Жумада хушбўйланиш ва ўзига оро бериш

0 2 301

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн. Вассолату вассаламу аъла хойри холқихи Муҳаммад ва аълиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин.


Азиза, мўмина, муслима опа-сингиллар! Барчангизга ушбу жума айёми муборак бўлсин. Одатимизга кўра бугун ҳам сизлар билан суҳбатлашиб турибмиз. Қуйида бериладиган маълумотлар жума кунидаги амал ва ибодатларимизни мукаммал ва гўзал суратда адо этилишига кўмак беради деган умидимиз бор. 

Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан, хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган жумадан бунгача бўлган нарсалари мағфират қилинади», дедилар».

Абу Ҳурайра: «Уч кун зиёдаси билан. Чунки ҳар бир яхшилик ўн мислга кўпайтирилур», деди.
Икки шайх ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида: «Ким жума куни ғусл қилиб, энг яхши либосларидан кийса, агар хушбўй нарсаси бўлса ундан суртса, сўнгра жумага бориб, одамларнинг елкасига туртмаса, кейин ўзига битилган намозни ўқиса, имоми чиқса, у намозидан фориғ бўлгунча қулоқ осса, бу (жума) билан ундан олдинги жума орасидаги нарсага каффорат бўлади», дейилган.

Жума намози ҳар бир мусулмон учун ҳар ҳафтада бир марта бериладиган қулай фурсат. Бу ҳафталик қулай фурсатни баъзи ривоятларда Аллоҳ мусулмонларга байрам қилиб қўйган кун дейилган. Ана ўша кунда мусулмон кишига одатдаги кунлардан кўра кўпроқ савоб ишлаб олиш имкони берилган.

Қолаверса, таҳорат ва беш вақт намоз каби ибодатлар билан ҳам ювилмай қолган ҳафталик кичик гуноҳлар ювиб юборилади.

Ана шу бахтга муяссар бўлиш учун қуйидаги ишларни қилиш керак:
1. Ғусл қилиш.

2. Иложи борича покланиш. Бунга қовуқ ва қўлтиқ остидаги тукларни тозалаш, тирноқларни олиш ва мўйлабни текислаш каби ишлар киради. Жума куни шу ишларни қилиш зарур.

3. Мой суртиш. Бунда сочни мойлаш тушунилади. Айниқса, иссиқ ўлкаларда сочни яхшилаб тараб, унга хушбўй мой суртиш одат бўлган.

4. Хушбўй нарсалар суртиш. Атир, мушк каби нохуш ҳидларни кетказадиган хушбўй нарсаларни сепиб жумага борилса, жамоатда ажойиб бир яхши ҳид пайдо бўлишига ҳисса қўшилади.

5. Жумага кетаётиб энг яхши кийимларни кийиб олиш. Чунки жума ҳафталик байрам, мусулмонларнинг тўпланиш куни. Дўст-душманнинг олдида мусулмонлар ўзини кўрсатадиган кун. Бу кунда ярашадиган чиройли кийимлар билан кўриниш яхши.

6. Масжидга борганда ўзидан олдин келиб ўтирганларни ёриб олдинга ўтмаслик. Балки бўш жойни топиб, ҳеч кимга халақит бермай ўтириш жуда ҳам матлубдир.

7. Жумага борган одам имом хутба қилмаётган бўлса, дарҳол намоз ўқиб олиши керак.

8. Имом хутбага чиқса, жим туриб қулоқ солиш лозим.

Ким шу ишларни қилса, ўтган жумадан буён қилган кичик гуноҳлари мағфират қилинади.

Юқорида зикри келган амалларни бажаришни Аллоҳ таоло барчаларимизга насиб айласин. Омин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Баҳам кўринг

Comments are closed.