Ёқутлар топилар вақтлар билан, вақтлар топилмас ёқутлар билан
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёқутлар билан инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1440 дақиқа ёки 86400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, соат милларининг «чиқ-чиқ»лари, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ёки ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда.

Вақтга эътибор ўта муҳим бўлганидан динимизда кўплаб тоат-ибодатлар аниқ вақтга белгилаб қўйилган. Бир кунда адо этиш лозим бўлган беш вақт намозга алоҳида-алоҳида вақт тайин қилинган. Уларни жамлаб бир вақтнинг ўзида адо этиш мумкин эмас. Чунки уларни белгиланган вақтда адо этиш фарздир. Бу эса вақтнинг аҳамиятли эканини билдиради. Рўза тутиш ҳам аниқ вақтга «Рамазон» ойига белгилаб қўйилган. Шу ойдан бошқа йилнинг ҳамма ойларида рўза тутилса ҳам, Рамазон рўзасининг ўрнига ўтмайди. Чунки Рамазон рўзаси бўлиши учун шариатда белгиланган аниқ вақтда рўза тутиш шарт. Бу ҳам вақтнинг аҳамиятли эканини билдиради.

Ҳаж ибодатини адо этишда ҳам аниқ вақт, яъни арафа куни Арофатда туриш белгилаб қўйилган. Шу вақтдан бошқа йилнинг бошқа ҳамма кунида Арофат тоғида турилса ҳам, ҳаж ҳисобланмайди. Чунки ҳаж бўлиши учун шариатда белгиланган аниқ вақтда Арофат тоғида туриш шарт. Бу ҳам вақтнинг аҳамиятли эканидандир. Қурбонлик қилишнинг ҳам аниқ вақти белгилаб қўйилган. Уч кун ичида сўйилмаса, кейин сўйгани қурбонликка ўтмайди. Чунки қурбонлик бўлиши учун шариатда белгиланган аниқ вақтда қурбонлик қилиш шарт. Бу ҳам вақтнинг аҳамиятли эканидандир.

Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Динимизда ибодатларнинг аниқ вақтлари тайин қилиб қўйилгани мусулмон кишини вақтга риоя қилишга, ҳамда қатъий тартиб ва интизом билан яшашга ўргатади. Шунинг учун ҳам доно халқимиз вақтга эътиборли бўлишни таъкидлаб шундай деганлар: «Ҳар бир ишнинг вақти бор, вақт билганнинг бахти ёр». Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида вақтнинг қийматини ва аҳамиятини билдириб, тун, кундуз, тонг, субҳидам, шафақ, чошгоҳ ва аср вақтлари билан қасамёд этилган.

Агар вақтнинг аҳамияти ҳақида тафаккур қиладиган бўлсак, уларнинг нақадар ғанимат лаҳзалар эканлиги кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ўтиб кетган вақт ҳеч қачон қайтмайди ва унинг ўрнини ҳам тўлдириб бўлмайди. Ўтаётган ҳар бир вақт инсон ҳаётининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради. Шунинг учун мусулмон киши ўтказаётган вақтини зийрак тижоратчи каби сарҳисоб қилиб бориши лозим. Ҳар кун, ҳафта, ой ва йилда мусулмон киши ўтаётган вақтида нимадан фойда кўргани, нимадан зарар кўргани, фойда қанча бўлгани, зарар қанча бўлгани, фойда нима сабабли бўлгани, нима сабабли зарар кўрганини сарҳисоб қилиб, фойдани ошириб, зарарни йўқотишга уриниб бориши лозим. Чунки тижоратчи йўқотган молини яна ортиғи билан қўлга киритиши мумкин. Аммо вақтини йўқотган инсон эса уни қайта қўлга киритиши асло мумкин эмас. Уламолар ўтаётган вақт ҳақида шундай деганлар: «Вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади». Ўтган вақт инсоннинг ё фойдасига, ёки зарарига ҳужжат бўлади.

Ҳасан Басрий рfҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади: «Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалинuга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам қиёмат кунигача қайтмайман».

