Закот олишга ҳақлилар

0 1 455

Савол: Закот олишга лойиқ бўлган кишилар кимлар?

Жавоб:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
«Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир», (Тавба сураси, 60 оят).

Савол: Кимларга закот бериш жоиз ва кимларга жоиз эмас?
Жавоб: Закот берувчи ўзининг ота-онаси, бобо-момоси ва улардан юқоридагиларга, ўзининг авлодларига ва улардан пастдагиларга, эр-хотин бир-бирига, закотга қурби етадиган ва ўлик нисоб эгаларига, ҳошимийларга закот бериш мумкин эмас.

وَلَا إلَى مَنْ بَيْنَهُمَا وِلَادٌ وَلَوْ مَمْلُوكًا لِفَقِيرٍ أَوْ بَيْنَهُمَا زَوْجِيَّةٌ.
«Ораларида ота-болалик, қуллик ёки эр-хотинлик риштаси борларга закот берилмайди», (Дуррул муҳтор).
لَا يَجُوزُ دَفْعُ الزَّكَاةِ إلَى مَنْ يَمْلِكُ نِصَابًا.
«Закотни нисобга молик бўлганларга бериш жоиз эмас», (Баҳрур роиқ шарҳу канзуд дақоиқ).

ولا إِلى بَنِي هَاشِمٍ وهم: بَنُو الحارث، والعباس ابنا عبد المطلب جَدّ النبي صلى الله عليه وسلم وبَنُو عليّ، وجعفر، وعَقِيل أَولاد أَبي طالب عمّ النبيِّ صلى الله عليه وسلم، لا بَنُو أَبي لهب.

«Бани ҳошимга ҳам закот берилмайди. Улар: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмуттолибнинг икки ўғли Ҳорис билан Аббоснинг авлодларидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг авлодлари бўлган Али, Жаъфар, Ақийлларнинг авлодларидир. Абу Лаҳабнинг авлодлари закот олмаслик ҳукмидан мустаснодир», (Шарҳул виқоя).

Савол: Кимга закот бериш афзал?
Жавоб:
وَالْأَفْضَلُ فِي الزَّكَاةِ وَالْفِطْرِ وَالنَّذْرِ الصَّرْفُ أَوَّلًا إلَى الْإِخْوَةِ وَالْأَخَوَاتِ ثُمَّ إلَى أَوْلَادِهِمْ ثُمَّ إلَى الْأَعْمَامِ وَالْعَمَّاتِ ثُمَّ إلَى أَوْلَادِهِمْ ثُمَّ إلَى الْأَخْوَالِ وَالْخَالَاتِ ثُمَّ إلَى أَوْلَادِهِمْ ثُمَّ إلَى ذَوِي الْأَرْحَامِ ثُمَّ إلَى الْجِيرَانِ ثُمَّ إلَى أَهْلِ حِرْفَتِهِ ثُمَّ إلَى أَهْلِ مِصْرِهِ أَوْ قَرْيَتِهِ كَذَا فِي السِّرَاجِ الْوَهَّاجِ.

Закот, фитр ва назрга ҳақлилар қуйидаги тартибда бўлади:
1. Ака-ука, опа-сингил;
2. Уларнинг фарзандлари;
3. Амаки ва аммалар;
4. Уларнинг фарзандлари;

  1. Тоға ва холалар;
    6. Уларнинг фарзандлари;
    7. Юқоридагилардан ташқари қариндошлар;
    8. Қўшнилар;
    9. Касбдошлар;
    10. Ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар. «Сирожул ваҳҳааж»да шундай дейилган (Фатвои ҳиндия).

Савол: Аёл ҳошимий бўлиб, эр ҳошимий бўлмаса, улардан туғилган фарзандларга закот берса бўладими?
Жавоб: Бўлади.

أَنَّهُ يَجُوزُ الدَّفْعُ إلَى مَنْ عَدَاهُمْ مِنْ بَنِي هَاشِمٍ.
«Ҳошим авлодидан бошқаларга закот бериш жоиздир», (Жавҳаратун наййира). Насаб эр томонидан бўлади аёл томонидан эмас.

Савол: Зоҳирий кўринишидан закот олишга лойиқ кишига закот берса бўладими?
Жавоб: Ҳар бир нарсада зоҳир эътиборга олинади. Агар дилингизда у кишига закот беришни лойиқ деб топсангиз, унга закот беришингиз мумкин.

إذَا شَكَّ وَتَحَرَّى فَوَقَعَ فِي أَكْبَرِ رَأْيِهِ أَنَّهُ مَحَلُّ الصَّدَقَةِ فَدَفَعَ إلَيْهِ أَوْ سَأَلَ مِنْهُ فَدَفَعَ أَوْ رَآهُ فِي صَفِّ الْفُقَرَاءِ فَدَفَعَ فَإِنْ ظَهَرَ أَنَّهُ مَحَلُّ الصَّدَقَةِ جَازَ بِالْإِجْمَاعِ ، وَكَذَا إنْ لَمْ يَظْهَرْ حَالُهُ عِنْدَهُ وَأَمَّا إذَا ظَهَرَ أَنَّهُ غَنِيٌّ أَوْ هَاشِمِيٌّ أَوْ كَافِرٌ أَوْ مَوْلَى الْهَاشِمِيِّ أَوْ الْوَالِدَانِ أَوْ الْمَوْلُودُونَ أَوْ الزَّوْجُ أَوْ الزَّوْجَةُ فَإِنَّهُ يَجُوزُ وَتَسْقُطُ عَنْهُ الزَّكَاةُ فِي قَوْلِ أَبِي حَنِيفَةَ وَمُحَمَّدٍ رَحِمَهُمَا اللَّهُ تَعَالَى .

