Йигит, қиз бу албатта фитнадир

0 3 308

Ушбу мақолада келтирилган ҳикояни тўлиқ тушуниш учун Қуръони каримнинг Юсуф сураси билан танишиб чиқишингиз тавсия этилади.

وَرَاوَدَتْهُ الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا عَن نَّفْسِهِ وَغَلَّقَتِ الأَبْوَابَ وَقَالَتْ هَيْتَ لَكَ قَالَ مَعَاذَ اللّهِ إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَايَ إِنَّهُ لاَ يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ

warāwadathu allatī huwa fī baytihā ʿan nafsihi waghallaqati l-abwāba waqālat hayta laka qāla maʿādha l-lahi innahu rabbī aḥsana mathwāya innahu lā yuf’liḥu l-ẓālimūna

«У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди». Юсуф сураси, 23-оят.

Аллоҳ таоло ушбу оятда бизга аёллар билан бўладиган фитна ҳақида хабар бермоқда. Яъни, ёш йигит-қизлар ва улар ўртасида бўлиши мумкин бўлган васваса ҳақида. Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаси баён қилинган ушбу сурада, Аллоҳ таоло унинг хўжасининг хотини ҳақида баён қилиб, у аёл қандай қилиб Юсуф алайҳиссаломни йўлдан оздирмоқчи эканлигини васф қилиб берган.
Ушбу оятдаги رَاوَدَ (rāwada) сўзи араб тилидаги «секин-секин» маъносида келадиган сўздан олинган. Шундан кўриниб турибдики, хотин Юсуф алайҳиссаломни бирданига ўз қўйнига чақиргани йўқ, аксинча уни секин-секин, шошмасдан ўраб, уни йўлдан оздиришни истагани, бу ишни бардавом қилгани маълум бўлади.
Хотин Юсуф алайҳиссаломни эртаю-кеч, ҳамма вақт ўз нафсига чорлаб келган бўлса, Юсуф алайҳиссаломнинг бу чорловдан, хотиннинг бундай ҳатти-ҳаракатларидан қочиб кетишининг имкони бўлмаган. Бунинг сабаби Қуръони каримда шундай келади: الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا (allatī huwa fī baytihā), яъни «уйида бўлган аёл». Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса,  بَيْتِهَا  (baytihā) яъни уй хотинга оид бўлиб, бу хотин уйнинг барча жойларига кириб-чиқиш имконига эга эди. Шу боис, Юсуф алайҳиссалом ўзи банди бўлган уйда ушбу хотиндан қочишга жой топиши имконсиз эди. Юсуф алайҳиссалом қаерга қочса, хотин ўша ерда пайдо бўлаверар эди.
Хотин аста-секинлик билан, қадам бақадам ўзининг режасини амалга ошир пайида эди.  Юсуф алайҳиссалом эса, ўша вақтда энди балоғатга етган ёш йигит эди. Бундан аввалги оятда, Аллоҳ таоло унинг вояга етганлиги ҳақида бизга хабар қилган.
Ушбу воқеанинг яна бир қизиқ жойи шуки, Юсуф алайҳиссаломни Мисрда сотиб олган одам унинг зеҳнли бола эканлигини дарров англаган эди. Шу боис, уни ўз уйига олиб келиши билан хотинига сўзлаган биринчи сўзи «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», бўлди. Унга «ётишга тўшак бер, ёки бир бурчакдан жой ажратиб бер эмас, балки уни яхшилаб жойлаштиргин» деди. Хўжаси Юсуф алайҳиссаломни ўз уйида узоқ муддат қолишини, ҳатто ўғил қилиб олиши мумкинлигини ўйлар эди. Юсуф алайҳиссалом унга кўп манфаат беришини билар эди. Аммо, у ўз хотинининг табиати бузуқ эканлигидан ҳам хабардор эди, шунинг учун Юсуф алайҳиссаломга алоҳида хона қилиб беришини тайинлади. Хотинининг Юсуф алайҳиссалом олдига боравериб, уни безор қилишини истамади.  Бу уйга келган вақтида ҳали Юсуф алайҳиссалом балоғатга етмаган эди, шундай бўлса ҳам хўжаси уни ўз хотинидан омонда бўлишини истаган.
