Закотнинг тўғри бўлиш шартлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Ният. Закотнинг тўғри бўлиб закот ўрнига ўтиши учун энг муҳим шарт закот беришни ният қилишдир. Чунки Исломда ҳеч бир ибодат ниятсиз бўлмайди. Қачон рўза тутилса, ният қилиш керак. Токи тутган рўзаси фарз рўзами, назр рўзами ёки нафл рўзами билиниши керак. Шунингдек, намознинг ҳам фарз, вожиб, суннат ёки нафл экани ниятдан ажратилади. Садақа – молиявий ибодатнинг ҳам тури кўп. Закот эканини ният қилмай молни бировга берса, закот ўрнига ўтмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», деганлар. Ҳанафий мазҳаби бўйича закотнинг ниятини фақирга беришга ҳукман бўлса ҳам, қўшиб қилиш керак. «Ҳукман бўлса ҳам» деганда молни фақирга бериб қўйиб, у фақирнинг қўлида турганида «шу закотим» деб ният қилиб қўйса, жоиз. Ёки вакилга бераётиб ният қилса, вакил ният қилмаса ҳам, дуруст. Фақирга беришга қўшиб ният қилиш керак бўлгани учун ният қилиб закотни ажратса-ю, у фақирнинг қўлига етиб бормасдан туриб йўқолса ёки ўғирланса, қайтадан закот беришга тўғри келади. 2. Мулк қилиб бериш. Закот бериш тўғри бўлиши учун закот берувчи томонидан у ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак. Фойдаланиб туришга ёки таомлантириш йўли билан берилган нарса закот бўлмайди. Ҳанафий мазҳаби бўйича мажнун ва ёш болага закот бериб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръонда «Ва закотни беринглар» деган. Бу – мулк қилиб бериш билан собит бўлади. Яна Аллоҳ таоло: «Албатта, садақалар фақирлар учундир» деган. «Садақа қилинди», дегани бировга бир нарсани мулк қилиб берди, деганидир. «Фақирлар учундир», дегани ҳам араб тили қоидасида мулк маъносини билдиради. Ўша иборада «тамлик ломи» - мулк қилиш - деб номланган «лом» ҳарфи ишлатилган. Закот шартлари орадаги шарҳлар билан бир-биридан анча узоқлашиб кетгани сабабли, эслаб қилишга осон бўлиши учун шу жойда жамлаб, рақамлар билан ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди.

I. Закот фарз бўлиши учун молда бўлиши лозим шартлар:

1. Тўлиқ мулк бўлиши керак. 2. Феълан ёки тақдиран ўсувчи мол бўлиши керак. 3. Нисобга етган бўлиши керак. 4. Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши керак. 5. Қарздан холий бўлиши керак. 6. Бир йил тўлган бўлиши керак.

II.  Закот берувчида бўлиши лозим шартлар:

1. Мусулмон бўлиши шарт. 2. Балоғатга етган бўлиши шарт. 3. Ҳур бўлиши шарт. 4. Оқил бўлиши шарт.

III.  Закотнинг тўғри бўлиши шартлари:

1. Ният бўлиши шарт. 2. Ҳақдорга мулк қилиб берилиши шарт.

Мавзуга оид мақолалар
Савол Шаққи садр воқеаси неча марта содир бўлган     Жавоб Биринчиси 4 ёшларида, Бану Саъд давоми...

05:58 / 30.11.2017 2357
Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу давоми...

09:25 / 15.11.2016 6047
embedhttpswww.youtube.comwatchvgE8PqgIQDAfeatureyoutu.beembed

10:58 / 07.06.2017 3526
51 « ». . Эллик биринчи ҳадис Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. давоми...

09:37 / 13.06.2018 4996