Ким талаби илм йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осонлаштирур
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳа, бизнинг муқаддас динимиз Исломда илм ўрганиш, айниқса, Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни дарс қилиб ўқиб, тафсирини ўрганиш улуғ иш ҳисобланади. Мазкур ишнинг қадр-қиймати ва улуғворлигини, айниқса, кўпчилик бўлиб ўрганиш қадр-қиймати ва улуғворлигини яна ҳам аниқроқ тушуниб етмоқ учун маҳбуб Пайғамбаримиз Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларига қулоқ осайлик. У Зоти бобаракот имом Муслим ва имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифларида қуйидагиларни айтадилар:

«Ким талаби илм йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осонлаштирур. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жамъ бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, албатта, уларнинг устиларидан сакинат нозил бўлур, уларни раҳмат қамраб олур, уларни малоикалар қуршаб олур ва уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».

Ушбу ҳадиси шарифни тадаббур ила тафаккур қилиб кўрайлик. Дунёда Аллоҳ таолонинг китобини тиловат қилиш учун, уни дарс қилиб ўқиш учун жамланган кишилардан ҳам бахтлироқ, саодатмандроқ жамоа бормикан?! Йўқ, албатта!

Ҳурматли тафсирхон, сиз билан биз ўзимиз эришган бахтнинг салмоғини билиш учун бошқалар нима учун жам бўлишаётганига бир назар солайлик. Одамлар куфр, фисқу фужр, ғийбат-бўҳтон, гуноҳу исён, ҳаром-хариш ишлар учун жам бўлмоқдалар. Жуда яхши деб ҳисоб қилинаётганлари ҳам беш кунлик дунё матоҳи учун, мансаб, бойлик ва бош­қа ўткинчи нарсалар иштиёқида жам бўлмоқдалар. Шундоқ экан, Аллоҳнинг китобини ўрганиш учун жам бўлганлар энг афзал бўлмай, кимлар афзал бўлсин?! Келинг, ўша афзаллик тафсилотларини юқоридаги ҳадиси шариф қамровидан келиб чиқиб ўрганиб олайлик.

Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш ва уни ўзаро дарс қилиб ўрганиш учун жамланган қавмга қуйидаги хайротлар насиб этар экан:

1. «Уларнинг устидан сакинат нозил бўлур.»

Сакинат – хотиржамлик, хайр-барака, сокинлик ва бошқа яхшиликлардан иборат эканлигини, у Каломуллоҳни ўрганаётганлар устидан худди булут каби нозил бўлишини аввал ҳам ўрганиб ўтдик. Ушбу нодир фазилат бошқа хайрли ишларни бажо келтирувчилар учун ваъда қилинмаган.

2. «Уларни раҳмат қамраб олур.»

Албатта, Аллоҳнинг каломини ўрганаётганларни Аллоҳ таолонинг раҳмати қамраб олади. Ҳар бир банданинг Роббисидан бўладиган заррача раҳматга қанчалар муҳтож эканини эътиборга оладиган бўлсак, Қуръон ўрганиш йўлидаги ҳаракатлари туфайли Аллоҳ таолонинг раҳмати қамраб олган бахтиёрларнинг қанчалик улуғ мартабага ноил бўлганларини тасаввур қилсак бўлаверади. Бундоқ улуғ даражага ҳам фақат Қуръон тиловати ва уни дарс қилиб ўқиш, яъни тафсирини ўрганиш билангина эришиш мумкин.

3. «Уларни малоикалар қуршаб олур.»

Фаришталар қандоқ мукаррам зотлар экани ҳаммага маълум. Фаришта бор жойда хайр-барака, яхшилик, тинчлик-омонлик, фазилат ва бошқа кўплаб эзгуликлар бўлур. Энди, бир эмас, катта жамоа фаришталар ўраб турган, уларга ҳавас билан қараб турган мўминлар жамоаси қанчалик саодатманд эканлигини англаб олсак бўлаверади. Ушбу мисли йўқ олий мақомга ҳам фақатгина Қуръони Каримни тиловат қилиш, унинг тафсирини ўрганиш билангина муяссар бўлинади.

4. «Уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур.»

Аллоҳнинг ҳузуридаги кимсалар кимлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Аммо Қуръон тиловат қилган ва уни дарс қилиб ўрганган, яъни тафсир билан машғул бўлган кишиларни Аллоҳ таоло «Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида», яъни олий мақомларда зикр қилишини энди биз ҳам биламиз. Бу нақадар улуғ бахт! Бу нақадар буюк саодат! Бу улуғ бахтга ва буюк саодатга фақат Қуръони Карим тиловати ва уни дарс қилиб ўрганиш билангина эришиш мумкин.

«Тафсири Ҳилол»

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Исро сурасининг 34оятида шундай дейди «Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд масъул бўлган ишдир». « ». Абдуллоҳ ибн Амр давоми...

00:25 / 28.05.2019 2204
embedhttpswww.youtube.comwatchvZggd4olRQ8Uembed

01:59 / 08.09.2016 4032
БИЗ УНУТГАН СУННАТ  Биз Ислом уммати динимиз мукаммаллигини, Ислом дини ҳаётимизнинг ҳар бир босқичини тартиблаб боришини жуда яхши англаб етмоғимиз даркор. давоми...

10:06 / 20.03.2017 3707