Закот беришнинг нозик одоблари

0 834

Закот ибодатини адо этишда олий мақомларни истовчи банда риоя қилиши лозим бўлган нозик жиҳатлар ва асосан қалбга боғлиқ бўлган бир неча одоблар мавжуд.

Биринчи одоб: Закотдан кўзланган муроднинг энг нозик жойларини англаб етиш керак. Бу эса, уч нарсадан иборатдир:

1. Ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш.

Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида:

«Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир», деган (9-оят).

Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада бахилликдан сақланиш ҳам исломий фазийлат эканини таъкидламоқда. Чунки, бахиллик мўмин кишига асло ярашмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бахиллик ва иймон банданинг қалбида абадул-абад жам бўлмайди»,  дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Зулмдан қўрқинглар! Чунки, зулм қиёмат кунининг зулматларидир. Ўта бахилликдан қўрқинглар! Чунки, ўта бахиллик сиздан олдингиларни ҳалок қилган, уларни қонларини тўкишга ва ҳаром қилинган нарсаларини ҳалол санашга олиб борган»,  дедилар».

Муслим ривоят қилган.

2. Аллоҳ таоло берган мол неъмати шукрини адо қилиш.

Аллоҳ таоло бандага баданда ва молда неъмат беради. Баданий ибодатлар бадан неъматининг, молиявий ибодатлар мол неъматининг шукронасидир.

3. Аллоҳ таолога нисбатан муҳаббатни даъво қилувчидан ўзи яхши кўрган молини чиқариш ила мазкур муҳаббатни синаб кўриш.

Закотнинг яна бир номи «садақа»дир. Бизда «садақа» сўзи ихтиёрий хайр-эҳсонга нисбатан айтилса ҳам, у арабчада закотни билдиради. Закотни садақа дейиш «садақа» сўзида тасдиқ маъноси борлиги учундир. Чунки, ўз молидан иймон-ихлос билан закотни чиқариб бериш одамнинг иймони ҳақийқийлигига далолат қилади.

Иккинчи одоб: Риёкорлик ва хўжакўрсиндан узоқ бўлиш учун закотни махфий равишда чиқариш. Шу билан бирга, закотни кўз-кўз қилишда камбағални хижолат қилиш ҳолати бўлиши мумкинлигини ҳам унутмаслик. Агар, закот бермади, деган маломатдан қўрқадиган бўлса, парво қилмайдиган камбағалга ошкора беради ва бошқаларга яширин беради.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақийрларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир», деган (271-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жамъ бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман, деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам ва Аллоҳни холий қолиб эслаганда кўзидан ёши оққан одам», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Учинчи одоб: Қилган садақасини миннат қилиш ва озор бериш ила ҳабата қилмаслик.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Эй, иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетгазманг», деган (264-оят).

Демак, ортидан миннат ва озор келадиган садақа, Аллоҳга ва охират кунига иймон туфайли эмас, балки риёкорлик учун садақа қилганга ўхшар экан.

Одатда инсон ўзининг камбағалга эҳсон қилаётганини кўриб, унга яхшилик қилаётганини билиб, ўзича миннат қилишга бориб қолиши мумкин.

Миннат ва озорнинг ҳақиқати ҳақида салафи солиҳларимиз бир қанча фикр ва таърифларни айтганлар.

Баъзилар: «миннат» қилинган садақа ҳақида гапириш, «озор» уни бўрттириб кўрсатиш, деганлар.

Бошқалар: «миннат» садақани эслаш ва унинг ҳақида гапириш ёки унинг эвазига хизмат қилдириш, деганлар. «Озор» эса, олувчини камбағалликда айблаш, деганлар.

Учинчилар: «миннат» берган нарсаси учун олувчига такаббурлик қилиш, «озор» эса, шу сабабли уни жеркиш ва унга қўполлик қилиш, деганлар.

Оиша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумолар бирор фақирга эҳсон юборадиган бўлсалар, воситачига, унинг қилган дуосини ёдлаб олгин, дер эдилар. Сўнгра олувчига худди ўзининг дуоси каби дуо қилар ва бу дуоси учун, «энди бизга садақамиз холис қолди», дер эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ва бошқа азизлар ҳам шу каби тасарруф қилар эдилар. Улар бу билан ўз қалбларини даволар эдилар.

Агар закот берувчи бу иш мол неъматининг шукронаси эканини яхши тушуниб етса, у билан закот олувчининг орасида ҳеч қандай муомала қолмайди. Чунки, Ислом таълимоти бўйича, кишининг устунлиги мол билан эмас ва унинг пастлиги молсизлик билан эмас.

Тўртинчи одоб: Берилган нарсани арзимас санаш.

Чунки, берилган нарсани кўп ҳисоблаш беҳуда ғурурга олиб боради. Бу эса, ўз навбатида, ёмон оқибатларга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз», деган (25-оят).

Салафи солиҳлар, яхшилик уч нарса билан тугал бўлади: уни арзимас санаш, тез қилиш ва махфий сақлаш билан, деганлар.

Тоат-ибодатни эгаси қанчалик арзимас ҳисобласа, ибодати Аллоҳ таолонинг ҳузурида шунчалик буюк бўлади. Маъсиятни эгаси қанчалик буюк санаса, гуноҳи Аллоҳ таолонинг ҳузурида шунчалик кичик бўлади, демишлар.

