Зикрга эътиборли бўлинг
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Meн ҳаётнинг бир дақиқасида талайгина хайрли ишларни қилиш мумкин эканига амин бўлдим. Масалан, Қуръон оятларини ўқиш, ҳар бир оятда ўнлаб ҳарфлар бор ва шу ҳарфларнинг ҳар бирига ўнтадан савоб берилса, юзлаб савобга эга бўласиз. Юз марта «Субҳаналлоҳ ва биҳамдиҳ» ни айтган одамни гуноҳлари, денгиз кўпиклари миқдорича кўп бўлса-да, мағфират қилинади. Бир дақиқада бир китобнинг тўрт саҳифасига кўз югуртириб чиқдим. Фотиҳа сурасини ичимда тезлик билан етти марта ўқидим. Баъзилар Фотиҳа сурасига бериладиган ҳасанотларни ҳисоблашган экан, бир минг тўрт юздан ортиқроқ чиқибди. Ихлос сурасини эса бир дақиқада йигирма марта ўқишингиз мумкин. Ишонмасангиз, синаб кўринг! Буларни баён қилар эканман, сизга умрингизнинг бир дақиқаси қанчалар қийматли эканини айтмоқчиман, холос. Уни зикр, тиловат, дуо, тафаккур, мутолаа ва таълифга қиёслаб кўрилса, жуда ҳам катта рақамларни ифодалайди. Биргина дақиқа сизнинг умрингиз, фикрингиз, тушунчангиз, хотирангиз ва ҳасанотларингизга кўплаб нарсани зиёда қилиши мумкин. Бу бир дақиқадан унумли фойдалансангиз, ўз ўрнига сарфласангиз, шундагина амал саҳифангизга ёзилади. Ўйлаб кўринг, қанча-қанча дақиқаларимиз, соатларимиз, кунларимиз, ойларимиз ҳаттоки йилларимиз бекорга кетмоқда. Ўйин-кулгу ва кераксиз нарсалар билан ўтмоқда. Изсиз йўқ бўлмоқда! Кошки, бу вақтларни зое қилган одам фойда ҳам, зарар ҳам кўрмасдан саломат қутулиб қолса. Йўқ, у бунинг акси ўлароқ, ана шу вақтларни гуноҳ ва хато ишларни қилишга сарфламоқда. Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин! Бир дақиқада «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайъин қодийр» деб йигирма марта айтсангиз бўлади. Унинг савоби эса Исмоил алайҳиссалом авлодидан саккизтасини Аллоҳ йўлида қулликдан озод қилиш савобига тенгдир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бир дақиқа давомида Ихлос сурасини йигирма маротаба ўқиш мумкинки, бу Қуръони Каримни етти марта ўқиб чиқиш ажрига тенг. Чунки, Ихлос сураси Қуръони Каримни учдан бирига тўғри келади. Ўйлаб кўринг, қанча вақтингиз бекор кетибди!? Қанча савоблардан маҳрум қолибсиз!? Қанча-қанча онларингиз миш-миш, ғийбат, чақимчилик, ғаламислик, охиратдан ғафлатда қолиш, беҳуда ишлар билан машғул бўлиш ва бекорчилар билан бирга ўтириш билан ўтиб кетибди?! Таълиф оламига келсак, бир дақиқада хотирангиздан тўрт, бошқа бир китобдан эса беш сатрни , яъни тақрибан бир саҳифани учдан бирини ёза оласиз. Агар бир кунда беш сатр ёзишингизни тасаввур қилсак, бир ойда беш, бир йилда бир юз йигирма, ўн йилда эса бир минг икки юз саҳифани тўлдира оласиз. Бу, тақрибан аллома ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳнинг «Зодул маод ёки ҳеч бўлмаса, Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг тафсири ҳажмида бўлади. Агар ҳар кун бир дақиқада йигирма марта Ихлос сурасини ўқий олсангиз, бир ойда олти юз, бир йилда эса етти минг икки юз марта ўқиш ажрига тенгдир. Мен ўзим шеърнинг бир байтини бир дақиқада йигирма марта такрорлаб, ёд олишни синаб кўрдим. Демак, агар ҳикматли шеърни бир байтини ёдлашни одат қилсам, ўн йилда бир минг олти юз байтни ёд олар эканман. Ҳолбуки, бу байтлар сиз учун мажлисларингизга файз, нутқингизга ҳикмат ва тилингизга бойлик бағишлайди. «Соллаллоҳу алайҳи васаллам » лафзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир дақиқада 50 марта саловат айтишингиз мумкин. Бунга мукофот ўлароқ Аллоҳ таоло сизга 500 марта саловат айтади. Чунки сиз тарафингиздан айтилган бир саловат ўн баробар савоб билан тақдирланади. Енгил фарз ва вожибларга риоя қилинган, руку ва саждаларда уч марта тасбеҳ айтишга чекланилган бир ракъатни бир дақиқада ўқий оладиган одам бўлса, у ҳар куни икки ракъат чошгоҳ намозини ўқиса, бир йилда етти юз ракъатдан кўпроқ намоз ўқийди. Ҳар бир ракатда икки сажда бўлса, бир йилда чошгоҳ намозининг ўзида бир минг тўрт юздан ортиқ сажда қилган бўлади. Бунинг учун унинг ҳаётидан икки дақиқа кифоя. Саҳиҳ ҳадисда: «Сиз Аллоҳ учун бир сажда қилсангиз, Аллоҳ бу сажда билан (мақомингизни) бир даража кўтаради ва битта гуноҳингизни кечиради» дейилган. Демак, бир дақиқада Роббингизни рози қилишингиз, гуноҳларингизни ўчиришингиз, Аллоҳ ҳузурида савоблар олишингиз ва Унинг ҳузурида ўзингиз учун заҳиралар тайёрлашингиз, ёзишингиз, таълиф қилишингиз, ёдлашингиз, лаёқатингизни ўстиришингиз, билимингизни кўпайтиришингиз, вирд (кундалик вазифа)ингизни риоя қилишингиз, маданиятингизни бойитишингиз, билимингизни кенгайтириш ва маҳоратингизни турли нарсаларда оширишингиз мумкин экан. Дўстим, буларнинг барчаси ҳимматга боғлиқ. Аллоҳ таолодан ҳимматларнинг ўлиши, ғайратларнинг совуши ва табиатларнинг хасислигидан паноҳ сўрайман!
Мавзуга оид мақолалар
    Намоз Исломнинг энг муҳим рукнларидан бири эканлиги барчамизга маълум. Шу сабаб хушуъ масаласида турли қийинчиликларга дуч келинади. Намоз банда билан давоми...

05:56 / 20.02.2017 13213
Истамбул кўчаларида фақатгина аёллар учун фаолият юритадиган пушти рангли автобусметробуслар қатнаши режалаштирилган. Улар ҳар 4 та оддий автобусдан кейин давоми...

21:06 / 27.11.2016 3009
Аллоҳ таолога У Зотнинг камолига муносиб ҳамду санолар бўлсин Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар бўлсин Ҳаммамизга маълумки ҳаж давоми...

21:53 / 21.11.2016 2851
  2018 йил 15 октябрь куни Ҳилолнашр нашриётининг анжуманлар залида muslimaat.uz доим кўмакка тайёр деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Унга бир қанча ташкилотлардан азиз давоми...

03:07 / 16.10.2018 3491