«Агар шак қилса ва фақир бўлса керак деб қасд қилса, унинг ғолиб фикри закот олишга лойиқ деган тўхтамга келиб, унга закотини берса ёки ўша шахс ундан закот сўраса ва у закотини берса ёки фақирлар сафида турганини кўриб унга закотини берса, кейинчалик закот сарфланадиган маҳал экани маълум бўлса, бил ижмо закоти адо бўлади.

Шунингдек, ҳолати маълум бўлмаса ҳам. Аммо, бой ёки ҳошимий ёки кофир ёки ҳошимийнинг мавлоси ёки ота-онаси ёки фарзандлари ёки эри ёки хотини эканлиги маълум бўлиб қолса, Абу Ҳанифа, Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳлар қавлига кўра закот адо бўлади», (Фатвои ҳиндия).

Савол: Бир киши закотини олувчи закот олишга лойиқми ёки лойиқ эмасми ўйлаб ўтирмай унга закотини бериб юборса, кейин закот олувчи нисоб эгаси эканлиги маълум бўлиб қолса, нима қилади?
Жавоб:
وَإِذَا دَفَعَهَا ، وَلَمْ يَخْطِرْ بِبَالِهِ أَنَّهُ مَصْرِفٌ أَمْ لَا فَهُوَ عَلَى الْجَوَازِ إلَّا إذَا تَبَيَّنَ أَنَّهُ غَيْرُ مَصْرِفٍ.

«Бир киши закот олувчини закот олишга лойиқ ёки лойиқ эмаслигини ўйлаб ўтирмай закотини берса, закоти адо бўлади. Лекин, кейинчалик закот олувчи закот олишга лойиқ эмаслиги маълум бўлиб қолса, қайта закот беради», (Фатвои ҳиндия).

Савол: Закот пули билан бирор кишини уйини таъмирлаб берса бўладими ёки уй эгасига мулк қилиб бериб, ўзинг таъмирлаб ол дейиладими?
Жавоб: Закотда закот олувчи фақир бўлиши ва унга закотни мулк қилиб берилиши закотни адо бўлиш шартларидандир. Шунинг учун закот олувчига закотни мулк қилиб бериш лозим. Закотни олгандан кейин таъмирлаш ҳаққини закотдан адо қилса бўлади.
وَيَجُوزُ دَفْعُهَا إلَى مَنْ يَمْلِكُ أَقَلَّ مِنْ النِّصَابِ ، وَإِنْ كَانَ صَحِيحًا مُكْتَسَبًا كَذَا فِي الزَّاهِدِيِّ .

«Закотни нисобга етмаган маблағга эга бўлган кишига бериш жоиздир. Гарчи у соломат ва касб қилиб топишга қодир бўлса ҳам. «Зоҳидий»да шундай келтирилган», (Фатавои ҳиндия).

Савол: Закот молидан қариндошларининг тўйини қилиб берса бўладими?
Жавоб: Бундай суратда тўй эгаси қарзга пул олиб, тўй қилгач, қарзини тўлаш учун унга закот бериш мумкин.

وَالدَّفْعُ إلَى مَنْ عَلَيْهِ الدَّيْنُ أَوْلَى مِنْ الدَّفْعِ إلَى الْفَقِيرِ.
«Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир», (Баҳрур роиқ).
وَلَوْ قَضَى دَيْنَ الْفَقِيرِ بِزَكَاةِ مَالِهِ إنْ كَانَ بِأَمْرِهِ يَجُوزُ ، وَإِنْ كَانَ بِغَيْرِ أَمْرِهِ لَا يَجُوزُ وَسَقَطَ الدَّيْنُ.

«Бир киши молининг закотидан фақирнинг қарзини адо қилса, агар унинг (фақир қарзимни тўлаб қўйинг деган) буйруғи билан бўлса закоти адо бўлади. Агар буйруғисиз бўлса, закоти адо бўлмайди. Лекин, фақирнинг қарзи соқит бўлади», (Фатвои ҳиндия).

Савол: Закот беришга қодир бўлмаган кишилар закот олса бўладими?
Жавоб: Ҳозирда кўплаб инсонларнинг ҳузурида ҳожати аслийдан ташқари фарзандлари учун олиб қўйилиб, уларга мулк қилиб берилмаган буюмлар (агар фарзандларга мулк қилиб берилган бўлса, ота-онанинг мулки ҳисобланмайди), кўчмас мулклар, йилни кўп қисмида ташқарида боқилмайдиган ҳайвонлар, кўтариб қўйилган уловлар тижорат мақсадида бўлмасада, ҳожати аслийдан ташқари бўлиб, уларнинг қиймати нисобга етса, бундай кишиларга закот олиш ҳалол бўлмайди.

لَا يَجُوزُ دَفْعُ الزَّكَاةِ إلَى مَنْ يَمْلِكُ نِصَابًا أَيَّ مَالٍ كَانَ دَنَانِيرَ أَوْ دَرَاهِمَ أَوْ سَوَائِمَ أَوْ عُرُوضًا لِلتِّجَارَةِ أَوْ لِغَيْرِ التِّجَارَةِ فَاضِلًا عَنْ حَاجَتِهِ فِي جَمِيعِ السَّنَةِ هَكَذَا فِي الزَّاهِدِيّ.

«Қанақа молдан бўлмасин динор, дирҳам, чорва моллари ёки тижорат учун, ёки тижорат учун бўлмаган моллар йилнинг ҳаммасида аслий ҳожатидан ортиқча бўлиб, нисобга етган бўлса, бундай кишига закотни бериш жоиз бўлмайди», (Фатвои ҳиндия).

 

Баҳам кўринг

Comments are closed.