ХОТИРА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

УСТОЗИМИЗ ҲАҚЛАРИДА

Сайтимизда давримизнинг атоқли уламоларидан шайх Исмоил махдум мулла Сатти Охунд ҳақларида Аҳмад Муҳаммад ёзган китобдан парчалар эълон қилган эдик. Маълум бўлишича, китобни нашрга тайёрлаш чоғида муаллиф беназир устоз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларига мурожаат қилиб, китобга қўшиш учун устозлари ва қайноталари Исмоил махдум ҳақларидаги хотираларини ёзиб беришни илтимос қилган экан. Ҳазрат буни мамнуният билан қабул қилиб, ихчамгина хотира сатрларини битиб берган эканлар. Қуйида Ҳазратнинг ўша хотираларини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. 

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.

Улуғ олим, қори ва фозил зот Исмоил махдум мулла Сатти Охунд ўғиллари раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида кўп гапириш мумкин. Аммо каминанинг бу борада гапирмоқчи бўлган гапи, у кишининг фақат биргина хислатларига оиддир. Назаримда, у зот раҳматуллоҳи алайҳнинг гўзал одатларидан бири тунги бедорлик эди. Эрта ётиб, кечаси бедор бўлиб, ўзларини ибодатга урар эдилар. Шу билан бирга, бу ишни бировга билдирмасликка ҳаракат қилар эдилар. Иложи бўлса, тунги бедорликнинг ўрнини тўлдириш учун кундузи бироз ухлаб ҳам олар эдилар.

У киши кўп нарсаларни билишлари билан бирга халқ табобатига ҳам қизиқар эдилар. Бу борада эски қўлёзмаларни ўқиб, ўзлари дори тайёрлашга ҳам уринар эдилар. Бир марта ўзларидаги Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳнинг «Тиб қонунлари» нодир қўлёзмаси ҳақида гапириб берган эдилар. Айтишларича, бир табиб мазкур китобни ёзиб олиб, ўзи унга суяниб олиб борган тажрибаларини шарҳ сифатида ёзиб борган экан. Бу қўлёзма фақат бир нусхадан иборат экан. Унинг биринчи жузини бир шаҳардан, иккинчисини бошқа шаҳардан топган эканлар.

У кишининг китобларга ва қўлёзмаларга қизиқишлари катта эди. Қаерга борсалар, ўша нарсалар ҳақида сўрар ва бирор маълумот олсалар, уни амалга оширишга ҳаракат қилар эдилар. У киши қиблагоҳимиз Муҳаммад Юсуф ҳожи домланинг таклифларига биноан бизникига ҳам бир неча бор ташриф буюрганлар. Ҳар сафар у киши келишларидан олдин у зот учун «жонини беришга ҳам тайёр» отамиз китобларни беркитишга ҳаракат қилар эдилар. Мабодо устозлари китобларни кўриб, бирортасини ёқтириб қолсалар, ўша китобдан маҳрум бўлиб қолишларидан қўрққанларидан шундай қилган бўлсалар керак. Бу улуғларимизнинг илмга ва илмнинг қуроли китобга бўлган муносабатларидан бир намуна. Хусусан, ўша вақтлар диний китоблар қаҳатчилиги мавжуд эди. Аллоҳ таоло у кишини раҳмат қилсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ.

2015 йил 2 февраль.

 

Мавзуга оид мақолалар
Онанинг тўлғоқ пайтида фаришталар сўраркан «Ё Робби, гўдак ўлик туғилсинми, тирик туғилсинми» Шунда Аллоҳ, давоми...

01:08 / 28.12.2016 2900
Масаллиқ 1 кг ун, 40 гр хамиртуруш, 2 стакан илиқ сут, 1,5 чой қошиқда туз керак бўлади. Тайёрлаш усули худди оби давоми...

08:06 / 29.11.2016 3617
Нифос ҳақида Нифос боланинг ортидан келадиган қондир. Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун. У, давоми...

04:42 / 13.11.2016 4980
Исломнинг аёллар ишлаши борасидаги мавқифи Ислом илк зоҳир бўлган пайтдан бошлаб аёллар масалаларига давоми...

03:54 / 26.04.2019 2844