Ёш оналарга зарурий маслаҳатлар

1 4 404

Азиз ойижон, мана фарзандли бўлиб, ОНАлик мақомига эришдингиз, лавозимингиз ўзингизга насиб этсин. Энди сизнинг ўзингиздан ҳам бола учун баъзи оғирликларни гарданингизга олишингиз талаб қилинади. Сўзларимизни сабр ва қунт билан эшитинг. Сизга ирим-сирим, бидъат-хурофот бўлиб туйилиши мумкин бўлган ишларни ҳам сабр билан ўқинг, чунки булар беҳуда гаплар эмас, тажрибада синалган, фақат диний асоси бўлмагани сабаб, бизга эриш туюлган амаллар, холос.

Чақалоқ туғилгач, она-бола чиллалик ҳисобланади. Улар қирқ кун мобайнида айрим нарсалардан сақланиб, катталарнинг топшириқларига тўла амал қилишлари лозим:

— аёл иложи борича юпун кийинмаслиги, боши ва белини маҳкам ўраб юриши керак.

— чақалоқлик уйга шомдан кейин кўчадан келган киши кириши мумкин эмас. Чунки шариатимизда ҳам кишининг, айниқса, аёллар ва ёш болаларнинг шомдан кейин токи Хуфтон вақти киргунча кўчага чиқишлари дуруст эмас.

— кўчадан кирган киши аввал бироз ҳовли ёки бошқа хонада дам олиб, кейин чақалоққа қараши, иложи бўлса қарамаслиги лозим.

— чақалоқнинг тувагини, кийимлари ювилган сувни тўкиш учун ҳовли четидан албатта, алоҳида кичик чуқурча ковлаб қўйиш лозим.

— боланинг кийимларини ювиш учун тоғора, совун алоҳида бўлиши, ювилган нарсалар иссиқ сувда етти мартагача чайиб, кафтлар орасига олиб суви сиқилиши керак. Боланинг кийими бураб сиқилмайди. Ювилган кийимлар уйга олиб кириб қуритилгани яхшироқ. Бу ишлар боланинг ўта нозиклиги, катталарда билинмайдиган, арзимаган чанг ёки микроб ҳам унинг латиф терисини зарарлаб қўймаслиги учундир.

— бола ётадиган уйда умуман чанг қолдирманг, деразасига ялпиз ёки райҳон солинган сувда чайилган мато осиб қўйинг, тез-тез исириқ тутатиб туринг, бу ишлар ҳам хонани фильтрлайди, ҳам чивинлар ҳужумидан ҳимоя қилади.

— агар бола одатдагидан кўпроқ тагини хўл қиладиган бўлса, билингки, бу яхшилик аломати эмас. Ундаги шамоллашни олиш учун, қовуқ қисмига ошнинг ёғини суриб қўйиш лозим. Чунки, ош пишаётганда унга солинган маҳсулотлардан чиқадиган фойдали моддалар ушбу ёғни тўйинтиргани сабаб ўзига хос малҳамга айланади.

— боланинг чилласи тугагач, айниқса, у овқатланишни бошлагандан кейин унинг сийдиги таркиби ҳам ўзгариб, маълум зарарли моддалар пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам, унга «памперс»ни камроқ кийдиринг. Иложи борича тақмасликка ҳаракат қилинг. Чунки, бунда «памперс» ва сийдик тегиши мумкин бўлган соҳалар қизариши баъзи аллергик ҳолатлар юзага келиши мумкин. Ахир онасиз, унинг иштонча ва тагликларини ювишдан эринманг, бу ҳам оналикнинг зийнатидир.

— аёл баъзи нарсалардан масалан, қовун, мева, сабзавот, қаймоқ, сариёғ ейиши, сут орқали болага ўтиб зарар берадиган егуликлардан тийилиши шарт! Агар боланинг қорнида газ йиғилиб қолса – бу халқ тилида «қорин дамланиши», дейилади – унга дори беришдан олдин табиий усулда газни чиқариш керак бўлади. Бунинг учун унинг жажжи қоринчасининг киндик атрофи соат миллари бўйича секин ҳаракатлар билан силанади. Бу иш қирқ мартача такрорлангач, ёқимсиз газлар ўз-ўзидан чиқиб кетади.

Агар «дамлаш» қаттиқ бўлиб, бу сийловларни менсимай тураверса, у ҳолда ошқозон томони секин ва авайлаган ҳолда қирқ мартагача чертилади. Бизнинг бу амалиётни қирқ мартага чеклашимиз ирим эмас, балки, бу орада ўтган вақт ичакларни таъсирланиб, ўзидаги газни чиқаришига имконият яратишдир.

Зебуннисо Қутбиддинхон қизи

Баҳам кўринг

1 комментарий

  1. Shermuhammad тарих:

    Assalomu Alakum,
    Alloh men va ayolimga, ota-ona bo’lish baxtini nasib qildi. Maqolangizni o’qidim, foydali maslahatlar uchun rahmat. Shu o’rinda quyidagi ikki qismda savol tu’g’ildi.

    — чақалоқлик уйга шомдан кейин кўчадан келган киши кириши мумкин эмас. Чунки шариатимизда ҳам кишининг, айниқса, аёллар ва ёш болаларнинг шомдан кейин токи уфтон вақти киргунча кўчага чиқишлари дуруст эмас.

    — кўчадан кирган киши аввал бироз ҳовли ёки бошқа хонада дам олиб,кейин чақалоққа қараши, иложи бўлса қарамаслиги лозим.

    iltimos shu haqda to’liqroq ma’lumot bersangiz, bunda shariy yoki fanda asos bormi?

Leave A Reply