Лайлатул қадр
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Рамазони шариф муносабати ила кўплаб хайр-баракалар берган. Мазкур хайру баракаларни санаб саноғига етиш ҳам қийин. Баъзиларини эса умуман идрок этиш, иҳота қилиб олишга инсон зоти ожизлик қилади. Ана ўша улуғ неъматлардан бири «Лайлатул Қадр» кечасидир. Бу кеча Рамазон шариф кечаларидан биридир. Баъзи ривоятларга қараганда, Рамазони шарифнинг охирги ўн кечасидаги, тоқ кечалардан бири, яна ҳам хосроқ қилиб айтилганда йигирма еттинчи кечасидир. Фақат бир кечани қатъий тайинининг келмаслиги кишиларни кўпроқ ибодат қилишга уринишлари учундир. «Лайлатул Қадр» луғавий жиҳатдан ҳам, воқеълик жиҳатдан ҳам икки бир-бирини тўлдирувчи маънони акс эттиради. Биринчиси,  қадр-қадар  ̶  яни тақдир кечаси маъносини англатади. Чунки ҳар йили шу кечада барча махлуқотларнинг йиллик тақдири ўлчов қилиб аниқланади. Иккинчиси, «қадар»  ̶  яъни қадр-қиймати улуғ кеча демакдир. Дарҳақиқат, бу кеча жаҳон тарихидаги энг қадрли, энг қийматли кечадир. Инсоният ўз тарихида лайлатул қадрчалик улуғ, муборак, яхши кечани бошидан ўтказгани йўқ. Биз бу улкан ҳақиқатни Қуръони Каримнинг«Қадр» сурасидан билиб оламиз: «Албатта, Биз уни қадр кечасида нозил қилдик». Яъни Биз Қуръонни қадр кечасида нозил қилдик. Ҳа, инсониятнинг қиёмат кунигача икки дунё саодатига бошловчи, Аллоҳнинг боқий мўъжизаси Қуръони Карим«Лавҳул Маҳфуз»дан,«Байтул Иззат» га айнан Лайлатул қадр кечаси туширилгандир. Ҳа, ушбу илоҳий дастурнинг илк оятлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига Жаброил алайҳиссалом орқали етказадиган кеча ҳам «Лайлатул қадр» кечаси эди. Ўшанда у Зоти бобаракот  Хиро ғорида ибодат билан машғул эдилар. Ушбу улкан ҳодиса юз берган кеча қадрли кеча бўлмай, қайси кеча қадрли бўлсин? Бу кеча инсоният бошига Аллоҳнинг раҳмати ёғилган кечадир. Бу кеча Аллоҳ таоло инсониятга ўз инояти ила саодат маёғини тушира бошлаган кечадир. Бу кеча инсониятга жоҳилият зулматидан иймон нурига чиқиш имконияти берилган кечадир. Бу кеча  ̶  инсониятга турли хато йўлларни қўйиб, Аллоҳнинг тўғри ва нурли йўлига юриш имконияти берилган кечадир. Бу кеча  ̶  инсоният , қиёматгача кифоя қилувчи илоҳий кўрсатмалар тўпламини қабул қилиб ола бошлаган кечадир. Бу кеча  ̶  шунча аҳамиятли, шунчалар улуғ кечаки,  унинг тўлиқ моҳиятини инсон идрок эта олиши амри маҳол эканини Аллоҳ таолонинг ўзи таъкидлаб қўйган: «Лайлатул қадр нималигини сенга не идрок этдирди?!» Яъни идрок этишинг қийин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ суранинг давомида: «Лайлатул қадр минг ойдан-да яхшироқдир» демоқда. «Лайлатул қадр» вақт жиҳатидан бир кеча бўлса ҳам, аҳамият жиҳатидан минглаб  ойлардан ҳам яхшироқдир. « Лайлатул қадр»да келган хайр-барака бошқа вақтлардагисининг ҳаммасидан яхшироқдир. Бу кеча шундоқ кечаки: «Унда фаришталар ва Руҳ Роббиларининг изни ила ҳар бир ишни олиб тушурлар». Ҳа, «Лайлатул қадр» кечасида Руҳ – Жаброил алайҳиссалом бошчилигидаги фаришталар дунё осмонига ўз Роббилари изни ила турли ишларни олиб тушадилар. Бошқа ҳеч бир кечада бундоқ бўлмайди. Бу кеча нафақат ер юзидаги инсонлар, балки фаришталар учун ҳам аҳамиятли кечадир. Ва ниҳоят бу кеча: «У тонг отгунча тинчликдир». Ҳа лайлатул қадр, тинчлик кечасидир. Инсониятга, амал қилинса, тинчлик бахш этадиган таълимотлар берилган кечадир. Бу кечада тушган Қуръон инсоният томонидан тадбиқ қилинса, ҳар бир инсон қалби, ҳар бир оила, ҳар бир жамият, ҳар бир давлат ва ҳамма инсоният ҳар тарафлама мукаммал тинчликка эга бўлур. Шунинг учун ҳам «Лайлатул қадр»ни ҳар қанча байрам қилинса, нишонланса, арзийди. Бизнинг ушбу кечани нишонлашимиз ўзимизга хос бўлади. Ҳабибимиз ва йўлбошчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганларидек ва айтганларидек бўлади. Бошқача бўлмайди. У Зоти бобарокот « Ким Лайлатул қадрни иймон билан, савоб талабида бедор ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар. Биз, мазкур улуғ ва муборак кечани иймон кечасига, савоб талаб қилиш кечасига айланишига ҳаракат қиламиз. Бу кечани Аллоҳга, Исломга бўлган иймонимизни яна ҳам бақувват бўлишига ҳаракат қилиб ибодат билан ўтказамиз. Биз бу муборак кечанинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, унда кўпроқ савоб ҳосил қилишга уринамиз. Аллоҳ таолодан ушбу ниятларимизни, ушбу кечада амалга оширишимизни, ҳаммамизни  тақдиримизни олий мақом этиб тайин қилишини сўраб илтижо қиламиз.

Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Рамазонни қаршилаб» китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Шайх ҳазратлари, бизни сиздай олим инсон билан замондош этган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Мен бозорчиман, давоми...

05:20 / 05.12.2016 5066
embedhttpswww.youtube.comwatchvFFpG9AQc9aIembed

16:21 / 25.05.2018 3844
Ватандошларимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий каби ўз даврининг етук алломаларига устозлик қилган давоми...

13:54 / 01.12.2016 3663
Абдуллоҳ ибн Марзуққа кўп молдунё берилган эди. Бир куни маст бўлиб, ўйинкулгига берилиб, пешин, аср ва шом давоми...

13:53 / 12.02.2017 7392