Вақти келиб, хотини секин-секин бузуқлик қилишни бошлади, Юсуф алайҳиссаломга ҳар-хил сўзлар билан унинг балоғатга етиб, ҳақиқий эркак бўлаётганини эслатиб турар эди.  رَاوَدَ (rāwada) сўзи, шунингдек, истак-хоҳиш маъноларини ҳам билдиради. Бировнинг хоҳиш-истаги ўзиникига мос бўлишига, бўлган уринишга ҳам (rāwada) дейилади. Бундан, хотин ўзи хоҳлаган нарсасини Юсуф алайҳиссалом ҳам хоҳлаб қолишини жуда истагани маълум бўлади.
«Хавотир олма, бунинг ёмон тарафи йўқ, ўзинг-чи ҳеч нарса ҳис қилмаяпсанми?» Хотин шунга ўхшаш гап-сўзларни ўзи интилган нарсасига Юсуф алайҳиссаломнинг ҳам интилиши учун гапирар эди. Юсуф алайҳиссалом эса, ёш, эҳтиросли йигит, ҳамда ҳаммага ўхшаган оддий одам эди. Қуръони Каримда хотин ундан нафсини хоҳлагани айтилади, аммо агар Юсуф хўжасига хиёнат қилишдан қўрқмаганида, ўзи ҳам шуни истаб қолиши мумкин эди.
Аёл киши нафсни хоҳлаб Юсуф алайҳиссаломни ўз қўйнига чорлаганида, Юсуфнинг ўз истагидан оғдиришни ирода қилган эди. Унинг истаги эса, ўзини пок сақлаб, бундай бузуқликдан қочиш эди. Бугунги кунда қайси йигитлар ҳақида биз шу таърифни бера оламиз?
Гўзал ва соҳибжамол аёл сизни истаб турса, «бунинг ҳеч хавотир жойи йўқ, қўрқма», деб олдингизга келаверса… Одатда эр киши аёлнинг ортидан боради, аммо аёл кишининг ўзи сизнинг ортингиздан келса-чи? Бунинг устига, уйда ҳеч ким бўлмаса, у сизнинг раҳбарингиз ёки хўжайинингиз бўлса, «қўрқма ҳаммаси жойида», деб турса? У барча эҳтимолларни назарга олиб, бир эмас, кетма-кет бир нечта эшикларни қулфлаб, ҳар бирига бир неча қулфлар осган бўлса. Батамом хавфсизлик, ҳеч ким кўриб қолиши мумкин эмас…
Шундан кейин хотин  هَيْتَ لَكَ (hayta laka)  «Бу ёққа кел!» деди. هَيْتَ لَكَ (hayta laka)Бу сўз оддий чорлов эмас, ноз билан чорлашни билдиради.  «Қани, тезроқ бўлақол, олдимга кел!».
Аллоҳ таоло хотиннинг ўшандаги қиёфасини таърифлагани йўқ, бу ҳақда ўйлаб ўтириш ҳам керак эмас. Аммо, унинг Юсуф алайҳиссаломга қараб интилгани аниқ.  У ҳам, агар Аллоҳнинг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, хотинга интилган бўлар эди.
Мана шу жойда Юсуф алайҳиссаломнинг ажойиб сифатининг гувоҳи бўламиз. Ўқишда, ишда, кўча-кўйда бирор-бир чиройли қиз йигитга қараб «Бунча келишган йигитсиз, агар мен билан дўстлашмоқчи бўлсангиз, мана менинг рақамим», деб айтиб қолса борми, барча йигитларнинг ҳаёлидан нималар ўтмайди дейсиз?! Аммо, Юсуф алайҳиссалом бу ҳолатда Аллоҳ таоло уни кузатиб турганини эслади. У ортига қараб, مَعَاذَ اللّهِ (maʿādha l-lahi), «Аллоҳ сақласин!» деди. Яъни, Аллоҳ таолодан менга бундан паноҳ берадиган жой сўрайман деди. (maʿādha) деганда макон, жой тушунилади.