Кунларнинг жуда тез ўтиб кетаётгани инсоннинг дақиқа сайин ўткинчи дунёдан тезлик билан ўтиб кетаётганини англатади. Ғам-ташвишли пайтларда кунлар секин ўтаётгандек туюлса-да, аслида жуда тез ўтаётган бўлади. Унинг жуда тез ўтиб кетаётгани касалликлардан ва ғам-ташвишлардан холи бўлган, шоду ҳуррам пайтларда аниқ билиниб қолади. Бу ҳақда ҳикматли шеърда шундай дейилган:

Ғамгин пайтда қисқа кун ҳам ўтмайди,

Шодлик вақтда узун кунлар етмайди.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ кеча ва кундузнинг инсон танасига лаҳзама-лаҳза таъсирини ўтказиб бораётганини баён қилиб шундай деганлар: «Кеча ва кундуз сенда ўз ишини бажаряпти, сен ҳам уларда ишингни бажариб олгин!» Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ ишнинг кўплигидан сал ҳорғин кўринганларида, яқинлари у зотга ачинганларидан «Бу ишингизни эртага қолдира қолинг», дейишибди. Шунда у зот: «Бир куннинг иши оғир келмоқда-ку, икки куннинг иши тўпланиб қолса, қандай бажараман», деб жавоб берган эканлар.

Бугунги кунимизда зарур нарса билан машғул бўлиш ўрнига бошқа бекорчи нарсаларга ўралашиб қолиш кўзга ташланиб қолди. Аслида қанчадан-қанча қулайликлар вужудга келган ҳозирги замонда олдингиларга қараганда кўпроқ нарсаларга эришиш мумкин. Лекин вақтдан аёвсиз нотўғри фойдаланиш сабабли кўпгина зарур нарсаларга «вақт етмай қоляпти». Яхши ишларни бажаришга «вақт топа олмаётганлар» аслида вақтга беэътибор кимсалардир. Чунки ишларини режали равишда бажариб, «вақт топа олаётганлар» йўқ эмас. Доно халқимизнинг ҳикматли сўзи бор:

Зарурмас ўринга молин сарфлаган,

Энг зарур ўринга мол топа олмас.

Инсон ўтказаётган вақти ҳисоб-китобли эканини унутмаслиги лозим. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай хабар берилган: «Биз кимгa узoқ умр бeрсaк, унинг вужудини хам (эгик, зaиф) қилиб қўюрмиз. Axир, aқл юргизмaйдилaрми?!»

Демак, инсон ақл юргизиши, амалдан ожиз қоладиган кун келмасдан олдин хайрли амалларни қилиб олишга шошилиш лозим. Зеро, динимизда буюрилган амаллар қариб-қартайиб ибодат қилишга ёки гуноҳ қилишга қуввати қолмагандан кейин бажариладиган амаллар эмас. Кекса олимлардан бири ёшларга шундай насиҳат қилган экан: «Иш қобилиятингни йўқотмасдан олдин ишлаб қол, чунки мен бугун ишлашни хоҳлайман, лекин унга қодир эмасман». Умр маълум вақтгача белгилаб берилган.

Дунёга келган ҳар бир инсоннинг умри вақт кўринишида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати етганда унга бўйсуниб дунёни ташлаб кетишдан ўзга чора қолмайди. Кетиш вақтининг эса бугунми, эртами, қачон келиши инсонга номаълум. Деярли ҳар куни «фалончи вафот этибди» деган хабарни эшитамиз. Бир кун келиб биз ҳақимизда ҳам, «фалончи вафот этибди», дейилади. Ўша кунда одамлар: «Фалончи нима қолдирибди?» дейишса, фаришталар: «Фалончи нима олиб келибди?» дейишади. Ўша вақтда эса дунё биздан бўшаб қолган, бизнинг эса охиратимиз бошланган бўлади.

Ҳа, ўтаётган ҳар бир соат, ҳар бир дақиқа ажал келиши мумкин бўлган вақтдир. Ўтиб кетган кунлар эса унинг яқин қолганидан даракдир. Шунинг учун ўтаётган ҳар бир кун амал қилиб қолишга ва умрни ғанимат билишга ундаб, гўё шундай нидо қилади: «Эй одам боласи, сен кунлардан иборатсан, ҳар бир кун ўтганда сенинг ҳам бир қисминг кетган бўлади. Ўзинг билмаган ҳолатда сенинг бир қисминг ўтиб кетибдими, демак бутунлай кетишингга ҳам фурсат оз қолибди. Билгинки, бугун амал бор, ҳисоб йўқ, эртага ҳисоб бор, амал йўқдир».

