги кўтарадиган, моддий имконияти бор ва ҳаж қилиш воситаларига эга бўлганларига фарз қилди.

Ана ўша нарсалардан бирортаси бўлмагани туфайли ҳаж қилмаган одамни Аллоҳ иқобга олмайди.

2. «Аллоҳга иститоъатингиз борича тақво қилинг» (Тағобун: 16).

Аллоҳ таоло инсонга иститоъати, яъни имкони, қудрати етганича тақво қилишни вожиб қилди. Кимда иститоъат бўлмагани учун тақво қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди.

3. «Бас, ким қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазишдир» (Мужодала: 4).

4. Аллоҳ таоло мунофиқлар хусусида:

«Агар қодир бўлганимизда, албатта, сизлар билан чиқар эдик», деган гапларини келтирган (Тавба: 42).

Ушбу оятлардаги иститоъат – қодир бўлишдан мурод асбобларнинг, воситаларнинг саломат бўлиши ва инсоннинг имкони бўлишидир.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имрон ибн Хусойн розияллоҳу анҳуга: «Намозни тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб, унга ҳам қодир бўлмасанг, ёнбошлаб», деганлар.

Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадисдаги иститоъат – қодир бўлиш ҳам асбоб ва воситаларнинг саломат бўлишидир.

Иккинчиси: иш билан бирга бўладиган иститоъат.

Бу, ишни бажариш ила ўз вазифасини адо этиш имкониятидан иборатдир.

Далил қуйидаги оятлар:

1. «Улар эшитишга қодир эмас эдилар ва кўрмас ҳам эдилар» (Ҳуд: 20).

Яъни иш бажариш имконлари йўқ эди. Асбоб ва воситалари бўла туриб, кўриш ва эшитишни амалга оширишга қудратлари етмас эди.

2. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом қиссасидаги:

«Албатта, сен мен билан баробар сабр қилишга қодир бўла олмайсан», (Каҳф: 67) деб солиҳ банда номидан айтиши.

Бунда ҳам сабр иши билан бирга бўладиган қудрат йўқлиги айтилмоқда. Сабр асбоби ва воситалари эса, Мусо алайҳиссаломда бор эди.

Иститоъатни иккига бўлиб, ўртача йўл тутишлик Аҳли сунна вал жамоа оммасининг йўлидир.

Инсоннинг соғ-саломатлиги, қудрати, имконияти ҳамда асбоб ва воситаларнинг мавжудлигига боғлиқ иститоъат хитоб–шаръий буйруқлар ва таклифларга боғлиқдир.

Аллоҳ таоло:

«Аллоҳ ҳар бир жонни фақат имконида бор нарсага таклиф қиладир», деган.

Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг инсоннинг амалини Аллоҳ таоло халқ қилишига далиллари:

1. «Аллоҳ ҳамма нарсани халқ қилувчидир» (Зумар: 62).

2. «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» (Бақара:20).

3. «Хоҳиш қила олмассизлар, магар Аллоҳ хоҳиш қилсагина...» (Инсон: 30).

Бандаларнинг хоҳишлари ҳам Аллоҳнинг халқ қилиши – яратиши билан бўлганидан кейин, бошқа амаллари ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Чунки ихтиёрий амаллар хоҳишнинг жузъи ва самарасидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир бўлгандан кейин, У Зотни бандалар амалини халқ қилишдан нима ожиз қила олади?

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бандадан содир бўладиган нарса икки хил бўлади.

Биринчи хили: унинг иродаси, имконига боғлиқ бўлмаган, титраш, қалб уриши каби нарсалар. Булар унинг амали эмас, сифатидир.

Иккинчи хили: Банданинг ихтиёрига ва имконига боғлиқ нарсалар бўлиб, бунга барча ихтиёрий ҳаракатлар киради. Булар банданинг сифати, амали, касби, деб васф қилинади.

Аллоҳ банданинг ихтиёрий ва бошқа ҳамма амалларининг холиқи(яратувчиси)дир.

Юқоридаги кўҳна китоблардан олинган иқтибослардан кейин, ижозатингиз билан худди шу масаланинг ҳозирги талқини билан ҳам танишиб чиқишга таклиф қиламан.

Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўладими? Агар шундай бўлса, бандага нима қолади?– деган саволга жавоб ахтарайлик.

Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм–инсоннинг дахли йўқ нарсалар.

Дунёда бир хил ишлар борки, улар фақат Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онанинг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча ишлари борки, уларда инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Инсон бу нарсалардан масъул ҳам эмас.

Мисол учун, уни ҳеч ким, нима учун қоматинг узун ёки қисқа бўлиб қолган, деб сўроқ-савол қилмайди.

Шунингдек, нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг, ҳам демайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан.

Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб.

Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этиладиган иш ва амаллар.

Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи шу ерда.

Худди шу турдаги ишларни қандоқ баҳолаш керак? Қадимдан бу саволга турли жавоблар берилган. Юнон файласуфлари ҳам бу ҳақда кўп ихтилофлар қилишган.

Кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтганлар чиққан.

Аввал айтиб ўтилганидек, Қадария ва Мўътазилия мазҳабидагилар, «инсон ўз амалини ўзи халқ қилади, бунга Аллоҳ аралашмайди», деганлар.

Бу эса Аллоҳнинг баркамоллик сифатларига нуқсон бўлиб тушади. Агар мўътазилийлар айтган гап тўғри дейилса, дунёда Аллоҳнинг иродасидан, қудратидан, Унинг холиқлигидан ташқари нарсалар ҳам бор бўлиб қолади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг иродаси шомил бўлмайди. Қудрати чексиз бўлмайди. Холиқлиги ягона бўлмайди.

Жабрия мазҳабидагилар эса инсон бу дунёда денгизга ташланган чўпдек гап, дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳеч бир нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг мажбурлаши ила амалга оширади.

Бу фикр ҳам мутлақо нотўғри! Агар Жабрия мазҳабидагиларнинг гаплари тўғри, дейилса, Аллоҳ таолонинг адолат сифатига футур етади. У Зот таоло одил эмас, жабр қилувчи бўлиб қолади. Чунки бандани Аллоҳнинг Ўзи ҳар нарсага мажбур қилиб, кейин сўроқ-савол қилиб, «Нима учун бу ишни қилдинг?» дея жазолаши жабрдир.

Ушбу икки мазҳаб ҳам залолатга кетган бўлиб, маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Мусулмончиликнинг соф ақидаси эса Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақидага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари ҳам Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган – яратган нарсадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас.

Лекин бу, инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, дегани эмас. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша иш икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси, уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси, инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналиши.

Инсон айни ушбу иккинчи нарса, яъни ишни амалга ошириш учун йўналиши туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учунгина жавобгар бўлади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришда унинг дахли йўқ.

Бу масалани ҳиссий баён билан тушунтириш учун, уламоларимиз қуйидаги мисолни келтирадилар:

Инсон қўли билан вараққа бир нарсани ёзмоқчи. Бу ишнинг ташқи омиллари: қўл, унинг томирлари, пайлари ва бошқалар Аллоҳ халқ қилган нарсалардир.

Шунингдек, варақ, қалам ва улардаги ёзиш учун бўлган хусусиятларни ҳам Аллоҳ таоло халқ қилган.

Ушбу нарсаларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши оқибатида вараққа бир нарса ёзилади. Бу Аллоҳнинг қудрати ва яратиши билан бўлишига шубҳа қолмаган бўлса керак.

Аллоҳ инсоннинг амалини халқ қилади, деган гапнинг маъноси – шу.

Аммо бу, Аллоҳ инсонни вараққа ёзишга мажбур қилди, дегани эмас. Чунки мазкур ташқи омилларнинг топилиши билангина вараққа ўз-ўзидан бирор нарса ёзилиб қолмайди. Балки унинг учун инсон, аввало, ёзишни ихтиёр қилиши ва шу ниятни амалга ошириш учун йўналиши керак. Ана шунда Аллоҳ инсонда Ўзи яратган ёзиш қобилиятига ва ёзиш учун зарур бўлган ташқи омилларга ёзишни амалга оширишга изн беради.