Кейин, Юсуф алайҳиссалом: إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَ  (innahu rabbī aḥsana mathwāya)  – «Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку!» деди.  Хўжам деб таржима қилинган сўз ўрнида Қуръони каримда رَبِّي (rabb) сўзи қўлланилган. Бу сўз Робб маъносида келиши билан бирга уй-жойнинг хўжайини маъносида ҳам келади. Бундан Юсуф алайҳиссалом, ўзига нисбатан қандай қилиб менинг жойимни яхшилаб берган Роббимга хиёнат қиламан деган бўлса, агар хотин Аллоҳдан қўрқмаса, балки ўз хўжайинидан қўрқар деган умидда бу гапни айтган эди. Бу Юсуф алайҳиссаломнинг жуда зеҳнли эканлигига далолат қилади. У бир сўз билан икки маънони ифодаловчи гапни айтган эди. Ўзи учун, «Аллоҳ менга шундай неъматларни берган бўлса-ю, қандай қилиб мен унга осий бўлайин», деган бўлса, хотиннинг “хўжам” сўзини эшитиб, «ўз эри ёдига тушиб, шаштидан қайтар», деган мақсади бор эди.
Кейин, إِنَّهُ لاَ يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ  (innahu lā yuf’liḥu l-ẓālimūna) — «Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди. Юсуф алайҳиссалом бу суҳбатни чўзиб ўтиришни хоҳламади. Бу жуда ҳам ибратли иш. У хотинга қараб, «Қўйсангизчи, ўзингизни босинг! Бу ҳақда ўйламанг, мени кечиринг. Мен бу ишни қила олмайман» деб ўтирмади. Бу сўзларнинг фойда бермаслигини билар эди. Балки у жойдан қочиб кетишни истади.
Ҳаётда ҳам, «бунақа қилманг, бу ҳаром-ку. Нимани гапирганингизни ўйлаб кўрдингизми?», деб насиҳат қилиб ўтирманг. Чунки, бу билан сиз унга насиҳат бермаяпсиз, балки у билан ёлғизликда кўпроқ вақт сарфлаяпсиз холос.  Тан олинг, шундай эмасми?
Қочинг. Бундай гап-сўзлардан қочинг, чўзиб ўтирманг, чуқурлашманг, жавоб қайтарманг. СМСларга жавоб қайтарманг, «Рамазондамиз ахир» деб ҳам ўтирманг. «Ай, ай, ай! Бугун жума!» ҳам деманг. Ҳеч нарса деманг, тавба қилинг, истиғфор айтинг.
Хатто, «менга бу ҳақда бошқа ёзманг» ҳам дейиш керак эмас.  Ҳеч нарса деманг. Агар у «нега менинг хабарларимга жавоб бермаяпсиз,» деса «рўзаман,» ҳам деманг, шунчаки жавобсиз қолдиринг.
Агар Қуръони каримдан ростдан ҳам ибрат оламан десангиз, мана сизга ҳаётий ибрат.  Бу бир ҳикоя эмас. Бу сизнинг ҳикоянгиз. Агар сизнинг ҳаётингизда ҳам шундай фитна содир бўлаётган бўлса, мана Қуръони каримдан унга даъво бўладиган оятни ўрганиб олдингиз.
Аллоҳ таоло Қиёмат кунида «сен ўқиган оятлар аввалгиларнинг ҳикояларидан ўзга нарса эмас эди, деб ўйлаганмидинг», дейишидан қўрқмайсизми?  «Бу сенга ҳаётий ибрат эди, сенга насиҳат, сенинг дардингга даъво эди», деса-чи?!
Ушбу ҳикояни ўқиб туриб, сиз ва унинг ўртасидаги алоқага ҳеч алоқаси йўқ деб ўйламанг. Ёки ота-онангиз, ҳатто дўстларингизга ҳам билдирмай номаҳрам билан қилаётган ўта маҳфий алоқангизга ҳам тааллуқли эмас, деб ўйламанг. Бу сизга алоқадор, айнан сизга. Бу ҳикоя бекордан-бекорга Қуръони Каримда зикр қилингани йўқ.
Бу ҳикоя ва ундан олинадиган ибрат барча замон ва маконларга хосдир. Агар бу нарса сизнинг ҳам ҳаётингизда содир бўлаётган бўлса, Юсуф алайҳиссалом қиссасини ўқиб, ўз ҳаётингиз ҳақида тўғри хулоса чиқаринг.
Сиз намоз ўқийсиз, рўза тутасиз, Қуръон тиловат қиласиз ва номаҳрам билан алоқадасиз. Бундай бўлиши мумкин эмас.  Бундай алоқани кичкина гуноҳ деб ўйламаслигингиз керак. Сиз қилаётган нарса ахир бир иш эмас. Сиз ўз иймонингиз билан ўйнашаяпсиз.
Тўғри қарор қабул қилинг, ҳар қандай ҳаром алоқаларни узинг, агар бундай ҳаром алоқаларни уза олмасангиз, унда уни ҳалол ҳолатга келтиринг.
Сизнинг ўзаро муносабатингизни шариат қоидаларига кўра ҳалол қилиш мумкин. Бу никоҳдир!

Саййид таржимаси

Баҳам кўринг

Leave A Reply