Дунё ҳаёти бир кундек бўлиб ўтиб боради. Чунки кечаги кун ўтиб кетган кун, эртанги кун эса ҳали келмаган. Инсон амал қиладиган асосий кун эса бугунидир. Ҳикматли шеърда бу ҳақида шундай дейилган:

«Ўтмиш ўтиб кетди келажак – орзу,

Ўзинг турган соатга қилавер ружуъ».

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бугунги кундан фойдаланиб қолишга ундаб шундай деганлар: «Эй одам боласи, ибодатни ортга суриш қачонгача давом этади. Сен бугунги кунинг учунсан, эртанги кун учун эмассан (шунинг учун бугун ибодат қилиб ол). Агар сенга эртанги кун ҳам насиб қилса, бугун ибодат қилганинг каби яна ибодат қилиб ол. Агар сенга эртанги кун насиб қилмаса, ўтказиб юборган бугунинг учун пушаймон емагин. Мен шундай қавмларни учратганманки, улар динору дирҳамидан кўра вақтларини кўпроқ қизғанар эдилар».

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ёшу қари дўстлари билан бирга ўтириб, уларга насиҳат қилиб, шундай деган эканлар: «Эй ёшлар жамоаси, қанчадан-қанча экинларга ҳали пишмасдан офат етган, эй қарилар жамоаси, экинлар пишганидан кейин эса йиғиб олинади. Сизлар нимани кутмоқдасизлар? Қайси узрни баҳона қиласизлар? Агар амалларингиздан хабардор Роббингиз: «Axир, биз сизлaргa эслaтмa oлaдигaн киши эслaтмa oлгудeк узун умр бeрмaгaнмидик?! Сизлaргa oгoҳлaнтирувчи (Пaйғaмбaр) ҳaм кeлгaн эди-ку!» деб сизларни сўроққа тутса, ёшу қариларингиз нима деб жавоб берасиз?

Вақт – бу, инсон эга бўлган энг нафис, энг бебаҳо неъматдир. Бу «Вақт олтиндек қимматлидир» дегани эмас, балки «Вақт олтиндан қимматлидир» деганидир. Чунки вақт бу ҳаётдир, ҳаётнинг эса олтиндан қимматли экани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, йўқотилган олтину бойликларни яна қайта қўлга киритиш мумкин, йўқотилган вақтни эса асло қайта қўлга киритиб бўлмайди. Бу ҳақида ҳикматли шеърда шундай дейилган:

Ёқутлар топилар вақтлар билан

Вақтлар топилмас ёқутлар билан.

Ҳа, вақт сотиб олса бўладиган мато эмас, балки инсонга фақат бир марта бериладиган имкониятдир.

Али Тантовий айтадилар: «Бир куни шайх Жамол Қосимий кераксиз нарсалар билан вақтларини зое қилаётган йигитларнинг ёнларидан ўтаётиб афсус билан: «Эҳ, қани энди вақт сотилганида, албатта, шуларнинг вақтларини сотиб олган бўлардим», деб айтган эканлар.

Қудратуллоҳ Сидиқметов Абдулқодир Пардаев

Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Ротиб Ноблусий ҳафизаҳуллоҳ айтади «Бир куни эшигим тақиллади. Чиқсам, бир киши турибди Бу фалончининг уйими Ҳа Мен, фалончиман. Сизга беш давоми...

10:00 / 04.12.2019 3397
Mawdoo3.com Араб тилидан Зарнигор Аҳмадалиева таржима Аёлларнинг ишлаши Аёлларнинг ишлаши айни пайтда дунёда энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан бири давоми...

02:35 / 16.08.2018 5637
Дунёдаги барча адашишларнинг  асосий сабаби илмсизликдир. Суқрот Илм бор жойда жоҳилиятга ўрин йўқ. Жоҳил одам биринчи навбатда ўз зарарига ишлайди. Асосийси, у давоми...

03:54 / 07.02.2018 4016