Шундоқ қилиб «ёзиш» деб номланган иш амалга ошади. Бу ишнинг амалга ошишида, ният ва йўналиш инсондан, ташқи ва ички омилларни яратиш Аллоҳ таоло томонидан бўлади.

Албатта, инсоннинг нияти ва йўналиши ҳам Аллоҳ унда халқ қилган хусусиятлар орқали бўлади. Инсон ана ўша қасди ва йўналиши учун жавобгар бўлади. Унинг ихтиёри ҳурлиги ана ўшандадир.

Ҳеч бир ақлли инсон, мен бу ёки у ишни Аллоҳ таоло мажбур қилгани учун қилганман, ўз қилмишимга жавобгар эмасман, дея олмайди.

Аллоҳ таоло бандага Ўз иродаси доирасида ихтиёрни берган. Банданинг ихтиёри Аллоҳ таолонинг ихтиёрига тобедир. Аллоҳ таолонинг китобида бандаларнинг амал қилишдаги ҳурриятларини баён қилувчи оятлар бир қанча.

Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида айтади:

«Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», дегин» (29-оят).

Яъни эй одамлар, сизга келган ҳақ нарса – Қуръон, Ислом – Роббингиз томонидандир. Ким хоҳласа, Унга иймон келтирсин, хоҳламаса, ўзи билади. Ихтиёр ўзларида, деб айтгин уларга эй Пайғамбари охири замон.

Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида айтади:

«Сен: «Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топадир. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт» (108-оят).

Ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлди. Энди ҳар ким ўзини билиб иш кўрсин.

«Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди».

Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ Пайғамбар – Муҳаммад алайҳиссалом келди.

Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ китоб – Қуръони Карим келди.

Эй одамлар, сизга Роббингиздан Ҳақ дин – Ислом келди.

Эй одамлар, сиз ўзингизга Роббингиздан келган ҳақ Пайғамбар – Муҳаммад алайҳиссаломга эргашинг, ҳақ китоб – Қуръони Каримга амал қилинг ва ҳақ дин – Исломни ҳаётингизга татбиқ қилинг – икки дунё саодатига эришасиз.

«Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топадир».

Аллоҳнинг ҳидоятига юрганлар ўзлари учун фойдага эришадилар. Бошқа бировга хизмат қилган бўлмайдилар.

Шунингдек,«Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топадир».

Ким Аллоҳнинг ҳидоятида юрмаса, залолатга кетган бўлади. Залолат эса кони зарардир. Бинобарин, залолатга кетган ҳар бир шахс ўзига ўзи зарар қилган бўлади.

«Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт».

Ҳа, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, у Зотдан бошқа бирор киши ҳам ҳеч кимнинг устидан қўриқчи қилиб қўйилган эмаслар. Уларнинг вазифаси Аллоҳнинг динини кишиларга етказиш, холос. Ҳар ким нима қилса, ўзи учун қилади.

Шунинг учун ҳамма Аллоҳ таолонинг айтганини қилиши лозим. Аллоҳ таоло эса бандага: «Амал қил», дейди.

Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида:«Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», деган (110-оят).

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:«Қилиб юрган амалларингиз туфайли жаннатга киринг», деган (32-оят).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Беш вақт намозингизни ўқинг, ойингиз рўзасини тутинг, молларингиз закотини беринг, Роббингиз жаннатига кирасиз», деганлар.

Мавзуга оид мақолалар
Қадимда бир подшоҳ ўтган экан. Бир куни у тунда кўрган тушидан таъсирланиб, узоқ ўй сурибди ва вазирини давоми...

21:09 / 09.01.2017 5746
Ҳозирги замонда биз яшаб турган диёрларда асосан икки хил йил ҳисобига амал қилинади. Бири ndash шамсий давоми...

16:46 / 19.07.2023 1628
Маъсиятларни тарк қилиш воситалари Эй, тавба қилувчи, гуноҳларни тарк этишни истовчи Дуоларингни эшитувчи давоми...

12:50 / 20.04.2017 4972
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ўзи эшитган озорга сабр давоми...

05:58 / 20.11.2016 4729