Бешинчи одоб: Берганда молининг энг ҳалоли ва энг яхшисини берсин.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Эй, иймон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар. Нопокни қасд этиб садақа қилманг», деган (267-оят).

Аллоҳ таоло покдир ва фақат пок нарсани қабул қиладир.

Закот ва хайр-эҳсон берувчи кимса бу борада икки нарсанинг мулоҳазасини қилмоғи лозим.

Биринчиси – Аллоҳ таолонинг ҳаққи. Чунки, берувчи Аллоҳ таоло учун бераётганини даъво қилади. Агар даъвоси тўғри бўлса, Аллоҳ таолога берадиган нарсасининг яхши ва пок бўлишига эътибор қилсинда. Ахир, у уйига келган меҳмонига бор нарсаларининг яхшиси ва гўзалинигина тақдим қилади-ку!

Иккинчиси – ўз ҳақи. Чунки, берган нарсаси қиёмат куни ўзига қайтиб келиши бор. Ўшанда ўзига яхши ва пок нарсанинг қайтиб келишининг пайидан бўлсин.

Ўзига маҳбуб бўлган нарсани беришга келадиган бўлсак:

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:

«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз», деган (92-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толҳа Мадийнада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида «Байруҳо» номли қудуқ энг маҳбуби эди. Бу қудуқ масжиднинг тўғрисида эди. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом у қудуққа бориб, ширин сувидан ичардилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз» ояти нозил бўлганда, Абу Толҳа:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз» демоқда, молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби «Байруҳо» қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Эй, Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», – деди. Пайғамбар алайҳиссалом:

«Яхши, яхши, бу фойда берувчи мулк, бу фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг дейман», – дедилар. Абу Толҳа:

«Худди шундай қиламан, эй, Аллоҳнинг Расули», деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тақсим қилди.

Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.

Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Саъийд ибн Абу Ҳилолдан ривоят қиладилар:«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Жуҳфага келиб тушди. У бетоб эди. У: «Мен балиқ егим келмоқда»,  деди. Зўрға бир дона балиқ топиб келишди. Хотини Софийя бинти Абу Убайда уни пишириб таом тайёрлади ва олдига қўйди. Худди шу пайт бир мискин келиб унинг олдида тўхтади. Ибн Умар унга:

«Буни сен ол», деди. Аҳли унга:

«Субҳаналлоҳ! Ахир, бу учун бизни қанча қийнадинг! Бизда бошқа таом бор. Ўшани бу мискинга берамиз», – дедилар.

«Абдуллоҳ бунга муҳаббат қўйган эди», деди у».

Ривоят қилинишича, Робийъ ибн Ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳининг эшигини бир тиланчи қоқибди.

«Унга қанд беринглар!»  дебди хонадон эгаси.

«Унга нон берсак, фойдалироқ бўлармиди?»  дебдилар.

«Шўри қуриганлар! Унга қанд беринглар! Робийъ қандни яхши кўради», деган экан Робийъ ибн Хайсам раҳматуллоҳи алайҳи.

Олтинчи одоб: Берадиган закоти ва садақасига муносиб одамни танласин. Бунга муносиб шахсларнинг бир неча сифатлари бўлади.

Биринчи сифат: Тақво. Закот ва садақа берувчи, аввало, тақводор кишилардан ҳақдорларни топиб беришга ҳаракат қилсин. Бу билан у тақво йўлида хизмат қилган бўлади.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мўминдан бошқани соҳиб тутма ва тақводордан бошқа таомингни емасин», деганлар.

Термизий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр обидларнинг сажда қилиб турган пайтларини танлар эди. Халтага солинган динор ва дирҳамларни олиб келиб, ўзини билдирмасдан, уларнинг ковушлари олдига ҳамёнини қўйганини сездирар эди, холос. Унга, «Уларга садақани шундоқ юбораверишингга нима монеълик қилади», дейилганда, «Улар мени ёки вакилимни кўрганда юзлари бужмайишини хоҳламайман», деган экан.

Иккинчи сифат: Илм. Чунки, олимга мол беришда илмга ва дийн тарқатишга ёрдам бор. Бу эса шариатни қувватли қилишдир.

Учинчи сифат: «Неъмат бериш ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидан бўлади», деб эътиқод қиладиган одам бўлиши ва ризққа сабаб бўлган нарсаларга илтифот қилмайдиган бўлиши керак. Чунки, бир нарсани олганда мадҳ қилишга одатланган шахс ололмай қолганда ёмонлаши турган гап.

Тўртинчи сифат: фақийрлигини яширадиган, ҳожатини беркитадиган ва шикоятини очиб ташламайдиган бўлиш.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«…иффатлари туфайли, билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақийрларгадир», деган (273-оят).

Бешинчи сифат: Оилали ва қарз ёки беморликка мубтало кишилар бўлсин.

Олтинчи сифати: Қариндош-уруғлардан бўлсин. Чунки, уларга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан яқин кишиларга садақа қилиш ҳақида сўралди. Ул зот:

«Унга икки ажр берилур: яқинлик ажри ва садақа ажри», дедилар».

Икки Шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилишган.

Ким ушбу юқорида зикр қилинган сифатлардан иккитасини ёки кўпроғини ўзида жамласа, унга бериш афзалдир.

Баҳам кўринг

Comments are closed.