Вақтни қандай бошқариш мумкин?

0 1 777

Агар сиз бир марта бўлса ҳам ўз ҳаётингизни ўзгартириб, кунларингизнинг омадли, самарадор бўлишига уринган бўлсангиз, демак вақтни бошқаришга оид турли усуллар ва қўлланмалар билан танишсиз. Вақтни бошқариш мавзусига доир жуда кўп адабиётлар мавжуд, лекин амалиёт нуқтаи назаридан қаралганда «вақтни бошқариш» инсон учун нимани англатади?

Хотирани бўшатамиз

Инсон мияси тузилишининг қандай ижобий ва салбий томонлари мавжуд? Биз барча маълумотларни доимо хотирамизда ва диққатимизни жамлаган ҳолда сақлай олмаймиз. Бир томондан, хотирада сақлай олмаганимиз сабаб турли муаммолар келиб чиқади, бу ҳам яхши эмас.

Агар биз муҳим, аммо шошилинч бўлмаган ишларни доимо ёдимизда тутганимизда эди, ҳаётимиз осонроқ кечган бўларди! Лекин иккинчи томондан ақлдан озган бўлардик.

Миянинг муҳим вазифаларидан бири ― ўзини ахборотларнинг чексиз оқимидан ҳимоя қилиш. Ҳозирги вақтда инсон бир ҳафта ичида қабул қиладиган ахборот, бундан 100-200 йил аввал яшаган деҳқон бир неча йил давомида қабул қилган ахборотдан ҳам кўпдир.

Ахборотлар билан таъминлашнинг бундай маромида мунтазам равишда барчасида эътиборимизни жамлайдиган бўлсак, идрокдан айрилиш жуда ҳам осон. Барча ишларни хотирада сақламасдан қоғозга кўчириш билан миямизни ортиқча юкламалардан халос қиламиз ва вақтни мақсадли бошқарган бўламиз.

Вақтни бошқаришнинг асосий тамойили

Ҳар куни бу маслаҳатга мувофиқ иш кўрсангиз, атрофингиздаги 90 % одамларнинг ҳолатидан кўра тузукроқ ҳолатга эга бўласиз. Ҳар оқшом вақтингизнинг ҳеч бўлмаганда бир соатини эртанги ишлар рўйхатини тузишга сарф қилинг. Бу бир варақ қоғоз олиб, унга бир соат тикилиб ўтиргандан кейин, ишларнинг узун рўйхатини ўзингиздан ситиб чиқаришингиз кераклигини билдирмайди.

Миянинг чекловчи хусусиятлари сабаб барча ишларни ёдимизда тутиб туролмаймиз ва натижада яна эртанги куннинг муҳим вазифалари бажарилмай, эътибордан четда қолиб кетади.

Бунинг ўрнига бир неча дақиқа ичида ёдингизга тушган эртанги кун ишларнинг барчасини ёзиб қўйинг ва ишларингизни бажаришда давом этинг. Шу тарзда хаёлингизга келган режани ёзиб қўйишга одатланинг, яъни нимадир ёдга тушиши билан уни эртанги ишлар рўйхатига киритиб қўйинг. Фақат эртанги кун эмас, балки истиқболда қилиниши зарур бўлган ишлар рўйхатини тузиш ҳам янада яхши натижа беради. Бу рўйхатни мунтазам тўлдириб боринг. Барча муҳим ишларингизнинг каттагина ва узун рўйхати тузилсин.

Бўш дақиқа пайдо бўлиши билан рўйхатингизни қўлга олиб, қилиниши мумкин бўлган ишларни чамалаб кўринг. Маълум бир ишни бажариб бўлсангиз, уни рўйхатдан ўчириб ташланг. Лекин рўйхатнинг ўзини қолдириб, тўлдириб борганингиз яхшироқ.

Йил якунида ўтаётган йилда бажарган ишларингизнинг узун рўйхатини кўриб, кайфиятингиз кўтарилади. Энди сиз вақтнинг тез ўтиб кетиши, қанча ишларни бажаришга улгура олмаётганлигингиз ҳақида хавотирланмасангиз ҳам бўлади.

Умуман олганда, вақтни бошқариш молиявий бошқаришга жуда ўхшайди. Бундай рўйхат ғояси молия соҳасидан олинган. Рўйхатингиздаги барча ишларни бажаришингиз эмас, балки уларни хотирангиздан қоғозга кўчирганингиз муҳимроқдир. Сиз бу рўйхатга кейинроқ ўзингиз истаган вақтда қайтишингиз мумкин.

Катта рўйхат тўғрисида яна бир гап. Албатта, сиз, битта эмас, бир неча рўйхат тузишингиз мумкин. Масалан, биринчи рўйхатингиз ўз тадбиркорлик ишингиз билан, яна бири дўстларингиз, танишларингиз ва бошқаларнинг барча илтимослари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни иккинчи рўйхатга бошқаларга бажаришга ваъда берган ишларни ёзиб қўясиз. Натижада ўз мавқеингизни кўтариб, бир сўзли инсон сифатида маълум даражада ҳурматга эга бўласиз.

Шунингдек, ўз билим ва савиянгизни ошириш учун зарур бўлган адабиётлар, мақолалар ёки сайтлар рўйхати ҳам бўлиши мумкин. Ахир, бўш қолдик дегунимизча, кўп ҳолларда телевизор орқали маъносиз кўрсатувларни томоша қиламиз ёки аниқ мақсадсиз турли сайтлар бўйлаб «кезамиз». Рўйхатга эга бўлганимизда эса вақтдан унумли фойдаланишимиз мумкин!

Агар сиз авваллари ишларингизни ёзиб юрмаган бўлсангиз, бу ишни бугун, албатта, амалга оширинг. Ана шунда ҳаётингизнинг самаралироқ бўлиб қолганига ўзингиз гувоҳ бўласиз!

«Қизиқарли психология» китобидан олинди.

Баҳам кўринг

Leave A Reply