Янги китоблар тақдимоти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Меҳмон туйғулар» ҳамда таниқли адибимиз Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз?» номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Барчамизга маълумки, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган нашриётимиз у кишининг ташаббуслари билан фаолиятини кенгайтириб, янги жанр ва йўналишларда китоблар чоп этишни ҳам кенг йўлга қўймоқда. «Мумтоз адабиёт дурдоналари» туркумида чоп этилган «Булбул ноласи», «Қалб гавҳари», «Маърифат ёғдуси», «Навоийдан чу топқайлар навое» китоблари, болалар адабиёти йўналишида чоп этилган «Одобингиз обрўйингиз», «Тўрт мучангиз соғ бўлсин», «Топишмоқлар», «Денгиз суви нега шўр» каби ўндан ортиқ китоблар шулар жумласидандир. Шунингдек, эл севган адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Фалак» номли фантастик роман, қисса ва ҳикоялар тўплами, ёш ижодкорлардан Абдулазиз Сафийнинг «Нуриддин» романи, мемуар асарлар йўналишида эса таниқли болалар ёзувчиси Эркин Малик қаламига мансуб «Болалигим эртаклари» китоблари нашриётимизда чоп этилаётган китобларнинг мавзу жиҳатдан ранг-баранглашиб бораётганини кўрсатиб беради. Нашриётимиз сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида ва республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилб келинаётган китоб байрамлари, «Болалар китоби» республика фестивалларида ҳам ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Ёш авлод маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар юртимизда ёшлар маънавиятига, илм-фанга, бир сўз билан айтганда, миллат келажагига бўлган катта эътибор намунасидир. Бугун халқимизга тақдим қилинган китобларимиз ҳам яқиндагина ўтказилган китоб фестивалида илк бор ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди. Одатдагидек, тақдимот маросими Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Нашриёт муҳаррири Ёрқинжон Ҳайдаров «Меҳмон туйғулар» асарининг яратилиш тарихи, бу китобнинг ёзилишига туртки бўлган омиллар ҳақида гапириб бериш учун сўзни эл севган ёзувчи Тоҳир Маликка берди. Муаллиф ўз сўзини барча устозларнинг, хусусан, нашриётимизнинг асосчиси, барчамизнинг устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳақларига дуолар билан бошлаб, нашриётда нафақат диний-маърифий, балки адабий асарлар чоп этишни бошлаш борасида шайх ҳазратларининг қилган саъй-ҳаракатларини эслаб ўтдилар. Ушбу асарнинг тўлдирилган қайта нашри ҳам шайх ҳазратларига бағишланганлиги, ўқувчилардан у зотнинг ҳақларига, ота-оналари ва устозларининг ҳақларига дуолар қилиш сўралганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шундан сўнг «Меҳмон туйғулар» китоби ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш учун ёзувчи Эркин Малик сўз олдилар, тўпланганларни Тоҳир Маликнинг адабиёт майдонига илк бор кириб келиш тарихи билан таништирдилар, салкам ярим асрлик ҳамкорлик давомида адибимизнинг, деярли, барча китоблари чоп қилинишида ҳиссалари қўшилганлигини мамнуният билан айтиб ўтдилар. Сўнг севимли адибимизнинг бугун «Ҳилол-нашр» нашриётида тақдим қилинаётгани навбатдаги китоблари ҳақида тўхталиб, китобнинг ўзига хос хусусиятлари, таркиби ҳақида батафсил маълумот бердилар, ҳар бир ўзбек хонадонида шу каби китоблар бўлиши лозимлигини таъкидладилар. Нашриёт босмахонаси мудири Абдулбосит Қамбаров муаллифни янги китоб билан табриклаб, адибимизнинг ижодига баракотлар тиладилар. Шундан сўнг навбатдаги китоб – Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз?» деб номланган китоби ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларни билдириш учун Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси факультети профессори, филология фанлари доктори Баҳодир Нурмуҳаммадга сўз берилди. Профессор Баҳодир Нурмуҳаммад бугунги маросимда тақдим этилаётган китобларнинг муаллифларини, нашриёт ходимлари ва уларнинг чоп этилишида ўз ҳиссасини қўшган барча ходимларни ва аввало, ўзбек китобхонларини ушбу китоб билан муборакбод этдилар, китобнинг бадиий савияси, муқоваси унинг мазмунига, китобнинг руҳиятига мутаносиблигини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Профессор Баҳодир Нурмуҳаммад «Сиз қандай яшамоқчисиз?» китоби ҳақида сўзлар экан, ундаги ўзига хос услубни – ўзбек мумтоз адабиёти, диний-маърифий китоблар услуби билан замонавий услубнинг уйғунлигини юқори баҳоладилар. Китобда бугунги кун ўқувчисининг эҳтиёжлари кенг кўламда ҳисобга олинганлиги, долзарб мавзулар кўтарилгани, фикрий баёнда нафақат ояту ҳадислар, ҳикматли ривоятлардан, балки қадимги юнон олимлари, ғарб мутафаккирларининг асарларидан, статистик маълумотлардан, даврий матбуот ҳамда интернетдаги манбалардан ҳам унумли фойдаланилгани эътиборга сазоворлиги таъкидлаб ўтилди. Тақдимот маросими сўнгида тўпланганлар янги китобларга муаллифлардан дастхатлар олдилар, илмий-адабий суҳбат маросимдан кейин ёзилган байрам дастурхони устида давом этди. Мухлисларимиз тез кунларда сайтимизда тақдимот маросими ҳақидаги видеолавҳани ҳам томоша қилишлари мумкин.
Мавзуга оид мақолалар
gallery linkfile sizemedium columns4 ids29644,29645,29646,29647,29648,29649,29650,29651,29652,29653,29654,29655,29656,29657,29658,29659 «Muslimaat.uz» Тошкент18 гуруҳи билан давоми...

10:05 / 22.08.2017 15299
    Керакли маҳсулотлар қизил карам, 200 г қайнатилган гўшт, 1та қизил булғор қалампири, 45 та тузланган давоми...

12:04 / 29.11.2016 5130
Расулуллоҳга... Рисолат мулкида энг яхши гултож, Жаҳонни зулматдан ёритган сирож, Нажотга топилмай давоми...

07:22 / 27.02.2017 5335
ҲАДИСНИНГ АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча оғиз сўз билан Исломдаги улкан давоми...

21:00 / 25.12.2019 2785