Хатми Қуръон

0 682

Хатми Қуръон – Қуръонни бошидан охиригача ўқиб тушуришга айтилади. Хатми Қуръонни Қуръонни ўқишни яхши биладиган, уни устозига ўқиб топширган одамгина ўқийди. Хатми Қуръонни уч кундан оз вақтда қилиб бўлмайди. Қуръонни ўқиб юрадиган одам уни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши яхшидир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръонни қанчада қироат қилай?» дедим. «Уни бир ойда хатм қил», дедилар. «Албатта, менинг ундан афзалига ҳам тоқатим етади», дедим. «Уни йигирма кунда хатм қил», дедилар. «Албатта, менинг ундан афзалига ҳам тоқатим етади», дедим. «Уни ўн беш кунда хатм қил», дедилар. «Албатта, менинг ундан афзалига ҳам тоқатим етади», дедим. «Уни ўн кунда хатм қил», дедилар. «Албатта, менинг ундан афзалига ҳам тоқатим етади», дедим. «Уни беш кунда хатм қил», дедилар. «Албатта, менинг ундан афзалига ҳам тоқатим етади», дедим. У зот менга рухсат бермадилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса, яхши англамабди», дедилар». Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Биз ҳам Қуръонни хатмини қилишга одатланишимиз лозим. Буни олдин қилмаган бўлсак, шу рўзадан бошлаб амалга оширайлик. Қуръонни ўқишни билмаган одамлар эса, шу умидда Қуръонни ўқишни ўрганишни бошласинлар, бу ўзлари учун яхши амалларга одатланишга, қила олмаётган амалларини бошлаб олишга сабаб бўлиши мумкин.

Хатми Қуръонни кўпчилик билан қилиш яхшидир. Уни маъноларини тадаббур қилиб ўқиш, мақсадга мувофиқдир. Уни маъноларини тадаббур қилишга имконсиз бўлганлар тафсирни олиб, уни эринмай ўқишлари лозим. Шунда нимани ўқиётганларини тушунишлари, тадаббур қилишлари осон бўлади.

Рўзада инсонлар кўпроқ амаллар қилишга уринишади. Чунки рўзадаги амалларнинг савоби орттирилиб берилади. Рўзада хатми Қуръонни қилиш яхши амаллар сарасига киради. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. Уни Жаброил алайҳиссаломга бир неча бор ўтказганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча У зотнинг хузурларига келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар». Бошқа ривоятда: «Бас, у билан Қуръон ўқишар эди. Шунда қачон У зотга Жаброил алаҳиссалом мулоқот қилса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар», дейилган. Икки Шайх ривоят қилган.

Рўзада Қуръонни хатм қилиш кўпчилик билан бўлиши мақсадга мувофиқ. У ерда уни тушунадиганлар, озроқ тушунадиганлар ва янги ўрганаётганлар бўлади. Улар кузатиб туриб хатоларини билиб олишлари, тафсирни зикр қилиб ўтилса қилаётган амалларини тўғрилашлари ёки билмаганларини билиб олишлари мумкин. Яна кўпчилик билан қилинган дуолар мақбулдир.

Баҳам кўринг

Comments are closed.